currencies image

11 806,97 UZS

18,43

usd

currencies image

13 430,43 UZS

52,89

eur

currencies image

139,86 UZS

0,48

ru



АсосийЯнгиликларУй ишчиларининг меҳнат ҳуқуқи борасида 5 та муҳим саволга жавоб

Уй ишчиларининг меҳнат ҳуқуқи борасида 5 та муҳим саволга жавоб

Ҳуқуқ

calendar

04.11.2026

eye

20

Уй ишчиларининг меҳнат ҳуқуқи борасида  5 та муҳим саволга жавоб

Бугунги кунда уй ишларини бажариш, болаларга қараш, кексаларни парваришлаш ва бошқа маиший хизматларни кўрсатиш мақсадида уй ишчиларини ёллаш амалиёти кенг тарқалган. Бироқ бундай меҳнат муносабатларида ходимларнинг ҳуқуқлари ҳар доим ҳам тўлиқ таъминланмайди. Ваҳоланки, уй ишчилари ҳам меҳнат қонунчилигида белгиланган ҳуқуқ ва кафолатлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Қуйида уй ишчиларининг меҳнат ҳуқуқларини таъминлашда эътибор қаратиш лозим бўлган 5 та муҳим қоидага тўхталиб ўтамиз.

Уй ишчилари кимлар ҳисобланади?

Меҳнат кодексининг 514-моддасига мувофиқ, иш берувчи бўлган жисмоний шахсларга уларнинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган шахсий эҳтиёжларини қаноатлантириш учун ишларни бажарувчи, хизматлар кўрсатувчи ходимлар (боғбонлар, энагалар, қоровуллар, оқсочлар, ҳайдовчилар ва бошқалар) уй ишчиларидир.

Уй ишчиларини ишга қабул қилишга улар 16 ёшга тўлганида йўл қўйилади.

Уй ишчиси билан меҳнат шартномаси тузиладими?

Иш берувчи бўлган жисмоний шахс томонидан ёзма шаклда тузиладиган меҳнат шартномаси уй ишчиси билан якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар юзага келишига асос бўлади. Ишга қабул қилинаётган уй ишчиси билан меҳнат шартномаси номуайян муддатга ёки муддатли тузилиши мумкин.

Шартнома тузилгунга қадар уй ишчиси иш берувчи бўлган жисмоний шахс томонидан меҳнат шартлари тўғрисида олдиндан хабардор қилиниши керак. Шартнома 3 нусхада тузилади, улардан бири иш берувчи бўлган жисмоний шахснинг яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига тақдим этилади, иккинчиси иш берувчида қолади, учинчиси эса ходимга берилади.

Иш ва дам олиш режими қандай бўлади?

Иш режими, дам олиш кунларини ва йиллик меҳнат таътилларини бериш тартиби ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади. Бунда иш ҳафтасининг давомийлиги Меҳнат кодексида белгиланганидан кўпроқ, йиллик меҳнат таътилининг давомийлиги эса қисқароқ бўлиши мумкин эмас.

Уй хўжалигида яшовчи уй ишчиларини ҳар кунлик ёки ҳар ҳафталик дам олиш ёхуд йиллик меҳнат таътиллари даврида уй хўжалигида ёки уй хўжалиги аъзолари билан қолишга мажбурлаш тақиқланади.

Меҳнат шартномасини бекор қилиш қандай амалга оширилади?

Уй ишчиси меҳнат шартномасини иш берувчи бўлган жисмоний шахсни 7 календарь кун олдин ёзма шаклда огоҳлантирган ҳолда, ўз ташаббусига кўра бекор қилишга ҳақлидир. Ушбу огоҳлантириш муддати уй ишчиси ва иш берувчи бўлган жисмоний шахс ўртасидаги келишувга кўра қисқартирилиши мумкин.

Шунингдек, иш берувчи бўлган жисмоний шахс ҳам меҳнат шартномасида назарда тутилган асослар бўйича уй ишчиси билан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақлидир.

Уй ишчиларига меҳнат стажи ёзиладими?

Ха, агар уй ишчиларининг ёлланиб ишлаш бўйича иш даврлари башарти ижтимоий солиқ тўланса, ходимнинг меҳнат стажига киритилади. Уларнинг меҳнат стажини ҳисобга олиш ижтимоий солиқ тўланганлиги тўғрисидаги маълумотлар асосида амалга оширилади.

Хулоса қилиб айтганда, уй ишчиларининг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш нафақат қонуний талаб, балки адолатли меҳнат муносабатларининг муҳим шартидир. Меҳнат муносабатларини қонунчиликка мувофиқ расмийлаштириш, ходимнинг меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш, дам олиш ва бошқа қонуний ҳуқуқларини ҳурмат қилиш иш берувчининг муҳим мажбуриятларидандир.

Лобар Розимова

Улашиш: