currencies image

12 724,84 UZS

15,11

usd

currencies image

14 223,83 UZS

32,80

eur

currencies image

137,11 UZS

2,03

ru



АсосийЯнгиликларТарихни эркаклар ёзадими — ДНК тузилишини кашф этса-да, сояда қолаверган олима қисмати

Тарихни эркаклар ёзадими — ДНК тузилишини кашф этса-да, сояда қолаверган олима қисмати

Ўзбекистон

calendar

22.10.2023

eye

878

Тарихни эркаклар ёзадими — ДНК тузилишини кашф этса-да, сояда қолаверган олима қисмати

1953 йили “Nature” журналида икки олим Френсис Крик ва Жеймс Уотсоннинг ДНК тузилишини кашф этгани ҳақидаги мақола шов-шув бўлади. Орадан 10 йил ўтгач икки кашфиётчи ва ДНКнинг қўш спиралини аниқлагани учун Морис Уилкинсга Нобел мукофоти берилади. Бироқ бир фигура – ДНК структураси устида анча пайт ишлаган ва ҳамкасбларидан аввал гипотезаларини келтирган биофизик Розалинд Франклин сояда қолади. Нега бундай бўлгани ва олима номи кашфиётчилар сафидан тушиб қолганининг тарихи қизиқ. Hudud24 Франклин хонимга “насиб этган” тақдир ҳақида ҳикоя қилади. [caption id="attachment_23098" align="alignnone" width="300"] Фото: “sciencehistory.org”
[/caption] Фан – аёллар учун эмас(ми?) Банкир оиласида туғилган ва шунчаки уй бекаси бўлиб яшашни хоҳламаган Розалинд ака-ука, сингилларидан иқтидорли чиқади. ХХ аср бошида аёлнинг карьера қилиши, рўзғордан ортиб эркаклар қатори ишлашини жамият тасаввурига сиғдиролмасди. Лекин Розалинд уй ишларига ўралашиб яшашни тасаввурига сиғдиролмайди. Мактабдаям лотин тили ва табиий фанларни яхши ўзлаштиради. Фан у учун қўрқув, ҳаёт, тириклик манбаига айланади. Чунки ўша йиллари қизларнинг “ўзбошимчалик” билан илмий доираларга кириши, ниманидир ўрганиб, тадқиқ этиши қаттиқ қораланарди. Эркакларам, фандан узоқ хонимлар ҳам буни қабул қилолмасди. Лекин Розалинд ҳаммасига чидаб, Кембриж талабасига айланади. Ўқиш пайти энг иқтидорли, имтиҳонларни нуқул аълога топширадиган талабага якунда илмий даража берилмайди. Фақат йигит талабаларнинг бунга ҳаққи бор эди. Орадан 4 йил ўтгачгина Франклин илмий мавзусини ҳимоя қилиб, даражага эга чиқади. Ўқишни битирган йили Иккинчи жаҳон уруши бошланади. Франклинлар ҳам эл қатори Германиядан Англияга қочиб келаётган яҳудийларга кўмакка шошилади. Икки етим болани асраб олиб, ғамхўрлик кўрсатишади. Дунё ғала-ғовурга тўлиб, Европадаги олимлар дарбадар кезиб юрган йиллари Розалинд кўмир тузилиши устида иш бошлайди. Унинг кашфиётлари ис газига қарши янги, хавфсиз ниқоб ясашга йўл очади. Лаборатория – озодлик демак Уруш якунлангач Розалинд бошқа соҳани хаёлига сиғдиролмай, фан билан шуғулланишда давом этади. Аввалига Париж, сўнг яна Лондонда қўним топади. Қироллик коллежидаги биофизика бўлими бошлиғи Жон Рэндалл иқтидорли қизни бошқа бўлимга ўтказишга қўймай, муҳим лойиҳалар устида ишлаётган жамоага бириктиради. Кейинчалик ДНК толалари тадқиқотига жалб этади. Ўзини лабораториядагина бехавотир, эмин-эркин сезадиган Розалинд кўпам шов-шув кўтаришни, илмни байроқ қилиб амал эгаллашни истамайдиган тоифадан эди. Кейин ўша замон тутуми сабаб аёлларга раҳбарлик лавозимлари ишониб топширилмасди. [caption id="attachment_23099" align="alignnone" width="300"]
Розалинд Франклиннинг кўп тадқиқотлари ўтган лаборатория
Фото: Жон Финч[/caption] 1950-йиллари боши ДНК тузилиши ва функциялари аҳли олимга номаълум, ҳали ўрганилмаган янги фан йўналиши ҳисобланарди. Аввалига ёш тадқиқотчи оқсиллар ва липидларнинг рентген нурлари дифракцияси устида ишламоқчи бўлади. Бироқ ҳамкасби ва маслаҳатгўйи Жон Рэндалл уни ДНК толаларини ўрганишга йўналтиради ва экспериментал дифракция бўйича Қироллик коллежидаги ягона мутахассисга айланишини мумкинлигини тушунтиради. Бунга қўшимча, у уч йиллик тадқиқоти учун Тёрнер ва Нюалл стипендиясини ютганди. Бу имконият ҳам қўл келади. Тўғри, Розалинд ДНК бўйича илмий иш олиб бораётган ягона тадқиқотчи эмасди. Ундан олдин йирик олимлар: микробиолог Освалд Эвери ва унинг ҳамкасблари муайян янгиликларни ўртага ташлашга улгуришганди. Қироллик коллежида эса Жон Рэндалл, унинг шогирдлари ва Морис Уилкинс молекула тузилишини ўрганиш учун рентген нурлари дифракциясидан фойдалангандилар. 1951 йили жамоага қўшилган Розалинд ҳам Париждаги Марказий давлат лабораториясида кўмир тузилишини шунга ўхшаш техника ёрдамида аниқлаб кўрганди. Бироқ Розалинд эркак ҳамкасбларига ҳадеганда тиш ёравермас, олаётган натижаларини улар билан бўлишишни хуш кўрмасди. Кимдир ўзини яқин тутса, шартта четга қочар, фақат тадқиқоти ва тажрибаларига шўнғиб кетарди. Аммо у фақат ишхонада, лабораториядагина ўзини шундай тутганини айтишади. Совуққонлик қилмаса, натижага эришолмаслигини биларди. Дўст-дугоналари, ишга алоқаси йўқ танишлари олдида унданда хушчақчақ, киришимли, сўзамол топилмаслигини замондошлари тасдиқлайди. Илмдаги эркаклар уни ўзига кўпроқ рақиб сифатида билар, уни хавфли тадқиқотчи сирасига киритиб қўйишганди. Гумонлар, гипотезалар ва тан олинмаган топилма Ўзи учун лабораторияда хаёлий тўсиқ яратиб олгач, ДНК молекуласини тадқиқ этишга шўнғийди. У рентген найини қайтадан ишлаб чиқиб, микрофильмларга мўлжалланган ускунани мукаммаллаштиради. Сўнг ўта тиниқ ва аниқ суратларни олишга муваффақ бўлади. Ишлар жўнашиб боравергач, Уилкинс билан ДНКнинг икки шакли мавжуд деган хулосага келишади. Бироқ ўртада келишмовчилик чиқиб, вазият таранглашиб бораверади. Бири “эркакман ахир, гапим гап” деса, иккинчиси “нима қилибди” дея истеҳзосини яширмайди. Буларнинг раҳбари саналмиш Рэнделл эса баҳс-мунозарага тоб бермай, лойиҳани иккига тақсимлайди – ҳар ким ўзича шуғуллансин, охирида натижалар бирлаштирилади, дейди. Розалинд рентген найи билан тажрибалар ўтказишда давом этади. Вақт ўтиб, ҳаракат ва тажрибалар натижасини беради: аниқ фокус орқали ДНК молекуласи тузилишининг илгари қайд этилмаган тиниқ сурати ниҳоят олинади. Аввалроқ у ҳамкасбларига ДНК спираль тузилишга эга деган тахминини айтар, бироқ далиллар етарли эмаслигидан тилини тишлаб қоларди. Розалинд олган натрий тузи толаларининг рентгенограммаси бутун дунёга “51-сурат” бўлиб танилади. Бу ўша замон аёлининг улкан кашфиёти эди. [caption id="attachment_23101" align="alignnone" width="287"] Розалинд Франклин суратга олишга муваффақ бўлган ДНКнинг B-шаклидаги рентген кристаллографияси фотоси қўш спирал ҳақидаги тахминларни тасдиқлаган.
Манба: Churchill Archives Centre’да сақланаётган Франклиннинг қўлёзмаларидан олинган фото
