currencies image

11 806,97 UZS

18,43

usd

currencies image

13 430,43 UZS

52,89

eur

currencies image

139,86 UZS

0,48

ru



АсосийЯнгиликларНотариус нима қилади? Фуқаролар билиши керак бўлган юридик ҳаракатлар

Нотариус нима қилади? Фуқаролар билиши керак бўлган юридик ҳаракатлар

Ҳуқуқ

calendar

30.09.2026

eye

25

Нотариус нима қилади? Фуқаролар билиши керак бўлган юридик ҳаракатлар

Кундалик ҳаётда уй-жой ёки автомобиль сотиб олиш, меросни расмийлаштириш, ишончнома бериш, ҳужжат нусхасини тасдиқлатиш каби ҳолатларда нотариус хизматидан фойдаланишга тўғри келади. Аммо нотариуснинг ваколатлари фақат шартнома ёки ишончнома тасдиқлаш билан чекланмайди. Қонунчиликда нотариуслар амалга ошириши мумкин бўлган юридик ҳаракатларнинг кенг доираси белгиланган.

 

Нотариуслар қандай юридик ҳаракатларни амалга оширади?

Ўзбекистон Республикасининг «Нотариат тўғрисида»ги Қонуни 23-моддасига кўра, нотариуслар фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор нотариал ҳаракатларни амалга оширади.

 

Нотариус 25 дан ортиқ юридик ҳаракатларни бажаради

Жумладан, нотариуслар битимларни тасдиқлайди. Бу, масалан, кўчмас мулкни олди-сотди қилиш, ҳадя қилиш, айрим бошқа мулкий муносабатларни расмийлаштириш билан боғлиқ битимларни қамраб олиши мумкин. Шунингдек, нотариус васиятномани тасдиқлайди ва шахснинг ўз мол-мулкини вафотидан кейин кимга қолдириш борасидаги хоҳиш-иродасини ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштиради.

Нотариуслар эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга нисбатан мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома ҳам беради. Мерос масалаларида эса меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома бериш, мерос мол-мулкини муҳофаза қилишга доир чораларни кўриш каби ҳаракатларни амалга оширади.

Нотариуснинг ваколатлари ҳужжатларни тасдиқлаш билан ҳам кенг доирада боғлиқ. Масалан, ҳужжат нусхаси ёки ундан олинган кўчирманинг тўғрилигини, ҳужжатнинг бир тилдан бошқа тилга тўғри таржима қилинганлигини ҳамда ҳужжатдаги имзонинг ҳақиқийлигини шаҳодатлайди. Шунингдек, кўчмас мулкнинг очиқ савдода сотиб олинганлиги ҳақида гувоҳнома бериши мумкин.

Айрим юридик фактлар ҳам нотариус томонидан тасдиқланади. Масалан, фуқаронинг тирик эканлиги, муайян жойда эканлиги, унинг фотосуратда акс эттирилган шахс эканлиги каби фактлар нотариал тартибда тасдиқланиши мумкин. Бундан ташқари, ҳужжатлар нотариусга тақдим этилган вақт ҳам тасдиқланади.

Қонун нотариусларга юридик шахслар билан боғлиқ айрим фактларни тасдиқлаш ваколатини ҳам беради. Хусусан, юридик шахснинг раҳбар органи томонидан қарор қабул қилинганлиги фактини тасдиқлаш мумкин.

 

Далилларни таъминлаш — нотариуснинг яна бир ваколати

Нотариуслар далилларни таъминлаш чораларини ҳам кўради. Бу ҳуқуқ бузилиши ёки низо юзага келиши мумкин бўлган ҳолатларда кейинчалик судда аҳамиятга эга бўлиши мумкин бўлган далилларни сақлаб қолишга хизмат қилади.

Шунингдек, нотариуслар жисмоний ва юридик шахсларнинг аризалари ёки бошқа ҳужжатларини бошқа шахсларга топшириши, пул маблағлари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиши, ҳужжатларни сақлаш учун қабул қилиши мумкин.

Нотариуслар ижро хатларини ёзиши ҳам мумкин. Бундан ташқари, векселлар бўйича протестларни ва денгиз протестларини амалга ошириш, нотариал тасдиқланган ҳужжатларнинг дубликатлари ҳамда нотариал ҳаракатлар реестрларидан кўчирмалар бериш ҳам нотариус ваколатига киради.

Қонунчиликда нотариуслар учун медиатор вазифасини бажариш имконияти ҳам белгиланган. Бу нотариуснинг фақат ҳужжатларни расмийлаштирувчи эмас, балки айрим низоларни судгача ҳал этиш жараёнида ҳам иштирок этиши мумкинлигини англатади.

 

Нотариус ҳужжатни шунчаки тасдиқлаб қўймайди

Эътиборли жиҳати шундаки, нотариуснинг вазифаси ҳужжатга муҳр босишдан иборат эмас. Нотариал ҳаракат амалга оширилаётганда шахснинг ҳуқуқ ва муомала лаёқати, ҳужжатларнинг қонун талабларига мувофиқлиги, битим иштирокчиларининг ваколатлари каби ҳолатлар текширилади. Қонунга зид бўлган ёки белгиланган талабларга жавоб бермайдиган нотариал ҳаракатни амалга ошириш рад этилиши мумкин.

 

Нотариал сир қонун билан ҳимоя қилинади

Шу билан бирга, нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотлар қонун билан қўриқланади. Нотариус ўз хизмат вазифасини бажариш жараёнида ўзига маълум бўлган маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмас. Айрим ҳолларда эса бундай маълумотлар суд, прокуратура, суриштирув ва тергов органларининг талабига кўра тақдим этилиши мумкин.

 

Хулоса: нотариуснинг ваколатлари анча кенг

Хулоса қилиб айтганда, нотариуслар фақат уй-жой ёки автомобиль олди-сотдисини расмийлаштириш билан чекланмайди. Улар битимларни тасдиқлаш, васиятномаларни расмийлаштириш, мерос ҳуқуқини тасдиқлаш, ҳужжат ва имзоларнинг ҳақиқийлигини шаҳодатлаш, юридик фактларни тасдиқлаш, далилларни таъминлаш, ҳужжатларни сақлаш ва бошқа кўплаб юридик ҳаракатларни амалга оширади. Шу боис нотариат институти фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ҳуқуқий муносабатларда аниқликни таъминлаш ҳамда келгусидаги низоларнинг олдини олишда муҳим ҳуқуқий механизм ҳисобланади.

Феруз Жўраев,
"Адолат" МҲАМ масъул ходими

Улашиш: