currencies image

12 724,84 UZS

15,11

usd

currencies image

14 223,83 UZS

32,80

eur

currencies image

137,11 UZS

2,03

ru



АсосийЯнгиликларЁш кадрларнинг хорижда ўқиши “йўқотиш”ми? Муаммолар ва ечимлар

Ёш кадрларнинг хорижда ўқиши “йўқотиш”ми? Муаммолар ва ечимлар

Ўзбекистон

calendar

31.08.2023

eye

1 298

Ёш кадрларнинг хорижда ўқиши “йўқотиш”ми? Муаммолар ва ечимлар

Иқтидорли ёш мутахассисларни, давлат хизматчиларининг хориждаги нуфузли таълим ва илмий муассасаларда, таълим олишини ҳамда стажировкадан ўтишини ташкил этиш, профессионал, чуқур билимга эга, замонавий фикрлайдиган янги авлод кадрларини шакллантириш ва уларни давлат хизматига жалб этиш борасида шарт-шароитлар яратиш мақсадида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Шундай чора-тадбирлар натижаси ўлароқ “Эл-юрт умиди” жамғармаси ташкил этилди. Бугунги кунда таълим олиши жамғарма томонидан тўлиқ молиялаштирилган стипендиатлар сони 1626 тага етган. Шулардан 1089 таси 2018-2022 йилларда таълим олиб, мамлакатимизга қайтган ҳамда турли соҳа тармоқларда, хусусан, давлат хизматида фаолият олиб бормоқда. Бундан ташқари, халқаро муносабатларда ривожланган давлатларнинг ривожланаётган давлатларга моддий кўмак бериши амалиёти мавжуд. Давлат хизматчилари учун таклиф этиладиган муайян ривожланган давлатнинг университетларида тўлиқ грант асосида ўқитиш дастурлари шундай моддий кўмакларнинг бир кўриниши ҳисобланади. АҚШ (Fulbright), Европа Иттифоқи (Erasmus), Япония (JDS, MEXT ва б.), Германия (DAAD), Буюк Британия (Chevening), Корея (KOICA) каби кўплаб давлатлар ҳар йили ўзбекистонлик давлат хизматчилари учун асосан магистратура ва докторантура босқичида шу давлатларда таълим олишни назарда тутувчи грантлар эълон қилиб келади. Мазкур грантларнинг мақсадлари, талаблари ва фаолият тартиби деярли бир хил ёки ўхшаш. Уларда давлат хизматчисининг билим, тажриба, кўникмаларини ошириш ва уларни ўзлари хизмат қилаётган давлат хизматида жорий этиш орқали ҳам давлат хизматчисининг, ҳам давлат хизматининг самарадорлигини ошириш асосий мақсад ҳисобланади, дейиш мумкин. Шу мақсадга эришиш учун грант берувчилар номзодларга ва уларнинг иш берувчиларига бир нечта талаблар қўяди. Бундай талабларнинг энг муҳими, мазкур мақоланинг муҳокама мавзуси бўлган, ходимларнинг иш жойи ва иш ҳақини уларнинг бутун ўқиш даврида сақлаб қолиш ва ўқишни муафаққиятли тамомлаган талаба – давлат хизматчиларини ўзларининг аввалги меҳнат фаолиятини давом эттириши учун шароит яратиш мажбуриятидир. Бу мажбурият ҳам иш берувчидан, ҳам ходимдан талаб қилинади. Грант асосий мақсадга эришиш учун, шунингдек, талаба – ходимга ўқишни тамомлаши билан ўз ватанига қайтиш мажбуриятини ҳам юклайди. Аксарият ривожланаётган давлатлар мутлақо текин бўлган бундай имониятдан фойдаланишнинг самарали тизимини жорий этган. Бундай грантларда номзод сифатида танланган ходимларнинг иш жойини ва иш ҳақини сақлаш иш берувчилар учун мажбурийлиги қонунларда назарда тутилган. Бундай ҳуқуқий муносабат Танзания, Камерун, Руанда, Уганда каби иқтисодий жиҳатидан Ўзбекистонга нисбатан камроқ ривожланган Африка давлатларида ҳам йўлга қўйилганлиги эса соҳанинг қанчалик эътибордан четда қолаётганлигини янада аниқроқ кўрсатади. Мисол учун, Танзания Давлат хизмати регламентига (2009) кўра, давлат хизматчиларининг тажрибасини ошириш ва уларнинг хизмат учун потенциал қийматини ошириш мақсадида давлат хизматчиларига давлат томонидан тасдиқланган ташкилотларда ишлаш ёки бошқа мамлакатлардаги мууссасаларда таълим олиш, тадқиқот учун махсус таътил берилади ва бу шаклдаги таътилда иш ҳақи сақланади. Бундан ташқари, халқаро тажрибада бундай тоифадаги ходимларга камида уч ёки беш йил давомида шу ташкилотда ишлаб бериш мажбурияти юкланади. Ходим хорижий давлат тажрибасини ўрганади, соҳага оид билим ва кўникмаларини оширади ҳамда ватанига қайтиб ўз меҳнат фаолиятини давом эттиради. Бунинг натижасида улар орттирган билими ва