currencies image

12 655,02 UZS

22,14

usd

currencies image

13 725,63 UZS

58,12

eur

currencies image

144,28 UZS

0,24

ru



АсосийЯнгиликларОлимпиада медали учун мукофот пули берилиши тўғрими? Ижтимоий тармоқдаги баҳсларга шахсий муносабат

Олимпиада медали учун мукофот пули берилиши тўғрими? Ижтимоий тармоқдаги баҳсларга шахсий муносабат

Life Style

calendar

03.07.2024

eye

597

Олимпиада медали учун мукофот пули берилиши тўғрими? Ижтимоий тармоқдаги баҳсларга шахсий муносабат

Ижтимоий тармоқларда Олимпиада ғолибларига бериладиган мукофот пуллари қизғин муҳокама қилинмоқда. Маълумот учун, Париж олимпиадасида ғолиб бўлганлар (олтин, кумуш ва бронзага мос равишда) $ 200К, $ 100К ва $ 50К мукофот берилади.

Кимдир ушбу мукофот умуман берилишини истамайди, ким шунчаки маблағ миқдоридан норози, яна бир томон буни тўғри деб баҳоламоқда.

Жамоатчилик фаоли ва Hudud24.uz колумнисти Шаҳноза Соатованинг мақоласида ушбу масалага муносабат билдирилади.

Ўтган йили қизимни камондан отишга бердим. Дарслар бошланғич даражада бир соати 100 минг сўм, 2 соат шуғулланади – 200 минг, ҳафтада 3 марта, ойига 12 марта – 2,4 млн сўм ($ 200)

Экипировка – нархи $ 300 дан бошланади, ҳар йили янгиланиши керак.

Ҳар бир қатновига қўлига 50 минг, йўлкираси, йўлда сув ичиши ва ҳк майда харажатлари – ойига 600 минг ($ 50).

Ҳудудий мусобақаларга бориши (йўлкира, меҳмонхона, еб-ичиши, қатнашиш учун бадал, яна бир ўзи бормайди, ёнидаги одамга ҳам харажат) йилига 2 марта – $ 300 *2*2– $ 1200

Хорижга мусобақаларга ҳамроҳ билан чиқиши, 2 йилда 1 марта борса ҳам, $ 2000.*2.

Йиллар ўтгач яхшироқ тренерга оласиз, мусобақа соати 500 минггача кўтарилиши мумкин.

Витаминлар, бадлар, тиббий текширувлар, жароҳат олса даволатишлар, махсус овқатлар – буларни ҳисоблаш қийин, лекин ойига анча пул бўларкан. Бир йилга $2000 дейлик.

Йилига $8,5 000 – 10 000 кетар экан, балки ундан ҳам кўп. 10 ёшидан бошлаб шуғулланиб 20 ёшида олимпиадага етиб борса ҳам 100 минг доллар кетиб бўлди болага. Ҳали бу медаль олди дегани эмас. Олимпиада чемпиони бўлиш учун эса бундан камида 5 баравар кўпроқ эътибор, маблағ керак.

Бу давлат бюджетидан қопланмаётган, солиқ тўловчи тўламайдиган, ота-онанинг ўз шахсий маблағлари!

Давлат томонидан сарфланаётган маблағлар: спорт мактаблари, инфраструктура, турли имтиёзлар ҳам бор. Лекин булар базавий шароит, холос. Олимпиада чемпиони бўлиш учун фавқулодда тайёргарлик, қобилият ва базавийдан юқорироқ шароитлар тақозо қилинишини инкор этиб бўлмайди.

Твиттер (Х)даги муҳокамалардан

Нодирбек Абдусатторов ёки Синдоровларни жаҳоннинг ТОП ларига кирган шахмат чемпиони бўлиши учун ота-онаси анча маблағ сарфлашгани кўриниб турибди.

Тўғри, спортчилар фақат олимпиада ўйинларида эмас, бошқа мусобақаларда ҳам ғалаба қозониши ва совринлар, мукофотларга эга бўлиши мумкин. Лекин бир спортчининг профессионал карьераси ўртача 15-20 йил давом этишини, ғалабалар эса мунтазам эмаслигини ҳисобга олиш керак.

Харажатларни қоплашдан ташқари мукофот пулининг рағбат бериши ҳам бор. Катта рағбат ота-оналарнинг фарзандларини ёшлигидан бошлаб профессионал спортга йўналтиришига сабаб бўлади, бу эса кучли спорт базаси ва генофонд масаласи.

Спорт бизга нима беради, у нимага керак?

Биринчидан, спорт бу куч ва маҳоратни тўғри, эзгу ўзанга йўналтириш дегани. Кимгадир куч, кимгадир эпчиллик, кимгадир мерганлик ва ҳоказо салоҳият берилади. Бу салоҳиятга жамиятда талаб бўлиши керак. Акс ҳолда рўёбга чиқмаган (реализация қилинмаган) жисмоний потенциал биринчидан ёвузлик томонга оғиши, иккинчидан, ҳозир ақл оқиши кузатилганидек куч ва маҳорат оқиши ҳам юзага келиши мумкин. Тайёр инсон капиталини ривожлантирмай, ташлаб қўйиш жамиятда кўплаб муаммоларни келтириб чиқаради. Спорт инсон капиталини кўпайтириш ва тўғри ўзанга буриш йўли деб қаралади.

Иккинчидан, жамиятни бирлаштирувчи, депрессиядан қутқарувчи восита. Кечагина «Ўғил кўрсам ҳам, қиз кўрсам ҳам исмини Нодирбек қўяман» деган чехиялик гроссмейстернинг гапини фахр билан улашдик. Агар Олимпиада парадидан байроғимиз кўтарилиб ўтмаса ёки спортчиларимиз ғалабасиз қайтишса, биз жуда хафа бўламиз, халқ, жамият сифатида ғуруримиз синади, тарқоқлашиб, баттар қутблашамиз – заифлашамиз. Ғолиб спортчилар миллий бирлик ва ифтихор туйғусини кучайтиради.

Учинчидан, соғлом жамият масаласи. Ғолиб спортчиларнинг натижалари ота-оналарни фарзандининг спорт билан шуғулланишини қўллаб-қувватлашга рағбатлантиради. Бундан ташқари одамлар спорт залларига боради, фитнесга қатнайди, бассейнда ўз кўрсаткичларини ўстириш устида ишлайди (у ердаги мураббийлар ҳам профессионал спортчилар, айтганча) кўплашиб мини-футбол ўйнайди. Спорт бизни қутқаради – нотўғри овқатланиш ортидан ўлим кўрсаткичи бўйича етакчи ўринга чиқиб турган бир мамлакат аҳолисини. Бу ўз навбатида соғлиқни сақлашга харажатларимизни камайтиради.

Тўртинчидан, ҳалоллик ва шаффофлик масаласи. Мукофот пуллари халқаро майдонда ҳалол ғалаба қозониб келаётган спортчиларга эл-юрт кўз ўнгида берилади. Олимпиада бутун дунё кўз ўнгидаги беллашув, айрим танловлар каби ёпиқ ўтмайди, спортчи кўп йиллик меҳнати билан ғолиб бўлади.

Ғолибларни давлат мукофотламасин десак, унда спортчилар нимадан рағбат олади деган саволга жавоб беришимиз керак. Ҳар бир ҳаракат ва харажатнинг охирида мукофот бўлиши керакку.

«Мукофот маблағи нима учун бунча кўп, ривожланган давлатлар биздан кам тўламоқдаку?»

Яъни хориж тажрибаси

Саволга журналист Азиза Қурбонова ўз телеграм каналида шундай жавоб беради

«АҚШ 37.5 минг$, Япония 45 минг, Канада 20 минг, Корея 54 минг, Германия 22 минг, Австралия 20 минг беради. Норвегия, Швеция, Буюк Британия чемпионларга умуман пул бермайди. Бу давлатлар аслида бизга ўхшаб ютганини тақдирлаб қўйиш, яъни осон ва нисбатан арзон йўлни танламаган. Уларда спорт менежменти ва уни молиялаштириш мутлақо бошқача. Норвегия, Швеция, Финляндия, Канадада оммавий ва профессионал спорт билан шуғулланмоқчи бўлганлар учун жуда кўп нарса текин. Катта ютуқларни давлат эмас, спорт клублари, университетлар фондлари, академиялар, шахсий ҳомийлар, трансляциялар беради. Спортчилар давлатдан кўп бўлмаган грант ва стипендия олишдан ташқари, юқори тиббий хизмат, суғурта хизматидан фойдалана олади. Шахсий ҳомийлик шартномалари уни ва оиласини узоқ ва барқарор таъминлайди, рекламадан пул топади, ҳатто ТВга интервьюсини пулга беради. Америкалик олимпия чемпиони бюджетдан ажратиладиган 37 минг долларга эҳтиёж ҳам сезмайди. Бизда бундай муҳит йўқ ҳисоби.

Яна бир муҳим жиҳат, ривожланган давлатларнинг ҳар бирида спортчиларни Олимпия, Паралимпияга тайёрлайдиган махсус қўллаб-қувватлаш дастурлари бор. Медалистга бир фунт ҳам мукофот бермайдиган Буюк Британия, масалан, UK Sport томонидан Париж учун тайёргарликка 294 млн$ (311 та спортчига) ажратган. Яъни, медаль оладими-йўқми, инглизлар ҳаммасига — спортчилар, уларнинг тренери ва хизмат кўрсатувчи персоналларига, улар фойдаланадиган инфратузилмага тенг равишда шароит яратади. Психолог, фармаколог, нутритсолог хизмати, инвентарлар хариди ва ҳоказо. Ўзбекистон шу мақсад учун 80 дан зиёд спортчига 73 млрд сўм — 6.6млн$ сарфлаган. Кўрпамизга қараб оёқ узатганимиз шу аслида».

Хулоса

Спортчилар аввал бошданоқ катта босимни зиммасига олиб жангга кирган полвонлар. Мотивация бўлмаса ҳеч ким жонини жабборга бермайди. Давлат ҳаммани эмас, юқори натижа олиб келганнинг натижасини мукофотлаяпти. Унгача йўлда қанчадан қанча спортчи ва фуқаролар спорт билан шуғулланиб, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилгани биз учун ёнга қоляпти. Буни шундай қабул қилиш керак, менимча.

Лекин мукофот пулининг ўзи спортни ривожлантириш учун етарли эмас – буни ҳам тан олиш керак. Биринчидан, спортга йўналтирилаётган инвестиция бошқа соҳалар, хусусан, таълим, соғлиқни сақлаш каби ижтимоий йўналишлар билан мутаносиб бўлиши лозим. Иккинчидан, мукофот пулларидан кўзланган мақсадларга максимал даражада эришиш, яъни рағбатнинг самарасини таъминлаш учун нафақат олимпиадада ғолиб бўлган спортчиларга уй, машина ва катта мукофот пуллари бериш, балки спортни ҳамма жойда ва даражада ривожлантиришга эътибор қаратиш лозим. Айниқса, чекка ҳудудларда. Бу энди бошқа мақола мавзуси.

Улашиш:

Бошқалар

20-июн 2024, 13:37
1 569

1-синфга қабул бошланди: муҳим 10 саволга жавоб

Мактабларда 1-синфга қабул бошланди. Онлайн ҳужжат топшириш мумкин бўлган ҳудудлар эълон қилинди, бошқа ҳудудларда ҳужжатлар қандай топширилади? Бола ўзи яхши билмайдиган тилда таълим олиши мумкинми? Hudud24.uz ушбу мақола орқали шу ва шу каби саволларга жавоб беради.


28-июн 2024, 14:31
1 189

Коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар нималарга мажбур ва уларни бажармаса нима бўлади? Муҳим 5 жиҳат

«Квартплата» миқдори қандай белгиланади? Бу тўлов эвазига коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилот айнан қандай ишларни бажариши шарт? Агар бажармаса, нима бўлади? Hudud24.uz ушбу мақолада шу сингари саволларга жавоб беради.


27-июн 2024, 12:49
684

Журналист ўз фаолиятини амалга оширишда дахлсиздир: ОАВга оид муҳим 10 қоида

27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни. Ушбу сана 1993 йил 3 сентябрдаги Қонун белгиланган. Қонунчиликка кўра, журналистга босим ўтказиш тақиқланади, улар эълон қилган материал жиноят иши қўзғатиш учун сабаб бўлиши мумкин. Hudu24.uz ОАВ соҳасига оид эркинликлар ва кафолатлардан айримларини эслатади.


3-июл 2024, 13:42
597

Олимпиада медали учун мукофот пули берилиши тўғрими? Ижтимоий тармоқдаги баҳсларга шахсий муносабат

Кимдир ушбу мукофот умуман берилишини истамайди, ким шунчаки маблағ миқдоридан норози, яна бир томон буни тўғри деб баҳоламоқда. Жамоатчилик фаоли ва Hudud24.uz колумнисти Шаҳноза Соатованинг мақоласида ушбу масалага муносабат билдирилади.