#NoComment
17.07.2026
41

Ўзбекистон Республикаси меҳнат қонунчилигида вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини (касаллик варақаси — «больничный») тўлаш тартиби бўйича 2026 йил 1 июлдан бошлаб тубдан янги тартиб кучга кирди.
Мазкур ўзгаришлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 17 декабрдаги 796-сон қарори билан тасдиқланган «Давлат ижтимоий суғуртаси доирсида вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик ҳамда ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги низомга, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 9 декабрдаги ЎРҚ-1101-сонли Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентнинг ПФ-206-сонли Фармонига асосланади.
Унга кўра, илгари барча тўловлар иш берувчининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилар эди. Эндиликда вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик учун дастлабки 5 кун учун иш берувчи, 6-кунидан бошлаб эса қолган кунлар учун Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси ҳақ тўлаши белгиланди. Бунда хизмат кўрсатиш шаклидан қатъи назар, яъни давлат ва хусусий секторда ҳам дастлабки 5 кунлик тўловни иш берувчи амалга оширади. Ушбу тартиб хусусий фаолият билан шуғулланувчи иш берувчи учун ҳам қулайлик яратади.
Иш стажига оид чекловлар ҳам жорий этилди. Бунга кўра ходим камида 6 ойлик суғурта стажига эга бўлиши шарт. Тўлов миқдори эса иш стажининг давомийлигига қараб қуйидагича тақсимланади:
— 6 ойдан 8 йилгача бўлган стаж учун (ёки олти ойдан тўқсон олти ойгача (тўқсон олтинчи ой ҳам киради) суғурта стажига эга бўлганда) — 60 фоиз миқдорида;
— 8 йилдан ортиқ стаж учун (тўқсон етти ва ундан ортиқ ой суғурта стажига эга бўлганда) — 80 фоиз тўлов амалга оширилади.
Имтиёзли тоифадаги ходимлар учун тўловлар. Имтиёзли тоифага кирувчи ходимларга 20 фоизлик қўшимча тўлов мавжудлиги белгиланди, яъни буларга қуйидагилар киради:
— I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимлар;
— ногиронлиги бўлган фарзандни тарбиялаётган ходимлар;
— қарамоғида 4 ва ундан ортиқ фарзанди бўлган ходимлар.
Касаллик варақаси учун давр. Ўзгаришларга кўра бир календар йили учун максимал 182 кун учун нафақа тўланади. Узоқ касаллик учун жарима механизми қўлланилади. Агар касаллик даври узоқ давом этса (77 кундан ошса), стаж коэффициенти автоматик равишда 10 фоиз бандга қисқартирилади. Нафақа ҳисобланадиган максимал иш ҳақи миқдори Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (МҲЭКМ)нинг 10 баробари билан чекланади. Юқори маош олувчилар қолган суммани корпоратив суғурталар орқали қоплашлари мумкин бўлади.
Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни тайинлаш ҳамда тўлаш тартиби. Дастлаб Ҳудудий амбулатор-поликлиникада ёки меҳнатга лаёқатсизлик варақаси беришга ваколатли бошқа тиббий муассасада “больничный” 1 иш куни ичида электрон шаклда расмийлаштирилади.
Тиббий варақа автоматик равишда «Ижтимоий суғурта» ахборот модулига юборилади. Суғурталанган шахсларнинг меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёпилгандан сўнг, уларга тегишли маълумотлар қонунчиликка асосан тегишли ахборот тизимлари орқали текширилади.
Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни тайинлаш ёки рад этиш тўғрисидаги қарорни ҳамда тўлов рўйхат (ведомост)ларини шакллантиради ҳамда давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларнинг миқдори, тўлов шакли ва муддати ёки рад этишнинг сабаблари бўйича суғурталанган шахсга СМС-хабарнома юборади.
Молиявий агентга (тижорат банки) шакллантирилган тўлов рўйхат (ведомост)лари юборилади ва тегишли маблағларни ўтказиб беради.
Суғурталанган шахсларнинг ижтимоий картаси ёки бошқа банк карталарига давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни 5 кун ичида амалга оширади.
Амалга ошрилган ёки амалга оширилмаган тўловлар ҳақидаги ахборот «Ижтимоий суғурта» модули орқали тақдим этади.
Янги тизим инсон омилини истисно этишга асосланган. Касаллик варақалари энди қоғоз шаклида берилмайди. Улар тиббиёт муассасаси томонидан электрон базага киритилади ва автоматик равишда «Ягона миллий меҳнат тизими» (ЯММТ) билан интеграция қилинади.
Бу ходимнинг ортиқча ҳужжатбозлик қилиши, ишхонага маълумотнома ташиши ва ариза ёзиши мажбуриятини бекор қилади. Жамғармадан тўланадиган маблағлар ходимнинг пластик картасига проактив (автомат) тарзда ўтказиб берилади.
Фазлиддин Насруллаев,
ҳуқуқшунос
Улашиш:
Бошқалар
Маъмурий жазони қўллаш, энг енгил жазони қўллаш асослари: муҳим 6 саволга жавоб
Маъмурий жазони қўллашда содир этилган ҳуқуқбузарлик хусусияти, ҳуқуқбузарнинг шахси, унинг айбдорлик даражаси, мулкий аҳволи, жавобгарликни енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар ҳисобга олинади.
“Инсон ва қонун” – барчаси бир нашрда!
Агар шуларнинг ҳаммаси бир нашрда мужассам десак ишонасизми?
Давлат қарори билан мулк ҳуқуқи қачон бекор қилиниши мумкин?
Фуқаролик кодексининг 206-моддасига кўра, давлат органлари мулкдорнинг мол-мулкини истаган вақтда ёки асоссиз равишда олиб қўйиши мумкин эмас.
Банк мижоз учун эмас(ми?)
Навоий вилоятидаги банклардан бирининг туман филиали мутассадиларининг лоқайдлиги туфайли бир оила бошпанасиз, сарсон-саргардон.