Ўзбекистон
13.12.2024
777

Яқинда Олий Мажлис қуйи палатасида бўлиб ўтган мажлисларда давлат бюджетининг ижроси, шунингдек Жиноят кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Мажлислар «YouTube» тармоғи орқали жонли узатилди. Эътироф этиш керакки, парламентимизга хос бундай очиқлик анча-мунча давлатларда йўқ. Хуллас, гап лойиҳаларнинг мазмуни ёки очиқлик ҳақида эмас.
Қисқаси, айрим ОАВлар ва ижтимоий тармоқларда гўёки Давлат бюджетининг ижроси ёки юқоридаги қонун лойиҳаси юзасидан депутатлар биронта савол бермаганлиги танқид остига олинди.
Мен кўпдан бери шу соҳада тадқиқот ўтказиб, фаолият олиб бораман. Кўпчилик парламент иш тартиби ва қонунчилик жараёнини яқиндан билмаслигини кузатяпман. Шуни ишонч билан айтаманки, ҳисоботларни, қонун лойиҳаларини Қонунчилик палатасидан ўтказиш осон иш эмас. Пишиқ ва пухта бўлмаган, хом ҳужжат, лойиҳа ялпи мажлисга қадар етиб бормайди. Улар қайтарилади ёки биринчи ўқишга қадар ташаббускор томонидан қайтариб олинган ҳолатлар кўп учраб туради. Масалан, биргина ўтган чақириқда Қонунчилик палатаси депутатлари фракция ва қўмита муҳокамалари босқичидаёқ 33 та қонун лойиҳасини қайтарган ва ялпи мажлисга киритмаган.
Аслида ҳар қандай демократик парламентда бўлгани каби Қонунчилик палатасида ҳам қонун лойиҳалари, аввало фракциялар ва қўмиталарда атрофлича, синчковлик билан кўриб чиқилади.
Бу нима дегани? Фракция ва қўмитада депутатлар лойиҳани унинг муаллифлари ва экспертлар иштирокида ҳар томонлама, танқидий, тортишув асосида муҳокама қилади. Биргина ижтимоий тармоқларда танқид қилинган ҳолатда ҳисобот ва қонун лойиҳаси бўйича фракцияларда 40 дан ортиқ савол-жавоблар бўлган.
Энг муҳими, саволларга тўлиқ, аниқ жавоб олинмагунча ва депутатлар ягона консенсусга келмагунга қадар лойиҳа Қонунчилик палатаси ялпи мажлисига чиқарилмайди. Бошқача айтганда, ялпи мажлисда савол берилмаганлиги муҳокама ўтказилмаганлигини эмас, аксинча масала пухта ишланганлигини англатади. Одатда, ялпи мажлисда лойиҳа юзасидан аниқлик киритиш учун фракция ёки қўмиталарда очиқ қолган масала бўйича савол берилади.
Бу бутун дунё амалиётида бор тажриба. МДҲга аъзо баъзи давлатларда 1 соатда 30 дан ортиқ қонунлар қабул қилинган ҳолатлар ҳам бор. Ёки қонун лойиҳасини ялпи мажлисда муҳокамаларсиз қабул қилиш тартиби ҳам мавжуд. Ҳаттоки, Италия, Испанияда айрим лойиҳалар ялпи мажлисда муҳокама қилинмайди, балки бевосита қўмита томонидан кўриб чиқилиб, якуний қарор қабул қилинади.
Валишер Давлятов
юридик фанлар доктори, парламентаризм бўйича эксперт
Улашиш:
Бошқалар
Автомобиль йўлларини таъмирлашга ким масъул? Муҳим қоидалар
Сифатли йўл — нафақат қулайлик, балки ҳаракат хавфсизлигининг муҳим кафолатидир.
Кибержиноятчиликдан ҳимоя: аҳоли билиши зарур бўлган 10 та муҳим қоида
Ҳар бир инсон рақамли хавфсизликнинг оддий, аммо муҳим қоидаларига амал қилиши зарур.
Одам савдосидан жабрланганлар қандай ҳимоя қилинади? Янги тартиблар ва кафолатлар
Одам савдоси инсоннинг эркинлиги, шаъни ва қадр-қимматига жиддий тажовуз қилувчи оғир жиноятлардан бири ҳисобланади.
Ҳуқуқни билиш — шунчаки қонун нормаларини ёд олиш эмас
Инсон ҳаёти давомида оилавий, меҳнат, таълим, мулкий, ижтимоий ва бошқа кўплаб муносабатларга киришади.