Ўзбекистон
11.01.2024
108
Сўнгги кунларда Тошкентда ҳавонинг ифлосланиши масаласи тармоқ фойдаланувчилари томонидан фаол муҳокама қилинмоқда. Hudud24.uz колумнисти, жамоатчилик фаоли Шаҳноза Соатова Буюк Британияда ўтган асрнинг 50-йилларида кузатилган аномал экологик вазият мисолида экологик қонунчиликни такомиллаштириш эҳтиёжи ҳақида мулоҳаза юритади.
Бир неча кун аввал экофаол Мўътабар Хушвақтова ва рэппер Шака ҳамкорлигида тайёрланган видео интернетда тарқалди. Унда Оҳангарондаги иссиқлик электростанцияси ва унинг табиатга таъсири кўрсатиб берилган.
Ушбу видеони фейсбук саҳифамга жойлагандим, бир фойдаланувчи изоҳ қолдирибди: “Уйда иссик булмаса-давлат айбдор, кумир билан уйни иситиб бермаган-чунки табиатга зарари бор. Уйда иссик булса яна давлат айбдор- кумир билан иситгани учун атмосфера-хаво бузилаяпти, нафас олиб булмаяпти” (имло сақланган)
Шарҳни ўқиб, Лондондаги “Буюк смог” (Great Smog) воқеаси эсга келди.
1952 йил декабрда Лондонда об-ҳаво бирданига совиб кетади ва одамлар одатдагидан кўпроқ кўмир ёқиб уйларини иситадилар. Урушдан кейинги Британия кўмири сифатсиз бўлиб, таркибида олтингугурт сақларди (иқтисодий сабабларга кўра сифатли кўмир экспорт қилинарди). Шунингдек, Лондоннинг қатор туманларида кўмир билан ишлайдиган электростанциялар қурилган, шаҳарда трамвайдан воз кечилгани учун, автобуслар ва автомобиллар кўпайган ва ҳоказо. Натижада ҳавода олтингугурт оксиди миқдори ортиб кетади. Аксига шамол ҳам бўлмади ва қуюк смог Лондон осмонида нақд тўрт кун (4—9 декабрь) сақланиб турди.
Туманли Альбион аҳолиси аввалига буни оддий туман деб қабул қилди. Бироқ кўчаларда ҳаракатланиш қийинлашди, смог уйларнинг ичигача кириб борди, театрлар томошаларни тўхтатди (саҳна кўринмай қолди), ҳатто тез ёрдам машиналари юролмади ва беморлар ўзи касалхонага келишга мажбур бўлди... Жума куни бошланган смог сешанба куни тарқади.
Энди ҳаммаси ортда қолди дейишганида тиббиёт статистикаси жиддий ҳолатни намоён қилди. Маълум бўлишича, шу 4 кунда респиратор касалликлардан 4 минг киши ўлган. Уларнинг аксари ёш болалар ва кексалар эди.
Орадан 2 ой ўтгач подполковник Липтон Парламентда нутқ сўзлаб, смог 6 минг кишининг умрига зомин бўлганини айтди. Кейинчалик тиббий текширувлар такомиллашгач, “Буюк смог” 12 минг кишининг ўлимига сабаб бўлгани ойдинлашди. Шунингдек, аҳолининг умумий соғлиғида жиддий из қолди. Смог кунлари Лондонда бўлган ва бўлмаган 1 ёшгача болаларнинг кейинги аҳволи солиштирилганида, Лондондаги чақалоқларнинг астмага чалиниш ҳолатлари 8 марта кўпайгани маълум бўлди.
Марҳумлар сони тирикларни ўйлантириб қўйди ва маълум хулосаларга олиб келди. Аввало одамлар атроф-муҳит, хусусан, тоза ҳавонинг инсонлар саломатлигига нақадар боғлиқлигини англашди.
Ҳукумат янги экологик стандартларни қабул қилиб, сифатсиз ёқилғидан фойдаланишни чеклади, таркибида олтингугурт бўлган ёқилғиларга умуман тақиқ қўйди.
1952 йилдан бошлаб экологик қонунлар қабул қилина бошлади. Хусусан, Лондон Сити қонуни (1954), “Тоза ҳаво тўғрисида”ги қонун (1956) қабул қилинди. Уй эгаларига кўмирдан кўра газдан фойдаланишни рағбатлантирувчи механизмлар ишлаб чиқилди.
Лондонда 70 йиллар олдин бўлган ушбу ҳодисаларда бизнинг ҳозирги аҳволимизга ўхшаш жиҳатлар кўплигини сезган бўлсангиз керак.
Хўш, биз қандай хулоса чиқарамиз? Қонун чиқарувчилар, ижро ҳокимиятидан тортиб оддий фуқарогача нимани ўзгартира оламиз?
Масала шунда.
Бизда ҳавонинг ҳозирги ҳолати одамлар соғлиғига қандай таъсир қилгани тўғрисида статистик маълумотар йўқ, бу борада илмий-тадқиқотлар ўтказиляптими ва ўтказилаётган бўлса, натижалари қандай, деган саволга ҳам жавоб йўқ, ҳозирча. Яъни миқёсни билмаймиз, зарарни аниқ баҳолай олмаймиз. Бироқ ифлос ҳаво зарарли эканини исботлаш ҳам шарт эмас.
Сўнгги пайтларда йўтал безовта қилаётган, касал бўлаётган ва ундан узоқ вақт тузала олмаётган одамларни кўп учратяпмиз. Ўзим ҳам умримда алллергия нима эканини билмас эдим, сўнгги йилларда сурункали йўтал билан курашиб келмоқдаман. Шифокорлар ҳам бундай шикоятлар билан мурожаат қилаётган беморлар кўпайганини айтишмоқда.
Янги таҳрирдаги Конституциямизга “экологик ҳуқуқлар” деган тушунча киритилди. Аввал “экологик ҳуқуқ” тушунчаси йўқ эди. Хусусан, 49-моддада шундай дейилган:
Ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эга.
Давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади.
Шаҳарсозлик ҳужжатларининг лойиҳалари қонунда белгиланган тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади.
Давлат барқарор ривожланиш принципига мувофиқ, атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади.
Давлат Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш юзасидан чоралар кўради.
Эндиликда, ушбу ҳуқуқни таъминлаш чораларини кўриш керак.
Шу кунларда қонунчилик ташаббусига эга субъектлар, хусусан, экопартиямиз ва фаол депутатларимиз, ташаббуслар билан чиқишлари лозим. Шунингдек, тегишли вазирлик ва идоралар мавжуд вазият ва янги чақириқларни инобатга олган ҳолда зудлик билан таклифлар беришлари керак (балки бу жараёнлар аллақачон бошланиб кетгандир, унда яхши). Аминманки, барқарор энергиятаъминот ва экология муҳофазаси ўртасида мувозанатни топиш мумкин. Муқобил энергия, замонавий ёндашувлар ва ҳоказо бутун дунё қўллаётган усуллар бор-ку.
Оддий одам сифатида ҳар биримиз энергияни ортиқча исроф қилиш нафақат ҳамёнга, балки (асосийси) соғлиққа зарар эканини тушунган ҳолда, кундалик турмуш тарзи ва энергия истеъмолимизни танқидий кўриб чиқишимиз лозим.
Энергиями ёки экология деган дилемма ҳозирча йўқ. Қаловини топса, қор ҳам ёнади. Ҳам совқотмаслик ва ҳам тоза ҳаводан нафас олишни таъминлаш мумкин. Тартибларни бир кўриб, тузатиб чиқиш ва уларга амал қилишимиз керак. Ифлос ҳавода касал бўлмаслигимиз учун, болаларимиз, авлодлар соғлиги учун.
Улашиш:
Бошқалар
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.