currencies image

11 847,16 UZS

52,28

usd

currencies image

13 843,41 UZS

157,81

eur

currencies image

141,44 UZS

2,77

ru



АсосийЯнгиликларПешлавҳа талаблари нимадан иборат?

Пешлавҳа талаблари нимадан иборат?

Ҳуқуқ

calendar

21.08.2026

eye

34

Пешлавҳа талаблари нимадан иборат?

Аҳолига хизмат кўрсатувчи дўкон, корхона ва ташкилотлар учун пешлавҳа нафақат мижозларга ушбу объектни таниб олиш имконини берувчи восита, балки қонунчиликда белгиланган муайян талабларга жавоб бериши лозим бўлган ахборот объекти ҳам ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги 104-сон қарори билан тасдиқланган тегишли низомда пешлавҳаларни жойлаштириш ва уларнинг ўлчамларига доир қоидалар белгиланган.

 

Пешлавҳа қаерга жойлаштирилади?

Низомнинг 37–38-бандларига кўра, аҳолига хизмат кўрсатувчи корхона ва ташкилотларнинг пешлавҳалари улар жойлашган бино устига ёки унга туташ ҳудудда жойлаштирилади.

Демак, пешлавҳа корхона ёки ташкилотнинг айнан шу объектда фаолият юритаётганини кўрсатиб туриши керак. Масалан, дўконнинг номи, унинг қандай хизмат ёки маҳсулот таклиф қилиши ҳақидаги қисқа маълумот пешлавҳада акс эттирилиши мумкин.


Пешлавҳада қандай маълумот бўлиши мумкин?

Пешлавҳада, аввало, корхона ёки ташкилотнинг номи кўрсатилиши мумкин. Шунингдек, унинг фаолият соҳасини очиб берувчи маълумотлар ҳам акс эттирилишига йўл қўйилади.

Масалан:

▪️ «BARAKA» — озиқ-овқат дўкони;

▪️ «GULNOZA» — гўзаллик салони;

▪️ «USTA» — маиший техника таъмирлаш устахонаси;

▪️ «KITOB OLAMI» — китоб дўкони.

Бунда пешлавҳанинг асосий вазифаси истеъмолчига ушбу жойда қандай корхона ёки хизмат кўрсатиш нуқтаси мавжудлигини билдиришдан иборат бўлади.


Пешлавҳанинг ўлчами қанча бўлиши мумкин?

Пешлавҳа ўлчами ҳам қонунчилик билан чекланган.

Низомнинг 38-бандига мувофиқ, пешлавҳанинг ўлчами у ўрнатиладиган бино томони майдонининг 5 фоизидан ошмаслиги керак.

Шу сабабли тадбиркор пешлавҳа тайёрлашдан олдин унинг ўлчамини бинонинг тегишли қисмига нисбатан ҳисобга олиши лозим. Пешлавҳани ҳаддан ташқари катта қилиб, бинодаги катта майдонни эгаллаб олиш унинг пешлавҳа сифатида баҳоланишига таъсир қилиши мумкин.

Пешлавҳага қўйиладиган асосий талаблар

Талаб

Мазмуни

Жойлашуви

Пешлавҳа тўғридан-тўғри корхона жойлашган бинонинг ташқи қисмида, кириш қисми устида ёки унга туташ ҳудудда жойлаштирилиши лозим.

Мазмуни

Корхонанинг номи ва фаолият соҳасини очиб берувчи матндан иборат бўлиши мумкин. Товар, хизмат, акция, чегирма, нарх ва бошқа тарғибот хусусиятидаги маълумотларни қўшиш пешлавҳа мақомидан чиқиб, реклама сифатида баҳоланиш хавфини келтириб чиқаради.

Ўлчами

Пешлавҳа ўрнатиладиган фасад томонининг майдонининг 5 фоизидан ошмаслиги керак. Ҳажми 1 кв. метргача бўлган пешлавҳа ташқи реклама объекти ҳисобланмайди.

Ёритиш

Қоронғи вақтда пешлавҳани ёритиш мумкин. Бироқ ёруғлик аҳолига ноқулайлик туғдирмаслиги, турар жойлар деразаларига бевосита таъсир қилмаслиги ва йўл ҳаракати иштирокчиларини кўзини қамаштирмаслиги лозим.

Архитектурага таъсири

Пешлавҳа бинонинг меъморий кўринишига, конструкцияларининг мустаҳкамлигига ва шаҳар муҳитига зарар етказмаслиги керак.

Мулкдор билан келишув

Бино ижарада бўлса, пешлавҳани монтаж қилиш бино мулкдори ёки баланс сақловчиси билан тегишли келишув асосида амалга оширилиши мақсадга мувофиқ.

Давлат тили

Лавҳалар ва кўргазмали ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилиши керак. Бошқа тилдаги матн қўшимча таржима сифатида берилиши мумкин. Агар ном рўйхатдан ўтказилган товар белгиси/хизмат кўрсатиш белгиси бўлса, унинг асл шаклидан фойдаланиш масаласи алоҳида баҳоланади.

*Шу билан бирга, дўкон жойлашган ҳудуд бўйича амалдаги маҳаллий архитектура, дизайн-код ва ташқи реклама чизмаси талаблари қўшимча равишда инобатга олиниши керак.

Агар пешлавҳа қонунда белгиланган доирадан чиқиб кетса реклама паспортини қандай олиш мумкин?

Ташқи реклама ва ахборот обектларини ўрнатиш Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги 104-сон ва 2023 йил 31 августдаги 428-сон қарори талабларига мувофиқ фақат реклама жойи паспорти асосида амалга оширилади.

Паспорт my.gov.uz электрон давлат хизматлари портали орқали расмийлаштирилади.

Расмийлаштириш босқичлари

my.gov.uz порталига кириш ва ONE ID орқали шахсий кабинетга киринг.

Хусусий мулк учун реклама жойи паспорти

Ариза қуйидагилар асосида тўлдирилади:

▪️Аризачи (жисмоний/юридик шахс) маълумотлари;

▪️ Реклама ўрнатиладиган манзил;

Қуйидаги ҳужжатлар юкланади (PDF/JPEG):

▪️Реклама лойиҳаси (эскиз, дизайн, ўлчамлар, техник тавсиф);

▪️ Мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат;

▪️ Жойнинг 3–4 ракурсдан олинган фотосуратлари;

▪️ Кўп квартирали уй бўлса — мулкдорлар йиғилиши баёни.

Кўриб чиқиш муддати: 15 иш куни

Давлат хизмати учун — БҲМнинг 1 баравари.

Хусусий мулкдаги 1 кв.м дан ортиқ пешлавҳалар учун — БҲМнинг 5-15 фоизгача ҳудудлардан келиб чиқиб (экономик зонага қараб коеффициент қўлланади).

1. Қарор қабул қилинади;

2. Тасдиқланса: ҚР-кодли паспорт шахсий кабинетга юборилади;

3. Рад этилса: рад этиш сабаблари асослантирилган ҳолда кўрсатилади.

Муҳим эслатмалар

Паспорциз реклама ўрнатиш — жаримага сабаб бўлади.

Талабларга риоя қилинмаса, паспорт бекор қилиниши мумкин.

Ҳар бир реклама обектининг дизайни, хавфсизлиги ва ҳудуд меъёрларига мослиги мажбурий.


1 квадрат метргача бўлган пешлавҳа ташқи реклама ҳисобланадими?

Бу масалада энг муҳим жиҳатлардан бири — пешлавҳа ва ташқи рекламани бир-биридан фарқлашдир.

Низомнинг 38-бандида ҳажми 1 квадрат метргача бўлган пешлавҳа ташқи реклама объекти ҳисобланмаслиги назарда тутилган.

Шунинг учун дўкон ёки бошқа хизмат кўрсатиш объекти ўз фаолиятини билдирувчи, қонунчиликдаги пешлавҳа талабларига мос бўлган ахборотни жойлаштирганда, уни автоматик равишда ташқи реклама деб баҳолаш тўғри бўлмайди.

Бу ерда пешлавҳанинг мазмуни, жойлашуви, ўлчами ва мақсади муҳим аҳамиятга эга.

 

Пешлавҳа билан реклама ўртасида қандай фарқ бор?

Оддий қилиб айтганда, пешлавҳа — объектнинг кимлигини ва қандай фаолият билан шуғулланишини билдирувчи ахборот, ташқи реклама эса товар, хизмат, бренд ёки бошқа объектни истеъмолчиларга кенгроқ тарзда тарғиб қилишга қаратилган ахборотдир.

Масалан, дўконнинг эшиги ёки фасадида:

«ZAMIN» — маиший техника дўкони

деган маълумотни жойлаштириш пешлавҳа хусусиятига эга бўлиши мумкин.

Агар шу жойда:

«ZAMIN» — энг арзон телевизорлар! Фақат бизда! 50% гача чегирма! Бугунёқ харид қилинг!

каби истеъмолчини товар ёки хизматни харид қилишга ундайдиган тарғибот маълумотлари жойлаштирилса, унинг ташқи реклама сифатида баҳоланиши масаласи келиб чиқиши мумкин.

Шунинг учун фақат «1 квадрат метрдан кичик» деган мезоннинг ўзига таяниб қолмасдан, конструкциянинг мазмуни ва мақсади ҳам инобатга олиниши лозим.


Ташқи реклама объекти паспорти керакми?

Агар дўкон ёки корхонада ўрнатилаётган конструкция ҳақиқий маънода пешлавҳа бўлиб, Низомда белгиланган талабларга жавоб берса, хусусан, унинг жойлашуви, мазмуни ва ўлчами белгиланган талабларга мувофиқ бўлса, уни ташқи реклама объекти сифатида расмийлаштириш масаласи келиб чиқмаслиги мумкин.

Айниқса, ҳажми 1 квадрат метргача бўлган пешлавҳалар ташқи реклама объекти ҳисобланмаслиги ҳақидаги норма тадбиркорлар учун муҳим аҳамиятга эга.

Бироқ бу қоидадан «дўконга ўрнатилган ҳар қандай ёзув учун паспорт талаб қилинмайди» деган хулоса чиқариб бўлмайди. Конструкциянинг ташқи кўриниши, мазмуни, жойлашган жойи ва амалдаги мақсади унинг ҳуқуқий мақомини белгилашда аҳамиятли.

 

Тадбиркор нималарга эътибор бериши керак?

Пешлавҳа ўрнатишдан олдин қуйидаги жиҳатларни текшириш мақсадга мувофиқ:

1. Пешлавҳа корхона ёки ташкилот жойлашган бино устида ёки унга туташ ҳудудда жойлаштирилганми?

2. Унда асосан корхонанинг номи ва фаолият соҳасини билдирувчи маълумот акс эттирилганми?

3. Пешлавҳанинг ўлчами бино томони майдонининг 5 фоизидан ошмаганми?

4. Пешлавҳа 1 квадрат метргача бўлган ҳолларда унинг ташқи реклама объекти эмаслигига асос бўладиган талабларга риоя қилинганми?

5. Пешлавҳада қўшимча тарғибот, чегирма, акция ва харидга ундаш каби реклама хусусиятидаги маълумотлар мавжуд эмасми?

6. Конструкциянинг жойлаштирилиши бошқа шаҳарсозлик, хавфсизлик ёки техник талабларга зид эмасми?


Хулоса

Қонунчиликда пешлавҳа ва ташқи реклама тушунчаларини фарқлаш учун муҳим мезонлар белгиланган. Аҳолига хизмат кўрсатувчи корхона ва ташкилотлар ўз номини ҳамда фаолият соҳасини билдирувчи пешлавҳани бино устига ёки унга туташ ҳудудга жойлаштириши мумкин.

Бунда пешлавҳа белгиланган ўлчам талабларига жавоб бериши, хусусан, унинг ўлчами бино томони майдонининг 5 фоизидан ошмаслиги лозим. Шунингдек, 1 квадрат метргача бўлган пешлавҳа ташқи реклама объекти ҳисобланмаслиги тўғрисидаги норма мавжуд.

Шу сабабли дўкон фаолиятини билдирувчи оддий пешлавҳани ташқи реклама объекти паспортисиз ўрнатиш қонунчиликдаги пешлавҳа талабларига тўлиқ мувофиқ бўлган тақдирдагина кўриб чиқилиши мумкин. Агар конструкция ўз мазмуни ёки мақсадига кўра ташқи рекламага айланса, унга нисбатан ташқи реклама соҳасидаги тегишли талаблар қўлланиши эҳтимоли мавжуд.

Энг муҳими, пешлавҳанинг номи эмас, балки унинг мазмуни, ўлчами, жойлашуви ва мақсади унинг пешлавҳа ёки ташқи реклама объекти сифатида баҳоланишида ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Фаррух Халиков,
ҳуқуқшунос

Улашиш:

Бошқалар

31-июл 2026, 07:11
776

Бир лаҳзалик ишонч қимматга тушиши мумкин: фирибгарлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?

Алдаш орқали бошқанинг мол-мулкини қўлга киритиш жиноят ҳисобланади ва бунинг учун жиддий жавобгарлик белгиланган.


24-июл 2026, 04:39
770

Уй-жой (квартира)ни ижарага бериш шартномасини тузишда нималарга эътибор қаратиш керак?

Уй-жойни ижарага бериш ёки ижарага олишда энг муҳим ҳужжат бу — ижара шартномасидир.


28-июл 2026, 10:13
720

Қандай ҳолатлар оқова сув тармоқларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш деб ҳисобланади?

Оқова сувларни чиқариб юбориш тармоқлари аҳоли саломатлигини сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда санитария-гигиена талабларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.


25-июл 2026, 06:28
663

Медиаторлик фаолияти билан шуғулланувчи мутахасислар қандай талабларга жавоб бериши керак?

Медиатор томонлар ўртасидаги низони ҳал қилишда мустақил ва бетараф воситачи сифатида иштирок этади.