[/caption] Айни шу фотография орқали ДНКнинг қўш спирали мавжудлиги ортиқча тахминларсиз исботини топади. Бироқ олиманинг оламшумул янгилиги ҳеч қаерда эътироф этилмайди, илмий доираларда овоза қилинмайди. Чунки қўшни лабораторияда яна икки олим Жеймс Уотсон ва Френсис Крик ҳам ДНК тузилишини ўрганар, йиллар бўйи якдил натижа чиқаролмай юришарди. Розалинднинг аниқ суратни олишга муваффақ бўлгани, тадқиқотлари илгари силжиётгани иккисининг оромини бузади. Шунда ўзаро келишиб, олимга ярашмайдиган йўл тутилади: Розалинднинг лабораториясига кириш ҳуқуқига эга йигитчадан 51-суратни олиб чиқиш сўралади. Розалинднинг кейинги тажрибалари ҳафсаласини пир қилгач, ДНК структурасини ўрганишга чуқур киришмайди. Ярим йўлда тўхтатади. 51-суратни яхшилаб ўрганган Уотсон эса рентгенограммада иккита толанинг қўшалоқ спираль ҳосил қилиб шаклланишини билиб қолади. Улардан жуфтликлар ҳосил қилишга уринади ва буни уддалайди ҳам. Бугун фанга маълум АCGT комплиментар жуфтликлардан иборат ДНК модели шу тариқа барпо этилади. Бу Розалинд B-шакл деб номлаган ДНК молекула шаклининг модели эди. 51-суратнинг олимага сездирмай олиб чиқилгани эса кейинчалик ҳам ошкор этилмайди. [caption id="attachment_23102" align="alignnone" width="300"] 1962 йили Нобель мукофотига сазовор бўлган номзодлар.
Ўнгдан чапга: Морис Уилкинс, Жон Стейнбек, Жон Кендрю, Макс Перуц, Фрэнсис Крик ва Жеймс Уотсон.
Фото: Churchill Archives Centre
[/caption] 37 ёшда келган дард ва ўлим Икки олим тахминидаги камчиликлар тўғриланиб, кашфиёт якунига етар палла Розалинд Қироллик коллежида ишламас, ДНК тадқиқотларини қўйиб, бошқа илмий мавзуларга шўнғиб кетганди. Олима нуқул вақт етишмаётгани, ҳаётда нимагадир улгуриб қолиши зарурлигини фаҳмлар, шу сабаб кунни тунга улаб, Биркбек коллежи (ҳозирги Лондон университети)даги лабораториядан бери келмасди. Кўп ва хўб ишламоқдан роҳатланар, тамаки мозаикаси вирусини ўрганарди. Айни шу изланишлари молекуляр биология ривожига ҳисса қўшади. Рентген нурлари билан ўтказилган тажрибалар олима соғлиғига таъсир қилмай қўймайди. 1956-йил ўрталари Америкага иш бўйича саёҳат қиларкан, саломатлигида муаммо борлигини пайқаб қолади. Ҳатто Нью Йоркдалигида кийимини кийиб-ечишга ҳоли келмай, ошқозонида қаттиқ оғриқ туради. Ўша йилиёқ қорнидаги икки ўсимта операция қилиб олиб ташланади. Одам ҳолини сўриб оладиган муолажаларга қарамай Франклин ишлашда, тажрибалар ўтказишда давом этади. 1957 йилнинг охирида, 37 ни тўлдирганида саратон уни яна йиқитади. Зудлик билан шифохонага элтишгач, энди васиятномасини ёзиши кераклигини сезади. Дўстлари ва уч акасига мол-мулкини тақсимлашга қарор қилади. 1958-йил ҳам кириб келади. Розалинд сал-пал тузалгани ва яна ишлаши мумкинлиги учун жонажон лабораториясига қайтади. Биофизика бўйича тадқиқотлар олиб боришга рухсатнома олади. Бироқ саратон яна қайталаниб, баҳор ўрталарида – 1958 йилнинг 16 апрелида тухумдон саратони, бронхопневмония ва иккиламчи карсиноматоздан вафот этади. Кечиккан эътироф Рентген нурлари билан меъёридан кўп ишлаш Франклиннинг шундай хасталикни орттириб олишига сабаб бўлган деган тахминлар талай. Лекин олиманинг бошқа оила аъзолари ҳам саратоннинг турли шакллари билан курашиб ўлим топгани ҳам бунга қўшимча қилинади. Олима номи ўчмаслиги учун 2001 йили АҚШ Миллий саратон институти тадқиқотчи аёллар учун Розалинд Франклин мукофотини таъсис этади. 2003 йили эса фан, муҳандислик ва технологияга қўшган улкан ҳиссаси учун Қироллик жамияти олима номидаги мукофот ҳақида хабар беради. Голландияда эса 2004 йили ёш ва истиқболли тадқиқотчи аёлларни қўллаш учун Розалинд Франклин стипендияси жорий этилади. 2023 йилнинг апрелида эса янги далиллар ўртага чиққач, олимлар баҳамжиҳат Розалинд Франклинни ДНКни кашф этишда “тенг ҳуқуқли иштирокчи” деган хулосага келишди. Чарос Низомиддинова тайёрлади.

Улашиш:

Бошқалар

19-сентябр 2024, 14:21
4 391

Уй-жой учун субсидия олиш тартиби: муҳим 7 саволга жавоб

23 сентябрдан субсидия учун аризалар қабул қилиш бошланади. Ариза берувчи ўзининг даромади етмаса, унинг хоҳишига кўра, даромадлари ҳисоб-китобига яқин қариндошларининг ҳам даромадларини киритиши мумкин.


11-сентябр 2024, 11:32
2 973

“Xotin-qizlar.uz” платформаси доирасида хотин-қизлар муаммоларни ҳал этиш тизими йўлга қўйилади

2024 йил октябрь ойидан бошлаб “Xotin-qizlar.uz” платформаси доирасида Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва тизимли ҳал этиш модули ишга туширилиб, муаммоларни ўрганиш модули орқали аниқланган муаммолар тегишлилиги бўйича “маҳалла - туман - вилоят - республика” даражасида ҳал этилиши тизими йўлга қўйилади.


21-август 2024, 12:46
1 469

Ўзбекистонда ресторан ва кафеларга ўзларига туташ майдонларда ёзги террасага рухсат берилади

ҚҚС тўлашга ўтган ресторан ва кафеларга фойда солиғи 2 карра камаяди. 1 декабрдан бу корхоналар нақд пулга сотиб олган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кирим қилишда ҳеч қандай ҳужжат талаб қилинмайди.


24-август 2024, 11:07
1 448

Президент Мустақиллик байрами муносабати билан қатор соҳа вакилларини мукофотлади

"Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат соҳалари ва оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги Президент фармони эълон қилинди.

Мавзуга доир янгиликлар: