Суд очерклари
13.01.2025
1 072

Олтиариқлик Латифжон Ибодуллаев (исм-шарифлари ўзгартирилган) тумандаги корхоналарнинг бирида шартнома асосида ишларди. Ишдан бўш пайтларида, айниқса кечки овқатдан кейин вақтини маҳалладоши Фазлиддин Аминжоновнинг биллиардхонасида ўтказарди.
Аксарият ҳолларда у тун ярмида, баъзан тонгга яқин уйига қайтар, сўнг чошгоҳгача ёки пешингача ухлаб ётарди. Бу ҳолат эса отаси Мирзаакбар Ҳамзалиевни жуда ранжитарди.
2024 йил 18 апрель куни ҳам шундай ҳол такрорланди. Биллиардхонадан тунги соат 03:00ларда қайтган Латифжон ухлаб қолиб, эрталаб ишга боролмади.
-Яна ўша жойга борсанг, мендан яхшилик кутма, -деди ота ўғли уйғонгач.
Қолаверса, Фазлиддин Аминжоновга қўнғироқ қилиб, дўқ урди.
-Ўғлим сенинг биллиардхонангда пулини совуряпти. Ҳам чекиб, ҳам ичиб келяпти. Энди борса уни киритма. Аксинча, кунингни кўрсатаман,-дея шарт ҳам қўяди.
Шундан кейин биллиардхонада туман ИИБ ходимлари томонидан назорат тадбири ўтказилади. Ф.Аминжонов эса бунда Мирзаакбар акани айблайди. Таниш-билишларига “Ўша “сотқин” хабар берган ички ишлар ходимларига” деб нолийди. Бу гап қулоқдан қулоққа ўтиб, Л.Ибодуллаевга етиб келади кўп ўтмай. Натижада қони қайнаб, тутоқиб кетади бўйдоқ йигит. Шу ҳақда гапириб, отаси билан ҳам тортишиб қолади. Аммо ўзини босиб, ўша куни уйдан ҳеч қаёққа чиқмайди.
Орадан 2 кун ўтгач, М.Ҳамралиев яна шу хусусда гап очади.
-Фазлиддин сени қаттиқ ҳақорат қилиб, иккаламизни сотқинга чиқариб қўйибди.
Падаридан бу сўзларни эшитган Латифжон чунонам жаҳл отига минадики, кўз очиб юмгунча биллиардхонага етиб келганини билмай ҳам қолади.
-Нега отамни ва мени ҳақорат қилдингиз?,-дейди у бақир-чақир қилиб.
Ўша дамда биллиардхонада Ф.Аминжоновнинг қўшниси Давлатали ҳам бор эди. Л.Ибодуллаевнинг отаси тенги инсонга қилган қўполлиги ёқмайди. Бинобарин, Д.Парпиев Латифжонни ёнига чақиради.
-Фазлиддин акам тўғри айтган. Сен ҳақиқатдан ҳам сотқинсан,-дейди у.
Кейин яна бошқа сўзлар билан ҳам ҳақорат қилади йигитни. Оқибатда Л.Ибодуллаев энди Давлатали билан ёқалашиб кетади. Шу боис акасидан нарироқда турган Рохотали Парпиев уларни ажрата бошлайди. Бундан фойдаланган Д.Парпиев Латифжоннинг юзи ва танасини бошқа соҳаларига уриб-тепиб, дўппослайди. Оқибатда Л.Ибодуллаевнинг шундай жаҳли чиқадики, биллиардхона ёнидаги музқаймоқ тайёрланадиган хонадан ошхона пичоғини олиб, Давлатали Парпиевнинг чап кўкраги, қорни ва иягига кетма-кет санчади. Пичоқ зарбидан ўша заҳотиёқ ерга қулайди жабрланувчи. Ф.Аминжонов эса “Тез ёрдам” чақиради. Бироқ...
Бироқ шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари бесамар кетади. Яъни, туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимида Д.Парпиевнинг жони узилади.
Шундан кейин мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилади. Қотил йигит жиноят ишлари бўйича Олтиариқ туман судининг ҳукми билан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, кодекснинг 57-моддаси тартибида 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Беҳзод ЭРГАШЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Олтиариқ туман суди раиси
Улашиш:
Бошқалар
Радарга тушиб қоидабузарлик содир этсам, менга жарима балл ҳисобланадими?
Жарима баллари эндиликда нафақат транспорт воситаси эгасига, балки автомобилни ҳақиқатан бошқариб турган шахсга ҳам ёзилади.
Болаларда гайморитни даволаш
Ҳозир гайморитни даволашнинг энг осон ва қулай усули бор.
“Инсон ва қонун” газетаси ҳамда “Ҳуқуқ ва бурч” электрон обунаси билан танишинг!
Бунинг учун adolatmarkazi.uz сайтига ташриф буюриб, сайтнинг юқори қисмидаги “кириш” тугмаси босилади ҳамда сизга берилган логин ва паролни киритиб “кириш” тугмаси босилади.
Ходим соғлигига зиён етганда ким жавобгар?
Бу ерда муҳим жиҳат шундаки, зарар миқдори автоматик равишда эмас, балки ходимнинг айб даражасига қараб белгиланади.