Тармоқда нима гап?
15.11.2025
26

Болажон халқмиз. Болалар учун керак бўлса жонимизни ҳам беришга тайёрмиз, деб катта гапирамиз. Аммо гапларимиз, баландпарвоз шиорларимиз амалдаги ишларимиз билан гоҳида тўғри келмай қолади.
“Док-1 Макс” дори воситаларидан заҳарланиб, нобуд бўлган болалар эсингиздами? Бу жиноятдан, болаларимизга нисбатан қилинган бу хиёнат тафсилотларидан чўзилган суд мажлислари, йўқотилган вақт, жабрланган ота-оналарнинг ойлаб чўзилган сарсонгарчилигидан бутун дунё хабар топди, аммо норасидаларнинг товонини тўлашга, ногирон бўлиб қолган болаларнинг ҳаётини яхшилашга қодир эмаслигимиз ҳеч кимни ташвишлантирмади. Афсуски, бу фожиани жуда тез унутдик. Бундай ҳолат болалар ҳаётида қайта такрорланмаслигига онт ичганлар эса ҳали отдан тушгани йўқ!
Орадан кўп ўтмай Жиззахда боғча болалари заҳарлангани ҳақида яна бир хабар тарқалди. Журналист Наргис Қосимованинг ёзганларини ўқиб, бу фожиалар – ваҳимали фожиа эканидан чиндан ҳам хавотирга тушасиз.
“Фориш туман хокимлигининг хабарига кўра, 37 нафар боғча боласининг ота-онаси фарзандларида овқатдан заҳарланиш аломати билан шифохонага мурожаат қилишган.
Таълим тизими ислоҳ қилинаяпти, лекин ислоҳот дегани аутсорсинг деб номланган “савдо тизими” эмас! Бу хизмат бола овқатини арзонлаштириш учун эмас, сифат ва гигиенани таъминлаш учун жорий қилинган эди. Аммо натижа-чи? Аутсорсинг – тоза даромад манбаи эмас, тоза болалик озуқаси бўлиши керак! Лекин бугун у баъзи кимсаларнинг чўнтагини тўлдирадиган шубҳали схемага айланди. Ва унинг оқибатида азиз фарзандларимиз азият чекаяпти.
Бу хизмат давлат ихтиёри ва назоратида қолиши шарт. Болаларни заҳарлаганлар – ким бўлишидан қатъий назар – жавобгарликка тортилиши керак!”
Тўғри, бугун мустақилмиз, бизга юқоридан тазйиқлар, таҳдидлар йўқ. Ҳамма нарса ўзимизнинг тасарруфимизда. Лекин ўз боламизни ўзимиз асрай олмайдиган даражага етганимиз кечирилмас ҳол.
Болалар боғчасини бойлик орттирадиган, бизнес бешигига айлантирманг, жаноб ишбилармонлар. Савоб учун болалар боғчасини қуриб, болаларни ўз ҳисобидан овқатлантираётган кимсалар борми ўзи бизда? Тўғри, жуда кўплаб хусусий болалар боғчаси қурилиб фойдаланишга топширилаяпти. Афсуски, ҳаммаси гўёки, ким ўзарга ва ким кўп фойда кўрарга. Болаларнинг қатнови учун тўловларнинг миқдори ойлик маоши ҳаминқадар бўлганлар учун эмас, биттагина митти болакай учун шу қадар қиммат тўлов жорий этган боғча мудираларининг ўз элини тунаётган қароқчилардан нима фарқи бор? Таълим ва тарбия стандартлари эса ҳамон ўша-ўша, эски ҳаммом, эски тос янглиғ эски қолипда қолаётгани ачинарли. Бу камчиликлар, содир бўлаётган кўнгилсизликлару, фожиалар ҳақида гапиргудек бўлсангиз, хусусий боғчадагилар ва давлат тасарруфидагилар айбни бир-бирига тўнкашга ўрганиб қолган. Бу билан муаммога ечим топиб бўлармиди?
Болаларга хиёнат энг оғир жиноят! Бу жиноятга панжа орасидан қараб бўлмайди. Жиноятга эса жазо муқаррар бўлиши керак!
Сунъий интеллект нима дейди?
Бу борада дунё давлатларидаги ҳолат ва жазолар ҳақида сунъий интеллект ёрдамида олинган маълумотлар кишини анча ҳушёр торттиради ва биздаги ҳолатлар ҳам қонунчилигимизга шундай нормаларни киритиш зарурлигини тақозо қилади. Дунё тажрибаси бундай жиноятга жазо чораларини қўллашда қатъий.
Чет элларда ҳам болалар боғчаларида овқатдан заҳарланиш ҳолатлари учрайди. Бу ҳолатлар кўпинча гигиенага риоя қилмаслик ёки қасддан заҳарлаш билан боғлиқ бўлади. Қуйидаги мисоллар турли давлатларда содир бўлган ва расмий манбалардан олинган маълумотларга асосланади. Айбдорларнинг жазоси ҳар бир ҳолатда турлича бўлиб, қонунчиликка ҳамда ҳолатнинг оғирлигига қараб ўзгаради – жаримадан тортиб, умрбод қамоқ ёки ўлим жазосигача.
Франциянинг шимолий қисмидаги Сен-Кантен шаҳри атрофида 2025-йилда болалар овқатдан заҳарланиш ҳолати содир бўлди. 19 нафар бола (1-12 ёш) E. coli бактерияси билан заҳарланди, уларнинг аксарияти гўшт маҳсулотларидан заҳарланган деб гумон қилинган. 8 нафар болада гемолитик-уремик синдром (HUS) ривожланди, бу ҳолат буйрак етишмовчилигига олиб келди ва 12 ёшли қизча вафот этди. Сабаби қассобхоналардан олинган гўшт маҳсулотларида бактерия бўлган. Ҳолат 2025-йил июнь ойида бошланган. Бу жиноят жазосиз қолмади. Масалан, қассобхоналар ва супермаркетларнинг гўшт бўлимлари ёпилди. Прокуратура “қасдсиз ўлдириш”, “қасдсиз жароҳат етказиш” ва “ҳаётга хавф туғдирувчи товарлар билан алдаш” айбловлари бўйича суд иши очиб, тергов ўтказмоқда.
Хитойнинг шимолий-ғарбий қисмидаги Тяньшуй шаҳридаги Heshi Peixin болалар боғчасида 251 нафар боладан 233 таси овқатга қўшилган қўрғошинли бўёқдан заҳарланди. Болаларда қўрғошин даражаси меъёридан 2000 марта ортиқ бўлган, бу овқатга рангли бўёқ қўшиш орқали содир бўлган. 201 нафар бола шифохонага ётқизилди.
Жазо: боғча директори ва молиявий ҳомийсини ўз ичига олган 8 нафар шахс “токсик овқат ишлаб чиқариш” айби билан ҳибсга олинди. Яна 27 нафар боғча, шифохона ва ҳукумат ходимлари тергов остида.
Хитойда боғча ўқитувчиси Ванг Юн ҳамкасби билан жанжал туфайли болалар боғчасидаги бўтқа овқатига заҳарли натрий нитрати қўшиб, 25 нафар болани заҳарлади. Бир бола вафот этди, қолганлари жароҳатланди.
Жазо: ўқитувчи 2023-йилда ўлим жазосига ҳукм қилинди ва қатл этилди. Бу ҳолатда қасддан заҳарлаш бўлгани учун жазо оғир бўлди.
Умуман олганда, айбдорларнинг жазоси давлат қонунчилигига боғлиқ: жарима ёки қамоқ, қасддан заҳарлаш учун оғирроқ жазо белгиланади. (масалан, Хитойда ўлим жазоси).
Бизда эса... Барчаси хўжакўрсинга(ми?!)
Маруса ҲОСИЛОВА,
“Инсон ва қонун” мухбири
Улашиш:
Бошқалар
Шахс ўзининг хабарисиз номига кредит тузилишининг олдини олиши мумкин
Қонунчиликка кўра, жисмоний шахс ўзининг иштирокисиз ёки хабарисиз кредит битими тузилишининг олдини олиш учун ўзи билан кредит битими тузишни кредит бюросига ариза киритиш орқали тақиқлаши мумкин.
Никоҳ шартномаси — ҳуқуқий кафолатми ёки эҳтиёт чораси?
Никоҳ шартномаси икки ҳолатда — никоҳдан олдин ёки никоҳ даврида тузилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасида жиноят ҳуқуқи: асосий тушунчалар ва принциплар
Жиноят ҳуқуқи — бу фуқаролар, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятларни аниқлаш, уларни содир этган шахсларга жазо тайинлаш орқали жамиятда тартиб ва хавфсизликни таъминлашга хизмат қиладиган ҳуқуқий соҳадир.
Никоҳ шартномаси — оиладаги ишончнинг кафолати
Никоҳ шартномаси — бу оддий қоғоз эмас.