currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларПромпт муҳандислиги. Сунъий интеллектга тўғри промпт ёзиш кетма-кетлиги

Промпт муҳандислиги. Сунъий интеллектга тўғри промпт ёзиш кетма-кетлиги

Life Style

calendar

06.12.2025

eye

40

Промпт муҳандислиги. Сунъий интеллектга тўғри промпт ёзиш кетма-кетлиги

Промптлар – сунъий интеллектга йўналиш бериш учун биргаликда ишлайдиган бир нечта асосий қисмлардан ташкил топган. Ҳар бир промпт бу қисмларнинг барчасини ўз ичига олмайди, аммо ҳар бир қисм қандай ишлашини тушуниш сизга аниқроқ ва самаралироқ сўровлар яратишга ёрдам беради.

Промптнинг асосий қисмлари қуйидагилардан иборат:

  • Йўриқнома (Directive);
  • Мисоллар (Examples);
  • Рол (Persona);
  • Натижавий формат (Output Formatting);
  • Қўшимча маълумот (Additional Information).

1. Йўриқнома (Directive)

Йўриқнома – бу промптдаги асосий кўрсатма бўлиб, СИга айнан қандай вазифа бажариши кераклигини билдиради. Аниқ йўриқнома бўлмаса, СИ умумий ёки мавзуга алоқаси бўлмаган жавоб қайтариши мумкин.

Йўриқнома нима?

Бу қисқача кўрсатма ёки савол бўлиб, СИга қандай ҳаракат қилиш кераклигини билдиради. У матн ёзиш, масалани ечиш ёки маълумотни маълум бир форматда тақдим этишни ўз ичига олиши мумкин.

Мисол:

1.Аниқ йўриқнома билан промпт: Менга ўқиш учун бешта яхши китоб айтинг.

2. Бироз яширин (implied) йўриқномалар ҳам мавжуд: Night – Тун; Morning – ...

Бу ерда кўрсатма бевосита айтилмаган бўлса-да, мисол шакли орқали СИга таржима вазифаси юкланади.

Йўриқнома ёзишдаги энг яхши амалиётлар:

аниқ ва қисқа ёзинг;

мавҳум ёки ноаниқ кўрсатмалардан сақланинг;

иложи бўлса, ҳаракат билдирувчи феъллардан фойдаланинг “ёзинг”, “санаб чиқинг”, “таржима қилинг” каби.

2. Мисоллар (Examples)

Вазифа мураккаб бўлган ҳолларда, СИга кутилган натижани тушунтириш учун мисоллар киритиш фойдалидир. Бу ёндашув айниқса “one-shot” ва “few-shot prompting” усулларида қўлланилади, яъни моделга битта ёки бир нечта намунавий жавоб кўрсатилади.

Нима учун мисоллардан фойдаланилади?

Мисоллар натижанинг қандай формат, услуб ёки тузилишга эга бўлишини кўрсатади. Мисоллар СИ хатти-ҳаракатларини йўналтиради ва аниқроқ жавоб олишга ёрдам беради.

Мисол:

Қуйидаги жумлаларни таржима қилинг:

  • инглизча: I like apples.
  • ўзбекча: Мен олмаларни яхши кўраман.
  • инглизча: I enjoy walking.
  • ўзбекча: -

СИ бу ерда қандай таржима қилишни мисолдан ўрганади ва кейинги жумлаларни ҳам шу андозага мувофиқ таржима қилади.

Энг яхши амалиётлар:

  • вазифага мос ва аниқ мисоллар беринг;
  • кутилаётган натижанинг структураси ва мазмунини кўрсатинг;
  • мисоллар сонини вазифа мураккаблигига қараб мослаштиринг.

3. Рол (Persona)

СИга маълум рол юклаш (масалан, мутахассис, шифокор, журналист каби) жавоб услуби ва мазмунига таъсир қилади. Бу моделга маълум оҳанг ва контекстдан фойдаланишга ёрдам беради.

Рол нима? Бу СИга ўзини ким сифатида тасаввур қилиши кераклигини билдирадиган кўрсатмадир. Рол бериш модел жавобининг аниқлигини оширади, айниқса соҳа бўйича махсус билимлар ёки оҳанг талаб қилинган ҳолларда.

Мисол:

СИга ҳуқуқшунос ролини юклаш:

Сиз ҳуқуқшуноссиз. Қуйидаги кейсдан келиб чиқиб вазиятга ҳуқуқий баҳо беринг.

Энг яхши амалиётлар:

  • рол танлашда вазифага мос мутахассисликни белгиланг;
  • махсус услуб ёки нутқ оҳанги керак бўлса, ролдан фойдаланинг;
  • рол билан бирга қўшимча контекст ҳам тақдим қилинг.

4. Натижавий Формат (Output Formatting)

Баъзида СИдан олинган натижанинг маълум структурада бўлиши муҳим. Бу рўйхат, жадвал, одатий параграф, CSV, Markdown каби шакллар бўлиши мумкин. Формат кўрсатмаси нотўғри шаклдаги натижаларнинг олдини олади.

Нима учун формат муҳим?

Аниқ формат кўрсатмаси бўлмаса, СИ тўғри маълумот берса ҳам, фойдаланувчига керакли кўринишда бўлмаслиги мумкин. Айнан форматлаш натижани таҳлил қилишни ёки дастурда қайта ишлашни осонлаштиради.

Мисол:

  • CSV форматда натижа талаб қилиш:
  • Иш: 2024_ABC_International
  • Мижоз: XYZ Corporation
  • Юрисдиксия: Европа Иттифоқи ва АҚШ
  • Ҳолати: Фаол
  • Етакчи адвокат: Жон Дое
  • Кейинги суд: 2024-10-15
  • Ушбу маълумотни CSV форматда чиқаринг.

Натижа:

Case, Client, Jurisdiction, Filed Date, Status, Lead Attorney, Next Hearing 2024_ABC_International, XYZ Corporation, EU & USA, 2024-09-01, Active, John Doe, 2024-10-15

5. Қўшимча Маълумот (Additional Information)

Баъзан “контекст” деб аталадиган бу элемент СИга зарур фон маълумотини беради. Бу, айниқса, мураккаб ёки соҳавий вазифаларда тўғри ва аниқ жавоб олиш учун жуда муҳим.

Қўшимча маълумот нима?

Бу – СИга аниқроқ жавоб бериши учун зарур бўлган фактлар, тарихий маълумотлар ёки статистикалар. СИ ўзи бу маълумотларни “билмаслиги” мумкин, шунинг учун сиз тақдим этишингиз керак.

Мисол:

Қўшимча маълумот:

  • 2020 йил 12 май: Мижоз автоулов бошқариб кетаётиб пиёдани уриб юборган. Жабрланувчига енгил тан жароҳати етган. Дастлабки тергов натижасида Жиноят кодексининг 266 моддаси 1-қисми бўйича иш очилган.
     
  • 2020 йил 25 июнь: Жабрланувчи билан ярашувга эришилган. Фуқаролик даъвоси қаноатлантирилган. Иш суд томонидан тугатилган.
     
  • 2022 йил 3 декабрь: Мижоз яна йўл ҳаракати қоидаларини бузган. Спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда автомобил бошқарганлиги учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддаси асосида жавобгарликка тортилган.

Промпт:

Сиз адвокатсиз. Ушбу кейс асосида мижознинг келажакда жиноят ёки маъмурий жавобгарликка тортилиш эҳтимолини баҳоланг. Мавжуд қонунчилик ва амалиёт асосида хулосалар чиқаринг.

Энг яхши амалиётлар:

  • фақат зарур маълумотни киритинг. Кераксиз тафсилотларни сунъий интеллектга жўнатманг;
  • маълумот ва вазифа ўртасидаги боғлиқликни таъминланг;
  • СИга ўзи эга бўлмаган зарур вазиятни тақдим этинг.

Промпт қисмларининг тавсия этилган тартиби

Промпт қисмларини жойлаштиришнинг ягона тўғри усули йўқ, аммо самарали натижа олиш учун тавсия этилган тартиб мавжуд:

  • мисоллар (агар керак бўлса);
  • қўшимча маълумот;
  • рол (ким сифатида жавоб бериши керак);
  • йўриқнома (аниқ вазифа);
  • формат кўрсатмаси.

Мисол:

1. Мисол: 2024 йил 20 февраль: Мижоз ишлаётган компаниядан ҳеч қандай сабабсиз ишдан бўшатилган. Меҳнат шартномасида белгиланган 1 ойлик огоҳлантириш муддати бузилган. Суд ишни кўриб чиқиб, ишдан бўшатишни ноқонуний деб топган ва компенсатсия тайинлаган.

Хулоса: Меҳнат қонунчилиги бузилган, мижоз фойдасига қарор чиқарилган.

2. Қўшимча маълумот: 2025 йил 5 апрель: Мижоз ишлаётган ташкилот молиявий инқироз сабабли ишчилар сонини қисқартиришга қарор қилган. Мижоз 3 йилдан бери ишлаётган бўлишига қарамасдан, қисқартиришга тушган. Мижозга 2 ҳафта олдин огоҳлантириш берилган, аммо тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган. 2025 йил 25 апрель: Мижоз компанияга ёзма равишда меҳнат ҳуқуқлари бузилганини билдирган ва ишга тиклашни сўраб мурожаат қилган, бироқ жавоб олмаган.

Промпт: Сиз меҳнат ҳуқуқи бўйича тажрибали юристсиз. Юқоридаги ҳолатни меҳнат қонунчилиги нуқтаи назаридан таҳлил қилинг ва мижознинг ишга тикланиш имконияти бор-йўқлигини ҳуқуқий асосда баҳоланг.

Жавобингизни қуйидаги шаклда тақдим этинг:

  • ҳуқуқий таҳлил (Ўзбекистон қонунчилигига таяниб);
  • мижознинг даъвоси асослими ёки йўқ;
  • еҳтимолий суд қарори прогнози;
  • тавсия этилган кейинги ҳуқуқий қадамлар.

Нега бу тартиб муҳим?

Промптда йўриқнома охирида келса, СИ аввал маълумотларни қайта ишлайди ва кейин вазифага эътибор беради. Агар йўриқнома бошида бўлса, модел вазифани бажармасдан контекстни давом эттириб юбориши мумкин (чунки СИлар одатда “навбатдаги сўз”ни башорат қилишга ўргатилган).

Хулоса қилиб айтганда самарали промпт ёзиш учун унинг асосий қисмларини тушуниш зарур: йўриқнома, мисоллар, рол, формат ва қўшимча маълумот. Бу элементлар орқали сиз СИдан аниқ, тўғри ва фойдали жавоблар олишингиз мумкин. Турли комбинатсиялар билан тажриба қилиш эса ҳар хил вазифалар учун оптимал сўровларни шакллантиришга ёрдам беради.

Жасур ТОЖИБОЕВ,

журналист

Улашиш: