currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларШаффофлик сари қадамми ёки ижодкорларга қўшимча юк?

Шаффофлик сари қадамми ёки ижодкорларга қўшимча юк?

Ҳуқуқ

calendar

11.04.2026

eye

35

Шаффофлик сари қадамми ёки ижодкорларга қўшимча юк?

Адлия вазирлиги концерт-томоша соҳасини тартибга солувчи янги қарор лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Муҳокама 10 апрелда якунланади. Лойиҳа қабул қилинса, санъаткорлар 2026-йил 1-сентябрдан бошлаб ҳар бир тўй ва концерт учун солиқ тўлашга ўтадилар.

“Кўринмас миллионлар”

Ўзбекистон тўйлари – бу катта иқтисодиёт. Мамлакат бўйича ҳар куни ўнлаб тўйлар ўтказилади, улардаги харажатлар юз миллионлаб сўмни ташкил этади. Ҳофиз ва хонандалар бу зиёфатларда бош қаҳрамон: баъзи таниқли санъаткорлар бир кечада 10-30 миллион сўм, баъзилар эса ундан ҳам кўп пул топишади.

Спот нашрининг маълумотларига кўра, 2025 йил август ойида 2 мингга яқин хонанда солиқ декларациясини топширгани қайд этилган бўлса-да, бу бутун соҳа вакилларининг кичик бир қисми ҳисобланади. Кўпчилик санъаткорларнинг даромади эса давлатга кўринмайди. Аксар ҳолларда келишувлар нақд пул, оғзаки келишув ва ҳеч қандай шартномаларсиз амалга оширилади. Бу ҳолат ҳозирги қонунчилик нуқтаи назаридан ҳам, буджет шаклланиши нуқтайи назаридан ҳам жиддий муаммо эди.

Янги тартибнинг асосий қоидалари

Лойиҳага кўра, санъаткорлар 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳар бир чиқиш олдидан мобил иловага жойлашув ва сана маълумотларини киритади, белгиланган миқдорда солиқ тўлайди ва автоматик электрон маълумотнома олади.

“Бир хизмат – бир тўлов” тамойили доирасидаги солиқ миқдори санъаткорнинг рейтинги ва хизмат кўрсатилган жойга боғлиқ бўлиб, базавий ҳисоблаш миқдори билан ўлчанади:

1-рейтинг гуруҳи ижрочилари:

  • Тошкент шаҳрида – 3 БҲМ (ҳозирда 1 миллион 236 минг сўм);
     
  • Нукус шаҳрида ва вилоят марказларида – 2 БҲМ (ҳозирда 824 минг сўм);
     
  • бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларда – 1 БҲМ (ҳозирда 412 минг сўм).

2-рейтинг гуруҳи ижрочилари:

  • Тошкент шаҳрида – 2 БҲМ;
     
  • Нукус шаҳрида ва вилоятлар марказларида – 1 БҲМ;
     
  • бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларда – 0,5 БҲМ.

3-рейтинг гуруҳи ижрочилари:

  • Тошкент шаҳрида – 1 БҲМ;
     
  • Нукус шаҳрида ва вилоят марказларида – 0,5 БҲМ;
     
  • бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларда – 0,25 БҲМ.

2029 йилдан янги босқич бошланади: солиқ энди шартнома қийматидан ҳисобланади, тўловлар фақат нақдсиз шаклда қабул қилинади, йиллик даромаднинг 30 фоизи ҳужжатсиз харажат сифатида чегирилади, тасдиқланган харажатлар 30 фоиздан ошса қўшимча 10 фоиз чегирма қўлланилади ва солиқ органи ҳисоб-китобни автоматик амалга оширади.

Назорат механизми қатъий. Иловага маълумот киритилиб тўлов қилинмаса, бу солиқ базасини яшириш деб баҳоланади ва шартнома ўртача қийматининг 20 фоизи миқдорида, лекин 20 БҲМдан кам бўлмаган жарима тайинланади. Бундан ташқари, ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган фуқарога жариманинг 20 фоизи мукофот сифатида берилиши кўзда тутилган.

Санъаткорлар 2029 йилдан қанча тўлайди?

Лойиҳанинг амалий таъсирини тушуниш учун аниқ ҳисоб-китоб зарур. Қуйидаги мисол билан тахминий ҳисоб-китобни амалга оширамиз.

Айтайлик, Тошкент шаҳридаги қўшиқчи ойига 12 та тўй ва тадбирда қатнашади, ҳар биридан ўртача 8 миллион сўм олади. Йиллик даромади: 1,152 миллиард сўм. 2029 йилдан бу даромаднинг 30 фоизи ҳужжатсиз чегирилади (345,6 миллион сўм), қолган 806,4 миллион сўмдан амалдаги 12 фоизлик даромад сольиғи ҳисобида тахминан 96,8 миллион сўм солиқ тўлаши керак бўлади. Бу йиллик даромадининг 8,4 фоизига тенг.

Умуман олганда бу санъаткорлар учун имтиёз деса ҳам бўлади. Ҳозирги кунда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкаси 12 фоиз ташкил қилади. Бу ставка барча иш ҳақи олувчи ходимларга – шифокор, ўқитувчи, муҳандис, давлат хизматчиси барча-барчасига бир хил татбиқ этилади. Масалан, ойлик маоши 3 миллион сўм бўлган ўқитувчи 360 минг сўм (ойига) сольиқ тўлайди. Бу унинг даромадидан 12 фоиз – ҳеч қандай чегирмасиз, ҳеч қандай харажат айиришсиз, автоматик равишда қўлланади.

Санъаткорларга эса 2029 йилдан йиллик даромадининг 30 фоизи автоматик харажат сифатида чегирилади, қолган суммага 12 фоиз солиқ қўлланилади. Юқоридаги амалий мисолда кўриниб турибдики бу уларнинг умумий даромадидан атиги 8,4 фоиз солиқ тўлашини англатади. Тасдиқланган харажатлар бўлса, бу рақам янада камаяди.

Халқаро тажриба

Халқаро амалиёт санъаткорларни солиққа тортишда турли ёндашувларни кўрсатади. Вазифа бир хил – даромадни тўғри аниқлаш ва солиқдан қочишни олдини олиш, аммо усуллар кескин фарқланади.

Германия модели. Германияда ташкилотчи – “тўлов дебитори” санъаткорга тўланадиган гонорардан сольиқни ушлаб қолади ва Федерация марказий солиқ идорасига ўтказади. Тоуринг-артистс маълумотига кўра санъаткор ўзи ҳеч нарса қилмайди, масъулият концертни уюштирган ташкилотчилар зиммасига юкланади.

Биллбоард нашрининг маълумотларига кўра аксарият Европа бозорларида ушлаб қолиш солиғи санъаткор олган ялпи тўловдан ҳисобланади, харажатлар эса ҳисобга олинмайди. Натижада Европанинг кичик ва ўрта санъаткорлари мамлакатлар бўйлаб уюштириладиган турлардан зарар кўради ва ортиқча солиқ тўлайди. Европа Мусиқа Менежерлари Алянси бу тартибни “эскирган ва камситувчи” деб баҳолаган. Европанинг энг либерал ёндашуви Дания, Венгрия, Ирландия ва Нидерландия давлатларида ҳисобланиб, улар хорижий санъаткорлардан ушлаб қолиш солиғини умуман ундиришни тўхтатган. Бу давлатлар машҳур санъаткорларни жалб қилиш ва маданий секторни ривожлантириш орқали кўпроқ фойда кўришни мақсад қилган.

АҚШ модели. Мураккаб, лекин мослашувчан модель ҳисобланади. Sprintax нашри маълумотларига кўра АҚШда санъаткорга тўланадиган брутто тўловдан 30 фоиз солиқ ушлаб қолинади. Бироқ агар санъаткор IRS билан шартномаси тузса, тахминий харажатлар асосида бу миқдор сезиларли даражада камайтирилиши мумкин. Бу тизим мослашувчан, аммо жуда кўп қоғозбозлик талаб қилади.

Хулоса

Қарор лойиҳаси тўғри йўналишда экани шубҳасиз. Соя иқтисодиётини қисқартириш, ҳисоботни соддалаштириш ва санъаткорларни расмий тизимга жалб қилиш – булар заруратдан келиб чиқадиган ислоҳот. Аммо муваффақият 2 та шартга боғлиқ: санъаткорлар рейтинг тизимининг адолатли ва шаффоф ишлаши ва мобил илова инфраструктурасининг барча ҳудудларда реал ишлаши таъминлаш.

10 апрелгача давом этадиган жамоатчилик муҳокамаси бу имкониятни беради. Лойиҳанинг кучли томонлари сақланиб, заиф томонлари бартараф этилса, бу соҳа учун ҳам давлат, ҳам ижодкор учун мақбул тизим вужудга келиши мумкин.

Улашиш:

Бошқалар

26-март 2026, 10:45
1 410

Кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдисида янги босқич: электрон тўлов тизимига ўтиш

Тарафлар ўзаро келишувга эришгач, харидор ёки унинг вакили банкка мурожаат қилиб, тегишли маълумотлар акс эттирилган ариза тақдим этади.


26-март 2026, 03:37
1 215

Қандай ҳолатлар никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар сифатида баҳоланади?

Никоҳ — бу икки шахснинг ихтиёрий ва тенг ҳуқуқли иттифоқи бўлиб, у нафақат маънавий, балки жиддий юридик оқибатларни келтириб чиқарадиган шартнома ҳисобланади.


18-март 2026, 09:11
927

Кўп қаватли уйларда яшашнинг айрим қоидалари

Қўшнилар подездларда ёки зинапояларда ўзларининг шахсий буюмларини (шкаф, эски мебел, қурилиш чиқиндилари) сақлашга ҳақли эмаслар. Бу ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид.


27-март 2026, 07:04
894

Меҳнат дафтарчасининг ҳуқуқий аҳамияти қандай?

Меҳнат дафтарчаси — бу ходимнинг меҳнат фаолияти ва иш стажини тасдиқловчи асосий восита.