currencies image

12 844,21 UZS

11,72

usd

currencies image

13 508,26 UZS

62,46

eur

currencies image

127,35 UZS

0,81

ru



АсосийЯнгиликларЎқитувчилар норози! Вазирликнинг муносабатидан сўнг саволлар кўпайди. Сертификатни бекор қилиш адолатданми?

Ўқитувчилар норози! Вазирликнинг муносабатидан сўнг саволлар кўпайди. Сертификатни бекор қилиш адолатданми?

Ўзбекистон

calendar

05.08.2023

eye

4 789

Ўқитувчилар норози! Вазирликнинг муносабатидан сўнг саволлар кўпайди. Сертификатни бекор қилиш адолатданми?

Ўқитувчилар устама тўланадиган айрим сертификатлар бекор қилинишидан норози. Вазирлик эса саволларга тўла баёнот билан чиқди. Аслида вазият қандай? Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг қўшма қарори билан шу йилнинг 1 августидан ўқитувчиларга устама тўланадиган 2 халқаро сертификат рўйхатдан чиқарилди. Бу эса ўқитувчиларнинг кўплаб эътирозларига сабаб бўлмоқда. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг расмий баёноти эса ўз ортидан бир қанча саволларни қолдирмоқда. Хўш, аслида вазият қандай? Гап нимада? Президентнинг 2022 йил 11 майдаги ПФ–134-сон Фармонига кўра, халқаро тан олинган сертификатга эга ўқитувчиларга уларнинг тариф ставкасига 2025 йилгача 50 фоиз, ундан кейин 20 фоиз миқдорида ҳар ойлик қўшимча устама тўланади. Ушбу Фармоннинг ижросини таъминлаш учун 2022 йил 29 июлида Халқаро тан олинган ва миллий баҳолаш тизимида берилган сертификатлар рўйхати тасдиқланган эди. Хусусан бу рўйхатдан инглиз тили бўйича 13 та халқаро сертификат, шу жумладан, British Council Aptis ва Linguaskill ҳам ўрин олган эди. Куни кеча тасдиқланган янги рўйхат эса 11 тага қисқартирилиб, юқорида номи кўрсатилган сертификатлар чиқариб ташланди. Бироқ, ушбу қарорнинг ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз қабул қилинганлиги ўқитувчиларнинг норозилигини келтириб чиқарди. Хусусан, қарор 28 июлда қабул қилинган бўлса-да, 31 июлда эълон қилинган. Қарорда келтирилишича, 2023 йилнинг 1 августига олинган British Council Aptis ва Linguaskill сертификатлар учун устамалар тўланади. Аммо сертификат ундан кейин олинган тақдирда маошга устама берилмайди. Шу боис, август ва ундан кейин ойларда сертификат имтиҳони учун рўйхатдан ўтган ўқитувчиларда эътирозлар пайдо бўлди. Чунки улар томонидан имтиҳон учун 750 минг сўм миқдорида тўлов амалга оширилган. Бироқ, имтиҳон учун тўланган пуллар қайтарилмайди. Имтиҳон ўтказувчи ташкилот – Assessment.uz хусусий ташкилот бўлиб, офертасида бундай ҳолатлар учун тўловни қайтариш назарда тутилмаган. Хусусан, ташкилот алоқа марказидаги операторлардан бири ўқитувчилардан бирига қуйидаги мазмунда жавоб берган: “Бу қарор давлатнинг масъул вазирликлари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан қабул қилинди. Биз бу ҳақида сиз каби расмий маълумотлардан эмас, интернетдаги эълонлар орқали 31 июлда хабар топдик. Биз хусусий ташкилотмиз, бизнинг асосий фаолиятимиз тест синовларини ташкил этиш ва биз бундай қарорларни чиқариш ҳуқуқига эга эмасмиз. Лекин барча имтиҳонлар ўз вақтида бўлиб ўтади. Имтиҳон тўлови фақатгина оммавий офертада кўрсатилган ҳолатларда қайтарилади”. Ушбу сертификатларнинг ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз рўйхатдан чиқариб ташланиши ўқитувчиларнинг иш ва маиший юмушлардан орттириб, тайёргарликка сарфланган вақтини беҳудага чиқарди ва уларга имтиҳон тўловлари билан боғлиқ молиявий зарар етказди. Ўқитувчиларнинг фикри қандай? Ўқитувчилар томонидан билдирилаётган эътирозларнинг асосий қисми мазкур “қарорнинг олдиндан огоҳлантирилмасдан қабул қилинганлиги”, “бошқа сертификатлар учун имтиҳон тўловларининг қимматлиги” ва “имтиҳон учун сарфланган вақтнинг беҳуда сарфланганлиги” билан боғлиқ бўлса-да, эътирозлар орасида “устама олаётган ўқитувчиларнинг аксариятида бу сертификатларнинг борлиги ва бу вазирликка ёқмаганлиги” ҳақида ҳам фикрлар учрайди. Шу жумладан, қуйидаги мазмундаги эътирозлар билдирилган: “Шундай қарор чиқарилар экан, нега аввалроқ эълон қилинмади? Икки минглаб устоз Aptisга рўйхатдан ўтган, энди бошимизни қай ерга бориб урамиз. Биринчидан, ёз бўйи тайёргарлик кўрдик, айримлар 40°С ҳароратда репититорга қатнади. Иккинчидан, август-сентябрь ойларида рўйхатдан ўтиб қўйгандик. 28 июль куни имзоланган қарор 31 июль куни ошкор қилинди”. “Aptis имтиҳонига тўлов қилиб, 10 август куни рўйхатдан ўтганман, 1 август куни янги қарор чиқиб, бу сертификат ўтмайди дейишди. Мен фарзандларимнинг ризқидан қийиб 750 минг сўм тўлов қилгандим. Илтимос, август-сентябрь ойларга рўйхатдан ўтганларнинг сертификатларига ҳам устама тўлансин”. “APTIS сертификат олиш учун репетиторга қатнаб, қарз бўлиб, тўлов қилганларнинг пулини қайтаришсин, чунки ўқитувчилар ўзи арзимаган маошга ишлашмоқда. Мисол учун, мен ўғил уйлашим, контракт тўлашим керак, болаларимга уй-жой қилишим керак. Репетиторга қатнаб, сертификат олишга ортиқча маблағим йўқ. Бозорга чиқиш, бошқа касб қилиш олий маълумотли ўқитувчи одамнинг қўлидан келмайди. Ҳозир фақат APTIS тиклансин, десаларинг вақтинча бекор бўлиб бўлди. Ундан кўра, пулларни қайтаришсин. 4 йил ўқиб олганмиз дипломни ахир”. “Ҳозирда ўқитувчилар IELTS, TOEFL ёки бошқа сертификатларни кам олади. Чунки масала молиявий жиҳатга бориб тақалиб, 200 АҚШ долларидан 1500 АҚШ долларигача тўлов талаб қилинади. Бунинг учун кимдир қарз олади, кимдир кредит. Бундан ташқари, ушбу тестлар учун тайёргарликка кам меҳнат кетмайди. Ўқитувчиларда эса қоғозбозликдан ортган вақт анқонинг уруғи”. Шу ўринда айтиб ўтиш лозим, айрим турдаги халқаро сертификатлар имтиҳонлари учун тўлов миқдорлари 1000-3000 АҚШ долларигача етади. Ижтимоий тармоқларда нима дейишмоқда? Ижтимоий тармоқларда ушбу қарорнинг огоҳлантиришларсиз қабул қилинганлиги қораланган ҳолда рўйхатдан чиқарилган сертификатлар учун имтиҳон тартиби тўғрисида турлича фикрлар билдирилмоқда. Хусусан, мисол сифатида қуйидагиларни келтириш мумкин: “Тўсатдан бекор қилмай, олдиндан огоҳлантиришлари керак эди. Шу жойи нотўғри бўлибди. Шунда тўлов қилиб қўйганлар ҳозир пулига куйиб қолмас эди. Аммо бекор бўлгани барибир тўғри қарор. Устозларнинг баъзилари бунинг сабаби бу имтиҳонларни топшириш нархи арзон бўлганлиги ва кўп ўқитувчилар топшираётгани масъулларга ёқмаган деб иддао қилибди. Агар уларнинг гумони тўғри бўлганда эди, биринчи ўринда Multilevel (миллий “CEFR”) сертификатига устама бериш тўхтатилар эди. Чунки энг арзони шу – 445 000 сўм. Гап шундаки, сўнгги бир йилдан бери айнан APTIS бўйича нохуш гаплар кўпайган эди: 1) саволлар тарқаб кетаётганлиги; 2) онлайн бўлгани учун қандайдир ёрдам бериш иштиёқидаги одамлар пайдо бўлганлиги”. “APTIS” ёпилиши аниқ эди, чунки база янгиланмай, саволлар тарқалиб кетаётган эди. Бу ерда норозилик асосан август ойи учун тўлов қилиб қўйган устозлар томонидан бўляпти, чунки энди сертификат олгани билан устама тўланмайди. Пули бекорга кетади”. “Сертификатларнинг ҳар йили янгиланиши Президент қарорида белгиланган. Шу сабабли ҳар йили у қайта кўриб чиқилади. APTIS ва Linguaskill тестларини ўзимизникилар бузишди. Ўринга ўрин қайтарилишини билиб (саволларни) ёдлатишди”. Бунга вазирлик нима дейди? Норозиликлар ортидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 2 август куни кечки соат 22:23 да расмий баёнот берди. Мазкур баёнотда келтирилишича, сертификатларни беришда онлайн назорат тўғри йўлга қўйилмаган, яъни бир шахс ўрнига бошқаси кириб топшириб чиқиш ҳолатлари учрамоқда, айрим сертификатларнинг ҳаққонийлигини аниқлаш имконияти йўқ, текширилганда тест топширувчининг шахсини аниқлаш имконияти бўлмаган. Бундан ташқари, тест синовларида ахборот хавфсизлиги талабларига тўлиқ жавоб бермайди ҳамда тест саволлари доимий такрорланади. Аммо баёнот “эҳтиёткорлик” билан ёзилган бўлиб, рўйхатдан чиқарилаётган сертификатлар саноқли бўлса-да, уларнинг ҳеч бирининг номи кўрсатилмаган. Яъни қайси сертификат имтиҳонида бир киши ўрнига бошқаси киряпти, қай бирида ҳақиқийликни текшириш имконияти йўқ, қайсида саволлар такрорланади – саволлар очиқ қолдирилган. Бундан ташқари расмий муносабат жуда умумий тарзда берилган. Шу жумладан, унда ҳеч қандай таҳлилий ва статистик маълумотлар кўрсатилмаган. Масалан, 2022 йилнинг 1 августидан шу кунга қадар қанча ҳолатда бир шахс ўрнига бошқаси кириб топшириб чиққан? Қайси сертификатнинг ҳақиқийлигини аниқлаш имконияти йўқ? Қайси тест синовларида саволлар доимий такрорланади ва бу такрорланиш фоизи қандай? Шунингдек, устама учун топширилган сертификатларнинг неча фоизини APTIS ва Linguaskill ташкил қилади? Ушбу сертификатларнинг қанчасида қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган? Рўйхат ҳар йилда янгиланиши аниқ – Президентнинг 2022 йил 11 майдаги ПФ–134-сон Фармонига кўра, вазирлик томонидан ҳар йилда 1 августга қадар тасдиқланиши керак. Эҳтимол, юқоридаги сертификатлар бекорга чиқариб юборилмаган, чиндан ҳам уларни олишда қинғир йўллар бордир. Аммо бу ерда эътироз сертификатларни рўйхатдан чиқариб юборилиши эмас, балки вазирликнинг ёпиқ ишлаши, сертификатлар рўйхатдан чиқарилишини сўнгги сонияга қадар сир тутилишида бўлди. Хусусан, вазирлик томонидан сертификатларни қинғир йўллар билан олиш ҳолатлари, нечта ўқитувчи устама олаётгани бўйича аниқ маълумотлар жамоатчиликка бериб борилмади. Бундай ҳолатлар тор доирада муҳокама қилинмасдан очиқланиши керак эди. Шунингдек, қарор қабул қилишдан олдин юзага келадиган норозилик ҳолатлари таҳлил қилинмаган ёки унинг оқибатларига етарлича эътибор қаратилмаган. Масалан, ушбу сертификатлар рўйхатдан чиқариб юборилса, ушбу сертификатлар учун имтиҳонга тайёргарлик кўриб юрган ва тўлов қилган ўқитувчилар норозилик билдириши табиий ҳол эди. Хулоса сифатида айтиш мукминки, кишилар уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини чекловчи тартиблар ҳақида олдиндан огоҳлантирилиши керак, уларга “сюрприз” қилиниши эмас. Нажмиддинов Муроджон

Улашиш:

Бошқалар

27-октябр 2024, 06:15
1 743

Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади

Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.


19-ноябр 2024, 12:35
1 714

Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб

Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.


13-ноябр 2024, 12:35
1 604

Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб

Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.


27-октябр 2024, 04:36
1 579

Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай

Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.

Мавзуга доир янгиликлар:


cover image
16-апрел 2024, 12:30
2 763

Ўқитувчиларни аттестациядан ўтказиш: аттестациядан ўта олмаганлар ишдан бўшатиладими? Муҳим 8 та қоида

Педагоглар аттестация узрли сабабга кўра келмаса, уларнинг аттестацияси бошқа муддатга кўчирилади. hudud24.uz яна бир бор ушбу мавзунинг муҳим жиҳатларига эътибор қаратади.

cover image
27-март 2024, 10:26
423

Ўзбекистондаги мактабларда қанча ўқитувчи ишлаши маълум қилинди

Кўрсаткич 2019/2020-ўқув йили бошига нисбатан солиштирилганда 61,1 минг нафарга ошган.

cover image
13-декабр 2023, 15:00
354

Инглиз тили: 2 минг соат қоидаси

Нега ёш болага тил ўргатишда эҳтиёт бўлиш шарт? Ўзбекистонда элитар таълим қандай бўлиши керак, сифатли таълимни биз берсагу, ҳузурини чет давлатлар кўрса-чи? Бизда ишламасдан ҳам пул оладиган устозлар кўпми, хориждаги зиёли ватандошларнинг Ўзбекистонга қанчалик фойдаси тегяпти, IELTS ҳақидаги рекламалар сафсатами? Шу ва шу каби саволларга жавоблар Шаҳноза Соатованинг "Қачонгача" подкастида 7 та тилни билса-да, Андижонда ўқитувчилик қилаётган Искандар Саттибоев билан суҳбатда янграйди.

cover image
28-сентябр 2023, 07:20
479

Портлашга яқин ҳудудда жойлашган уйларда яшаш хавфли бўлиб қолдими? Вазирлик изоҳ берди

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган ваҳимали хабарларга изоҳ берди.