Ўзбекистон
04.11.2025
35

Дастлаб, ушлаб туриш нима эканлигига аниқлик киритамиз. Ушлаб туриш маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноий фаолият билан шуғулланишга барҳам бериш мақсадида қўлланилади. Шунга кўра, ушлаб туришнинг икки тури мавжуд: маъмурий ушлаб туриш ва жиноят содир этганликда гумон қилиниб ушлаб туриш.
Бундан ташқари, ИИО ходимлари шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаган кишининг шахсини аниқлаш мақсадида ички ишлар органларига боришини сўрашлари мумкин.
Ушлаб туриш жараёни тўғрисида нималарни билиш лозим?
Истисносиз барча ҳолатларда биринчи қоида, бу — қонун талабларига риоя қилишдир. Қаршилик кўрсатмаслик лозим, аммо шу билан бирга, масалани «норасмий» йўл билан ечиш бўйича таклифлар каби эҳтимолий провокацияларга тушиб қолмаслик керак.
Мансабдор шахсдан ҳужжатларни тақдим этишини сўранг, исмини, фамилиясини ва лавозимини (ҳужжат рақами, нишони) ёзиб олинг ёки эслаб қолишга ҳаракат қилинг. Одатда ҳужжатлар ва нишонларни суратга олишга рухсат берилмайди. Тўғридан-тўғри савол билан аниқлик киритинг: сизни ушлашдими ва ушлаб туриш (тўхтатиш, мурожаат қилиш, тинтув қилиш ва ҳ.к.) учун қандай асослар мавжуд. Агар ушлаб туриш тасдиқланса, ҳуқуқбузарлик, ушлаб туриш, кўздан кечириш ва ҳ.к.лар ҳақида баённомаларни тузиш жараёнида адвокатнинг иштирокини талаб қилиш лозим.
Агар ушлаб туриш маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш учун амалга оширилаётган бўлса, баённомани нима учун жойида тузишнинг иложи йўқлиги сабабига ойдинлик киритишни сўраш мумкин.
Амалиёт шуни кўрсатадики, ушлаб туриш ёки ИИОга олиб бориш асосларини муҳокама қилиш баъзи ҳолларда фойдасиз бўлиши мумкин. Қонунда белгиланган ушлаб туриш муддати тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга чақиртирилган пайтдан бошлаб ҳисоблаб чиқилишини инобатга олсак, бундай тортишув асоссиз кечиктиришга олиб келади. Яхшиси қариндошларингизга хабар беришни илтимос қилинг ёки уларга ўзингиз қўнғироқ қилинг, қаерга олиб борилаётганингизни айтинг ва адвокат ёллашни сўранг.
Агар сиз аниқ бир қонунбузарлик содир этганликда гумон қилинаётган бўлсангиз, сабр қилинг ва сукут сақланг, мансабдор шахсларга тушунтиришлар берманг ёки адвокатингиз келгунига қадар ҳужжатларни имзоламанг. Сиз ўзингизга қарши гувоҳлик беришга мажбур эмассиз.
Қонунда бериладиган кўрсатмаларнинг ҳажми ва муддатида чекловлар йўқлиги боис сиз барча мавжуд далиллардан фойдаланиб, вазиятни батафсил тавсифлашингиз мумкин. Бундан ташқари, қонун сизнинг яқинларингиз ёки сизга ҳамроҳ бўлган бошқа одамларнинг сизнинг фойдангизга гувоҳлик беришини чекламайди. Шундай қилиб, сиз уларни гувоҳлик баённомасини тўлдиришга жалб қилишингиз мумкин.
Сиз ўз она тилингизда гувоҳлик ва тушунтириш бериш ҳуқуқига эгасиз, шунингдек, таржимоннинг ёрдамидан бепул фойдаланишингиз мумкин (ва ҳатто керак бўлса, уни рад қилишингиз мумкин). Сиз гапирадиган тилда барча оғзаки ва ёзма гувоҳликлар берилиши, ҳужжатлар шу тилда расмийлаштирилиши ёки ташқи манбадаги таржимон томонидан таржима қилиниши лозим. Сиз, шунингдек, лотин (ёки кирилл) ёзувида матнни ўқий олмаслигингизни ҳам кўрсатишингиз мумкин.
Тушунтиришлар бериш ва баённомани тўлдириш — сизнинг ҳуқуқингиздир. Сиз ҳар қандай тушунтириш беришдан бош тортиш ҳуқуқига эгасиз. Шунга қарамай, баённомани имзолаш тавсия этилади, чунки мансабдор шахс сизнинг рад этишингизни кўрсатган ҳолда холислар билан баённомани расмийлаштириши мумкин. Агар сиз баённомани тўлдирмаган бўлсангиз ёки бўш жой қолдирган бўлсангиз, бўшлиқни чизиқ (Z) билан тўлдиринг.
Албатта, баённомада ушланиш вақтини кўрсатинг ва адвокат иштирокида ишни кўриб чиқиш тўғрисида расмий илтимоснома беринг. Бирор нимани имзолашдан олдин, ҳужжатнинг мазмуни билан танишиб чиқинг ва сизга ҳуқуқ ва мажбуриятлар тушунтирилмаган бўлса, шунингдек, норозиликларни кўрсатинг. Шундай қилиб, сиз мансабдор шахсни маъмурий иш бўйича қарор қабул қилишига тўсқинлик қилиб, барча ҳужжатларни судга топширишга мажбур қиласиз, чунки Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 245-моддасига мувофиқ, ҳуқуқбузар ҳуқуқбузарлик фактини инкор этган ишлар тўғридан-тўғри суд томонидан кўриб чиқилади.
Баённома нусхасини олиш ҳуқуқи (ҳозирча) қонунчиликда кўзда тутилмаган, аммо бу ҳужжатни камерага расмга олишга тўсқинлик қилмайди.
Имкон борича қонунда ёки ушлаб туришни амалга оширувчи органнинг маҳаллий ҳаракатларида ёки бошқа процессуал ҳаракатларда аниқ тақиқланмагунга қадар жараённи диктофонга ёки мобил телефонингиз камерасига ёзиб боринг. Агар бунга тўсқинлик қилинса, бу ҳақда баённомада қайд этинг.
Ҳар доим ўз адвокатингизни жалб қилинг. Давлат томонидан тақдим этилган адвокат хизматидан воз кечишга ҳаққингиз бор (қонунда мансабдор шахсдан адвокат иштирок этиши талаб қилинадиган ҳолатлар кўзда тутилган) ёки ундан бошқа адвокатни ёллаш учун илтимосингизни қариндошларга етказишни сўранг.
Шунингдек, сизнинг яшаш жойингиздан келиб чиқиб, ишни кўриб чиқиш учун расмий илтимоснома бериш мумкин. Ҳуқуқбузарликларнинг айрим турлари, масалан, транспорт ва йўл хўжалиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг аксарияти транспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш жойида ҳам кўриб чиқилиши мумкин.
Агар сиз мансабдор шахснинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлсангиз ёки у ўз ваколатларини суиистеъмол қилмоқда деб тахмин қилиш учун асослар бўлса, шу жойнинг ўзида унинг ҳаракатларидан норозилигингизни маълум ишонч телефонлари (102, 1007, 1000 ва бошқалар)га қўнғироқ қилиб, билдиришингиз мумкин. Шунингдек, сиз ҳозирча ушлаб турилмаганингиз ва ҳуқуқларингиз чекланмаганлиги боис ўзингиз билган ҳуқуқшуносга қўнғироқ қилишингиз ва у билан маслаҳатлашишингиз мумкин.
МЖтКнинг 285-моддасига биноан маъмурий йўл билан ушлаб туриш қуйидаги ҳолларда қўлланилади:
— бошқа таъсир кўрсатиш чоралари қўлланиб бўлинганидан кейин маъмурий ҳуқуқбузарликни тўхтатиш мақсадида;
— шахсни аниқлаш учун;
— башарти баённома тузиш зарур бўлиб, уни ҳуқуқбузарлик содир этилган жойнинг ўзида тузиш имкони бўлмаган тақдирда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш учун;
— ишларнинг ўз вақтида ва тўғри кўриб чиқилишини таъминлаш ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар юзасидан чиқарилган қарорларни ижро этиш мақсадида.
Улашиш:
Бошқалар
Нотариус томонидан пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиш
Қонунчиликка кўра, нотариус қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда кредиторга топшириш учун қарздордан депозитга пул суммалари ва қимматли қоғозларни қабул қилиши мумкин.
Мукофотни ошкора ваъда қилиш: тўлаш ва бекор қилиш тартиби
Фуқаролик кодексининг 981-моддасига мувофиқ, агар бир шахс муайян ҳаракатни бажарган шахсга мукофот ваъда қилса, ва эълондаги шартларга мувофиқ ҳаракат амалга оширилса, у ҳолда мукофотни тўлаш мажбурияти юзага келади.
Никоҳ шартномаси — ҳуқуқий кафолатми ёки эҳтиёт чораси?
Никоҳ шартномаси икки ҳолатда — никоҳдан олдин ёки никоҳ даврида тузилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасида жиноят ҳуқуқи: асосий тушунчалар ва принциплар
Жиноят ҳуқуқи — бу фуқаролар, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятларни аниқлаш, уларни содир этган шахсларга жазо тайинлаш орқали жамиятда тартиб ва хавфсизликни таъминлашга хизмат қиладиган ҳуқуқий соҳадир.