currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларКўзга кўринмас хатар

Кўзга кўринмас хатар

#NoComment

calendar

24.06.2026

eye

28

Кўзга кўринмас хатар

Бугунги глобал дунёда инсониятнинг ҳаётига хавф солаётган хатарлар етарли. Улар орасида инсониятга фойда келтириш билан бирга ҳам маънавий, ҳам моддий зарар келтираётган бир нарса борки, ҳозирги ҳар бир замонавий одам бу нарсадан осонликча воз кеча олмайди. Бу нарса нима деб ўйлайсиз? Содда ва оддий қилиб айтганда – Интернет, ижтимоий тармоқлар ана шундай кўзга кўринмас хатар гирдобига айланди. Айниқса, ёш авлодни уларнинг таъсиридан асраш глобал муаммога айланмоқда.

Шу кунларда дунёнинг ривожланган давлатларида ҳам 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларни чеклаш масаласи кун тартибига чиқмоқда. Хусусан, Канада ҳам айрим давлатлар қатори болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқламоқчи. Канада ҳукумати тақдим қилган “Рақамли хавфсизлик тўғрисидаги” қонун лойиҳасига кўра, эндиликда 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланади. Шунингдек, янги рақамли регулятор сунъий интеллект чатботларини ҳам хавфсизроқ қилиши назарда тутилмоқда. Ижтимоий тармоқ платформалари ва сунъий интеллект чатботлари эътиборни жалб қилиш учун мўлжаллангани билан хавфли экани айтилади. Уларга болалик даврининг хавфли душмани сифатида қаралмоқда. Болаларнинг соғлом ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши, натижада болалар яккаланиб қолиш ва тушкунлик манбаига айланаётгани айтилади.

Айни пайтда Буюк Британия ҳам шу ҳақда бош қотирмоқда. Бош вазир Кир Стармер ҳукумат болаларга болаликни қайтаришни хоҳлаётганини айтди. У 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқлар тақиқланишини эълон қилди. У болалар учун қўйилаётган тақиқ Snapchat, TikTok, YouTube, Instagram, Facebook каби тармоқларга қўйилишини айтган. Шунингдек, фойдаланувчилар ўзаро алоқада бўладиган ва контент нашр қилишлари мумкин бўлган платформалардан фойдаланиш чекланишини айтди. Бу чекловлар 2027 йилнинг баҳорида кучга кириши мумкин. Буюк Британияда, шунингдек, вояга етмаганлар учун онлайн хизматнинг айрим функцияларини, жумладан, стриминг, нотаниш одамлар билан суҳбатлашиш ва ўйин платформаларининг айрим элементлари чекланиши режалаштирилмоқда.

Яқинда Ўзбекистонда ўтказилган “Ижтимоий фикр” маркази тадқиқотига кўра, респондентларнинг 45 фоизи телефон, интернет ва ижтимоий тармоқларни замонавий оилалардаги асосий муаммо сифатида баҳолаган. Сўровнома натижаларига кўра, молиявий қийинчиликлар ва қариндошларнинг оилавий ҳаётга аралашуви телефон ва ижтимоий тармоқларга нисбатан камроқ таъсир кўрсатмоқда. Тадқиқотга кўра, молиявий қийинчиликларни кўрсатганлар улуши (41,7 фоиз), эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликлар (28,3 фоиз) ҳамда қариндошларнинг оилавий ҳаётга аралашуви (21,3 фоиз)дан юқори бўлган. Ёшлар орасида эса бу муаммо янада долзарб: 18–24 ёшдагиларнинг ярмидан кўпи телефон ва ижтимоий тармоқлар оилавий муносабатларга салбий таъсир кўрсатишини айтган.

Кўзгудаги ҳақиқат

Бу мавзуда жуда кўп ёзилган. Жуда кўп гапирилапти. Лекин негадир аҳвол ўзгармаяпти. Ривожланган давлатларда ҳатто 16 ёшли вояга етмаганларга ҳам бола деб қаралаётган бир пайтда бизда чақалоқларни ҳам телефон билан тинчлантираётган оналар кўпайгани ачинарли ҳолат деб ўйлайман. Болага аллани ҳам телефон айтади, эртакниям. Мултфильмни ҳам телефон кўрсатади. Экранларга термулган кўзлар эса, эрта нурсизланиб, болалар орасида кўриш қобилиятининг сусайиши ва кўз касалликлари кўпайгани алоҳида бир мавзу.

Бугун эрталаб автобусда кетаётиб бир манзарага кўзим тушди. Онаси ёнида ўтирган етти ёшлар чамаси бир болакайнинг қўлида телефон. Боланинг кўзлари экранга қадалган. Онаси бўлса, хотиржамгина ўғлининг бошини силайди. Бола онанинг меҳрини ҳис қилиш ўрнига бутун эътиборини экранга қаратган. У виртуал оламда сайр қилиб юрибди. Бола ён-атрофда нима бўлаётганидан мутлақо бехабар. Унга экрандаги ҳаёт қизиқарли туюлади. Аламлиси, бугуннинг болаларида болалик деярли йўқ! Уларниг ҳаёратлари ҳам экранларга кўмилганича йўқолиб бораётгандек, назаримда. Таъбир жоиз бўлса, уларнинг кўзлари ҳам эрта очилмоқда. Улар ҳали қўлига китоб тутмай, ўқишни, ёзишни ўрганмай туриб, ҳатто тузук-тутуриқли гапиролмасиданоқ, телефон ўйнайди. Виртуал олам бугуннинг болаларини ўзига шу қадар маҳлиё этганки, ҳатто қўлида телефон тутган болангизга гапирсангиз ҳам сизни эшитмайди. Бу фожеа эмасми?!

Бугун боланинг тарбиясини унутган, уни бутунлай телефонга топшириб қўйганлар қанчадан-қанча. Қадимда бола тарбияси деганда бобо-момоларнинг эртаклари, она алласи, оталарнинг панд-насиҳати тушунилган. Ҳозир-чи? Ҳозир болага аллани ҳам YouTube айтаяпти, эртакни ҳам... Афсус, шундай муҳитда яшаяпмиз.

Бола телефон турганда ҳатто ўйинчоқларига ҳам қарамайди. Бизлар болаликда ўйинчоқлар билан овунардик. Телефон ёки ўйинчоқни танлаш керак бўлса, болалар телефонни танлаяпти.

Онаси “болам, бўлди, кўзинг оғрийди энди...” деса ҳам, хархаша қилаётган, бутун бир автобусни бошига кўтариб йиғлаётган болакайнинг соғлиғини ким ўйлайди?! На онаси, на жамият?! Телефонни онаси олиб қўйса, аччиқ қилиб, аразлаётган болакай яна телефон билан овунади. Онанинг бошқа чораси йўқлиги янада ачинарли...

Энг оғриқли жойи – овунган болага кулиб қараётган онанинг хотиржамлиги. Аёл боласига телефонни тезроқ бериб, “тинчлик”ка етишмоқчилиги аламли ва оғриқли туюлади менга.

Онанинг ҳозирги тинчлиги эртанги нотинчлиги эмасми аслида?! Автобус, метрода, бекатларда, кўча-кўйда, уйда... тўйларда, ҳатто азадор хонадонда ҳам бир манзара такрорланади: одамлар бир дастурхонда ўтирса ҳам, ҳар бири ўз телефонига қарам. Бир уйда яшаб, бир-бирининг юзини кўрмасдан, суҳбатлашмасдан катта бўлаётган болалар кўпайиб кетди.

Бир ўқитувчи дугонам айтади:

– Болалар дарсда ҳам фикрини жамлай олмаяпти. Чунки уларнинг мияси чарчаган, толиққан, телефонга қарам бўлиб, боғланиб қолган...

Лекин айбни фақат боладан излаш ҳам инсофдан эмас. Болага телефонни ким беради? Биз. Болани ким “жим турсин” деб экранга маҳкамлаб қўяди? Биз.

Ҳа, биз, бизнинг ўзимиз диққатимизни йўқотдик. Ўзимиз ўрнак бўла олмаганимиздан кейин болаларимиз ҳам гапимизни тингламайди, улар ҳам бизларга ўхшаб “ролик” кўради. Улар ҳам китоб ўқимайди, “қисқа видео”ни кўриб, шошилиб фикрлайди. Уларнинг топ-тоза дунёси ҳам бизники каби 15 сониялик кадрларга бўлиниб кетган...

Энг яхши овунчоқ

Оналар билан суҳбатлашсангиз, улар хотиржамгина гапираётганига нима дейсиз?!

Яхшиям шу телефон бор-да, болам бирпасгина ўйнаб турса, ишларимни қилиб оламан. Кичкинам жуда инжиқ чиқди. Унга телефон берсам, бўлди, йиғламайдиям.

Энг ачинарлиси, бола телефонда нимани кўряпти – буни она кузатмайдиям! У нимадан тарбия олаяпти, кимдан қайси одатни ўрганяпти, кузатиш ҳам, назорат ҳам йўқ!

Кеча китобхонлик масаласида бир ёш йигит билан суҳбатлашиб қолдим. У хотиржамгина айтади:

– Болалигимда китоб ўқирдим, ҳозир нимагадир ўқишга сабрим етмайди.

Бу муаммолар бугун бир инсоннинг эмас, бутун бир авлоднинг дарди. Афсуски, шундай. Сабрсизлик масаласи ҳар қадамда сезилади. Бизни бесабр қилиб қўяётган нарса аслида нима? Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?!

Китоб ўқиш бизга сабрни ўргатади. Телефондаги қисқа релслар эса, шошилишни. Китоб фикрлашга ундайди. Телефон эса, фикрни бўлади, бизни шоширади, яшашдан чалғитади.

Шаҳар кўчаларидаги эрталаб ишга шошаётган одамларни бир кузатинг. Қўлида телефон, қулоғида наушник. Рулдаги ҳафдовчида ҳам шу аҳвол... бир зум бўлса ҳам телефонда гаплашиб олсам дейди-я! Одамлар гаплашади-ю, ҳеч ким ҳеч кимни эшитмайди. Эшитганда ҳам хаёли жойида эмас... Уйда дастурхон атрофида ҳам экранга термулган кўзлар... Ҳатто бола отага, ота болага гапирмайди. Ҳамма “онлайн”, лекин ҳаётда “офлайн”.

Бир отахон қизиқ гапни айтиб қолди:

– Илгари болаларимиз кўчани тўлдириб ўйнаганида ҳам хавотир қилмасдик. Ҳозир хонада ўтирганида ҳам улардан хавотирдамиз.

Ҳа, хавф кўчада эмас, экранлар ичига кириб кетди. Кўзга кўринмас хатарлар бизни хавотирга сола бошлади. Онлайн қиморбозликлар, онлайн фирибгарликлар, онлайн ўйинлар таъсирига тушиб қолган, алданган, боридан айрилган, жонига қасд қилишгача бораётганлар кўпайди.

Бугунги замонавий одамга технология керак. Буни инкор қилиб бўлмайди. Лекин муаммо бизга қулайликлар яратиб бераётган миттигина қутичаларда эмас, биз уларни қандай ишлатаётганимизда!

Боланинг қўлига телефон бериб қўйишдан осони йўқ. Лекин уни чин инсон қилиб тарбиялаш қийин.

“Бир болага етти қўшни ота-она” дейди доно халқимиз. Бу азалий ҳикмат бугун қай маънода тўғри?! Ҳозир етти қўшни эмас, бутун шаҳар, бутун бир қишлоқнинг кўзи телефонга қараб қолган замон бўлса...

Болам мен билан гаплашмайди, телефонини олиб хонасига кириб кетади, – деб психологга дардини айтади бир аёл.

Бу аёл боласини қачон йўқтганини ҳам билмайди, лекин уни болам дейди ва ёнига қайтариш учун минг хил чора қидиради. Кечикканини эса, кеч англаган,  афсус...

Бу манзаралар – замонавий оила манзараси, замонавий дунё манзараси...

Яқинда интернетда бир манзарага кўзим тушди. Таниқли актёрлар оиласи. Дастурхон атрофида фарзандининг таваллуд куни нишонланмоқда. Ўғлига сўнгги моделдаги телефон совға қилишди. Боланинг укаси акасига ҳавас билан қараяпти. Вояга етгунича бу оилада боласига оддий телефонга рухсат беришган экан, холос. Оилада бундай тартибни сақлай олиш учун ҳам катта сабр керак аслида. Бугун бу сабр анқонинг уруғига айлангани рост гап.

Яна ўша гап: бугун ривожланган давлатлар болалар учун ижтимоий тармоқларни чеклашга ўзида куч ва ирода топмоқда. Биз-чи?! Биз қачон бу ишни қиламиз?! Ҳали ёшига тўлмаган чақалоқларнинг митти қўлчаларига ҳам телефон бериб қўйиб, ишдаги дадасига телефон қилса, ҳайратланиб ўтираверамизми?! Бу одатларни дунё биздан ўрганмайди, биз дунёдан ўрганайлик.

Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА,

“Инсон ва қонун” мухбири

Улашиш: