Ҳуқуқ
08.03.2024
984
Бандлиги таъминланади
Хотин-қизларнинг бандлигига қуйидаги йўналишларда кўмаклашилади: а) тармоқ ва ҳудудий инвестиция дастурларига киритилган лойиҳаларда хотин-қизлар учун яратилаётган янги иш ўринларига ишга жойлаштириш; б) мавжуд вакансия ва захира (квота) иш ўринларига ишга жойлаштириш ҳамда ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш; в) кооперативларга жалб этиш; г) касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитишни ташкил этиш, тадбиркорликка жалб этиш, ўзини ўзи мустақил равишда банд қилишни ривожлантиришга доир фаолиятни ташкил этиш орқали бандликка кўмаклашиш.
Тадбиркорликка жалб қилинади
Тадбиркорликни йўлга қўйишга кўмаклашиш қуйидаги йўналишларда амалга оширилади: а) ўқув курсларини ташкил этиш орқали тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирган ва хотин-қизларнинг тадбиркорлик кўникмаларини ошириш ва бизнес лойиҳаларини тузишга кўмаклашади; б) тадбиркорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш учун кредит ажратилади. Кредитлар 33 миллион сўмгача миқдорда ажратилади. Кредитларни илгари олинган кредитлар ёки ҳар қандай бошқа қарзларни қайтаришга, шахсий эҳтиёж учун автотранспорт воситаси сотиб олишга, маъмурий харажатларни тўлашга, жумладан, автотранспорт воситасининг таъминоти, мебель, алоқа хизматлари тўлови ва уяли телефон сотиб олишга ҳамда тақиқланган фаолиятларга ажратишга йўл қўйилмайди. Кредитлар 14 фоизлик ставкада:
оилавий тадбиркорлик, даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган хотин-қизларга — 3 ойдан 6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга;
чорвачилик (четдан келтирилган наслли қўй ва эчки), балиқчилик ва паррандачилик (тухум йўналиши) учун — 1 йилгача бўлган имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга;
боғдорчилик, узумчилик ва лимончиликни ташкил этиш, иссиқхона, қишлоқ хўжалиги техникаси ва асбоб-ускуналарни харид қилиш учун — 3 йилгача бўлган имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга ажратилади.
Ўзини ўзи банд қиладиган хотин-қизларга айрим турдаги фаолиятни амалга ошириш (касаначилик, ҳунармандчилик, иссиқхона қуриш ва шу кабилар учун зарурий хом ашё, эҳтиёт қисм ҳамда қурилиш молларини сотиб олиш) мақсадида 5 млн сўмгача миқдорида кредит маблағлари нақд пулда берилиши мумкин. Кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни доимий иш билан таъминлаш шарти билан самарадорлиги юқори ва барқарор иш ўринлари яратишга қаратилган лойиҳаларига 225 миллион сўмдан ортиқ, бироқ 1 миллиард сўмдан кўп бўлмаган миқдорда белгиланган тартиб асосида кредит ажратилиши мумкин. Кредит суммасининг аниқ миқдори тадбиркор томонидан иш билан таъминланадиган ҳар бир хотин-қиз учун 33 миллион сўмгача миқдорга мутаносиб равишда белгиланади.
3. Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини ўзи банд қилиш учун керак бўлган асбоб-ускуна, меҳнат қуроллари харид қилиш учун субсидия ажратилади
Хотин-қизларга асбоб-ускуна, меҳнат қуроллари (тикувчилик, тўқимачилик, пазандачилик, соч турмаклаш, дурадгорлик, чилангарлик, қурилиш, қишлоқ хўжалиги (мотокультиватор, ўт ўриш ўроқ машинаси, пайвандлаш аппарати, ўсимликларга ишлов бериш қурилмаси) ва бошқа соҳаларда ишлатиладиган меҳнат қуроллари ва аппаратларини харид қилиш учун 7 миллион сўмгача ёки 10 миллион сўмгача субсидия ажратилади.
Томорқадан ва деҳқончиликдан даромад манбаи сифатида фойдаланиш учун кўмаклашилади
Хотин-қизларга томорқадан ва деҳқончиликдан даромад манбаи сифатида фойдаланиш учун кўмаклашиш қуйидаги йўналишларда амалга оширилади:
енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш;
парранда, асалари, қуён, балиқ ва бедана боқишни йўлга қўйиш;
деҳқончилик билан шуғулланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ва сотиш ишларида ҳар томонлама кўмаклашиш;
“Томорқа хизмати” ташкилотлари ва “Дала дўконлари”ни ташкил этиш.
Хотин-қизларга моддий ёрдам кўрсатилади
Тасдиқланган рўйхатлар асосида бир марталик моддий ёрдам берилади. Ушбу бир марталик моддий ёрдамни тўлаш учун бир марталик моддий ёрдам бериш миқдорлари (суммаси) кўрсатилган рўйхатни туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимига тақдим этади. Бир марталик моддий ёрдам тўловлари ҳар ойнинг 5 — 27-саналарида амалга оширилади. Бир марталик моддий ёрдам бир календарь йили давомида бир маротаба берилади. “Аёллар дафтари”га киритилган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизлар, шунингдек, қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди бор ёлғиз оналарга қўшимча моддий ёрдам бериш чоралари кўриб борилади.
Хотин-қизларга турар жой ижара компенсациясини тўланади
Фуқаролар йиғинлари раислари ва хотин-қизлар фаоллари томонидан турар жой учун ижара компенсациясини тўлаб бериш бўйича талабномалар шакллантирилади. Хотин-қизларга турар жой ижара компенсацияси мазкур талабномалар ҳамда секторлар раҳбарлари ва туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғининг хулосаси асосида белгиланган тартибда тўлаб берилади. Бунда:
турар жой ижараси тўғрисидаги шартнома уч томонлама — ижарага берувчи, ижарага олувчи ва туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлими ўртасида тегишли йилнинг сўнгги кунигача бўлган муддатга тузилади;
турар жой ижараси учун тўловларнинг 50 фоизи, лекин кўпи билан 500 минг сўмгача бўлган қисми қоплаб берилади.
Турар жой ижараси учун тўловлар ижарага берувчига тўғридан-тўғри тўланади. Хотин-қизлар белгиланган тартибда ижтимоий уй-жойларга ижара ҳуқуқи асосида беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга кейинчалик узайтириш имконияти билан жойлаштирилиши ёки ҳомийлар томонидан мулк ҳуқуқи асосида уй-жой билан таъминланиши мумкин.
Хотин-қизларнинг уй-жойи таъмирланади
Хотин-қизларнинг уй-жойи ҳолати ўрганилади ва нуқсон далолатномаси ҳамда таъмирлаш ёки қурилиш материалларини олиб бериш бўйича смета ишлаб чиқилиб, “Аёллар дафтари” жамғармаси Васийлик кенгашига киритилади. Ҳар бир уй-жойни таъмирлаш ишларига базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача миқдорда маблағ ажратилади.
Хотин-қизларга тиббий хизмат кўрсатилади
Хотин-қизлар, шунингдек, уларнинг вояга етмаган (қарамоғида I гуруҳ ногиронлиги бўлган фарзандларининг ёшидан қатъи назар) фарзандларига тиббий ёрдам кўрсатиш зарурати аниқланганда, уларнинг саломатлиги ҳудудий бирламчи тиббий — санитария муассасасидан шифокор жалб қилинган ҳолда баҳоланади. Ўрганиш натижасига кўра тиббий ёрдам кўрсатиш зарурати аниқланганда, белгиланган тартибда тегишли бирламчи тиббий — санитария муассасасига йўналтирилади ва стационар ёки амбулатор даволаниш масаласи ҳал этилади. Тиббий ёрдам кўрсатиладиган имтиёзли тоифага кирадиган вилоят ёки республика даражасида даволаниши лозим деб топилган хотин-қизлар, шунингдек, уларнинг вояга етмаган (қарамоғида I гуруҳ ногиронлиги бўлган фарзандларининг ёшидан қатъи назар) фарзандлари белгиланган тартибда электрон навбатга қўйилиши таъминланади. Ногиронлик белгилари аниқ намоён бўлган беморлар белгиланган тартибда кўрикдан ўтиш учун Тиббий-меҳнат эксперт комиссияларига юборилади. Шунингдек, дори-дармон олиб бериш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваригача ҳамда мураккаб жарроҳлик амалиётлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваригача миқдордаги харажатлар тўлаб берилади. I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ёки сурункали касалликларга чалинган эҳтиёжманд хотин-қизларнинг ва (ёки) уларнинг вояга етмаган (қарамоғида I гуруҳ ногиронлиги бўлган фарзандларининг ёшидан қатъи назар) фарзандларининг, шунингдек, лозим бўлганда I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга ҳамроҳлик қилувчининг Ўзбекистон Республикасининг бошқа ҳудудида жойлашган тиббий муассасаларга даволаниш учун бориш-келиш йўл харажатлари тўлаб берилади. Бунда хотин-қизлар йўл харажатларини тасдиқловчи ҳужжатларни тегишли туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимига тақдим этади. Йўл ҳужжатлари мавжуд бўлмаганда, йўлкирага ҳақ тўлаш ҳар бир километрга базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,08 фоизи миқдорида амалга оширилади. Беморни махсус транспорт воситасида тиббий муассасага етказиш лозим бўлган тақдирда, йўл харажатларини тўлаб бериш учун туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси хулосаси олинади.
Хотин-қизларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади
Хотин-қизларга сайёр қабуллар орқали қуйидагилар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади:
прокуратура органлари — ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган хотин-қизларга амалий ёрдам кўрсатиш, судга мурожаат қилиш тартибини тушунтириш, судга мурожаат қилиш учун керак бўладиган ҳужжатларни расмийлаштиришга кўмаклашиш;
ички ишлар органлари — тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни ушбу таҳдидлардан ҳимоя қилиш, такрорий зўравонлик содир этилишининг олдини олиш мақсадида профилактик суҳбатдан ўтказиш ва зўравонлик содир этган шахсни тузатиш дастуридан ўтиш бўйича ваколатли органга юбориш, ҳимоя ордери талабларининг ижросини назорат қилиш ҳамда унинг талабларини бузиб зўравонлик содир этган шахсларни жавобгарликка тортиш юзасидан ваколати доирасида чора кўриш;
адлия органлари — ҳуқуқий маслаҳатлар бериш.
Хотин-қизларга психологик ёрдам кўрсатилади
Хотин-қизларга “Аёллар маслаҳат кенгаши”, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази, унинг ҳудудий ва туманлараро намунали марказлари, Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳузуридаги “Хотин-қизлар ҳуқуқий, психологик маслаҳатхонаси”, таълим муассасаларининг, малакали психологлари томонидан психологик маслаҳатлар бериб борилади.
Юқорида кўрсатилган барча имтиёз ва ёрдамлар “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга тақдим этилади.
Улашиш:
Бошқалар
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.
Ўзбекистонда ўз бизнесини йўлга қўйган тадбиркор хотин-қизлар сони 200 мингдан ошди
Сенат ҳамда Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида "Мен муваффақиятли тадбиркор аёлман" тадбиркор аёллар форуми ўтказилди.
Ўзбекистонда эркак ва аёллар сони маълум қилинди
1 январь ҳолатига кўра Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси қарийб 36,8 млн кишини ташкил этган.
Ўзбекистондаги эркаклар ва аёллар сони эълон қилинди
Доимий аҳоли сони 36,8 млн кишини ташкил этмоқда.
Марказий Осиёнинг етакчи аёллари рейтинги тузилди
Рейтинг “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Ижтимоий-иқтисодий ташаббуслар институти билан ҳамкорликда ҳамда минтақа экспертлари кўмагида илк бор тузилди.