Содда талқин
07.11.2025
27

Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш соҳасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида маҳалла даражасида хавфсиз муҳитни яратиш ва профилактик чораларни кучайтириш вазифаси белгиланди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 20 октябрдаги ПҚ-310-сон қарори билан «Маҳалламизни фавқулодда вазиятлардан муҳофазаланган ҳудудга айлантирамиз» ташаббуси асосида «Маҳалла муҳофазаси» лойиҳаси жорий этилди. Мазкур ташаббус профилактика — муҳофаза тамойилига таянади ҳамда маҳаллаларда фавқулодда вазиятларнинг олдини олишнинг илмий, ҳуқуқий ва ташкилий асосларини белгилайди. Бундан ташқари, фуқароларнинг шахсий хавфсизлиги, балки жамоатчилик ҳамкорлигини таъминлаш, профилактик ишларни самарали ташкил этиш, аҳолининг ҳуқуқий онгини ва хавфсизлик маданиятини оширишга ҳам хизмат қилади.
I. Фавқулодда вазиятлар профилактикасининг ҳуқуқий механизми
Ҳужжатнинг асосий янгилиги — маҳаллаларда хавф даражасини баҳолаш ва манзилли профилактик чоралар кўриш тизимининг жорий этилишидадир. Мазкур тизимга кўра, ҳар бир маҳалла илмий-техник ёндашув асосида ўрганилиб, хавф даражасига қараб «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифаларга ажратилади. Бу — хавфсизлик соҳасида илк бор қўлланилаётган “ҳавф индикаторлари» тизимидир. Қонунчилик нуқтаи назаридан, бундай ёндашув Конституциянинг 37-моддасидаги «фуқароларнинг хавфсиз ҳаётга бўлган ҳуқуқи»ни амалга оширишга хизмат қилади. Шу билан бирга, «Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунда белгиланган «олдини олиш тадбирларини жойларда амалга ошириш» вазифаси ҳам маҳалла даражасигача туширилмоқда.
Мазкур ташаббусга кўра:
— хавфи юқори маҳаллалар («қизил» ва «сариқ») мунтазам равишда «хонадонбай» ўрганилади;
— профилактика режалари ҳудуд, туман ва маҳалла кесимида ишлаб чиқилади;
— давлат инспекторлари ва маҳалла фаоллари ҳамкорликда «маҳалла еттилиги» таркибида иш олиб борадилар;
— ҳар бир маҳаллада «Маҳалла муҳофазаси» хизмат хонаси ташкил этилади.
Бу механизм амалда жойларда масъулиятлиликни оширади, чунки ҳар бир инспектор ва маҳалла етакчиси ўз ҳудуди учун жавобгар бўлади.
II. Техник профилактика чоралари ва амалиётга татбиқ этиш
ПҚ-310-сон қарорда аҳоли хонадонлари ва ишлаб чиқариш объектларида техник хавфсизликни таъминлаш чоралари аниқ белгиланган. Фавқулодда вазиятлар вазирлигига аҳоли турар жойларида газ, иситиш ва вентиляция тизимларига шартнома асосида пулли техник хизмат кўрсатиш ваколати берилди. Бу орқали ис газидан заҳарланиш, чақнаш ва ёнғин каби ҳолатларнинг олдини олиш кўзда тутилган. Шу билан бирга, малакали мутахассислар фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида жалб қилинади — бу эса меҳнат қонунчилиги доирасида хизматлар бозорида янги иш ўринларини яратади. 2026 йилдан Тошкент вилоятида «Маҳалла муҳофазаси» лойиҳаси синов тариқасида амалга оширилади. Натижалар ижобий бўлса, 2027 йилдан бошлаб республика миқёсида татбиқ этилади.
Бу лойиҳа орқали аҳоли хонадонларида ёнғин, ис гази ва чақнаш хавфининг олди олинади, энергия манбаларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига амал қилиш таъминланади, техник хизмат кўрсатиш тизими яратилади ва аҳоли ўртасида хавфсиз ҳаёт фалсафаси шакллантирилади.
III. Илмий асос ва рақамлаштирилган бошқарув тизими
Қарорда алоҳида таъкидланишича, профилактика ишлари фақат маъмурий чоралар билан эмас, илмий асосланган таҳлил ва рақамли бошқарув орқали амалга оширилади.
Бу мақсадда:
— ҳар бир ҳудуд учун йўл хариталари ишлаб чиқилади (республика, вилоят ва маҳалла даражасида);
— илмий-тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасалари маҳаллаларда хавф таҳлилини ўтказишга бириктирилади;
— профилактик ишлар натижаси бўйича илмий асосланган таклифлар тайёрланиб, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилади.
Бундай ёндашув нафақат амалий хавфсизликни таъминлайди, балки маҳаллаларни инновацион бошқарув тизимига яқинлаштиради. Илмий ва рақамли усуллар орқали ҳар бир ҳудуднинг реал хавф даражаси кузатув остида бўлади.
IV. Хавфсизлик маданиятини ошириш ва волонтёрликни ривожлантириш
Фавқулодда вазиятларнинг олдини олишда аҳолининг хабардорлиги ва фаоллиги муҳим. Шу боис, қарорда таълим тизими ва жамоатчилик иштирокини таъминлаш чоралари белгиланган. Мактабгача таълим муассасаларида «Илк қадам» дастури орқали болаларга шахсий хавфсизлик кўникмалари ўргатилади. Умумий ва олий таълим муассасаларида «Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги» мавзусида амалий машқлар ўтказилиши мажбурий этиб белгиланган. Бундан ташқари, ҳар бир маҳаллада ёшлар ва аҳоли иштирокида «Фавқулодда вазиятлар волонтёри» жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилади. Улар «Биз биргамиз!» ҳаракати доирасида профилактик ва қутқарув ишларида қатнашадилар.
Фаол волонтёрлар учун имтиёзли тартиблар ҳам жорий этилган:
— Фавқулодда вазиятлар академиясига киришда 5% қўшимча балл;
— қутқарув тузилмаларига ишга қабулда устуворлик.
Бу норма фуқароларнинг жамоатчилик фаоллигини оширади ва волонтёрликни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлашнинг амалий намунасидир.
«Маҳалла муҳофазаси» ташаббуси — маҳаллий даражада хавфсизликни таъминлашнинг ҳуқуқий, илмий ва ижтимоий асосини яратувчи янги тизимдир. У фақат фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга эмас, балки аҳолининг фаол иштирокига, масъулият ва жамоавий ҳамкорлик маданиятини шакллантиришга ҳам хизмат қилади.
Улашиш:
Бошқалар
Нотариус томонидан пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиш
Қонунчиликка кўра, нотариус қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда кредиторга топшириш учун қарздордан депозитга пул суммалари ва қимматли қоғозларни қабул қилиши мумкин.
Шахс ўзининг хабарисиз номига кредит тузилишининг олдини олиши мумкин
Қонунчиликка кўра, жисмоний шахс ўзининг иштирокисиз ёки хабарисиз кредит битими тузилишининг олдини олиш учун ўзи билан кредит битими тузишни кредит бюросига ариза киритиш орқали тақиқлаши мумкин.
Никоҳ шартномаси — ҳуқуқий кафолатми ёки эҳтиёт чораси?
Никоҳ шартномаси икки ҳолатда — никоҳдан олдин ёки никоҳ даврида тузилиши мумкин.
Мукофотни ошкора ваъда қилиш: тўлаш ва бекор қилиш тартиби
Фуқаролик кодексининг 981-моддасига мувофиқ, агар бир шахс муайян ҳаракатни бажарган шахсга мукофот ваъда қилса, ва эълондаги шартларга мувофиқ ҳаракат амалга оширилса, у ҳолда мукофотни тўлаш мажбурияти юзага келади.