currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларЎзбекистон ЖСТга аъзолик йўлида: 2025 йилдаги асосий натижалар ва 2026 йилга мўлжалланган устувор вазифалар

Ўзбекистон ЖСТга аъзолик йўлида: 2025 йилдаги асосий натижалар ва 2026 йилга мўлжалланган устувор вазифалар

Ўзбекистон

calendar

04.12.2025

eye

103

Ўзбекистон ЖСТга аъзолик йўлида: 2025 йилдаги асосий натижалар ва 2026 йилга мўлжалланган устувор вазифалар

Бугун глобал иқтисодий тартиб кескин ўзгараётган бир шароитда Ўзбекистон ўзининг янги тараққиёт стратегиясини шакллантирмоқда. Президент бошчилигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатни нафақат ички модернизация йўлига, балки халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллаш сари етакламоқда.


Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлишини таъминлаш мамлакат ташқи иқтисодий сиёсатида устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Сўнгги йилларда ушбу ташкилотга аъзолик бўйича ишлар изчил ва жадал суръатларда амалга оширилмоқда.


Таъкидлаш лозимки, Ушбу ташкилотга аъзо бўлишнинг асосий шартларидан бири миллий қонунчиликни ЖСТ битимларига уйғунлаштириш ҳисобланади.


Айнан шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 2 июндаги ПҚ–181-сон қарори билан ЖСТ қоида ва меъёрларига мувофиқ бўлмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш тақиқланиши белгиланди ва Адлия вазирлигига миллий қонунчиликни ЖСТ битимларига уйғунлаштириш функцияси юклатилди. Бу жараён Ўзбекистоннинг очиқ иқтисодиётга ўтиш йўлидаги муҳим сиёсий бурилиш бўлди.


Жорий йил давомида миллий қонунчиликни ЖСТ битимлари қоидаларига уйғунлаштириш бўйича аниқ ва тизимли ишлар амалга оширилди. Энг аввало, Қонунчилик ҳаракатлари режаси икки маротаба янгиланиб, ЖСТ Котибиятига тақдим этилди. Янгиланган Қонунчилик ҳаракатлари режаси мамлакат қонунчилигини халқаро савдо тартиб-қоидаларига мослаштиришга доир муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан иборат.
 

Таъкидлаш лозимки, 2025 йилда миллий қонунчиликни ЖСТ битимларига мувофиқлаштириш натижалари юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Жумладан, қабул қилинган 28 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат натижасида 59 та ҳужжатлар ЖСТ битимларига уйғунлаштирилди ва шу билан сўнгги икки йил давомида мувофиқлаштирилган ҳужжатларнинг умумий сони 160 тадан ошди. Улар ташқи савдо, божхона тартиблари, импорт-экспорт, қишлоқ хўжалиги, техник тартибга солиш, санитария ва фитосанитария, интеллектуал мулк соҳалари каби йўналишларни қамраб олади.


Шу ўринда қайд этиш лозимки, бевосита Адлия вазирлиги томонидан миллий қонунчиликни ЖСТ битимларига уйғунлаштириш доирасида қуйидаги бир қатор қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилди.


Жумладан, 2024 йил 15 февралда қабул қилинган 908-сонли Қонунга мувофиқ чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар ва маҳаллий корхоналарни рўйхатдан ўтказиш учун давлат божлари, шунингдек, резидентлар ва норезидентлар учун патент божлари бирхиллаштирилди. Қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар натижасида, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ва маҳаллий корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказганлик учун ўрнатилган давлат божи бирхиллаштирилган ҳолда, БҲМнинг 10 бараваридан 1 бараварга туширилди. Бундан ташқари, Қонунда миллий интеллектуал мулк тизимини ЖСТнинг Интеллектуал мулк ҳуқуқининг савдо билан боғлиқ жиҳатлари тўғрисидаги битими, яъни ТРИПС битими талабларига уйғунлаштириш назарда тутилган.
 

Шунингдек, Саноат намуналарини халқаро рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги Гаага битимининг Женева актига, Ижрочилар, фонограмма тайёрловчилар ва эшиттириш ташкилотлари ҳуқуқларини муҳофаза қилиш тўғрисидаги халқаро конвенцияга қўшилиш ҳамда Товар белгилари бўйича қонунлар тўғрисидаги Сингапур шартномасини ратификация қилиш бўйича интеллектуал мулк соҳасига оид 3 та Қонун қабул қилинди.


Шу билан бирга, 2025 йил 8 августдаги ЎРҚ–1080-сон Қонун билан интеллектуал мулкни рўйхатга олиш жараёнлари соддалаштирилди ҳамда интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чоралари кучайтирилди.


Бундан ташқари, Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган табиий газнинг улгуржи ва чакана савдоси, шунингдек, қора ва рангли металл ломи ва чиқиндиларини харид қилиш, қайта ишлаш ҳамда реализация қилиш фаолиятини лицензиялашни жорий қилишни назарда тутувчи Қонун Олий Мажлис Сенати томонидан маъқулланди.


Умуман олганда, 2025 йилда миллий қонунчиликни ЖСТ стандартларига мувофиқлаштириш мақсадида бир қатор муҳим қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Улар мамлакатимизнинг савдо сиёсати, техник тартибга солиш, санитария ва фитосанитария, интеллектуал мулк, божхона ҳамда хизматлар бозорини либераллаштириш бўйича ислоҳотлар учун ҳуқуқий асос яратди.

Жумладан:
1) “Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисида”ги 2025 йил 6 августдаги ЎРҚ–1079-сон Қонун;

2) 2025 йил 8 августдаги ЎРҚ–1080-сон Қонун билан ЖСТнинг интеллектуал мулк соҳасидаги
TRIPS битими талабларидан келиб чиқиб интеллектуал мулкни рўйхатга олиш жараёнлари соддалаштирилди ҳамда интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чоралари кучайтирилди.

3) 2025 йил 27 ноябрдаги ЎРҚ–1097-сон Қонун орқали MFN режими қўлланилмайдиган ёки келиб чиқиши аниқланмаган товарларга нисбатан бож ставкаларини икки баравар ошириш тартиби бекор қилиниб, унинг ўрнига дифференциал қўшимча божхона божи жорий этилди. Мазкур тартиб ЖСТнинг адолатли ва прогноз қилинадиган божхона сиёсати тамойилларига мослаштирилди.

4) Давлат раҳбари томонидан қабул қилинган муҳим ҳужжатардн бири — Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 14-мартдаги ПФ–47-сон Президент Фармони орқали экспорт чекловлари бекор қилинди ва шаффоф механизмга эга экспорт божлари жорий этилди. Бу эса экспорт сиёсатини барқарор ва бозор талабларига мувофиқлаштиришга хизмат қилади.

5) Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 18 апрелдаги ПФ–67-сон Фармони ва унинг асосида қабул қилинган Ҳукуматнинг 2025 йил 2 сентябрдаги 553 ва 554-сон қарорларини қабул қилиш орқали хавф даражаси юқори бўлган маҳсулотларни мажбурий давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби бекор қилинди, мажбурий сертификатланадиган товарлар рўйхати тубдан қисқартирилди ва мувофиқлик тўғрисидаги декларацияларни қўллаш кенгайтирилди. Озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлиги устидан назорат Санепидқўмга ўтказилди, озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича техник регламентлар Codex Alimentarius талабларига асосланган санитар меъёрлар билан алмаштирилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, бу чоралар техник жиҳатдан тартибга солиш тизимини ЖСТнинг TBT ва SPS битимларига уйғунлаштиришда ҳал қилувчи қадам бўлди.


6) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 19-сентябрдаги ПФ–174-сон ҳамда 8-октябрдаги ПФ–181-сон Фармонлари билан мева-сабзавот, тўқимачилик, чарм-пойабзал ҳамда электротехника маҳсулотлари учун минимал экспорт нархларини белгилаш амалиёти бекор қилинди. Бу тадбир экспорт бозорларида эркин рақобат муҳитини таъминлашга хизмат қилади.

7) Бундан ташқари, Ҳукуматнинг 2025 йил 26 августдаги 538-сон қарори билан бир қатор хизмат турларини кўрсатишда рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар учун аризаларни кўриб чиқиш ва рухсатномаларни бериш учун Ўзбекистон ва чет эл жисмоний ва юридик шахслари томонидан тўланиши лозим бўлган йиғимлар миқдорлари бирхиллаштирилди.

8) Шу билан бирга, Ҳукуматнинг 2025 йил 18 сентябрдаги 592-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият юритадиган телекоммуникация операторларига 2030 йил 1 январгача синов тариқасида халқаро Интернет тармоқларига ўз тижорат эҳтиёжлари учун тўғридан-тўғри уланиш ҳуқуқи берилди.

 

Мазкур чоралар ЖСТнинг хизматлар савдоси бўйича талабларидан келиб чиқиб, хизматлар бозорида адолатли ва эркин рақобатни таъминлашга қаратилган.


Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзолик жараёни доирасида кўп ва икки томонлама музокаралар бўйича муҳим ютуқларга эришилди.


Жумладан, 2025 йилнинг 12-13-июн ва 5-6-ноябрь кунлари Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича Ишчи гуруҳнинг 2 та йиғилиши ўтказилди.


Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича икки томонлама музокаралар юзасидан 30 дан ортиқ давлат билан келишувлар якунланди.


Келгуси йилда эътибор, энг аввало, иқтисодий фаолиятни тартибга солувчи янги қонунчилик ҳужжатларини қабул қилишга қаратилади.


Хусусан, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги тўғрисидаги янги қонунни қабул қилиш, божхона кодексининг янги таҳрири, савдони ҳимоя чоралари (антидемпинг, компенсация ва ҳимоя чоралари), умумий маҳсулот хавфсизлиги ва бозор назорати тўғрисидаги қонунлар, техник тартибга солиш, ветеринария ва ўсимликлар карантини бўйича янгиланган ҳужжатларни парламент муҳокамасига киритилиши режалаштирилган.


Бу вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши Ўзбекистоннинг 2026 йилда ЖСТга тўлиқ аъзо бўлиши учун зарур ҳуқуқий заминни яратади. Бу эса мамлакатнинг жаҳон бозорига интеграциялашув жараёнини жадаллаштиришга, жаҳон бозорида тўсиқларсиз ўзаро савдо қилиш, товарлар айланмасига имконият яратади ва юқори даражадаги технологиялар, инвестициялар, жумладан, тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилиш учун шароит яратилади.

Регина Давидова,
Aдлия вазирлиги Миллий қонунчиликни
Жаҳон савдо ташкилоти битимларига
уйғунлаштириш бошқармаси бошлиғи

Улашиш: