currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларКоррупцияга қарши муросасизлик – давлат барқарорлиги ва жамият ишончининг асоси

Коррупцияга қарши муросасизлик – давлат барқарорлиги ва жамият ишончининг асоси

Ҳуқуқ

calendar

25.12.2025

eye

33

Коррупцияга қарши муросасизлик – давлат барқарорлиги  ва жамият ишончининг асоси

Коррупция бу фақат айрим мансабдор шахсларнинг қонунбузарлиги эмас, балки давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожи, инсон ҳуқуқлари ва жамиятдаги ишонч муҳитига бевосита хавф солувчи тизимли муаммодир. Шу маънода коррупцияга қарши кураш фақатгина давлат сиёсатининг алоҳида йўналиши сифатида эмас, балки давлат бошқаруви, ҳуқуқий маданият ва фуқаролик фаоллигини қамраб олувчи комплекс жараён сифатида қаралиши лозим.

Коррупция жамиятда “норма” сифатида қабул қилинган жойда энг яхши қонун ҳам тўғри ишламайди. Шу сабабли ҳуқуқий ислоҳотлар ҳуқуқий маданият билан бир қадамда бориши шарт.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш соҳасида тизимли ва изчил ислоҳотлар амалга оширилди. Коррупцияга қарши курашиш бўйича қонунчилик базаси тубдан янгиланди, Президент фармон ва қарорлари, давлат дастурлари қабул қилинди.

Олий Мажлис палаталарида тегишли қўмиталар фаолияти йўлга қўйилиб, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ташкил этилиши институционал бошқарувни мустаҳкамлади.

Бу жараёнлар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Хусусан, 2021 йилда Ўзбекистон Халқаро очиқ маълумотлар Хартиясига қўшилиб, давлат бошқарувида шаффофлик ва очиқликни таъминлаш бўйича халқаро мажбуриятларни ўз зиммасига олди. Transparency International ташкилотининг 2024 йил учун Коррупцияни қабул қилиш индексида Ўзбекистон 180 та давлат орасида 32 балл билан 121-ўринни эгаллагани ислоҳотлар йўлида ҳали амалий вазифалар кўплигини, бироқ ҳаракатлар тизимли эканини кўрсатади.

Коррупциянинг олдини олишда фақат жазо чораларига таяниш етарли эмас.  Коррупцияга қарши курашда энг катта хатолик – уни фақат жазо билан енгиш мумкин, деган қараш. Амалиёт шуни кўрсатадики, жазо оқибат билан кураш, муросасиз муносабат эса сабаб билан курашдир.

Шу боис, давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари, манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш каби профилактик механизмлар амалиётга татбиқ этилмоқда. Давлат органлари фаолиятида шаффофлик ва ҳисобдорликни оширишга қаратилган бу чоралар коррупциявий хавф-хатарларни кескин камайтиришга хизмат қилмоқда.

Давлат хизматчиси учун ҳалоллик фақат шахсий фазилат эмас, балки касбий стандарт бўлиши лозим. Шу нуқтаи назардан одоб-ахлоқ қоидалари ва манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш коррупцияга қарши курашнинг марказий элементи ҳисобланади.

Шу билан бирга, коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантиришда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданияти ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ҳуқуқий демократик давлатни қуриш фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини билиши, қонунга таяниб ҳаракат қилиши билан чамбарчас боғлиқ. Бу борада Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий тузилмалари томонидан ҳуқуқий саводхонликни оширишга қаратилган кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

“Адлия куни” лойиҳаси доирасида маҳаллалар, таълим муассасалари ва меҳнат жамоаларида ўтказилаётган сайёр учрашувлар, мобил давлат хизматлари аҳолининг кундалик ҳаётида учрайдиган ҳуқуқий муаммоларга ечим топишга хизмат қилмоқда. Пенсия, мерос, оилавий низолар, кадастр, ипотека, ижара каби масалалар бўйича берилган амалий ҳуқуқий маслаҳатлар фуқароларнинг давлатга бўлган ишончини мустаҳкамламоқда.

