Суд очерклари
12.06.2024
1 015

Жалақудуқ туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамда тадбиркор Умиджон Юсупов раҳбарлигидаги “NEW BUILDING” масъулияти чекланган жамияти ўртасида низо юзага келган.
Гап шундаки, 2023 йил 4 сентябрь куни тарафлар ўртасида тумандаги 10 ва 29-сонли давлат мактабгача таълим муассасалари ҳамда 19, 27-умумтаълим мактаблари биносини жорий таъмирлаш бўйича шартномалар тузилган. Шунга асосан, қурувчи тадбиркор 10-сонли давлат мактабгача таълим муассасаси биносида 1 миллиард 201 миллион сўмлик, 27-умумтаълим мактаби биносида 156 миллион сўмлик, 29-сонли давлат мактабгача таълим муассасаси биносида 164 миллион сўмлик, 19-сонли умумтаълим мактаби биносида 397 миллион сўмлик таъмирлаш ишларини бажарган. Бу хусусда тегишли ҳисоб-варақ далолатномалари ҳам имзоланган. Қолаверса, Жалақудуқ туман прокуратурасининг 2023 йил 20 октябрдаги 10.6/23-сонли талабномасига асосан “Norma qurilish nazorat” масъулияти чекланган жамияти мутахассислари томонидан бажарилган ишлар назорат ўлчовидан ҳам ўтказилган. Аммо Жалақудуқ туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими “Ишим битди – эшагим лойдан ўтди” қабилида иш тутиб, “NEW BUILDING” МЧЖ ҳақини тўлаб бермайди.
Тадбиркор У.Юсупов Хўжаобод туманлараро иқтисодий судига мурожаат қилиб, Жалақудуқ туманидаги таълим муассасаларида бажарган ишлари учун жами 1 миллиард 918 миллион 485 минг сўмлик ҳақини ундириб беришни сўради.
Конституциямизнинг 55-моддасига мувофиқ, ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли. Ҳар қимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади. Бироқ Андижон вилояти иқтисодиёт ва молия бошқармаси ишга жалб қилинган бўлса-да, судга келмай ариза тақдим этган ҳолда даъвогар ҳамда жавобгар ўртасида тузилган пудрат шартномалари Жалақудуқ туман ғазначилик бўлимидан рўйхатдан ўтказилмаганлигини маълум қилган.
Тўғри, Бюджет Кодексининг 122-моддасида “Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг бюджетдан ажратиладиган маблағлар бўйича товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчилар билан тузган шартномалари, шунингдек уларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар улар ғазначилик бўлинмаларида рўйхатдан ўтказилганидан кейин кучга киради” дея қайд этилган. Бу қоида Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2016 йил 23 декабрдаги “Иқтисодий судлар томонидан қурилиш пудрати шартномасидан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишда қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 306-сонли қарор 3-банди билан ҳам тасдиқланган. Агар ғазначилик бўлинмасида рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган қурилиш пудрати шартномасидан келиб чиққан низони ҳал этишда, шартнома рўйхатдан ўтказилмаганлиги аниқланса, судлар мазкур Пленум қарорининг 2.3-бандида белгиланган қоидаларни қўллашлари лозим. Унга кўра, қурилиш пудрати шартномасида муҳим шартларнинг мавжуд бўлмаганлиги ва шартнома тузилмаган деб ҳисобланиши, агар бундай ишларнинг бажарилганлиги ҳолати тақдим этилган далиллар билан исботланса, бажарилган ишлар қийматини ундириш тўғрисидаги талабни рад этишга асос бўлмайди. Бироқ, бундай қурилиш пудрати шартномаси шартлари ва (ёки) қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарлик чорасини (неустойка, фоизлар ундириш, зарарни қоплаш) қўллаш тўғрисидаги талабни қаноатлантириш рад этилади.
Ана шу асосларга таянган суд даъвони қаноатлантириб, Жалақудуқ туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимидан “NEW BUILDING” МЧЖ фойдасига 1 миллиард 918 миллион 485 минг сўм ундириш юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилди.
Иброҳим ЖЎРАЕВ,
Хўжаобод туманлараро
иқтисодий суди раиси
Улашиш:
Бошқалар
Ижтимоий тармоқлардаги хатти-ҳаракатлар интизомий жавобгарликка сабаб бўладими?
Кодекснинг 301-моддасига кўра, ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилиши уни интизомий жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.
Қарз шартномасини тузишда нималарга эътибор қаратиш керак?
Баъзан қарз олиб, қайтариб бермаслик оқибатида яқин қариндошлар ва қадрдон дўстлар ўртасида низо келиб чиқади.
Ходим ишламаётган даврлар қачон дам олиш вақти ҳисобланмайди?
Ходимга дам олиш учун эмас, балки бошқа мақсадларда бериладиган, ходимни меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод этиш даврлари дам олиш вақтига кирмайди.
Сунъий интеллект ва юридик терминология
Ҳар қандай ҳуқуқий ҳужжат аниқ ва тушунарли тилда ёзилиши шарт.