Ҳуқуқ
09.05.2025
91
Овчилик — инсониятнинг энг қадимги фаолиятларидан бири бўлиб, тарихий даврларда асосий тирикчилик манбаи сифатида хизмат қилган. Ҳозирги кунда эса овчилик айримлар учун касб, айримлар учун эса хобби ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасида бу фаолиятни амалга ошириш учун аниқ қонун ва қоидалар белгиланган бўлиб, уларнинг асосий мақсади табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва ёввойи ҳайвонлар сонини тартибга солишдир.
Ов нима ва қайси ҳайвонлар давлат мулки саналади?
Ўзбекистон Республикасининг «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги Қонунига асосан, ов қилиш — табиий ҳолатда яшаётган ёввойи ҳайвонларни тутиш ёки ўлдириш фаолиятидир. Табиий муҳитда яшайдиган ёввойи ҳайвонлар, шу жумладан овчилик хўжаликларидан ташқарига қўйиб юборилганлар ҳам давлат мулки саналади ва Давлат овчилик фонди таркибига киради.
Фақат фермаларда, питомникларда ва махсус хўжаликларда сақланаётган ёввойи ҳайвонлар хусусий шахслар мулки бўлади ва Давлат фондига кирмайди.
Ов қилиш тақиқланган ҳудудлар
Овчиликни фақат махсус рухсат этилган жойларда амалга ошириш мумкин. Қуйидаги жойларда ов қилиш қатъиян тақиқланади:
▪️ аҳоли пунктлари;
▪️ дам олиш ва соғломлаштириш масканлари;
▪️ муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар (режимида ов қилиш кўзда тутилмаган бўлса);
▪️ шаҳар атрофи яшил зоналар;
▪️ корхоналар ва сув олиш иншоотларининг ҳимоя зоналари;
▪️ темир йўл, аэродром ва чегара ҳудудлари;
▪️ қишлоқ хўжалиги ерлари (ҳосил йиғилгунига қадар);
▪️ балиқчилик хўжаликлари атрофи.
Ов қилишда тақиқланган ҳаракатлар
Ов қилиш жойларида ёввойи табиатга зарар етказадиган қуйидаги ҳаракатлар тақиқланади:
▪️ қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив ишларини ёввойи ҳайвонларга хавф туғдирадиган усулда амалга ошириш;
▪️ қуш тухумларини йиғиш, уяларини бузиш;
▪️ қуриган дарахтларни ёқиш;
▪️ чакалакзорларни ёқиб юбориш.
Овчилик гувоҳномаси ва уни олиш шартлари
Овчилик билан шуғулланишни истаган шахс:
▪️ камида 18 ёшда бўлиши;
▪️ овчилик минимуми бўйича имтиҳон топшириши;
▪️ тегишли овчилар уюшмасига аъзолик бадалини тўлаши шарт.
Гувоҳномада ов қуроли ва ўқ-дорилар рўйхати, аъзолик ва давлат божи ҳақидаги маълумотлар бўлиши лозим. Фақатгина ҳақ тўланган гувоҳнома ҳақиқий ҳисобланади.
Овчининг ҳуқуқлари
Овчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
▪️ фақат рухсат этилган турдаги ёввойи ҳайвонларни белгиланган жой ва муддатларда ов қилиш;
▪️ қўлга киритилган ов маҳсулотини ўз хоҳишига кўра тасарруф этиш;
▪️ назорат органларидан ўзини таништиришларини талаб қилиш.
Овчининг мажбуриятлари
Овчи қуйидагиларга амал қилиши шарт:
▪️ ҳар доим ўзининг гувоҳномаси, рухсатномалари ва ҳужжатларини ўзида сақлаши;
▪️ белгиланган ҳудуд ва муддатларда ов қилиш;
▪️ ов натижаларини овчилик карточкасида қайд этиш;
▪️ ер ва табиатни муҳофаза қилиш талабларига риоя қилиш;
▪️ чиқиндиларни йиғиш ва чиқиндихоналарга ташиш;
▪️ назорат органларига тушунтиришлар бериш ва текширувга керакли ҳужжатларни тақдим этиш;
▪️ махсус белги (ҳалқа, микрочип, тамға) туширилган ҳайвонларни тутганда бу ҳақда овчилик хўжалиги ёки тегишли давлат органига хабар бериш;
▪️ биотехник қурилмаларга (уялар, озуқа қўйилган жойлар, лавҳалар) зарар етказмаслик;
▪️ ов хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш.
Ов қилишда тақиқланган усуллар
Қуйидаги усуллар билан ов қилиш тақиқланган:
▪️ чуқур қазиш орқали;
▪️ портловчи, кимёвий ёки биологик моддаларни қўллаш;
▪️ электр токи ёки ёритиш ускуналарини ишлатиш;
▪️ сув, муз ёки қалин қорга ҳайдаш орқали;
▪️ табиий офатдан қочаётган ҳайвонларни ов қилиш;
▪️ товуш чиқарувчи қурилмалар ёрдамида ҳайвонни жалб этиш;
▪️ транспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда ов қилиш (айрим истиснолардан ташқари).
Овчилик — нафақат ҳунар, балки катта масъулият талаб этувчи фаолиятдир. Овчи қонунлар ва табиат ҳимояси қоидаларига тўлиқ амал қилиши лозим. Бу нафақат табиий муҳитни асраш, балки кейинги авлодларга соғлом экологик муҳитни қолдиришга хизмат қилади.
Улашиш:
Бошқалар
Прокат шартномаси ва уни тузиш тартиби қандай?
Прокат шартномаси бир йилгача муддатга тузилади.
Шу йилнинг 1 сентябридан ҳар бир қурилаётган объектнинг QR-кодли паспорти бўлади
Бу орқали шаҳарсозлик субъектлари, қурилиш муддатлари, шаҳарсозлик ҳужжатлари ва тасдиқланган экспертиза хулосалари ҳақидаги маълумотларни олиш имконияти яратилади.
Опцион шартномаси нима учун керак?
Опцион шартномаси рисксиз қарорлар қабул қилиш имконини беради ва келажакдаги молиявий фойдани кўзлайди.
Уй-жой сотиб олишда “эскроу” тизими: муҳим 5 саволга жавоб
“Эскроу” тизими кўчмас мулк олди-сотдисида ишончли восита ҳисобланади. Уй сотиб олмоқчи бўлганлар қурувчи ҳисоб рақамига эмас банкка тўлов қилади, уй-жой қурувчининг маблағи ва кредити ҳисобига қурилади.