Мобиль давлат хизматлари ва сайёр ҳуқуқий маслаҳат бериш тизими йўлга қўйилиб, энди фуқаро ҳуқуқий маслаҳат ёки хизмат олиш учун идораларга бориб юришга мажбур эмас. Бу эса ҳуқуқий хизматларнинг қамровини янада кенгайтиради. Ҳуқуқий танлов ва акциялар, шу жумладан “Ҳуқуқий маданият ойлиги”, “Умуммиллий Конституция имтиҳони”, “Ҳуқуқий билимлар викторинаси” каби тадбирлар аҳолининг ҳуқуқий фаоллигини оширишга хизмат қилмоқда.

Рақамли технологиялар ҳуқуқий маълумотларни аҳолига етказишда янги босқични бошлаб берди. “E-Huquqiy maslahat” платформаси, янгиланган “Lex.uz” миллий қонунчилик базаси, сунъий интеллект асосида ишловчи
“Lex AI” хизмати фуқароларга исталган вақтда ишончли ҳуқуқий ахборот олиш имконини яратди.

Бу эса ҳуқуқий хизматларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш билан бирга, коррупция учун шароитларни қисқартиришга хизмат қилмоқда.

Коррупцияга қарши муросасиз муносабатни жамият онгига чуқур сингдириш бу узоқ ва мураккаб ижтимоий жараён. У фақат давлат органларининг саъй-ҳаракатлари билан эмас, балки фуқаролик жамияти, оммавий ахборот воситалари, таълим муассасалари ва ҳар бир фуқаронинг фаол позицияси билан амалга ошади. Шу боис коррупцияни фақат жиноят сифатида эмас, балки тараққиётни тўхтатувчи ижтимоий иллат сифатида қабул қилиш маданиятини қарор топтириш зарур.

Давлат хизматларининг рақамлаштирилиши, очиқ бюджет, давлат харидларида шаффоф мониторинг, жамоатчилик назорати механизмларининг жорий этилиши фуқароларда коррупцияга нисбатан муросасизликни кучайтиради. Мактабдан олий таълимгача антикоррупция таълимини тизимли жорий этиш, аниқ ҳаётий мисоллар орқали коррупция оқибатларини тушунтириш эса келажак авлодда соғлом ҳуқуқий иммунитетни шакллантиради.

Жаҳон банки таҳлилларига мувофиқ, давлат бошқарувида шаффофлик 1 фоизга ошса, инвестиция муҳити ўртача 0,5–0,7 фоиз яхшиланади. Transparency International ҳисоботларига кўра, коррупция даражаси паст бўлган давлатларда ижтимоий хизматлар сифати юқори, аҳолининг давлат институтларига ишончи эса барқарор бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни қарор топтириш – бу маъмурий чоралар мажмуи эмас, балки жамиятни тубдан ўзгартиришга қаратилган стратегик вазифадир. Айнан шу муносабат коррупциянинг олдини олишда энг самарали ва барқарор омил ҳисобланади.

Коррупцияга қарши муросасиз муносабат – бу шиор ёки кампания эмас, балки давлат ва жамиятнинг етуклик даражасини белгилайдиган мезондир. Қонунлар, институтлар ва рақамли ечимлар қанчалик мукаммал бўлмасин, агар жамият коррупцияни оқламаса, унга кўз юммаса, фақат шундагина ислоҳотлар барқарор натижа беради.

Миржалол Аллакулиев,
Адлия вазири ўринбосари

Улашиш:

Бошқалар

5-декабр 2025, 05:11
413

Қандай ҳолатлар ишга киришни асоссиз рад этиш саналади?

Меҳнат кодекси 119-моддасида ишга қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этиш асослари келтирилган.


13-декабр 2025, 07:44
364

Аттестациядан неча марта ўта олмаган педагог билан меҳнат шартномаси бекор қилинади?

Мазкур Низомнинг 4-бандига асосан, педагог кадрлар учун мажбурий аттестация ҳар беш йилда бир марта ўтказилади.


26-ноябр 2025, 04:33
334

МИБ ходими уйингиздаги ҳар бир буюмни хатлаши мумкинми?

Кўп ҳолларда қарздорликни ундириш жараёнида Мажбурий ижро бюроси ходимлари қарздорнинг уйига бориб, барча жиҳоз ва буюмларни хатлашга ҳаракат қилади.


8-декабр 2025, 05:42
323

Маъмурий суд ишларини юритишда ҳал қилув қарорини қабул қилишнинг ўзига хос жиҳатлари

Суд ҳал қилув қарорини қабул қилаётган маслаҳатхонада фақат ишни кўриб чиқаётган суд таркибига кирадиган судьялар бўлиши мумкин.