currencies image

12 715,13 UZS

45,08

usd

currencies image

14 730,48 UZS

25,61

eur

currencies image

161,75 UZS

1,67

ru



АсосийЯнгиликларТил ва қўл югуруги кетма-кет ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқарди

Тил ва қўл югуруги кетма-кет ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқарди

Ҳуқуқ

calendar

17.06.2025

eye

34

Тил ва қўл югуруги кетма-кет ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқарди

ТИЛ ВА ҚЎЛ ЮГУРУГИ

кетма-кет ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқарди

Доно халқимизда “Тил югуриги бошга, оёқ югуриги ошга” деган нақл бор. Бу суяксиз тил ҳар нарсани валдирайверса, ўша инсонга ташвиш, бошига бало келтиришига ишорадир. Аммо кундалик ҳаётимизда айрим ҳамюртларимиз буни тан олмай, ўзларига ортиқча ташвиш сотиб оладилар. Қолаверса, уларнинг қўллари ҳам ўзгаларга тан жароҳати етказиб, кетма-кет ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқарди.

Риштонлик Ҳамиджон Бозорбоев (исм-шарифлари ўзгартирилган) ҳозир 45 ёшда. Уч нафар фарзанднинг отаси, хадемай келин олиб, қиз чиқарадиган одам. Бироқ ҳанузгача “ичкилик” дея аталмиш балои азимдан воз кечолмаган. Оқибатда оиласида кунда-кунора жанжал, бақир-чақир, қий-чув юз беради. Унинг бундай хурмача қилиқларидан қўшнилари ҳам безор бўлишган. Лекин одамнинг юзи иссиқ, бу хусусда қонун ҳимоячиларига арз қилишмайди.

Жорий йилнинг 6 январь куни ҳам Ҳ.Бозорбоев ортиқча ичиб, маст бўлиб қолади. Сўнгра соат 22:30ларда уйига келиб, хотини билан жанжаллашади.

-Бақириб ҳаммаёқни бошингизга кўтаряпсиз, дадаси. Уйга кириб ухланг, дамингизни олинг,-дея уни тартибга чақиради рафиқаси Дилобар Ниёзова.

Аммо Ҳамиджон аёлининг гапига қулоқ солмайди. Аксинча, баттар авжига чиққанча уни ҳақорат қилади. Бу ҳам етмагандек, Д.Ниёзовани уриб тан жароҳати етказади.  

Бош қомусимизнинг 21-моддасига мувофиқ, инсон ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, жамият ҳамда давлатнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига путур етказмаслиги шарт. Бироқ Ҳ.Бозорбоевнинг ҳовлисидаги қий-чув боягина ухлаш учун ётган қўшниси Даврон Бегматовни чўчитиб уйғотиб юборади. Бинобарин, у асабийлашиб кўчага чиқади. Шунда уйдаги жанжалдан қочиб чиққан қўшнисининг фарзандлари дарвоза олдида йиғлаб ўтиришганини кўради. Бояқиш болаларнинг аҳволи баттар тутоқтиради Д.Бегматовни.

-Ҳамма маҳалладошларнинг жонига тегдинг, бақир-чақир қилма!,-дейди у жаҳл устида қўшнисиникига кириб боргач.

 -Сен кимсанки, менинг ишимга аралашяпсан?-дея сўкиниб Давронга қўл кўтаради Ҳамиджон.

Шунда Даврон Бегматов ҳам уни уриб, енгил тан жароҳати етказади. Лекин бошқа қўшниларнинг хабарига биноан ИИБ ходимлари келиб, Ҳ.Бозорбоевни олиб кетишади. Оқибатда унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 592-моддаси 2-қисми ва 194-моддаси 1-қисми, Д.Бегматовга эса кодекснинг 52-моддаси 2-қисми билан маъмурий иш қўзғатилади.

Ёки туманнинг Воҳим маҳалласида яшовчи Саиджон Умаров ҳам 2024 йил 25 декабрь куни арзимас келишмовчилик туфайли турмуш ўртоғи Шоҳиста Умарова билан тортишиб қолади.

Гап шундаки, ўша куни Шоҳиста ота уйида бўлиб ўтадиган маросимга бориб келиш учун хўжайинидан рухсат сўрайди. С.Умаров рози бўлгач, фарзандлари билан бирга қизлик уйига кетади аёл. Лекин кечки пайт қайтишаётганда поччаси Жаҳонгир Эрматов уларни машинасида ташлаб кетади.

Шундан сўнг кечқурун маст ҳолда уйига қайтган Саиджон аёли ва болаларини божаси ташлаб кетганини эшитиб жанжал қилади. Яъни хотинини куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлайди. Бинобарин, Ш.Умарова фарзандларини олиб, ота уйига аразлаб кетади. Орадан бир ҳафта ўтгач – 2025 йил 1 январь куни эса қайноғалари Исломжон ва Илҳомжон Раззоқовлар уникига келишади. Ака-ука Раззоқовларнинг мақсади сингилларининг кўч-кўронини олиб кетиш эди. Ўша пайтда қайноға-куёвлар ёқалашиб кетишади. Натижада Исломжон ва Илҳомжон қўни-қўшниларнинг тинчлигини бузиб, баланд овозда бақир-чақир қилишади. Боз устига С.Умаровни беҳаё сўзлар билан сўкиб, майда безорилик содир этишади. Шу боис ака-укага нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси билан маъмурий иш қўзғатилади.

Албатта, қайд этилган иккала ҳолат ҳам жиноят ишлари бўйича Риштон туман судида кўриб чиқилиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли жарима жазолари тайинлади.

Шуни таъкидлаш жоизки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 21-моддасида “Содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарлик кам аҳамиятли бўлган тақдирда, суд ҳуқуқбузарни маъмурий жавобгарликдан озод этиб, уни огоҳлантириш билан кифояланиши мумкин” дея белгиланган. Бинобарин, суд ҳуқуқбузар Даврон Бегматовнинг қарамоғида 1 нафар вояга етмаган фарзанди борлиги, эҳтиётсизлик оқибатида ҳуқуқбузарлик содир этганлиги, Ҳ.Бозорбоевнинг унга нисбатан даъвоси йўқлиги, кечирганлиги, айбига иқрорлиги, қилган ишидан пушаймонлиги ва оилавий шароитини, барча енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни инобатга олиб, маъмурий жавобгарликдан озод қилди.

Хулоса ўрнида бир мулоҳазамизни баён этсак. Баъзи юртдошларимиз жаҳл устида бир-бирлари билан тортишиб, тилларига эрк бериб юборишади. Ваҳоланки, инсон ҳар қандай вазиятда ҳам ўзга инсонга тили билан озор беришга, айниқса, бировнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиб, ҳақорат қилишга ҳақли эмас. Буни ҳеч ким унутмаслиги керак.

 

Пўлатжон МАМАТУСМОНОВ,

жиноят ишлари бўйича Риштон

туман судининг тергов судьяси

Улашиш:

Бошқалар

22-май 2025, 11:01
1 056

Йўналишсиз такси фаолиятини тартибга солиш ва уларга қўйиладиган талаблар

Ҳайдовчи фаолиятини меҳнат ва дам олиш режимига риоя этган ҳолда амалга оширади.


24-май 2025, 04:11
1 044

Мактаб битирувчилари қандай ҳолатларда якуний аттестация топширишдан озод этилади?

Низомнинг иловасига мувофиқ тасдиқланган 59 турдаги якуний давлат аттестациясидан озод қилиш мумкин бўлган касалликларга асосан озод этилади.


19-май 2025, 12:43
939

Ҳайдовчи ва ЙПХ ходими: қонун доирасидаги ўзаро муносабатлар

Қоидабузарлик аниқланганда ЙПХ ходими ҳайдовчига аввал айнан содир этган қоидабузарликни тушунтириб, шундан сўнг ҳужжатларни текшириб, чора кўриши керак.


29-май 2025, 05:38
938

“Tashkent Law Spring” тўртинчи халқаро юридик форуми иштирокчиларига

Авваламбор, сизларни “Рақамли технологиялар даври: келажакка ҳуқуқий назар”мавзусидаги “Tashkent Law Spring” IV халқаро юридик форумининг очилиши билан самимий қутлайман.