Ҳуқуқ
17.11.2025
24

Меҳнат ҳуқуқлари ва мажбуриятларига эга бўлиш лаёқати (меҳнатга оид ҳуқуқ лаёқати) ҳамда фуқаронинг (жисмоний шахснинг) ўз хатти-ҳаракатлари орқали меҳнат ҳуқуқларига эга бўлиш ва уларни амалга ошириш, ўзи учун меҳнат мажбуриятларини олиш ва уларни бажариш лаёқати (меҳнатга оид муомала лаёқати) Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари учун тенг равишда эътироф этилади. Чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, агар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида ёки халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, худди Ўзбекистон Республикаси фуқаролари эга бўлган меҳнатга оид ҳуқуқ лаёқатига ва муомала лаёқатига эга бўлади. Ходимнинг меҳнатга оид ҳуқуқ лаёқати ва муомала лаёқати у ўн олти ёшга тўлган пайтдан эътиборан бир вақтнинг ўзида вужудга келади, бундан ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Меҳнатга оид ҳуқуқ лаёқати – бу шахснинг меҳнат муносабатларида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлиши. Яъни, ҳар бир фуқаро меҳнат ҳуқуқларига эга бўлиши мумкин. Бунда шахс меҳнатга оид ҳуқуқлардан, масалан, иш топиш, меҳнат шартномаси тузиш, меҳнат муносабатларида иштирок этиш каби Меҳнат кодекси 21-моддаси ва бошқа қонун ҳужжатларида мустаҳкамланган ҳуқуқлардан фойдаланиш имконига эга бўлади. Меҳнатга оид муомала лаёқати – бу шахснинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларни мустақил равишда амалга ошириш лаёқати. Бу шахснинг меҳнат шартномаси тузиш, меҳнат шартларини қабул қилиш, Меҳнат кодекси 22-моддаси ва бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнат мажбуриятларини олиш кабиларни ўз ичига олади. Бу лаёқат фуқароларга ўз меҳнат ҳуқуқларини амалга оширишда тенг имкониятларни яратади.
Чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ёки халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилиши мумкин. Масалан, Меҳнат кодекси 522-моддасига асосан, чет эл фуқаролари Ўзбекистон фуқаролари каби ўн олти ёшдан эмас, балки ўн саккиз ёшга тўлганидан кейин ходим сифатида якка тартибдаги меҳнат муносабатларига киришиш ҳуқуқига эга.
Умумий қоидага кўра, ўн олти ёшга тўлган пайтдан эътиборан бир вақтнинг ўзида ходимда меҳнатга оид ҳуқуқ ва муомала лаёқати вужудга келади. Меҳнат кодекси ва бошқа қонунларда мустасно ҳоллар назарда тутилиши мумкин. “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги қонуни талабига кўра, йўловчилар ташиш учун мўлжалланган ва ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари саккизтадан ортиқ ўриндиғи бўлган автомобилларни, трамвайлар ва троллейбуслар ҳайдовчиси сифатида ишлаш учун ходим йигирма бир ёшга тўлган бўлиши керак.
Бекжон Исмоилов,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Шахс ўзининг хабарисиз номига кредит тузилишининг олдини олиши мумкин
Қонунчиликка кўра, жисмоний шахс ўзининг иштирокисиз ёки хабарисиз кредит битими тузилишининг олдини олиш учун ўзи билан кредит битими тузишни кредит бюросига ариза киритиш орқали тақиқлаши мумкин.
Никоҳ шартномаси — ҳуқуқий кафолатми ёки эҳтиёт чораси?
Никоҳ шартномаси икки ҳолатда — никоҳдан олдин ёки никоҳ даврида тузилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасида жиноят ҳуқуқи: асосий тушунчалар ва принциплар
Жиноят ҳуқуқи — бу фуқаролар, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятларни аниқлаш, уларни содир этган шахсларга жазо тайинлаш орқали жамиятда тартиб ва хавфсизликни таъминлашга хизмат қиладиган ҳуқуқий соҳадир.
Никоҳ шартномаси — оиладаги ишончнинг кафолати
Никоҳ шартномаси — бу оддий қоғоз эмас.