Life Style
03.11.2026
23

Спорт инсон саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмоний қобилиятини ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини шакллантиришда муҳим ўрин тутади. Мамлакатимизда фуқароларни спортга кенг жалб этиш, спортчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва улар учун зарур шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 24 мартдаги ЎРҚ–1123-сонли “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонуни ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солади. Мазкур Қонунга мувофиқ, спорт билан шуғулланиш фуқароларнинг ҳуқуқларидан бири бўлиб, бу жараёнда белгиланган қоидаларга риоя этиш муҳим аҳамиятга эга.
1-қоида. Ҳар бир фуқаро спорт билан шуғулланиш ҳуқуқига эга. Қонунга мувофиқ, фуқаролар ҳаваскорлик ва профессионал спорт билан шуғулланиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган. Улар спортчи, тренер ёки спорт ҳаками сифатида фаолият юритиши мумкин. Бу фуқароларнинг ўз қизиқиши ва қобилиятидан келиб чиқиб, спорт соҳасида иштирок этиши учун ҳуқуқий асос яратади.
2-қоида. Спорт турини танлашда эркинлик мавжуд. Фуқаролар ўз қизиқиши, жисмоний имкониятлари ва тайёргарлигига мувофиқ спорт турларини танлаши мумкин. Шу билан бирга, муайян спорт тури билан шуғулланишда унга нисбатан белгиланган талаблар ва хавфсизлик қоидалари инобатга олиниши лозим. Спорт тури бу спорт мусобақаларига ўзига хос тарзда тайёргарлик кўрилиши билан ажралиб турувчи, спорт мусобақаларини ўтказишга ва уларда иштирок этишга доир талаблар ва шартлар белгиланадиган қоидаларга (низомга, регламентга) эга бўлган жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги фаолият тури ҳисобланади.
3-қоида. Спорт мусобақалари тасдиқланган қоидалар асосида ташкил этилади. Уларда иштирок этувчи спортчилар тегишли спорт тури қоидаларига ва мусобақа низомига риоя этиши зарур. Бу мусобақаларнинг адолатли ва тартибли ўтказилишини таъминлашга хизмат қилади.
4-қоида. Спортда допингга қарши қоидаларга риоя этилиши шарт. Спортчилар спорт натижаларини сунъий равишда яхшилаш мақсадида тақиқланган моддалар ва усуллардан фойдаланмаслиги керак. Антидопинг қоидаларига риоя этиш спортда ҳалол рақобатни таъминлаш ва спортчилар саломатлигини муҳофаза қилишнинг муҳим шартидир.
5-қоида. Қонунчиликда спортчилар ва тренерларни рағбатлантириш ҳамда қўллаб-қувватлаш чоралари назарда тутилган. Жумладан, белгиланган тартибда бир марталик ёки ойлик тўловлар, стипендиялар ва бошқа қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилиши мумкин. Бундай тўловлар барча спортчиларга автоматик равишда берилмайди.
Спорт билан шуғулланиш нафақат саломатликни мустаҳкамлаш, балки инсоннинг интизомли, иродали ва фаол бўлиб вояга етишига ҳам хизмат қилади. Спорт соҳасида белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятларни билиш фуқароларга ўз имкониятларидан тўғри фойдаланиш, мусобақаларда қонуний иштирок этиш ҳамда ўз манфаатларини ҳимоя қилиш имконини беради.
Лобар Розимова,
ҳуқуқшунос
Улашиш:
Бошқалар
Такси нархлари ошгани юзасидан ўрганишлар бошланди
Рақобат қўмитаси такси агрегаторларининг истеъмолчилар ва ҳайдовчиларга кўрсатаётган хизматлари юзасидан ўрганиш бошлади.
Маълумотларни ошкор қилиш учун қандай жарима бор?
Қонунга кўра, фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган айрим маълумотлар сир сақланиши лозим.
Муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотларини сотганлик учун жарималар оширилади
Янги қоидаларнинг асосий мақсади — инсон саломатлиги ва ҳаёти учун хавф туғдириши мумкин бўлган маҳсулотларни ўз вақтида аниқлаш ва муомаладан чиқариш.
Йўл керакми, уй керакми?!
Сингапурда тирбандликни камайтириш учун автомобилдан фойдаланишнинг ўзи чекланган.