Ҳуқуқ
21.10.2024
552
Иш ҳақини қарз мажбуриятлари, тилхатлар, купонлар тарзида тўлаш тақиқланади.
1. Иш ҳақига нималар киради?
Иш ҳақи асосий (базавий) ва қўшимча (ўзгарувчан) қисмлардан иборат бўлади.
Иш ҳақининг асосий (базавий) қисми ушбу иш берувчида амалда бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш тизими асосида белгиланади ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаслиги керак. Иш ҳақининг асосий (базавий) қисми унинг доимий таркибий қисми бўлиб, ходимга белгиланган меҳнат нормаларига (тариф ставкаларига, маошларга) кўра ҳақиқатда ишлаб берилган вақт ёки ҳақиқатда бажарилган иш учун ҳисобланади.
Иш ҳақининг қўшимча (ўзгарувчан) қисмини қўшимча тўловлар, устамалар, шунингдек мукофотлар ва компенсация ёки рағбатлантириш хусусиятига эга бошқа тўловлар ташкил этади.
Ходимлар меҳнатига вақтбай, ишбай ёки меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилган бошқа мезонларга кўра ҳақ тўланади.
Меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори бирор-бир энг кўп миқдор билан чекланмайди.
Иш ҳақи миллий валютада (сўмда) тўланади. Иш ҳақини қарз мажбуриятлари, тилхатлар, купонлар тарзида тўлаш тақиқланади. Умумий қоидага кўра, меҳнатга натура шаклида ҳақ тўлаш тақиқланади.
2. Иш ҳақи қанча муддатда тўланади?
Ходимларга иш ҳақи тўлаш муддатлари жамоа шартномасида ёки ички ҳужжатда, улар мавжуд бўлмаганда эса меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган муддатларда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас. Ходимларга ойлик иш ҳақи, қоида тариқасида, ўн олти кундан кўп бўлмаган танаффус билан икки қисмга бўлинган ҳолда (бўнакда ва қолган қисми миқдорида) тўланади.
Иш берувчи ходимнинг сўровига кўра уни иш берувчи томонидан ходимнинг иш ҳақини ҳисоб-китоб қилиш чоғида амалга оширилган ҳисоблашлар ва ушлаб қолишлар тўғрисида хабардор қилиши шарт.
3. Иш берувчи ходимнинг ойлигини камайириши мумкинми?
Меҳнатга ҳақ тўлаш шартларини ходим учун ноқулай томонга ўзгартиришга ходимнинг розилигисиз йўл қўйилмайди. Истисно тариқасида технологияда, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишда ўзгаришлар юз берганда, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажми қисқарганда, башарти меҳнатга ҳақ тўлашнинг аввалги шартларини сақлаб қолиш мумкин бўлмаса ўзгартириш мумкин.
Иш берувчи меҳнатга ҳақ тўлашга доир амалдаги шартларнинг ёмонлаштириш томонга қаратилган янги ёки келгусидаги ўзгаришлари ҳақида ходимни улар киритилишидан камида икки ой олдин имзо қўйдириб огоҳлантириши керак.
4. Иш ҳақи тўлаш кечиктирилса нима бўлади?
Иш берувчи иш ҳақини, таътил тўловларини, меҳнат шартномаси бекор қилингандаги тўловларни ва (ёки) ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни тўлаш муддатини бузган тақдирда, уларни тўлов муддатидан кейинги кундан эътиборан то ҳақиқатда ҳисоб-китоб қилинган кунни ўз ичига олган муддатгача ҳар бир кечиктирилган кун учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ўша вақтда амалда бўлган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда фоизлар (пулли компенсация) билан бирга тўлаши шарт.
Ходимга тўланиши лозим бўлган пулли компенсациянинг миқдори Марказий банк қайта молиялаш ставкасининг 10 фоизи миқдорида белгиланади.
Мазкур пулли компенсацияни тўлаш мажбурияти иш берувчининг ойлик иш ҳақини ёки ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни тўлашнинг кечиктирилишида айби бор-йўқлигидан қатъи назар юзага келади.
5. Бир неча лавозида ишланганда ҳақ тўлаш қандай амалга оширилади?
Бир неча касбда (лавозимда) ишлаганда, хизмат кўрсатиш доираси кенгайганда, иш ҳажми кўпайганда ходимнинг асосий лавозимдаги иш ҳақига қуйидагилар учун қўшимча тўлов белгиланади ва тўланади:
– бюджетдан молиялаштирилмайдиган ташкилот ходимлари учун — бир неча касбда (лавозимда) ҳақиқатда бажарилган ишга доир иш ҳақи миқдорида;
– бюджет ташкилотлари ходимлари учун — бир неча лавозимда ишлаганлик учун тариф ставкасининг (маошининг) эллик фоизидан кўп бўлмаган миқдорда.
Вақтинча йўқ бўлган ходимнинг мажбуриятларини бажариш вазифаси унинг штатдаги ўринбосари зиммасига асосий ишдан озод этилмаган ҳолда юклатилганда қўшимча тўлов амалга оширилмайди.
6. Бекор туриб қолинган вақт учун ҳақ тўлаш
Иш берувчининг айби билан бекор туриб қолинган вақт учун (иқтисодий, технологик, техник ёки ташкилий сабабларга кўра ишни вақтинча тўхтатиб туриш) ходимнинг ўртача иш ҳақи миқдорида ҳақ тўланади.
Иш берувчига ва ходимга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра бекор туриб қолинган вақт учун бекор туриб қолинган вақтга мутаносиб равишда ҳисобланган тариф ставкасининг (маошининг) камида учдан икки қисми миқдорида ҳақ тўланади.
Ходимнинг айби билан бекор туриб қолинган вақт учун ҳақ тўланмайди.
7. Яроқсиз маҳсулот тайёрланганда ходимга ҳақ тўланадими?
Ишлов бериладиган материалдаги яширин нуқсон туфайли пайдо бўлган яроқсиз маҳсулот учун, шунингдек ходимнинг айбисиз тайёрланган яроқсиз маҳсулот учун яроқли маҳсулотлар билан тенг равишда ҳақ тўланади.
Ходимнинг айби билан тайёрланган қисман яроқсиз маҳсулот учун маҳсулотнинг яроқлилиги даражасига қараб камайтирилган ишбай баҳолар бўйича ҳақ тўланади.
Ходимнинг айби билан тайёрланган тўлиқ яроқсиз маҳсулот учун ҳақ тўланмайди.
8. Иш ҳақидан қанча миқдорда ушлаб қолишга йўл қўйилади?
Ҳар бир тўлов чоғида иш ҳақидан ушлаб қолинган маблағларнинг умумий суммаси ходимга ҳақиқатда ҳисобланган иш ҳақининг эллик фоизидан ошиши мумкин эмас.
Алимент мажбуриятлари бўйича қарздорлик мавжуд бўлганда, шунингдек ахлоқ тузатиш ишлари тарзида жазо тайинланганда ходимнинг иш ҳақидан етмиш фоизигача ушлаб қолишга йўл қўйилади.
Улашиш:
Бошқалар
Ўзбошимчалик билан иморат қуриш ва унинг оқибатлари
Ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди.
“Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар” дастури бошланади
Сўнгги 7 йилда тиббиётга ажратилаётган маблағ 6 карра ошгани ва жорий йилда 42 триллион сўмга етгани таъкидланди.
Турар-жой ижараси бўйича томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 86-моддасига кўра турар-жой фуқаролар ва юридик шахсларга эгалик қилиш ва фойдаланиш учун аренда шартномаси асосида берилиши мумкин.
Қўшимча таътилларни бериш тартиби қандай бўлади?
Меҳнат кодексининг 222-моддасига асосан ҳар йилги меҳнат таътилининг умумий давомийлигини ҳисоблаб чиқаришда қўшимча таътиллар ҳар йилги асосий энг кам таътил ёки ҳар йилги асосий узайтирилган таътилга қўшиб жамланади.