currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларОдил судлов йўлидаги ислоҳотлар: Тошкент шаҳри фуқаролик судлари фаолияти таҳлили

Одил судлов йўлидаги ислоҳотлар: Тошкент шаҳри фуқаролик судлари фаолияти таҳлили

Ҳуқуқ

calendar

26.12.2025

eye

47

Одил судлов йўлидаги ислоҳотлар: Тошкент шаҳри фуқаролик судлари фаолияти таҳлили

Бугунги глобал рақамли маконда жамият ҳаётининг барча соҳаларида чуқур интеграция ва трансформация жараёнлари изчил давом этмоқда. Мазкур жараёнлар суд-ҳуқуқ тизимини ҳам четлаб ўтмаяпти. Айниқса, суд ишларини юритишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш объектив заруратга айланган бугунги шароитда Янги Ўзбекистон суд тизими фаолиятига илғор рақамли ечимларни кенг татбиқ этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Давлатимиз раҳбари томонидан суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, суд мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, одил судловга эришиш, қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда коррупцияга қарши самарали курашиш масалаларига доимий ва устувор эътибор қаратилмоқда.

Сўнгги йиллар мобайнида судларнинг очиқлиги, шаффофлиги ва тезкорлигини таъминлаш, суд ишларини юритиш сифати ҳамда самарадорлигини ошириш, суд тизимида сансоларлик, бюрократизм ва турли суиистеъмолчилик ҳолатларига чек қўйишга қаратилган 10 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Ушбу ҳуқуқий асослар суд тизимида замонавий бошқарув механизмларини жорий этишга хизмат қилмоқда.

Натижада барча суд инстанцияларида ишлар ўз вақтида ва қонуний кўриб чиқилишини таъминловчи самарали назорат тизими шакллантирилди, судлов жараёнларида автоматлаштириш даражаси оширилди, судьялар фаолиятига оид маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш амалиёти тизимли йўлга қўйилди.

Айниқса, 2025 йил 21 августда қабул қилинган ПФ–140-сонли Президент фармони суд тизимида рақамли трансформацияни мутлақо янги босқичга олиб чиқди. Унга мувофиқ, суд ишларини юритишда қоғоз шаклидан босқичма-босқич воз кечиб, “Рақамли суд” концепцияси асосида ишларни тўлиқ электрон форматда юритиш белгиланди. Мазкур ёндашув судларда ортиқча қоғозбозликни бартараф этиш, инсон омилини камайтириш ҳамда коррупцион хавфларнинг олдини олишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Шунингдек, фуқароларга суд ишлари билан электрон тарзда танишиш, суд мажлиси санаси ва вақти ҳақида онлайн маълумот олиш, судларга электрон мурожаат йўллаш, видеоконференцалоқа тизими орқали масофадан туриб суд жараёнларида иштирок этиш каби кенг имкониятлар яратилди. Бу эса аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун суд хизматларидан фойдаланишда қулайлик ва ошкораликни таъминламоқда.

Мазкур ҳуқуқий ва ташкилий чора-тадбирлардан келиб чиққан ҳолда, Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан ҳам қатор самарали ишлар амалга оширилди.

Хусусан, Тошкент шаҳар миқёсида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 2025 йилнинг 11 ойи давомида биринчи инстанцияда 517.718 та иш кўриб тамомланган. Улардан:

69.105 таси фуқаролик ишлари (13,3 %),

389 715 таси суд буйруқлари (75,3 %),

58 898 таси материал тартибида кўрилган ишлар (11,4 %)ни ташкил этди.

Ушбу кўрсаткичлар 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 261 537 тага ёки 102,1 фоизга ўсган. Жумладан, фуқаролик ишлари 10 041 тага, суд буйруқлари 212 903 тага, материал тартибидаги ишлар эса 38 593 тага ортган.

Эътироф этиш жоизки, 2024 йилнинг 11 ойида 256 181 та иш кўриб тамомланган бўлиб, ишлар сонининг йилдан-йилга ортиб бориши фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва судга ишончи юксалиб бораётганини кўрсатади.

Фуқаролик ишлари бўйича судларда ишлар ҳудудлар кесимида қуйидагича тақсимланган:

Мирзо Улуғбек туманлараро судида — 95 039 та,

Миробод туманлараро судида — 98 307 та,

Учтепа туманлараро судида — 103 603 та,

Шайхонтоҳур туманлараро судида — 115 626 та,

Яккасарой туманлараро судида — 102 143 та иш кўриб тамомланган.

Бу кўрсаткичлар судлар олдида турган юклама юқорилигини, бироқ ишлар белгиланган муддатларда ҳал этилаётганини англатади.

Суд амалиёти таҳлили давомида аниқланган қонун бузилиш ҳолатларига нисбатан процессуал чоралар кўрилмоқда. Фуқаролик процессуал кодексининг 275-моддасига асосан, жорий йилнинг 11 ойида Тошкент шаҳар фуқаролик судлари томонидан 263 та хусусий ажрим чиқарилиб, тегишли орган ва мансабдор шахслар эътиборига қонун бузилиш ҳолатлари етказилди.

Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан жами 5 431 та иш кўриб тамомланган. Улардан: 2 938 таси апелляция, 1 276 таси кассация, 1 217 таси тафтиш инстанцияси ҳиссасига тўғри келади.

Кўриб чиқилган ишлардан: 74,9 фоизи ўзгаришсиз қолдирилган, 6,8 фоизи ўзгартирилган, 18,3 фоизи бекор қилинган.

Бу юқори инстанция судларининг қонунийликни таъминлашда самарали назорат механизми сифатида ишлаётганини кўрсатади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, 2025 йилнинг 11 ойи давомида Тошкент шаҳри фуқаролик ишлари бўйича судлари фаолияти суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, рақамли трансформация ва замонавий бошқарув механизмлари билан уйғун ҳолда изчил ривожланиб бормоқда. Суд ишлари ҳажмининг ортиши, уларнинг ўз вақтида ва қонуний кўриб чиқилиши, электрон хизматлар қамровининг кенгайиши суд тизимининг фуқаролар манфаатларига хизмат қилаётган очиқ ва самарали институт сифатида шаклланаётганини яққол намоён этмоқда.

“Рақамли суд” концепциясининг босқичма-босқич жорий этилиши суд ишларини юритишда шаффофликни таъминлаш, инсон омилини камайтириш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва коррупция хавфларини пасайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу эса аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг судга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Бизнинг асосий мақсадимиз — фуқароларнинг судга мурожаат қилишида ортиқча оворагарчиликларга барҳам бериш, ҳар бир ишни қонунга қатъий амал қилган ҳолда, адолат ва холислик принциплари асосида ҳал этишдир. Рақамли технологияларни жорий этиш орқали суд ишларини янада очиқ, тезкор ва самарали қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш йўлидаги ишларимиз изчил давом эттирилади.

Мазкур ёндашув келгусида ҳам суд-ҳуқуқ тизимини модернизация қилиш, одил судлов сифати ва самарадорлигини янада ошириш, фуқароларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

 

Б.Н.Исламов,
Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари –
Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

Улашиш:

Бошқалар

5-декабр 2025, 05:11
426

Қандай ҳолатлар ишга киришни асоссиз рад этиш саналади?

Меҳнат кодекси 119-моддасида ишга қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этиш асослари келтирилган.


13-декабр 2025, 07:44
381

Аттестациядан неча марта ўта олмаган педагог билан меҳнат шартномаси бекор қилинади?

Мазкур Низомнинг 4-бандига асосан, педагог кадрлар учун мажбурий аттестация ҳар беш йилда бир марта ўтказилади.


8-декабр 2025, 05:42
335

Маъмурий суд ишларини юритишда ҳал қилув қарорини қабул қилишнинг ўзига хос жиҳатлари

Суд ҳал қилув қарорини қабул қилаётган маслаҳатхонада фақат ишни кўриб чиқаётган суд таркибига кирадиган судьялар бўлиши мумкин.


3-декабр 2025, 12:00
318

Президентнинг Жиззахга ташрифи: 12 млрд долларлик янги инвестициялар, инфратузилмага 10 трлн сўм, ер бўйича янги ижара тизими

Сўнгги саккиз йилда вилоятга 6,5 миллиард доллар инвестиция кириб келган, унинг 45 фоизи саноат тармоғи улушига тўғри келади.