Ҳуқуқ
20.09.2024
1 446
Мазмунан меҳнатга оид муносабатларни тартибга соладиган фуқаролик шартномаларини тузиш тақиқланади. Яъни фуқаролик шартномасида меҳнат муносабатларига оид шартлар кўзда тутилмаслиги лозим.
1. Меҳнат шартномаси нима?
Ходим ва иш берувчи ўртасидаги меҳнат муносабатлари меҳнат шартномаси асосида юзага келади. Меҳнат шартномасида ходим ва иш берувчи ўртасидаги тарафларнинг ўзаро ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятлари белгиланади.
Иш берувчи иш бошланган кундан эътиборан уч кунлик муддатда меҳнат шартномасини тузиш ва ходимни ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқариши шарт.
Меҳнат шартномаси тегишли тарзда расмийлаштирилмаган тақдирда, меҳнат муносабатлари иш берувчининг (унинг шунга ваколатли бўлган вакилининг) ижозати билан ёки топшириғига кўра ходимга ҳақиқатда ишлашга рухсат этилганлиги асосида ҳам юзага келади.
Масалан: А исмли шахс бир ташкилотга ишга қабул қилинди ҳамда ташкилот раҳбари томонидан унга 2023 йил 1 июндан ишга чиқиши ҳақида кўрсатма берилди. А исмли шахс билан меҳнат шартномаси ҳали тузилмаган бўлса ҳам меҳнат муносабатлари ҳақиқатда иш бошланган кундан, яъни 2023 йил 1 июндан вужудга келган ҳисобланади ҳамда томонлар меҳнатга оид ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлади.
2. Меҳнат шартномаси билан фуқаролик шартномасининг фарқи нимада?
Маълум бир ишни бажариш меҳнат шартномасидан ташқари фуқаролик шартномаси асосида ҳам амалга оширилиши мумкин. Мисол учун, корхона бир объектни қуриши керак.
Корхона жисмоний шахсларни меҳнат шартномасини тузиб ишга қабул қилиш орқали қурилишни амалга ошириши мумкин. Ёхуд ушбу шахслар билан фуқаролик шартномаси (қурилиш пудрати шартномаси) тузилиши мумкин.
Ушбу иккита шартнома бўйича ҳам натижа қурилишни якунлаш ҳисобланади. Лекин фуқаролик шартномасида бевосита меҳнат жараёни (иш вақти, тунги смена, ходимларнинг вазифалари тақсимоти, ички меҳнат тартиби қоидалари, иш ҳақи тўлаш муддатлари, таътиллар, дам олиш ва байрам кунлари ва бошқа кафолатлар) тартибга солинмайди.
Меҳнат шартномасини тузиш орқали эса ходим ва иш берувчининг меҳнат жараёнларидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари вужудга келади.
Шунингдек, мазмунан меҳнатга оид муносабатларни тартибга соладиган фуқаролик шартномаларини тузиш тақиқланади. Яъни фуқаролик шартномасида меҳнат муносабатларига оид шартлар кўзда тутилмаслиги лозим.
Масалан, А исмли шахс билан бир ташкилотга веб-сайтга дизайн яратиб бериш бўйича фуқаролик шартномаси имзоланган бўлиб, лекин ундан ҳафтада 5 кун соат 9.00дан 18.00 гача ишда бўлиши талаб қилиниб, ушбу тартибга риоя қилинмаган тақдирда унга интизомий жазо қўлланилиши ҳақида ёзма огоҳлантирилди. Мазкур ҳолатда меҳнат муносабатлари вужудга келган ҳисобланади ҳамда А исмли шахс билан меҳнат шартномасини тузиш лозим бўлади. Чунки фуқаролик шартномасида иш бажарувчи шахс билан буюртмачида бевосита бўйсунув мавжуд бўлмайди, ҳар кунлик аниқ иш вақти режимлари ўрнатилмайди ҳамда ишловчига нисбатан интизомий жазо қўллаб бўлмайди.
3. Меҳнат шартномасида нималар акс эттирилади?
Меҳнат шартномасида ходим ва иш берувчи қуйидагиларни келишиб олиши шарт:
- иш жойи (ходим меҳнат қилиши керак бўлган жой);
- меҳнат вазифаси;
- ишнинг бошланиш санаси;
- меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари (ходимнинг тариф ставкаси ёки маоши миқдори, қўшимча тўловлар, устамалар ва рағбатлантирувчи тўловлар);
- муддатли меҳнат шартномасининг муддати,
- иш вақти ва дам олиш вақти режими;
- иш жойидаги меҳнат шароитларининг хусусиятлари кўрсатилган ҳолда нормал шароитлардан фарқ қиладиган шароитлардаги иш учун кафолатлар ва компенсациялар;
- зарур бўлган ҳолларда ишнинг хусусиятини белгилайдиган шартлар (кўчма, сайёр, йўлдаги, ишнинг бошқа хусусияти).
Меҳнат шартномаси камида икки нусхада ёзма шаклда тузилиб, уларнинг ҳар бири тарафлар томонидан имзоланади.
Меҳнат шартномасининг бир нусхаси ходимга берилади, бошқаси иш берувчида сақланади.
Меҳнат шартномаси иш берувчи ва ходим томонидан имзоланган кундан эътиборан кучга киради.
Меҳнат шартномасида ходимнинг ҳолатини қонунчилик ва ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан ёмонлаштирадиган ҳамда ходимни қонунга хилоф ҳаракатларни ёки шахсларнинг ҳуқуқларини бузадиган, ҳаёти ва соғлиғига таҳдид соладиган, шаънига, қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказадиган ҳаракатларни амалга оширишга мажбурлайдиган шартлар киритилмаслиги керак. Агар улар киритилган бўлса, ҳақиқий бўлмайди.
4. Меҳнат шартномасининг қандай турлари мавжуд?
Меҳнат шартномаси:
- номуайян муддатга;
- уч йилдан кўп бўлмаган муайян муддатга (муддатли меҳнат шартномаси) тузилиши мумкин.
Агар меҳнат шартномасида унинг амал қилиш муддати шартлашилмаган бўлса, шартнома номуайян муддатга тузилган деб ҳисобланади.
Улашиш:
Бошқалар
Уй-жой учун субсидия олиш тартиби: муҳим 7 саволга жавоб
23 сентябрдан субсидия учун аризалар қабул қилиш бошланади. Ариза берувчи ўзининг даромади етмаса, унинг хоҳишига кўра, даромадлари ҳисоб-китобига яқин қариндошларининг ҳам даромадларини киритиши мумкин.
Иш вақти ҳақида муҳим 8 саволга жавоб
Ходимга қисқартирилган иш вақти қўлланилганда унинг иш ҳақи камайтирилмайди.
«Самосуд» учун қандай жавобгарлик бор?
Ҳар бир жамиятда барқарорлик ва ривожланиш тартиб-интизом, ҳуқуқлар ва эркинликларнинг таъминланганлиги, умуман олганда ҳуқуқлиликнинг қарор топгани билан баҳоланади. Азалий қонуният шу.
Меҳнат шартномаси бўйича нималарни билиш керак? Муҳим қоидалар
Мазмунан меҳнатга оид муносабатларни тартибга соладиган фуқаролик шартномаларини тузиш тақиқланади. Яъни фуқаролик шартномасида меҳнат муносабатларига оид шартлар кўзда тутилмаслиги лозим.