Ҳуқуқ
12.06.2025
81
2022 йил 28 октябрь санасида Ўзбекистон Республикасининг Янги Меҳнат кодекси қабул қилинди. Мазкур кодекс билан олдинги таҳрирдаги Меҳнат кодексида келтирилмаган кўплаб масалалар ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинди. Хусусан, иш хусусиятининг ўзига хосликларидан келиб чиққан ҳолда айрим касб эгаларининг меҳнати билан боғлиқ ҳуқуқий масалалар алоҳида белгилаб ўтилди. Спортчилар ҳам шулар жумласидандир. Спортчилар деганда меҳнат вазифаси спорт мусобақаларига тайёргарлик кўришдан ва муайян турдаги ёки спорт турлари бўйича спорт мусобақаларида иштирок этишдан иборат бўлган ходимлар тушунилади. Қуйида спортчилар меҳнати билан боғлиқ қонунчиликда белгиланган муҳим қоидалар келтириб ўтилади:
Спортчилар билан тузиладиган меҳнат шартномасида уларга хос бўлган бир нечта муҳим шартлар кўрсатилиши лозим.
Меҳнат қонунчилигига асосан, ходим билан тузиладиган меҳнат шартномасида иш жойи, меҳнат вазифаси, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, иш вақти ва дам олиш вақти режими ҳамда шу каби шартлар кўрсатиб ўтилиши лозим. Бироқ, иш берувчилар спотчилар билан меҳнат шартномалари тузаётганда, унда қуйидаги муҳим шартларни ҳам киритишлари лозим:
иш берувчининг машқ тадбирлари ўтказилишини ва спортчининг спорт мусобақаларида иштирок этишини таъминлаш мажбурияти тўғрисида;
спортчининг иш берувчи томонидан белгиланган спорт режимига риоя этиш ва спорт мусобақаларига тайёргарлик кўриш режаларини бажариш мажбурияти тўғрисида;
спортчининг спорт мусобақаларида фақат иш берувчининг кўрсатмаси бўйича иштирок этиш мажбурияти тўғрисида;
спортчининг халқаро допингга қарши ташкилотлар томонидан тасдиқланган допингга қарши қоидаларга риоя этиш, допинг назоратидан ўтиш мажбурияти тўғрисида;
иш берувчининг спортчининг ҳаёти ва соғлиғи суғурта қилинишини, шунингдек спортчининг қўшимча тиббий ва бошқа хизматларни олиш мақсадида тиббий суғурта қилинишини таъминлашга доир мажбурияти тўғрисида.
Иш берувчи спортчиларни тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил этиши ҳамда моддий-техник воситалар билан таъминлаши шарт.
Спортчилар меҳнат шартномасини тузиш чоғида дастлабки мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши шарт. Шунингдек, меҳнат шартномасининг амал қилиши даврида спортчилар топширилган ишни бажариш учун яроқлилигини аниқлаш ҳамда касб касалликларининг ва спорт жароҳатланишларининг олдини олиш мақсадида даврий мажбурий тиббий кўриклардан ўтади. Мажбурий тиббий кўрикларнинг ўтказилиши иш берувчи ҳисобидан амалга оширилиши шарт.
Бундан ташқари, иш берувчи ўз маблағлари ҳисобидан спортчиларни спорт кийим-бошлари, спорт анжомлари ва ашёлари, улар меҳнат фаолиятини амалга ошириши учун зарур бўлган бошқа моддий-техника воситалари билан таъминлаши, шунингдек мазкур кийим-бошлар, асбоб-ускуналар, анжомлар, ашёлар ва воситаларни фойдаланишга яроқли ҳолатда сақлаши лозим.
Спортчиларга камида 4 календарь кун қўшимча таътил берилиши лозим.
Меҳнат қонунчилигига асосан, йиллик асосий энг кам меҳнат таътилининг муддати 21 календарь кунни ташкил этади. Бироқ, қонунчиликда айрим тоифадаги ходимлар учун яна қўшимча таътиллар бериш назарда тутилган. Хусусан, спортчиларга 4 календарь кундан кам бўлмаган йиллик қўшимча меҳнат таътили берилиши лозим, ташкилотнинг ички локал ҳужжатларида ёки меҳнат шартномасида мазкур таътилнинг узоқроқ муддати ҳам назарда тутилиши мумкин.
Спортчи маълум муддатга бошқа иш берувчига ўтказилиши мумкин.
Иш берувчи спортчининг спорт мусобақаларида иштирок этишини таъминлаш имкониятига эга бўлмаган ҳолларда, иш берувчилар ўртасидаги келишувга, спортчининг ўз ёзма розилиги билан, бир йилдан ошмайдиган муддатга вақтинча бошқа иш берувчига ўтишига йўл қўйилади. Вақтинчалик иш жойидаги иш берувчи у билан муддатли меҳнат шартномаси тузилади ҳамда дастлаб тузилган меҳнат шартномасининг амал қилиши тўхтатиб турилади. Спортчининг бошқа иш берувчига вақтинча ўтиш муддати тугаганидан кейин дастлаб тузилган меҳнат шартномаси тўлиқ ҳажмда қайта тикланади.
Бироқ, агар бошқа иш берувчига вақтинча ўтиш муддати тугаганидан кейин спортчи вақтинчалик иш жойидаги иш берувчида ишлашни давом эттирса ва тарафлар муддатли шартномани бекор қилиб, дастлабки шартномани тиклашни талаб қилмаса, дастлаб тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинади ва вақтинчалик ўтиш даври учун тузилган меҳнат шартномаси тарафлар келишуви билан белгиланадиган муддатга, бундай келишув мавжуд бўлмаган тақдирда эса номуайян муддатга узайтирилади.
Спортчилар билан меҳнат шартномаларини бекор қилишда ўзига хос хусусиятлар мавжуд.
Спортчи билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш учун Меҳнат кодексида белгиланганидан ташқари қуйидагилар асос бўлиши мумкин:
1) олти ой ва ундан кўп муддатга спортдан четлаштирилганлик;
2) халқаро допингга қарши ташкилотлар тасдиқлаган допингга қарши қоидаларнинг спортчи томонидан бузилганлиги, шу жумладан бир марта бузилганлиги.
Спортчи ўз ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги огоҳлантириш муддатининг давомийлиги меҳнат шартномаси тарафлари томонидан тегишли спорт тури ёки турлари бўйича Ўзбекистон Республикаси спорт федерацияларининг (ассоциацияларининг) тавсияларига кўра Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирлиги белгилайдиган муддатлар инобатга олинган ҳолда аниқланади.
Улашиш:
Бошқалар
Йўналишсиз такси фаолиятини тартибга солиш ва уларга қўйиладиган талаблар
Ҳайдовчи фаолиятини меҳнат ва дам олиш режимига риоя этган ҳолда амалга оширади.
Мактаб битирувчилари қандай ҳолатларда якуний аттестация топширишдан озод этилади?
Низомнинг иловасига мувофиқ тасдиқланган 59 турдаги якуний давлат аттестациясидан озод қилиш мумкин бўлган касалликларга асосан озод этилади.
Ҳайдовчи ва ЙПХ ходими: қонун доирасидаги ўзаро муносабатлар
Қоидабузарлик аниқланганда ЙПХ ходими ҳайдовчига аввал айнан содир этган қоидабузарликни тушунтириб, шундан сўнг ҳужжатларни текшириб, чора кўриши керак.
“Tashkent Law Spring” тўртинчи халқаро юридик форуми иштирокчиларига
Авваламбор, сизларни “Рақамли технологиялар даври: келажакка ҳуқуқий назар”мавзусидаги “Tashkent Law Spring” IV халқаро юридик форумининг очилиши билан самимий қутлайман.