Тармоқда нима гап?
17.11.2025
19

Ўзбекистонда тадбиркорликни бошлаш энди янада осон, тезкор ва қулай бўлади. Президент томонидан имзоланган янги Фармон (14.11.2025, ПФ-214-сон) бизнес юритишдаги ортиқча қоғозбозликни бартараф этиш, лицензия ва рухсат бериш жараёнларини соддалаштириш ҳамда тадбиркорлар вақтини тежашни мақсад қилади. Янги тизим орқали 2026 йилдан бошлаб бизнес очиш жараёни мутлақо янги босқичга кўтарилади.
1. Маъмурий харажатлар 90 миллиард сўмгача қисқартирилади.
Президент Фармонида қайд этилишича, тадбиркорлар учун мавжуд маъмурий юкларни камайтириш орқали йилига тахминан 90 миллиард сўмгача ортиқча харажатлар камаяди. Шу билан бирга, давлат идоралари билан боғлиқ жараёнларда тадбиркорлар 15 кунгача вақт тежаш имконига эга бўлади.
Бизнес юритишдаги асосий муаммолардан бири вақт ва ортиқча қоғоз ишлари эканини ҳисобга олсак, бу тадбиркорлар учун катта енгиллик бўлади.
2. Бизнесни 15 дақиқада бошлаш имкони яратилади
Энг муҳим янгиликлардан бири тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш жараёни 2026 йил 1 январдан бошлаб бор-йўғи 15 дақиқада амалга оширилади.
Тадбиркор бир марта мурожаат қилиб қуйидаги хизматларни олади:
— электрон рақамли имзо;
— онлайн банк ҳисобварақларини очиш;
— лицензия ва рухсатномалар учун ариза топшириш;
— кўчмас мулк ижара шартномасини расмийлаштириш;
— ҚҚС тўловчиси гувоҳномасини автоматик олиш;
— онлайн касса машиналарини харид қилиш ва рўйхатдан ўтказиш;
— раҳбарни меҳнат тизимида ҳисобга қўйиш.
Энг муҳими, тадбиркор бу хизматларни ихтиёрий танлайди, керак бўлганларинигина ишлатади. Барча тўловлар эса ягона QR-код орқали амалга оширилади.
3. ЯТТлар фирма номига эга бўлиши мумкин
2026 йил 1 январдан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорлар ҳам ўз бизнесини фирма номи билан юритиши мумкин бўлади.
Бундан ташқари, уларнинг исми, манзили ёки бошқа маълумотлари ўзгарса, бу маълумотлар ЯТТ гувоҳномасига, мавжуд лицензия ва рухсатномаларига автоматик равишда ва бепул киритилади.
Барча маълумотлар давлат тизимлари ўртасида электрон интеграция асосида янгиланади, тадбиркорнинг яна бир бор ариза топширишига ҳожат қолмайди.
4. Лицензия ва рухсатнома олишда янги қулайликлар
2026 йил 1 мартдан лицензия ва рухсат бериш тартибларида яна бир қатор енгилликлар жорий этилади.
Агар юридик шахс лицензиялаш соҳасида қоида бузгани учун уларга жарима қўлланилса, компания раҳбари ёки масъул ходимлар алоҳида маъмурий жавобгарликка тортилмайди.
“Лицензия” ахборот тизимида янги хизмат ишга тушади: тадбиркор ўз лойиҳаси лицензия талабларига қанчалик мос келишини олдиндан текширтириши мумкин бўлади.
Бу хизмат орқали:
— бинолар, ускуналар, ходимлар тўғрисидаги маълумотлар баҳоланади;
— лицензия талабларига мослиги ҳақида хулоса берилади;
— хизмат 20 кундан ошмайди ва лицензия йиғимидан қиммат бўлмайди.
Президент Фармони тадбиркорлик муҳитини янада эркин ва қулай қилишга қаратилган навбатдаги қадам бўлди. Бу ўзгаришлар мамлакатда юксак рақобатли, очиқ ва замонавий бизнес муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.
Дилмурод Ражабоев,
ҳуқуқшунос
Улашиш:
Бошқалар
Шахс ўзининг хабарисиз номига кредит тузилишининг олдини олиши мумкин
Қонунчиликка кўра, жисмоний шахс ўзининг иштирокисиз ёки хабарисиз кредит битими тузилишининг олдини олиш учун ўзи билан кредит битими тузишни кредит бюросига ариза киритиш орқали тақиқлаши мумкин.
Никоҳ шартномаси — ҳуқуқий кафолатми ёки эҳтиёт чораси?
Никоҳ шартномаси икки ҳолатда — никоҳдан олдин ёки никоҳ даврида тузилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасида жиноят ҳуқуқи: асосий тушунчалар ва принциплар
Жиноят ҳуқуқи — бу фуқаролар, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятларни аниқлаш, уларни содир этган шахсларга жазо тайинлаш орқали жамиятда тартиб ва хавфсизликни таъминлашга хизмат қиладиган ҳуқуқий соҳадир.
Никоҳ шартномаси — оиладаги ишончнинг кафолати
Никоҳ шартномаси — бу оддий қоғоз эмас.