Ҳуқуқ
28.06.2024
1 830
Бугунги кунда республика ҳудудида 41 мингдан ошиқ кўп квартирали уйлар бўлиб, унда квартира эгалари уй қавати сони, коммуникация тармоғи ва лифтнинг мавжудлигига қараб, 1 кв метр учун 701 сўмдан 1830 сўмгача «квартплата» тўлайди. Бу минимал миқдор бўлиб, «квартплата» суммаси бундан ҳам юқори бўлиши мумкин.
«Квартплата» миқдори қандай белгиланади? Бу тўлов эвазига коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилот айнан қандай ишларни бажариши шарт? Агар бажармаса, нима бўлади? Hudud24.uz сайти колумнисти Муроджон Нажмиддинов мақолада шу сингари саволларга жавоб беради.
«Квартплата» миқдори қандай белгиланади?
«Квартплата» (кўп квартирали уйларда умумий мол-мулкни сақлаш, ундан фойдаланиш, уни таъмирлаш ҳамда ободонлаштириш учун мажбурий бадаллар ёки тўловлар) уй-жой мулкдорлари (яъни квартира эгалари) ҳамда коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилот ўртасидаги келишувга кўра белгиланади.
Бунда тўлов миқдори кўрсатиладиган хизматлардан келиб чиқиб, ўрнатилади. Аммо шу ўринда таъкидлаш лозимки, унинг миқдори Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланадиган минимал миқдорлардан кам бўлиши мумкин эмас. Кўп квартирали уйларни сақлаш бўйича мажбурий бадаллар ёки тўловларнинг энг кам миқдори ҳар икки йилда бир марта белгиланади.
Бунда квартира эгалари уй қавати сони, коммуникация тармоғи ва лифтнинг мавжудлигига қараб, 1 кв метр учун 701 сўмдан 1830 сўмгача «квартплата» тўлайди.
Бошқа ҳудудлар учун «квартплата» суммасининг минимал миқдорлари билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.
«Квартплата» эвазига коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилот айнан қандай ишларни бажариши шарт?
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан кўп квартирали уйларни талаб даражасида сақланишини таъминлаш учун зарур бўлган хизматлар ва ишларнинг минимал рўйхати тасдиқланган. Унга кўра коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилот умумий фойдаланишдаги мол-мулкни сақлаш ва кўп квартирали уйларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш 16 турдаги иш ва хизматларни белгиланган даврийликда бажариши шарт. Хусусан, қуйидагилар:
№ |
Хизматлар ва ишлар |
Даврийлиги |
Умумий фойдаланишдаги мол-мулкни сақлаш |
||
1. |
Кўп квартирали уйлардаги умумий фойдаланишдаги объектларни электр энергияси билан таъминлаш |
доимий |
2. |
Лифт ускуналарини техник мониторинг қилиш (ихтисослашган хизмат кўрсатувчи ташкилот билан шартномалар тузилган ҳолларда) |
доимий |
3. |
Кўп квартирали уйларнинг фасад ва кириш йўлакларини талаб даражасида сақлаш ва таъмирлаш (уйга кириш йўлаги эшик ва деворларини таъмирлаш, суваш, бўяш) |
заруратга кўра |
4. |
Ертўлада ўрнатилган ичимлик суви насосларини техник соз ҳолда бўлишини таъминлаш (қурилишда сув насосларини ўрнатиш лойиҳалаштирилмаган кўп квартирали уйлар бундан мустасно) |
доимий |
5. |
Кўп квартирали уйларнинг том қисми гидроизоляция қатламини тиклаш ва ямаш, ертўладаги коммуникация тармоқлари, шахталардаги коммуникация тармоқлари, электр энергияси тармоқларини соз ҳолда сақлаш ва жорий таъмирлаш (бўяш, оқлаш, ямаш, умумий фойдаланишдаги электр кабелларини алмаштириш, тик ва ётиқ қувурларни, ичимлик суви қувурларини таъмирлаш ва бошқалар) |
доимий |
6. |
Новларни соз ҳолатда сақлаш ва уларни доимий тозалаш |
доимий |
7. |
Иситишнинг уй ичидаги тизимини гидравлик пресслаш ва уни тармоқдаги сув билан тўлдирган ҳолда ювиш (локал ва марказий иситиш тизимида иситиладиган уйлар учун), шунингдек, уй ичидаги иссиқлик тизимларини зарур тарзда сақлаш ва хизмат кўрсатиш |
бир йилда бир марта |
8. |
Кўп квартирали уйларнинг иссиқлик изоляциясини таъминлаш, шу жумладан герметизация ҳамда кириш йўлакларининг дераза ва эшик ёриқларини (шу жумладан шахталар ва туйнукларни) ойна билан беркитиш ишларини бажариш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўриш |
куз-қиш мавсумида |
9. |
Кўп квартирали уйларни дератизациялаш ва дезинсекциялаш, уйга туташ ҳудуддаги маҳаллий тозалаш иншоотлари (септиклар) ва ташқи ҳожатхоналарни дезинфекциялаш |
заруратга кўра |
10. |
Оқова хандақларини (ўраларини) бўшатиш (оқова тармоғига уланмаган уйлар учун) |
уч ойда бир марта |
11. |
Кўп квартирали уйларнинг кириш йўлаклари ва лифт хоналарини тозалаш |
ҳафтада бир марта |
12. |
Ёнғинга қарши тадбирларни амалга ошириш |
доимий |
Кўп квартирали уйларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш |
||
13. |
Бошқарув органлари бошқарувидаги кўп квартирали уйларга тегишли бўлган болалар ва спорт майдончаларининг техник ҳолатини сақлаш, тозалигини таъминлаш ҳамда уларни таъмирлаш |
доимий |
14. |
Ҳудудни ободонлаштириш, ўт ўриш, дарахтларни буталаш |
доимий |
15. |
Ноқулай об-ҳаво шароитида кириш йўлакларини қордан тозалаш ва музларни тушириш |
заруратга кўра |
16. |
Туташ ҳудудларни тозалаш (супуриш) |
уч кунда бир марта |
Таъкидлаш лозимки, коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар квартира эгалари билан тузилган шартномага асосан юқорида кўрсатилгандан ташқари бошқа иш, хизматларни ҳам бажариши мумкин.
Агар коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилот ўз мажбуриятларини бажармаса, қандай мурожаат қилиш керак?
Агарда коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилот умумий фойдаланишдаги мол-мулкни сақлаш ва кўп квартирали уйларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш борасидаги ўз мажбуриятларини бажармаса, унга бевосита борган ҳолда ёки онлайн равишда мурожаат қилиш мумкин.
Кун давомида аксарият иш ва ўқиш билан банд бўлганлиги сабабли бевосита коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотга бориш ноқулайлик туғдириши мумкин. Шу боис, қуйида онлайн мурожаат қилиш тартибини кўриб чиқамиз.
Кўп квартирали уйга хизмат кўрсатувчи ташкилот (номи, манзили, алоқа рақамлари ва бошқалар) тўғрисидаги маълумотларни «Mening uyim» портали (https://my.kommunal.uz) орқали аниқлаш ва унга мурожаат қолдириш мумкин.
Ушбу порталдан фойдаланиш учун ЖШШИР кифоя қилади.
Порталда 18 та тоифадаги ҳолат бўйича хизмат кўрсатувчи ташкилотга мурожаат қолдириш, шунингдек, қўшнилар томонидан киритилган мурожаатларни кўриш ва аризалар ҳолатини кузатиш имконияти мавжуд.
Агар коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилот ўз мажбуриятларини бажармаса, нима бўлади?
Хизмат кўрсатувчи ташкилот шартномадаги мажбуриятлар бажармаса, квартира эгалари у билан тузилган шартномани бекор қилиш масаласини ўзаро кўриб чиқиши мумкин.
Хусусан, «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги қонунга асосан коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилот шартномани бажармаса, квартира эгалари умумий йиғилиш қарорига асосан шартномани бекор қилиш ва бошқа ташкилотни танлаш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.
Кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорларининг умумий йиғилиши
Юқорида айтилгандек, коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилот билан шартнома умумий йиғилиши қарори билан бекор қилиниши мумкин.
Умумий йиғилиш йилига камида бир марта чақирилади. Навбатдан ташқари умумий йиғилиш квартира эгаларининг камида 10 фоизининг ташаббуси билан чақирилиши мумкин.
Шунингдек, коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилот қонунчиликни бузган ҳолларда Уй-жой фонди инспекциясининг мансабдор шахси навбатдан ташқари умумий йиғилишни чақириш ташаббуси билан чиқиши мумкин.
Умумий йиғилишни ўтказиш тўғрисида хабардор қилиш тегишли эълонни уйларнинг ҳар бир кириш йўлагига осиб қўйиш ёки эълонни мулкдорларга имзо қўйдириб топшириш орқали амалга оширилади.
Умумий йиғилишда қарор қабул қилиниши учун барча жойлар мулкдорларининг ёки улар вакилларининг 50 фоизидан кўпроғи ҳозир бўлиши керак. Умумий йиғилишнинг қарори, агар уни ёқлаб жойлар мулкдорларининг ёки уларнинг умумий йиғилишда ҳозир бўлган вакилларининг эллик фоизидан кўпроғи овоз берса, қабул қилинган деб ҳисобланади.
Умумий йиғилиш қарори баённома билан расмийлаштирилади. Баённома жойларнинг мулкдорлари орасидан сайланадиган йиғилиш раиси ва котиби томонидан имзоланади. Баённомага йиғилишда иштирок этган шахсларнинг рўйхати ҳар бир муҳокама этилаётган масала бўйича уларнинг хоҳиш-иродаси акс эттирилган, уларнинг имзолари билан тасдиқланган ҳолда илова қилинади.
Улашиш:
Бошқалар
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш
Ҳимоя ордери ички ишлар органларининг таянч пункти профилактика (катта) инспектори томонидан белгиланган схемага мувофиқ берилади.
Кўп қаватли уйларда иситиш мавсуми қачондан бошланади?
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги 194-сонли қарори билан тасдиқланган “Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидалари”га кўра, иситиш даври ташқи ҳавонинг ўртача суткалик ҳарорати 8°Сдан паст бўлган 5 кунлик давр тамом бўлган кундан кейинги кундан бошланиши, 8°Сдан юқори бўлганда эса тамомланиши керак.
Нуқсонли товар алмаштириб бериладими?
Истеъмолчи товарнинг ишлаб чиқарилишига доир камчиликларни аниқлаган тақдирда сотувчи (ишлаб чиқарувчи) уни айни шундай маркали товарга етти кунлик муддатда, товар сифатини сотувчи томонидан қўшимча равишда текшириш зарур бўлганида эса, истеъмолчи талаб қўйган пайтдан эътиборан йигирма кун ичида алмаштириб бериши шарт.
Йўл харакати қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди
Йўналишли транспорт воситалари учун алоҳида ажратилган, тасмаси бор йўлда ҳаракатланиши тақиқланган транспорт воситалари ушбу йўлдан фақат ёндош ҳудудга кириш ёки чиқиш мақсадида ёндош худуднинг кириш ёки чиқиш жойидан 50 метр масофада узуқ-узуқ чизиқли жойгача ёхуд яқин масофадаги узуқ-узуқ чизиқли жойгача ҳаракатланиши мумкин.