currencies image

12 254,27 UZS

30,89

usd

currencies image

14 516,41 UZS

1,49

eur

currencies image

147,89 UZS

0,73

ru



АсосийЯнгиликларМеҳнат шартномаси – ходим ва иш берувчи манфаатларини уйғунлаштирувчи ҳуқуқий восита

Меҳнат шартномаси – ходим ва иш берувчи манфаатларини уйғунлаштирувчи ҳуқуқий восита

Ҳуқуқ

calendar

18.09.2025

eye

17

Меҳнат шартномаси – ходим ва иш берувчи манфаатларини уйғунлаштирувчи ҳуқуқий восита

Меҳнат муносабатлари жамият ҳаётида энг муҳим ижтимоий муносабатлардан бири ҳисобланади. Меҳнат шартномаси эса бу муносабатларнинг ҳуқуқий асосини ташкил этади. Меҳнат шартномаси орқали ходим ўз меҳнатини иш берувчига таклиф этади, иш берувчи эса унинг меҳнатини тўғри баҳолаш, иш ҳақини адолатли тўлаш ва муносиб меҳнат шароитини яратиш мажбуриятини олади. Шу жиҳатдан меҳнат шартномаси фақат бир ҳуқуқий ҳужжат эмас, балки ходим ва иш берувчи манфаатларини уйғунлаштирувчи асосий восита сифатида намоён бўлади. Ушбу мақолада меҳнат шартномасининг ҳуқуқий табиати, таркибий қисмлари ва тузилиши ҳақида батафсил тўхталамиз.

Мехнат шартномаси тушунчаси ва тарафлари

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Мехнат кодексига кўра, меҳнат шартномаси ходим ва иш берувчи ўртасидаги тарафларнинг ўзаро ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишувдир. Унга мувофиқ ходим муайян ихтисослик, малака ёки лавозим бўйича белгиланган ишни раҳбар назорати остида бажариш, ички меҳнат қоидаларига амал қилиш ва бунинг эвазига иш берувчи шартлашилган асосларда меҳнат вазифасини бажариши учун ҳуқуқий шароит яратиш, ўз вақтида ва белгиланган миқдорда  иш ҳақи тўлаш ва бошқа меҳнат шароитларини таъминлаш каби ҳуқуқ ва мажбуриятларни ўз зиммасига олади. Демак, меҳнат шартномасида тарафлар ҳақида маълумот, меҳнат шароитлари, иш ҳақи миқдори, уни тўлаш тартиби, иш вақти ва дам олиш вақти, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ўз аксини топган бўлади. Ходим ва иш берувчи меҳнат шартномасининг тарафлари ҳисобланади.

Меҳнат шартномасининг мажбурий шартлари

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 104-моддасида меҳнат шартномасида кўрсатилиши мажбурий бўлган шартлар белгилаб қўйилган. Унга кўра, тарафлар меҳнат муносабатларига киришадиган, меҳнат қилиши керак бўлган иш жойи, муайян мутахассислик, лавозим бўйича ходим бажариши керак бўлган меҳнат вазифаси, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, иш вақти, дам олиш вақти, ҳодим нормал шароитдан фарқ қиладиган шароитларда ишлайдиган ҳолларда бундай шароитдаги ишлар учун кафолатлар ва компенсациялар, тарафлар ўртасида тузилган меҳнат шартномасининг муддати меҳнат шартномасида кўрсатилиши мажбурий шартлар деб ҳисобланади.

Меҳнат шартномасини ўзгартириш асослари ва ўзгартириш тартиби

Меҳнат шартларининг ўзгариши, ходимнинг бошқа ишга ўтказилиши, иш берувчининг бошқа жойга кўчиши муносабати билан жойнинг ўзгариши, ходимнинг бошқа иш берувчига вақтинча хизмат сафарига юборилиши, меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган иш жойининг ўзгариши меҳнат шартномасининг ўзгартирилиши учун асос бўлиб хизмат қилади.

Меҳнат шартномаси қуйидаги амалларни бажариш тартибида ўзгартирилади. Иш берувчи меҳнат шартномасини ўзгартиришга асос бўладиган буйруқ чиқаради. Тарафлар томонидан қўшимча келишув имзоланади. Қўшимча келишув тарафлар ўртасида ёзма равишда тузиладиган меҳнат шартномасига қаратилган ўзгартиришлар баён этилган ҳужжат ҳисобланади. Қўшимча келишув 2 нусхада тузилиб имзоланади ва 1 нусхаси ходимга  берилади. Мехнат шартномасини ўзгартиришда муҳим вазифалардан бири бу киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар “Ягона миллий меҳнат тизими”да рўйхатдан ўтказилиши шарт.

Меҳнат шартномаси меҳнат ҳуқуқининг марказий институти сифатида ходим ва иш берувчи манфаатларини уйғунлаштиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу боис ҳам меҳнат шартномаси тузишда ҳар икки томоннинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ходимлар ҳуқуқларини чекловчи ноқонуний ҳолатларга йўл қўймаслик учун жавобгарлик чораларини қатъийлаштириш жамоа шартномаларини кенг жорий этиш орқали ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий кафолатларини кучайтириш муҳим аҳамият касб этади.

Шундай қилиб, меҳнат шартномасининг тўғри ва адолатли тузилиши меҳнат муносабатларида барқарорликни таъминлайди, иш берувчи ва ходим ўртасидаги ишончни мустаҳкамлайди ҳамда мамлакатда муносиб меҳнат шароитларини шакллантиришга хизмат қилади.

Зулайхо Носирова,

“Адолат” МҲАМ масъул ходими

Улашиш: