Ҳуқуқ
24.09.2026
29

Тасаввур қилинг, тадбиркор ўз корхонасида харидорлар энг кўп ёқтирадиган маҳсулотни тайёрлашнинг ўзига хос усулини ишлаб чиқди. Ушбу усул, маҳсулот таркиби ёки ишлаб чиқариш технологияси ҳақидаги маълумотлар рақобатчилар қўлига тушса, корхона ўзининг бозордаги устунлигини йўқотиши мумкин. Шу сабабли тадбиркор учун нафақат маҳсулот сифати, балки корхонага тегишли муҳим маълумотларни ҳимоя қилиш ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бундай ҳолат ҳуқуқий усулда айтганда тижорат сири саналади.
Тижорат сири – учинчи шахсларга номаълум бўлгани сабабли фан-техника, технология, ишлаб чиқариш, молия-иқтисодиёт ёки бошқа соҳаларда тижорат қийматига эга, қонуний асосда эркин фойдаланиш мумкин бўлмаган ва мулкдори унинг махфийлигини муҳофаза қилиш чораларини кўраётган ахборотдир.
Шу жойда савол пайдо бўлиши мумкин. Тижорат сирини давлат рўйхатидан ўтказиш керакми?
Йўқ. Тижорат сирига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказиш ёки гувоҳнома олиш орқали эмас, мулкдор ахборотга нисбатан тижорат сири режимини ўрнатган пайтдан вужудга келади. Шу сабабли корхонада муайян маълумотни «махфий» деб аташнинг ўзи етарли эмас. Қонунда белгиланган ташкилий ва ҳуқуқий чоралар амалда жорий қилиниши лозим.
Агар ходим тижорат сирини ошкор қилса, нима бўлади?
Тижорат сирини қонунга хилоф равишда қўлга киритган, фойдаланган ёки ошкор қилган шахсга нисбатан:
ҳуқуқбузарликни тўхтатиш;
етказилган зарарни қоплаш;
шартнома ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа жавобгарлик чораларини қўллаш масаласи қўйилиши мумкин.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда тижорат сирини ошкор этганлик учун жавобгарлик белгиланган. Жумладан, тиббий ёки тижорат сирларини, ёзишма ва бошқа хабарлар, нотариал ҳаракатлар, банк операциялари ва жамғармалар сирларини, худди шунингдек фуқарога, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига маънавий ёхуд моддий зарар етказиши мумкин бўлган бошқа маълумотларни ошкор этиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмидан икки бараваригача, мансабдор шахсларга эса — икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ҳуқуқий ҳимояда корхонада тижорат сири режими ҳақиқатан ўрнатилганини тасдиқлайдиган ички ҳужжатлар, махфийлик шартлари, ходимларни таништириш ҳужжатлари ва ахборотга кириш қайдлари муҳим аҳамиятга эга. Шу боисдан ҳам, иш берувчи тижорат сири билан ишлайдиган ходимни:
махфий маълумотлар рўйхати;
тижорат сири режими;
уни бузганлик учун жавобгарлик билан тилхат олган ҳолда таништириши керак.
Ходим иш берувчининг розилигисиз тижорат сирини ошкор қилмаслиги ва ундан шахсий мақсадда фойдаланмаслиги шарт. Меҳнат ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномада тарафларнинг тижорат сирини муҳофаза қилиш мажбуриятлари ҳамда шартнома тугагандан кейин собиқ ходим ахборотни ошкор қилмаслиги шарт бўлган муддат ҳам белгиланиши керак.
Тижорат сирини ҳимоя қилиш – бу нафақат маълумотни сақлаш, балки бизнес барқарорлиги ва келажакдаги ривожланиш учун масъулиятли қадамдир.
Улашиш:
Бошқалар
Автомобиль йўлларини таъмирлашга ким масъул? Муҳим қоидалар
Сифатли йўл — нафақат қулайлик, балки ҳаракат хавфсизлигининг муҳим кафолатидир.
Кибержиноятчиликдан ҳимоя: аҳоли билиши зарур бўлган 10 та муҳим қоида
Ҳар бир инсон рақамли хавфсизликнинг оддий, аммо муҳим қоидаларига амал қилиши зарур.
Одам савдосидан жабрланганлар қандай ҳимоя қилинади? Янги тартиблар ва кафолатлар
Одам савдоси инсоннинг эркинлиги, шаъни ва қадр-қимматига жиддий тажовуз қилувчи оғир жиноятлардан бири ҳисобланади.
Ҳуқуқни билиш — шунчаки қонун нормаларини ёд олиш эмас
Инсон ҳаёти давомида оилавий, меҳнат, таълим, мулкий, ижтимоий ва бошқа кўплаб муносабатларга киришади.