currencies image

12 966,38 UZS

19,18

usd

currencies image

14 213,75 UZS

8,75

eur

currencies image

150,23 UZS

3,15

ru



АсосийЯнгиликларСудга қандай мурожаат қилинади? муҳим 5 саволга жавоб

Судга қандай мурожаат қилинади? муҳим 5 саволга жавоб

Ўзбекистон

calendar

24.10.2023

eye

4 862

Судга қандай мурожаат қилинади? муҳим 5 саволга жавоб

Судга мурожаат қилиш тартиби қандай? Масалан, ҳоким устидан арз қилинганда қайси судга борилади-ю, алимент ундиришни қайси суд кўриб чиқади? Ишлар нечта босқичда кўрилади? Судга бериш қанчага тушади? Давлат божини кимлар тўламайди? Hudud24.uz қуйида судга мурожаат қилишда билиш лозим бўлган энг муҳим масалаларга эътибор қаратади. 1. Судга мурожаат қилиш шакллари қандай? Бузилган ҳуқуқингизни тиклаш ва қонуний манфаатларингизни ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилмоқчи бўлсангиз, ишнинг судга тегишлилиги ва унинг туркумига қараб даъво аризаси, ариза, шикоят, илтимоснома каби ҳужжатлар орқали мурожаат қилишингиз мумкин. Ишнинг судга тегишлилиги деганда, муайян ишни кўриб чиқиш ваколати қайси судга тааллуқли бўлиши тушунилади. Масалан, ҳокимнинг қарори устидан арз қилмоқчи бўлсангиз, маъмурий судга мурожаат қилишингиз керак. Алимент ундириш бўйича ишларни фуқаролик судлари кўриб чиқади. • Фуқаролик ва иқтисодий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича судга даъво аризаси шаклида мурожаат қилинади. • Фуқаролик ва иқтисодий ишларда буйруқ тартибида (низосиз талаблар бўйича) ҳамда алоҳида тартибда иш юритишда, шунингдек низоли масалалар бўйича маъмурий ишларда биринчи инстансия судларига ариза билан мурожаат қилиш мумкин. • Апеллация ва кассация инстансиялари судлари учун фуқаролик, иқтисодий маъмурий ишлар бўйича шикоят (протест) шаклида мурожаат қилиниши керак. Юқоридаги ҳужжатлар намуналарини бу ердан олишингиз мумкин. Мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар судга электрон шаклда https://exsud.sud.uz сайти орқали юборилиши ёки бевосита суднинг ўзига олиб бориб берилиши мумкин. 2. Судда ишлар қайси босқичларда кўриб чиқилади? Амалдаги тартибга мувофиқ қуйидаги босқичларда суд ишлари кўриб чиқилади: биринчи инстанция, апелляция, кассация ва такрорий кассацияда. Иш судда биринчи босқичда кўриб чиқилаётган бўлса, уни биринчи инстанция сифатида барча бўғин судлари ўз ваколатлари доирасида кўриб чиқиши мумкин. Айтайлик, биринчи инстанция судининг чиқарган қарорига норозисиз. Энди бунинг устидан юқори турувчи судлов бўғинига апелляция тартибида шикоят юбора оласиз. Апелляция судининг ҳам қарори маъқул бўлмади, бунда кассация тартибида Олий суд ишни кўриб чиқа олади. Дейлик, кассация босқичида ҳам масалангизга қониқарли ечим топа олмадингиз, яна бир имкон бор– такрорий кассация инстанцияда иш кўриб чиқилиши учун арз қилиниши мумкин. 3. Судга мурожаат қилиш қанчага тушади? “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, судга ариза, даъво аризаси ёки шикоятлар билан мурожаат қилишда давлат божи тўланиши талаб этилади. Давлат божининг миқдори талаб қилинаётган даъво баҳоси ва қонунда белгиланган ставкадан келиб чиқади. Мисол учун, мулкий хусусиятга эга даъво аризаларидан даъво баҳосининг 4 фоизи миқдорида, бироқ БҲМнинг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда тўлов амалга оширилиши керак. Айтайлик, шартнома бўйича 10 миллионлик маҳсулот етказиб берилиши керак эди, бироқ келишув бажарилмади. Бу ерда даъво баҳоси – 10 миллион сўм, унинг 4 фоизи 400 минг сўм ҳисобланади. Демак, даъвогар томон, аввало, 400 минг сўм тўлов қилиши ва унинг квитанциясини даъво аризасига илова қилган ҳолда судга тақдим этиши керак. Давлат божи ставкалари билан батафсил бу ерда танишишингиз мумкин. “Шу билан қутиларканман”, дейишга ҳали бор. Иш судда кўриб бўлингач, тегишли тарафдан суд чиқимлари ҳам ундирилади. Булар туркумига почта, видеоконференцалоқа харажатлари, судга эксперт, таржимон, мутахассислар, гувоҳлар, таржимонларни жалб қилиш билан боғлиқ харажатлар ва бошқа чиқимлар киради. 4. Кимлар давлат божини тўламайди? Давлат божини тўлашдан озод қилинадиган жисмоний ва юридик шахсларнинг рўйхати “Давлат божи тўғрисида”ги Қонун билан белгиланади. Масалан, фуқаролик ишларида алиментлар ундириш тўғрисидаги даъволар юзасидан, иш ҳақини ундириш тўғрисидаги даъволар ва меҳнат ҳуқуқлари муносабатларидан келиб чиқадиган бошқа талаблар юзасидан, истеъмолчиларнинг ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши билан боғлиқ даъволари юзасидан давлат божи тўланмайди. Шунингдек, маъмурий ишларда тадбиркорлар тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган давлат бошқаруви органларининг устидан арз қилганда, иқтисодий ишларда эса Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари  палата аъзоларининг манфаатларини кўзлаб берган даъволаридан давлат божи ундирилмайди. Бу рўйхат узун, тўлиқ бу ерда танишишингиз мумкин.

  1. Судда муайян шахс ўрнига вакил қатнашиши мумкинми?
Муайян вазиятлар бўладики, шахснинг ўзи суд процессида турли сабабларга кўра иштирок эта олмайди. Масалан, сафарда бўлиши, ўзининг ҳуқуқ-манфаатларини мустақил ҳимоя қила олмаслиги, юридик билими етарли эмаслиги каби ҳолатлар туфайли ўзининг ўрнига бошқа одам судда қатнашиб беришига эҳтиёж туғилади. Бунда судда вакил орқали иштирок этишга қонун йўл қўяди. Бу қоида юридик шахсларга (масалан, ташкилот) ҳам тегишли бўлиб, улар ҳам ўз вакиллари орқали судда иштирок этишлари мумкин. Судда вакиллик икки хил кўринишда вужудга келиши мумкин: қонуний ва шартномавий вакиллик шаклида. Қонуний вакиллик белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз, муомала лаёқати чекланган, бедарак йўқолган деб топилган ёки ўлган деб эълон қилинган шахслар ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига дахлдор ишларни судда кўришда мажбурийдир. Қонуний вакил сифатида ота-оналар, васийлар, ҳомийлар ва бошқа шахслар иштирок этади. Унинг келиб чиқиши учун ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинаётган шахс розилиги талаб қилинмайди. Юқоридаги ҳолатлардан бошқа барча ҳолларда вакиллик шартномага асосланган бўлади ва фақат ишонч билдирувчининг бунга хоҳиши мавжуд бўлганда юзага келади. Шартномавий вакил сифатида адвокатлар, тўғри ва ён шажара бўйича қариндошлар (ота-она, болалар, неваралар ёки ака-ука, опа-сингиллар каби), шунингдек қонунда белгилаган бошқа шахслар судда ишончнома орқали иштирок этишлари мумкин.

Неъматулло Замонов,

Hudud24.uz колумнисти.

Улашиш:

Бошқалар

14-март 2025, 11:38
1 590

Мурожаатчи билиши лозим бўлган 5 та муҳим факт

Қонунчилигимизда мурожаатчининг мурожаати юзасидан хавфсизлигининг кафолатлари белгиланган бўлиб, мурожаатчини таъқиб этиш ман этилади.


17-март 2025, 13:00
1 428

Ҳомиладор ва уч ёшга тўлмаган фарзанди бор аёллар меҳнат ҳуқуқларини таъминлашинг ўзига хос жиҳатлари

БМТ маълумотларига кўра, ўртача меҳнат бозорида аёллар ҳали ҳам глобал миқёсда эркакларникига қараганда 23 фоизга кам даромад олишади. Бунда, хотин-қизларнинг таълим олишга бўлган ҳуқуқининг таъминланмаганлиги асосий сабаб сифатида кўрсатилади.


21-март 2025, 06:23
1 227

Давлат хизматчилари байрамларда совға олиши мумкинми? Муҳим 5 саволга жавоб

Аксарият учун байрам ва бошқа тадбирларнинг завқли жиҳатларидан бири совға бериш ва олиш бўлса керак.


17-март 2025, 11:17
1 188

Хотин қизларга таълим олишда яратилган имтиёзлар

Ўзбекистон 2024 йилда гендер тенглик ва бошқарув индекси бўйича 72,8 балл тўплаган ҳолда, 2022 йил қайд этилган 103-ўриндан 52-ўринга кўтарилганини кўрсатиш мумкин.

Мавзуга доир янгиликлар: