Life Style
26.12.2025
27

Ўзбекистон фуқароларининг хорижга чиқиш ҳуқуқи бош қомусимиз Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган. Бу ҳуқуқни амалга ошириш учун эса фуқароларга албатта хорижга чиқиш паспорти расмийлаштирилади. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда туризм ва халқаро алоқаларнинг кенгайиши, миграция жараёнларининг кучайиши ушбу ҳужжатнинг муҳим аҳамиятга эга эканлигини янада исботлаб келмоқда. Шу сабабли ҳам хорижга чиқиш паспортини олиш билан боғлиқ механизмларни билиш фуқаролар учун муҳимдир.
Хорижга чиқиш паспортини бериш тартиби қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланади?
Янги таҳрирда қабул қилинган Конститутсиямизнинг 23-моддасига кўра Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди. Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистондан ташқарига мажбурий чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга бериб юборилиши мумкин эмас. Бу модда давлатнинг фуқароларини хорижда ҳам ҳимоя қилиш мажбуриятини белгилайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш тизимини яратиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси биометрик паспорт тизимини модернизация қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4079-сон қарори. Ушбу қарор билан Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди.
Расмийлаштириш учун қандай ҳужжатлар талаб этилади?
Низомга мувофиқ хорижга чиқиш биометрик паспортига таъриф берилган бўлиб, унга кўра, хорижга чиқиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириш, шунингдек, хорижда туриш вақтида эгасининг шахсини ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини тасдиқлайдиган, паспорт эгасининг шахсий биографик маълумотлари ва биометрик параметрлари сақланган электрон ахборот ташувчига (чипга) эга бўлган ҳужжат ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартиби тўғрисидаги Низомга асосан хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш ва фуқароларга бериш маълумотларни йиғиш пунктида амалга оширилади.
Мазкур хизматдан фойдаланувчилар экстерриториаллик тамойили асосида исталган маълумотларни йиғиш пунктига ўзи келиб, ёки давлат хизматларидан электрон шаклда фойдаланиш истагида бўлса Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан рўйхатдан ўтади. Маълумотларни йиғиш пунктида сўровнома тўлдирилади. Сўровнома хизмат кўрсатувчи ходим томонидан фуқаро номидан тўлдирилади. Ушбу сўровномани фуқаро томонидан электрон рақамли имзо билан тасдиқланади. Ушбу турдаги давлат хизмати кўрсатилганда фуқаролардан сўровнома ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатлардан бошқа ҳужжатлар талаб этилишига йўл қўйилмайди.
Хорижга чиқиш биометрик паспортининг амал қилиш муддатлари қандай?
Агар бу турдаги паспорт туғилган кунидан бошлаб 1 ёшгача олинса – 2 йил муддатга, 1 ёшдан 25 ёшгача бўлган даврда олинса – 5 йил муддатга ва 25 ёшдан ошган фуқаролар учун – 10 йил муддатга амал қилади.
Хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш билан боғлиқ чекловлар борми?
Хорижга чиқиш биометрик паспортини бериш ходим томонидан рад этилиши мумкин, агар:
— хизматдан фойдаланувчи тегишли ҳужжатларни тақдим этмаса;
— хизматдан фойдаланувчи била туриб ўзи ҳақида сохта ёки нотўғри ма’лумотлар тақдим этган бўлса;
— қўл бармоқларининг изларини олиш тартибидан бош тортилганда, кўзойнак, бош кийим ва шу каби ташқи кўринишга таъсир қилувчи ашёлар билан суратга тушиш истагида қатъий турган ҳолларда;
— шахсни хорижга чиқишини тақиқлайдиган шартнома, мажбурият амалда бўлса, унинг амал қилиш муддати тугагунга қадар;
— шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлса — иш юзасидан узил-кесил суд қарори ёки бошқа қарор қабул қилингунга қадар;
— шахс ички ишлар органларининг маъмурий назоратида бўлса — назорат тўхтатилгунгача;
— шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо ва шартли ҳукм қўлланилган бўлса — жазони ўтаб бўлгунигача ёки жазодан ва шартли ҳукмдан озод қилингунга қадар;
— шахсга нисбатан ваколатли органларнинг мазкур шахс хорижга чиқиши мақсадга мувофиқ эмаслигини кўрсатувчи ахбороти мавжуд бўлса.
Хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш оддий ва қонуний асосларга таянган шаффоф жараён ҳисобланади. Давлат томонидан хизматларни рақамлаштириш, тартибларни соддалаштириш ва муддатларни қисқартириш фуқароларнинг манфаатларига хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, паспорт беришдаги чекловлар хавфсизликни таъминлашга қаратилган, қонун устуворлигини мустаҳкамлайдиган жараён сифатида намоён бўлади.
Адҳамжон Фазилов,
“Адолат” МҲАМ масъул ходими
Улашиш:
Бошқалар
Қандай ҳолатлар ишга киришни асоссиз рад этиш саналади?
Меҳнат кодекси 119-моддасида ишга қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этиш асослари келтирилган.
Аттестациядан неча марта ўта олмаган педагог билан меҳнат шартномаси бекор қилинади?
Мазкур Низомнинг 4-бандига асосан, педагог кадрлар учун мажбурий аттестация ҳар беш йилда бир марта ўтказилади.
Маъмурий суд ишларини юритишда ҳал қилув қарорини қабул қилишнинг ўзига хос жиҳатлари
Суд ҳал қилув қарорини қабул қилаётган маслаҳатхонада фақат ишни кўриб чиқаётган суд таркибига кирадиган судьялар бўлиши мумкин.
Президентнинг Жиззахга ташрифи: 12 млрд долларлик янги инвестициялар, инфратузилмага 10 трлн сўм, ер бўйича янги ижара тизими
Сўнгги саккиз йилда вилоятга 6,5 миллиард доллар инвестиция кириб келган, унинг 45 фоизи саноат тармоғи улушига тўғри келади.