currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларКўп сув ичиш ҳам зарар: ҳаддан ташқари кўп ичилса нима бўлади?

Кўп сув ичиш ҳам зарар: ҳаддан ташқари кўп ичилса нима бўлади?

#NoComment

calendar

29.05.2026

eye

39

Кўп сув ичиш ҳам зарар: ҳаддан ташқари кўп ичилса нима бўлади?

Кўпроқ сув ичиш  саломатликка оид энг оммабоп маслаҳатлардан бири. Бу тавсияни том маънода ҳар қадамда эшитиш мумкин. Бироқ ушбу қоиданинг ҳам ўз меъёри борлиги ҳақида камдан-кам одам ўйлайди.

Агар ҳаддан ташқари кўп сув ичиб юборилса, организм бунга кескин норозилик билдиради, унда жиддий бузилишлар юзага келиши мумкин. Бундай ҳолат тиббиётда сув интоксикацияси (сувдан заҳарланиш) деб аталади ва оғир вазиятларда у жуда аянчли оқибатларга олиб келади. Боз устига, меъёридан ортиқча сув ҳатто одамни ўлдириши ҳам ҳеч гап эмас. Қуйида ушбу ҳолат айнан кимларга хавф солиши ва ўзини бундай хавфли вазиятга тушириб қўймаслик йўллари ҳақида батафсил маълумот берамиз.

Сув интоксикацияси нима ва у нега хавфли?

Организмда сув миқдори буйракларнинг уни чиқариб юбориш қобилиятидан кўпайиб кетганда, гипергидратация (ортиқча сув тўпланиши) ҳолати юзага келади. Бир қарашда, "ортиқча сувнинг нима зарари бор?" деб ўйлаш мумкин. Аммо муаммо сувнинг ўзида эмас, балки унинг организмдаги электролитлар мувозанатига кўрсатадиган таъсиридадир. Суюқликнинг меъёридан ортиб кетиши қондаги натрий моддасини эритиб, унинг концентрациясини камайтириб юборади. Натрий шунчаки "туз" эмас: у асаб ҳужайралари ва мушакларнинг ишлашини таъминлайди, шунингдек, ҳужайра ичидаги нормал босимни сақлаб туради. Натрий даражаси кескин тушиб кетганда гипонатриемия ривожланади - бу ҳолатда мия ва асаб тизими ишида узилишлар бошланади. Оғир кўринишларида натрийнинг критик даражада камайиши мия шишишига (оток) ва ҳатто ўлимга олиб келиши мумкин. Бу гаплар ваҳимали эшитилсада, дарров саросимага тушиш керак эмас: соғлом одам ўзини бундай ҳолатга келтириши жуда қийин. Аммо бу хавф ҳақида билиб қўйиш ҳақиқатдан ҳам муҳимдир.

Сув интоксикацияси: кимларга кўп сув ичиш хавфли?

Шундай тоифадаги инсонлар борки, улар учун сувнинг ҳаттоки бирозгина ортиқчаси ҳам жиддий муаммога айланиши мумкин.

Биринчи навбатда, булар буйраклари суюқликни ҳайдашга қийналадиган беморлардир:

— Юрак етишмовчилиги борлар;

— Жигар циррози билан оғриганлар;

— Сурункали буйрак касалликларига чалинганлар. (Айтганча, кўпчилик оддий кундалик одатлари билан буйракларини ҳар куни сездирмасдан емириб бораётган бўлади).

Алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлган яна бир ҳолат  гипофиз бези фаолиятининг бузилишидир. Масалан, антидиуретик гормоннинг ноадекват секрецияси синдромида организм ҳаддан ташқари кўп вазопрессин ишлаб чиқаради. Бу гормон умуман эҳтиёж бўлмаган тақдирда ҳам буйракларни сувни ушлаб туришга мажбур қилади.

Бундан ташқари, психоген полидипция касаллиги ҳам мавжуд бўлиб, унда инсон хавотирланиш (тревога) ёки бошқа руҳий бузилишлар фонида ҳеч қандай жисмоний эҳтиёжсиз жуда улкан миқдорда сув ичади. Натижада организм ўзига керак бўлганидан бир неча баробар кўп суюқлик қабул қилади.

Соғлом одамларда сув интоксикацияси: спорт ва детокс

Сурункали касалликлари бўлмаган одамларда сув интоксикацияси камдан-кам ҳолларда кузатилади. Аммо "камдан-кам" дегани "ҳеч қачон" дегани эмас. Бу ҳолат, айниқса, узоқ масофага югурувчи (марафон) спортчиларга тааллуқлидир. Марафон давомида одам организми фаол равишда суюқлик йўқотади, шунинг учун кўпчилик ҳар бир имконият бўлганда сув ичишга ҳаракат қилади. Бироқ баъзида бундай ҳаддан ташқари тиришқоқлик спортчининг ўзига қарши ишлайди: масофа давомида натрий даражаси кескин тушиб кетиши ва бевосита югуриш жараёнида гипонатриемия юзага келиши мумкин. Турли ҳисоб-китобларга кўра, марафончиларнинг 1 фоизидан 22 фоизигача бўлган қисми ушбу ҳолатга дуч келишади (бу кўрсаткич мусобақа шароитлари ва ҳисоблаш методларига боғлиқ).

Яна бир тузоқ гўёки организмни тозалаш учун бир ўтиришда улкан ҳажмдаги сувни ичишни буюрадиган урфдаги "детокс-марафонлар"дир. Бундай амалиётларнинг ҳеч қандай илмий асоси йўқ, аммо ўз соғлиғига зарар етказиш хавфи мутлақо реалдир. Бу айнан фойдали ва соғлом одатни пойгага айлантириб юбориш оқибатида зарар кўришга яққол мисолдир.

Сув интоксикациясининг белгилари: ҳаддан ташқари кўп сув ичаётганингизни қандай билиш мумкин?
Сув интоксикацияси бирданига зарба бермайди, унинг белгилари секин-аста кучайиб боради.

 Дастлабки босқичларда уни шунчаки чарчоқ ёки кўп еб юборишга йўйиш осон:

— Тез-тез пешоб ажралиши;

— Бош оғриғи;

— Кўнгил айниши ва қорин дам бўлиши;

— Оёқларда шишлар пайдо бўлиши;

— Бўшашиш ва ҳолсизлик.

Агар бу белгиларга вақтида эътибор берилмаса, аҳвол оғирлашади. Жиддий ва хавфли симптомлар эса бутунлай бошқача кўринишга эга бўлади:

— Онгнинг чалкашиши (нима қилаётганини билмаслик);

— Ҳаракатлар координациясининг бузилиши;

— Судорги (тана тортишиши);

— Нафас қисиши ва қийинлашиши;

— Ҳушдан кетиш.

Оғир симптомлар пайдо бўлганда зудлик билан тез тиббий ёрдам чақириш шарт — организм натрийнинг бундай кескин ва хавфли даражада тушиб кетишини мустақил равишда тиклай олмайди.
Аслида кунига қанча сув ичиш керак?
Кўпинча тана вазнининг ҳар бир килограммига 30 мл суюқлик ичиш тавсия этилади. Масалан, 70 кг вазнга эга инсон учун бу тахминан 2,1 литрни ташкил қилади. Бунда фақат тоза сув эмас, балки чой, кофе, шўрвалар ва бошқа ичимликлар ҳам ҳисобга олинади.

Бироқ бу шунчаки умумий бир мўлжал холос. Бир одам учун бу ҳажм етарли бўлса, бошқасига камлик қилиши мумкин. Ҳаммаси инсоннинг жисмоний фаоллигига, ёшига ва ҳатто об-ҳавога боғлиқ: иссиқ кунларда ёки интенсив машғулотларда организмга кўпроқ суюқлик керак бўлади, салқин ва хотиржам кунда эса - камроқ.

Энг ишончли кўрсаткич  бу ташналик (чанқоқ) ҳиссиётидир. Агар организм сув сўрамаётган бўлса, унга мажбурлаб сув қуйиш керак эмас. Инсон танаси ўз эҳтиёжларини жуда яхши бошқара олади. Ва яна бир гап: “Литр-литр сув ичиш вазн ташлашга ёрдам беради ёки организмдан токсинларни ҳайдайди”, деган ваъдаларга ишонманг. Буйрак ва жигар қўшимча “сув тошқинларисиз” ҳам бу вазифани аъло даражада уддалайди.

Сув баланси  жуда нозик нарса. Етарли миқдорда сув ичиш муҳим, аммо ичилган стаканлар сони бўйича рекорд ўрнатишга интилиш мутлақо нотўғри. Энг тўғри стратегия ўз танангизга қулоқ солиш ва фойдали одатни хавфли экспериментга айлантирмасликдир.

Мурод Шамбаев,
"Адолат" МҲАМ ходими

Улашиш: