Ҳуқуқ
12.09.2025
32
2025 йил 9 сентябрь куни «Нотариат институтини янада ривожлантириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-280-сонли қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжат фуқаролар ва тадбиркорлар учун нотариал хизматлардан фойдаланишни тубдан соддалаштириш, соҳани тўлиқ рақамлаштириш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва нотариусларнинг масъулиятини оширишга қаратилган кенг қамровли ислоҳотларни назарда тутади.
Қарорнинг асосий мақсади – нотариат соҳасини замонавий технологиялар ёрдамида фуқароларга янада яқинлаштиришдир. Бу борада қуйидаги муҳим янгиликлар жорий этилмоқда:
— Шахсни тасдиқловчи ҳужжат талаб қилинмайди (2026 йил 1 январдан): Эндиликда фуқаролар нотариусга паспорт ёки ID-картанинг аслини тақдим этиши шарт бўлмайди. Шахсни аниқлаш замонавий технологиялар – биометрик маълумотлар (бармоқ изи ва Face-ID) орқали амалга оширилади. Бу йўқолган ҳужжатлар билан боғлиқ оворагарчиликларга барҳам беради.
— Масофавий нотариал ҳаракатлар: 2025-2027 йиллар давомида 20 турдаги нотариал ҳаракат, жумладан, ишончномаларни бекор қилиш, ижара шартномалари, ҳатто турар жой олди-сотдиси ва васиятномаларни ҳам видеоконференцалоқа орқали расмийлаштириш имконияти босқичма-босқич яратилади. Бу хориждаги ёки мамлакатнинг бошқа ҳудудидаги фуқаролар учун катта қулайликдир.
— Коммунал хизматлар автоматик равишда янгиланади (2026 йил 1 апрелдан): Кўчмас мулк билан боғлиқ битимлар нотариал тасдиқлангач, янги мулкдор ҳақидаги маълумотлар коммунал хизматлар (электр энергияси, газ, сув, чиқинди) ташкилотларининг базаларига автоматик тарзда юборилади. Бу фуқароларни идоралараро сарсон бўлиб юришдан халос қилади.
— Аудио ва видеоёзувлар «Нотариус» тизимида сақланади: Нотариал ҳаракатлар жараёнида ёзиб олинган аудио ва видео файлларни алоҳида қурилмаларда сақлаш амалиёти бекор қилиниб, улар тўғридан-тўғри «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизимига юкланади. Бу маълумотлар хавфсизлиги ва дахлсизлигини таъминлайди.
Нотариуслар ваколатлари кенгаймоқда
Қарор билан нотариусларга низосиз талаблар бўйича судга мурожаат қилмасдан қарздорликни ундириш ваколати берилмоқда.
2026 йил 1 мартдан бошлаб, базавий ҳисоблаш миқдорининг минг бараваригача бўлган қуйидаги талаблар бўйича нотариуслар ижро хатларини ёзиши мумкин:
— Нотариал тасдиқланган битимлар асосидаги пул ундириш;
— ёзма ва нотариал тасдиқланган битим мавжуд бўлган тақдирда, ундирувни қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти бўлган кўчар мол-мулкка қаратиш тўғрисида талаб;
— ижара тўловлари, кўп квартирали уйлардаги жойларнинг мулкдорларидан мажбурий бадаллар ва тўловлар, коммунал ва алоқа хизматлари бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида талаблар.
Бу ўзгариш фуқаролар ва ташкилотларнинг бузилган ҳуқуқларини тез ва ортиқча харажатларсиз тиклашга хизмат қилади.
Нотариуслик касбига янгича ёндашув
Соҳага малакали ва ҳалол кадрларни жалб қилиш мақсадида нотариус лавозимига тайинлаш тартиби ҳам ислоҳ қилинмоқда:
— Ягона икки босқичли танлов: Номзодлар аввал ахборот технологиялари ёрдамида тест синовларидан, сўнгра Олий малака комиссияси томонидан ўтказиладиган амалий имтиҳондан ўтадилар. Бу танлов жараёнларининг шаффофлигини оширади.
— Ёш чегараси 70 ёшгача узайтирилди: Нотариус лавозимида бўлишнинг энг юқори ёш чегараси 65 ёшдан 70 ёшга оширилди, бу тажрибали мутахассисларнинг соҳада узоқроқ фаолият юритишига имкон беради.
— Муқобил таъсир чоралари: Хусусий нотариусга нисбатан лицензиясини тўхтатиш ёки тугатишдан ташқари, йўл қўйилган камчиликларнинг даражасига қараб огоҳлантириш ва жарима каби енгилроқ чоралар ҳам қўлланилади.
Ушбу қарор Ўзбекистон нотариатини халқчил, замонавий ва юқори технологик тизимга айлантириш йўлидаги дадил қадамдир. Ушбу ислоҳотлар натижасида нафақат фуқаролар ва тадбиркорлар учун қулайликлар яратилади, балки мулк ҳуқуқининг дахлсизлиги янада мустаҳкамланади, шартномавий муносабатларнинг ишончлилиги ортади ва умуман, мамлакатда қонун устуворлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшилади.
Ахрор КАЗАКОВ,
"Адолат" МҲАМ бўлим бошлиғи
Улашиш:
Бошқалар
Никоҳ тузишда қонун тақиқлайдиган ҳолатлар
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 16-моддасида никоҳ тузишга руҳсат берилмайдиган ҳолатлар аниқ кўрсатиб берилган.
Кафил бўлманг, кафансиз кетасиз
Фуқаролик кодексининг 292-моддаси мазмунига кўра, кафиллик – бошқа шахснинг мажбуриятини (тўлиқ ёки қисман) бажариш учун кредитор олдида жавобгарликни ўз зиммасига олишдир.
Чет элда амалга оширилган жиноят учун Ўзбекистонда жазога тортиладими?
Баъзи ҳолларда эса фуқароларимиз хориж мамлакатларида турли жиноий ҳаракатларга қўл уриб қўйиш ҳолатлари кузатилмоқда.
2025 йил 12 октябрдан Тошкент «прописка»си бекор қилинади
Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтганлиги мавжуд эмаслиги уни турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказишни рад этиш учун асос бўлмайди.