currencies image

12 844,21 UZS

11,72

usd

currencies image

13 508,26 UZS

62,46

eur

currencies image

127,35 UZS

0,81

ru



АсосийЯнгиликларНима учун ўзбек хонандалари концертидан кейин заллар ивирсиб кетадию хорижликларникидан кейин тоза туради? Томоша маданияти ҳақида санъат саройи назоратчиси билан суҳбат

Нима учун ўзбек хонандалари концертидан кейин заллар ивирсиб кетадию хорижликларникидан кейин тоза туради? Томоша маданияти ҳақида санъат саройи назоратчиси билан суҳбат

Ўзбекистон

calendar

09.10.2023

eye

603

Нима учун ўзбек хонандалари концертидан кейин заллар ивирсиб кетадию хорижликларникидан кейин тоза туради? Томоша маданияти ҳақида санъат саройи назоратчиси билан суҳбат

Ҳаётда кўпинча истеъмолчи ролидамиз – сотиб оламиз, фойдаланамиз, манфаат оламиз ва ҳоказо. Ўзимизга ташқаридан, хизмат кўрсатувчилар томонидан бир назар ташлаб кўрганмизми? Олайлик, томошабин сифатида нақадар маданиятлимиз? Санъат масканларига борганда ўзимизни қандай тутамиз? Концертдан кейин биз ҳақимизда қандай хулосалар қолади? Hudud24.uz журналисти Чарос Низомиддинова ўн беш йилдан бери “Халқлар дўстлиги” санъат саройида аввалига фаррош, кейин чипта назоратчиси бўлиб ишлаётган Гулнора Турсунова билан шу мавзуда суҳбатлашди.  [caption id="attachment_22153" align="aligncenter" width="1280"] Фото: Hudud24 / Иброҳим Мўминов[/caption] Рўзғор, ташвишларни деб ўқиш орзуга айланган 2008 йил турмуш ўртоғимда саратон аниқланиб, ётиб қолгач, “Халқлар дўстлиги”га келдим. Фаррошликка ишга олишди. Ёш пайтим роса ўқигим, университет ҳаётини кўргим келарди. Сиртқи таълимга кирганман ҳам. Лекин турмуш ўртоғим бетоб бўлгач, кўнглимга сиғмаган. Ташлаганман. Кейин рўзғор, бола-чақа ташвиши билан қайта тиклаш, ўқишни давом эттириш орзуга айланган. Уч йилча фаррошлик қилдим. Залнинг ўзимизга ажратилган қисмини тозалардик. Катта ўғлим ёрдамлашарди. Хўжайиним маҳтал бўлмасин деб тез-тез тозалаб-супуриб, уйга шошардик. Йўлнинг нариги бетидаги маҳаллада — “Камолон”да тураман. Бетоб эримдан хабар олишга яқин деб шу ишхонани танлаганман. [caption id="attachment_22154" align="aligncenter" width="1280"] Фото: Hudud24 / Иброҳим Мўминов[/caption] 2010 йили қиш қаттиқ келганди. Концерт саройининг чор тарафига сирпанчиқ мармар ётқизилганига юриб бўлмасди. Ичкаригача кирволиш азоб эди. Эркаклар қор кураса, биз фаррошлар супурардик. Мен эса негадир супуришга сабрим етмай, шартта қор куракни олиб, эркаклар билан баравар ишлардим. Қизларга ҳам “Қани, тез-тез ишланглар, кириб кетамиз вақтлироқ”, дердим. Буни четдан кузатиб юрадиган иш бошқарувчимиз бир куни: “Бўлди, Гулнора, супургию, пол латтани қўй! Назоратчиликка ўтасан!” деб қолди. Рости, бошида фаррошлик дуруст дедим. Барибир қўйишмади. Турмуш ўртоғим беш йил оғриб ётдилар. Орада беш марта операция ҳам қилдирдик. Тақдир экан, оламдан ўтдилар. Суянчиқдан айрилиш оғир экан – ёлғизлик азобини ишлаб унутаман. 15 йилдан бери шу даргоҳдаман. Паст-баланди, оғир-енгилидан бохабарман. Томошабин психологиясиниям ўрганаркан одам. Бўлмаса, ишлаш қийин. Оёқ ости бодроқзор Мен ажратмоқчи ёки атайин урғу бермоқчи эмасман, лекин ўзбекча концерт, томошалардан кейин зал аҳволига қараб бўлмайди. Писта пўчоқ, баклажка, бодроқ, исқирти чиққан целлофан пакетлар, шоколад-конфет қоғозлари ва ҳоказо. Русийзабон санъаткор ёки хорижий қўшиқчи концерт қўйса, зални тозалашга ҳожат ҳам қолмайди, рости. Атайин излабам чиқинди тополмайсиз. Томошабини ўта маданиятли. Энг қизиғи, келадиганларнинг тўртдан уч қисми ўзбеклар бўлади. Ҳайрон қоламан: икки тилдаги концертнинг томошабини бир миллат вакили бўлса, нега унда икки хил маданият, одоби бор. Тушунмайман гоҳи. Ажнабийсидиям томошабин – ўзбекистонлик, ўзимизникида ҳам ўзбекистонлик. Лекин маданият, залда ўтириш бобида фарқ ер билан осмонча. [caption id="attachment_22155" align="aligncenter" width="1280"] Фото: Hudud24 / Иброҳим Мўминов[/caption] Фаррош қизларимиз ҳам концертига қараб жисмонан тайёрланиб келишади. Ўзбек тилидаги концертлар куни кўпроқ ишлашади. Ўриндиқлар остидаги сақичларни битталаб қиришади. Агар қиртишлаб олинган сақичларни кўрсангиз, “Нима, ҳамма сақич чайнаб ўтирганми?” дейсиз. Авваллари залга кирилмасидан томошабин қўлидаги егулик, ичимлик олиб қўйиларди. Ҳозир ундай эмас. Ишонасизми-йўқми, бир қути бодроқни деб туман ички ишлар идорасида тонг оттирганмиз. Назоратчи қизларимиздан бирига томошабин қўлидаги бодроқни бериб: “Кетаётганимда ўзингиздан оламан! Фалон пул туради, қимматидан!” деган. Томоша тугагач, кимдир айнан ўшанинг бодроғини олиб кетибди-да. Ҳақиқий томошани энди кўринг. Қизимизда ҳам айб йўқ. Мингдан ортиқ одам ичидан айнан ўша бодроқ эгасини таниб, кутиб ўтирмайди-ку. У бўлса жанжал-тўполон кўтариб, қизни гап билан роса савалаган. Охири, ёнимдан пул чиқариб, худди ўшанга ўхшаш бодроқни сотволиб, кўтариб борсам, “Йўқ, ўзимникини топиб бер!” деб яна қизимизга ёпишади. Фарқи нима десам, “Сенлар бодроқларнинг ҳаммасини йиғиб-йиғиб, сотворасан-да, шунга тилинг қисқа!” дейди уялмай. Кейин устимиздан ариза ёзиб, мелиса чақирган. Тонг отгунча ўтирганмиз идорада. Уч-тўрт марта бодроқ ортидан машмаша чиққани учун хўжайинимиз “майли, ичкаригаям олиб кираверсин” деб рухсат берди ноилож. [caption id="attachment_22156" align="aligncenter" width="1280"] Фото: Hudud24 / Иброҳим Мўминов[/caption] Концерт бошланмасидан томошабинга ялинамиз: “Илтимос, поп-корнни кўчада енг. Шираси бор. Гиламга, ўриндиқ дастагига ёпишиб қоляпти. Тозалаш қийин” деб. Эшитишмайди. Концерт тугаса, оёқ таги бодроқзорга айланади. Писта чақадиганларга эса ҳар доим инсоф беришини сўраймиз. Санъаткор қандай бўлса, аудиторияси ҳам шундай Санъаткорига қараб аудиторияси фарқ қилади. Айрим санъаткорлар концерт қўйса, идишда овқат кўтариб келади томошабини. Концерт пайти атрофдагилардан уялмай еб ўтиради. Назоратчиларимдан кўра фаррош қизларимизга раҳмим келади. Шундай концертлардан кейин зални тозалаш азоб. Ошхонасини кўчириб келибдими, дейсиз. Ҳидини чиқариб еб ўтирганга танбеҳ беришдан биз уяламиз. “Опа ёки синглим, буфетимиз бор ташқарида. Ўша ерда еб келинг!” десангиз балога қоласиз, “Йўқ, концерт кўриб ейман!” дейди. Назоратчи тартибга чақиради, овқат еманг, ифлослантирманг дея олади, холос. Томошабиннинг ўзида фаросат, маданият бўлмаса қийин. Шунча йиллик тажрибамдан билдимки, санъаткор қандай бўлса, томошабин ҳам унга ўхшаркан. Ўзини тутиши, концерт кўриши, залдаги ҳолати – кўп жиҳати ўхшайди. Кўзимиз пишиб, ҳозир қайси санъаткорнинг гали бўлса, ўзимизни руҳан тайёрлаймиз. Олдиндан чораларимизни кўриб қўямиз. Боласи касал, онасининг кўнгли томошада Ўриндиққа тикилган рақамларни юлиб, йиртиб кетадиганларга нима дейишни билмайман. Ҳар концертдан кейин қолиб битталаб тикамиз. Бола қилади, десангиз ҳар бир секторда шу аҳвол. Агрессив, асабий одамлар кўп келади, шекилли. Ёш боласи билан келадиганларни тушунаман. Улар ҳам ҳордиқ чиқаргиси, концерт-томоша кўргиси келади. Фалон пулга чипта олган. [caption id="attachment_22157" align="aligncenter" width="1280"] Фото: Hudud24 / Иброҳим Мўминов[/caption] Ғалати одамларимиз бор. 12 яшар боласини чиптасиз киритсам дейди. “Тиззамда ўтиради”, дейди тиккасига. Бўйи бўйига етай деган бола қандай қилиб онаси ё отасининг тиззасида 2 соатлаб ўтиради?! Киргизмасам, дод солади, кимларгадир телефон қилади, пулим йўқ деб жанжал қилади. “Бўлмаса, ташқарида қолади. Сиз қарайсизми?” дейди. Агар бола кўтариб келадиганларга шундай хизмат кўрсатсак, боғча очишимизга тўғри келади. Бола ўтирса, бир соат ўтириши мумкин. Кейин чарчайди. Бир куни водийдан бир аёл келди. Қўлидаги боласи, адашмасам, 2-3 ёш эди. Концерт бошланганидан тинмай йиғлайверди. Нима гап деб борсам болажон иситималаб ёняпти. Аҳволи ёмон. Онасига ташқарига олиб чиқинг, кўрайлик десам, концертдан қолиб кетаман-ку дейди. Тавба. Боласининг жони оғриб турса, кўнглига томоша сиққанини қаранг! Амаллаб ташқарига олиб чиқдик. Тезда дори-дармонини қилиб, болани тинчлантирдик. Иссиғини туширдик. Онанинг бўлса хаёли ичкарида. Қимматга олган билети, артистнинг янги ашулаларини эшитолмаётганидан куюнади. Айирмачилик қилмайлик Баъзи концертларда ташкилотчилар кўзи ожизларга балкондан жой беради. Жаҳлим чиқади. Нега бунақа айирмачилик қилишаркин? Соғ одамнинг ҳам боши айланиб, кўзи тиниб кетади жойини топгунча. Улар ҳамроҳга, ёрдамга муҳтож бўлса. Баъзан чидолмай, ташкилотчи йигитларга: “Ҳеч бўлмаса пастдаги 35-37 қаторлардан беринглар! Балконга чиқишнинг ўзи бўладими! Яна кўзи ожизларга тарқатяпсизлар” дейман. [caption id="attachment_22158" align="aligncenter" width="1280"] Фото: Hudud24 / Иброҳим Мўминов[/caption] Тўғри, ҳаммада имкон ҳар хил. Баъзан билет топилмайди. Кўпинча олдинроқдан жой олишга пул етмайди. Лекин кекса отахон-онахонлар балконга чиқмасайди, деб иш бошлайман. Кимнингдир қон босими ошади, бошқасининг тепага чиққунча тоби қочади. Узоқ йиллар аввал бир онахон ўтирган ўринларида вафот этгандилар. Ҳар гал балконга чиқаётган қарияларни кўрсам, хаёлимда ўша воқеа айланаверади. Иложи топилса, томошабин кам бўлса, балкондаги ёши улуғларни пастга таклиф қиламан. Ёшларга келганда қаттиқ тураман. Ҳамма жой-жойига ўтирсин, дейман пастга тушиб оладиган ёшларни кўрсам. Маош кам, аммо ишимни яхши кўраман Ишдан энг охирида ўзим кетаман. Залларнинг чироғини ўчириб, қаторларни текшириб, кейин чиқаман. Уйга боргунимча 12:30—1:00 бўлади. Узоқдан қатнайдиган ходимларимга вақтлироқ жавоб бераман. Ишга 16:00 да келамиз. Маош камлигидан (1 млн 200 минг) баъзан бошқа ишга ўтгим, ойлиги дуруст жойни қидиргим келади. Аммо ишимни яхши кўраман. Орада байрам баҳона бериладиган мукофот пулларини айтмаса, топадиганимиз шу. Бахтимга, ўғилларим қаторга кирган. Рўзғорнинг оғирини ҳозир болаларим кўтаради. [caption id="attachment_22159" align="aligncenter" width="1280"] Фото: Hudud24 / Иброҳим Мўминов[/caption] Очиғи, бир йили Озодбек Назарбековнинг концертига билет сотиб кўрмоқчи бўлдим. Устига 5 мингдан қўйсамам ҳарна-да, болаларимнинг мактаб формасини қилволарман дедиму дугонам билан кассадан 10 тадан билет сотиб олдик. Ишонасизми, бунақа иш юққанга юқаркан. Бизга юқмаган. Олган 10 та билетимни ўзининг нархидан 10 минг сўм камига ялиниб-ёлвориб сотганман. Шундан кейин қайтиб бу ишнинг яқинигаям йўламадим. Қариндошларимам билет сўраса, “ана, кассага келиб олинглар” дейдиган бўлдим. Айримлар “Гулнора опа, билети фалон миллионлик концертларни кўрасиз-а!” дейди. Жавобим уларни ҳайрон қолдиради: бирортасиниям кўрмайман. Концерт бошлангач, залга кириб, жойларга қараб, текширадиган жойларимни кўриб, чиқиб кетаман. Бирортасининг саҳна безаги, қандай кўйлак кийгани, қанақа ашулалар айтганига қизиқмайман. Яқин йиллардан бери йигитларни ҳам ишга оляпмиз. Аёл назоратчиларга қийинлигини бошлиқларимиз тушунишди. Баъзи хорижлик хонандалари концерт бермоқчи бўлса, ўзининг қўриқчи-назоратчиси билан келади. Уларни кўрган раҳбарларимиз: “Бизам эшикка йигитларни қўйишимиз керак экан” деб эркак ходим олишди. Ишимиз анча енгиллашди. Биз зал эшикларига қараймиз ҳозир. Ҳисобласам, 3-4 йилдан кейин пенсияга чиқарканман. Ярим аср яшаб қўйибман. Аввалига саратонга чалинган эримга далда бўлиш, суяб-тиргашни мақсад қилган бўлсам, бугун уч боламнинг бахтини кўришдан бошқа тилагим йўқ. Майли, маошим ҳаминқадар, бир рўзғорни рисоладагидек таъминлашга етмас, лекин олдимда бўйи бўйимдан баланд ўғилларим борлигига суюнаман. Ишхонам, ҳамкасбларимни ҳам ташлаб кетолмайман. Ўрганиб бўлдим. Ҳали узоқ йиллар томошабинга хизмат қилиш, ўрни, йўлини топишга қийналадиган ташрифчига ёрдам бериш ниятидаман. Чарос Низомиддинова суҳбатлашди.  

Улашиш:

Бошқалар

19-ноябр 2024, 12:35
1 705

Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб

Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.


27-октябр 2024, 06:15
1 697

Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади

Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.


13-ноябр 2024, 12:35
1 598

Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб

Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.


27-октябр 2024, 04:36
1 543

Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай

Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.

Мавзуга доир янгиликлар:


cover image
13-декабр 2023, 15:00
351

Инглиз тили: 2 минг соат қоидаси

Нега ёш болага тил ўргатишда эҳтиёт бўлиш шарт? Ўзбекистонда элитар таълим қандай бўлиши керак, сифатли таълимни биз берсагу, ҳузурини чет давлатлар кўрса-чи? Бизда ишламасдан ҳам пул оладиган устозлар кўпми, хориждаги зиёли ватандошларнинг Ўзбекистонга қанчалик фойдаси тегяпти, IELTS ҳақидаги рекламалар сафсатами? Шу ва шу каби саволларга жавоблар Шаҳноза Соатованинг "Қачонгача" подкастида 7 та тилни билса-да, Андижонда ўқитувчилик қилаётган Искандар Саттибоев билан суҳбатда янграйди.

cover image
8-октябр 2023, 12:00
797

“АҚШда юридик соҳада ишламоқчи бўлган ўзбекистонлик талаба америкаликлар билан рақобатлашиши керак”

Ўзбекистонда юридик соҳада ўқиган мутахассис Европа ёки Америкада ишлаб кета оладими, сунъий интеллект юристларни ҳам ишсиз қолдирадими, ХХI асрнинг ҳуқуқий муаммолари қайси, глобал иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларга қандай ҳуқуқий ечимлар бор? Ўзбекистонлик халқаро ҳуқуқшунос Абдуазиз Исақулов Hudud24.uz билан суҳбатда шу ва шу каби саволларга жавоб берди.

cover image
27-сентябр 2023, 09:00
877

“Ўзбекистон туризмда Грузияга етиб олиши учун нималарни ўзгартириш керак” — тадқиқотчи Дилдора Юлдошева билан суҳбат

Сайёҳ оқимининг кўпайиши, Ўзбекистон номининг танилиши фақат кўҳна обида, меъморий жозибадорликда эмас, балки ундан-да муҳим омилларга тақалади, дейди Италиянинг Турин университети магистранти Дилдора Юлдошева. 27 сентябрь — Халқаро туризм куни баҳона Hudud24.uz туризм ва миграция соҳаси тадқиқотчиси билан Европадаги талаба ҳаёти, ўзбеклар миграцияси, туризм соҳасидаги камчиликлар ҳақида суҳбатлашди.

cover image
25-август 2023, 15:30
1 263

“Аёл ўқиса, камбағаллик фоизи пасаяди” — Люксембург университети докторанти

Ўзбек олималари бугун нафақат юртда, балки хорижда, катта илм даргоҳларида тадқиқот олиб бормоқда, айримлари йўналишига асос солиб, мактабини яратяпти. “Hudud24.uz” хориж таълим даргоҳларида илм билан банд ўзбек хотин-қизларини таништиришда давом этади. Бу галги қаҳрамон Люксембург ижтимоий-иқтисодий тадқиқот маркази ва Люксембург университети докторанти, мутахассис Гулноза Қўлдошева.