тажрибасини ватанида давлат хизматини амалга оширишда қўллашга ҳаракат қилади ва шу орқали самарадорлик ошади. Аслида, жамиятда, давлат бошқарувида ҳақиқий ўзгаришлар шу тартибда юзага келади, назаримизда. Бунда ўқиш даврида иш ҳақи сақланиши ходим ҳамда унинг боқувчилари таъминоти тўхтаб қолиши ва бунинг натижасида ходимда рағбатларнинг ўзгармаслигини, унинг ўқишдан чалғимаслигини таъминлайди. Бироқ Ўзбекистон қонунчилигида аксарият давлат хизматчилари учун бундай кафолатлар мавжуд эмас. Ҳозирда мавжуд амалиёт бўйича иш берувчилар грант ғолиблари грант берувчи давлатга кетишидан олдин улар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилади ва уларнинг иш жойи ҳам, иш ҳақи ҳам сақланмайди. Айрим давлат органларида ходимларига бундай дастурларда иштирок этишни тақиқланиши ёки иштирок этиш истагида бўлган давлат хизматчиларининг номзодларини грант тақдим этувчи ташкилотларга тақдим этмаслик ҳолатлари кузатилиши ҳам бор гап. JDS (Япония) каби айрим грантларда эса иш берувчи, грант тақдим этувчи ташкилот ва ходим ўртасида иш ҳақи ва иш жойи сақланиши тўғрисида шартнома тузиш мажбурияти мавжудлиги ва бу шартномалар амалда тузилаётганлигига қарамай, амалда иш берувчи шартномага риоя қилмайди ва хорижда таҳсил олаётган собиқ давлат хизматчиси ишсиз қолади. Натижада грант ғолиблари бўлган давлат хизматчилари айрим ҳолларда ўзлари борган давлатда бошқа даромад манбаини яратишга ҳаракат қилади ва улар учун рағбатлар ўзгаради. Бу эса грантларни беришдан кўзланган мақсадга эришилмаслигига олиб келади, кўпчилик ҳолатда бундай хорижий таълим грантларининг жозибадорлигини камайтиради ва, аҳамиятли жиҳати, хорижда билим олаётган ходимларнинг бундай ҳатти-ҳаракатлари туфайли нафақат ўзларининг, балки Ўзбекистоннинг имиджига ҳам салбий таъсир қилиши мумкин. Янада қизиқ томони, ўқишни тамомлаган ходимлар энди ўзларига иш излашларига тўғри келади. Янги иш жойи давлат хизмати бўлмаслиги, ўқиган соҳасига умуман боғлиқ бўлмаслиги ёки умуман Ўзбекистонга алоқадор бўлмаслиги ҳам мумкин. Бу эса, ўз навбатида, ривожланган давлатлар томонидан беғараз тақдим этилаётган бундай кўринишдаги ресурсларнинг беҳуда сарфланишига олиб келмоқда. Таъкидлаш лозимки, бундай салбий амалиётнинг шаклланиши сабаби тўлиқ Ўзбекистон давлат бошқаруви органлари иш берувчиларининг ҳаракатлари ёки қарорлари билан боғлиқ эмас. Иш берувчилар амалдаги қонунга риоя қилишлари лозим. Маълумки, амалдаги Меҳнат кодексида мазкур турдаги грантлар ғолибларининг иш жойи ва иш ҳақи мажбурий тартибда сақланиши ҳақида норма назарда тутилмаган. Айни пайтда, Кодекснинг 385-моддасида меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ёки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилганига нисбатан давомийлиги кўпроқ бўлган ўқув таътиллари назарда тутилиши мумкинлиги белгиланган. Шу билан бирга, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонуннинг 54-моддасида давлат фуқаролик хизматчисига ижтимоий таътиллар бериш меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилиши қайд этилган. Мазкур норма ҳамда қонунчиликдаги муҳокама қилинаётган ҳолатга оид бошқа қоидаларнинг мақсадга номувофиқлиги шундаки, бу ҳужжатлар иш берувчи ходимнинг иш жойи ва иш ҳақини сақлаб қолиши шартлигини эмас, мумкинлигини назарда тутади. Бироқ, давлат бошқаруви органлари бўйсуниши лозим бўлган бошқа қонунчилик нормалари ҳам мавжудки, иш жойи ва иш ҳақини сақлаб қолиши мумкинлиги ҳақидаги иш берувчининг мазкур ҳуқуқини амалга оширишни амалда тақиқлайди. Бюджет кодексининг 12-моддасига кўра, бюджет тизими бюджетларининг маблағлари муайян бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларга ушбу маблағлардан белгиланган мақсадларни молиялаштиришда фойдаланиш учун ажратилади. Кодекснинг 32-моддаси талабига кўра эса бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар харажатлар сметаларида назарда тутилган бюджетдан ажратиладиган маблағларни мўлжалланган мақсадга мувофиқ тасарруф этади. 82-моддага мувофиқ вазирликлар, қўмиталар ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ҳисобидан ходимларнинг қўшимча сонини сақлаб туриш тақиқланади. Бюджет қонунчилигида қайд этилган юқоридаги қоидаларга риоя қилмаслик эса жиноий жавобгарлик учун ҳам асос бўлиши мумкин. Жиноят кодексининг айрим моддалари шуни назарда тутади. Хусусан, Кодекснинг 167-моддасида ишониб топширилган ёки ихтиёрида бўлган ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш ва 1841-моддасида бюджет ва смета-штат интизомини бузиш жиноят сифатида эътироф этилган. Қонунчиликнинг бундай талаблари давлат бошқаруви органи иш берувчисига амалда ходимларга қонунчиликда белгиланмаган ижтимоий таътилларни беришга имкон бермайди. Натижада, бугунги кунда хорижий таълим грантларини ютган аксарият давлат хизматчилари билан меҳнат шартномаси улар грант ғолиби бўлгандан сўнг бекор қилинмоқда. Бу эса қуйидагича парадоксал ҳолатни келтириб чиқармоқда. Дастлаб давлат органи ўз ходимининг номзодини ушбу органдаги чет элда ўқиш учун энг муносиб давлат хизматчиси сифатида хорижий таълим гранти тақдим этувчи ташкилот ёки ҳукуматга тақдим этади ва тавсиянома ҳам беради. Грант тақдим этувчи томонидан ўтказилган бир неча босқичли танлов натижасида ғолиб деб топилган ходимни эса иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш орқали “тақдирлайди”. Масаланинг бу жиҳати ҳам уни тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш заруратини кўрсатади. Албатта, ходимнинг иш ҳақини сақлаш бюджет харажатларини кўпайишига олиб келади ва бу каби омилларни инобатга олмаслик мумкин эмас. Лекин “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали берилаётган грантлар айнан ёшларимизнинг келгусида Ўзбекистон ривожига ҳисса қўшиши учун ажратилмоқда. Айнан шу мақсадда степендиатларга ўқишни тамомлагач Ўзбекистонга қайтиш вазифаси юклатилади. Лекин бошқа томондан уларнинг аввалги иш жойини сақламаслик орқали уларнинг Ўзбекистонга қайтмаслигига рағбат яратаётган бўлишимиз ҳам мумкин. Масаланинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, иш ҳақи сақланмаслигини бюджет харажатларини ортиши билан асослантириш мумкин бўлган ҳолда ҳам, иш жойини сақламаслик ҳеч қандай мантиқий ёки иқтисодий асосга эга эмас. Қайтанга, иш жойини сақлаш орқали иш берувчининг грантлар учун номзод бериш орқали кўрсатган ташаббусининг мантиқий изчиллиги таъминланади ва иш жойини сақлаш ҳеч қандай қўшимча ресурс талаб қилмайди. Бироқ мазкур ҳолатга истиснолар ҳам мавжуд. Божхона тизимига оид қонунчилик ҳужжатида иш жойи ва иш ҳақини сақлаш мажбурийлиги ҳақида норма қайд этилган ва бунинг натижасида халқаро грантларда ғолиб бўлган давлат хизматчиларининг хорижда бўлган пайтида уларнинг иш ҳақи ва иш жойи сақланмоқда. “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги қонуннинг 20-моддасига кўра Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раисининг буйруғи билан Ўзбекистон Республикасининг ёки чет давлатнинг олий таълим муассасаларига ва ташкилотларига магистратура мутахассисликлари бўйича ўқишга юборилган божхона органи ходими ўқиш даврида, охирги эгаллаган лавозимидагидан кам бўлмаган миқдорлардаги пул таъминоти сақланган ҳолда божхона органларининг ихтиёрида қолдирилади. Мазкур қоида божхона ходимларининг халқаро грантларнинг бошқа ривожланаётган давлатлардан иштирок этган ғолиблари билан бир хил ҳуқуқларга эга бўлишини таъминлаётган бўлса, бошқа томондан Ўзбекистондаги бошқа давлат ташкилотлари хизматчиларига нисбатан нотенгликни ҳам келтириб чиқаради. Бошқача изоҳлаганда, бу ҳолат қонунчилик ҳужжатларида айни бир ҳуқуқ айрим тизимдаги давлат хизматчиларига тақдим этилган бир пайтда бошқа давлат хизматчилари бундай ҳуқуққа эга эмаслиги билан боғлиқ икки хил ёндашув мавжудлигини кўрсатмоқда. Бу эса, ўз навбатида, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасида назарда тутилган давлат фуқаролик хизматининг адолатлилик принципи ҳамда Меҳнат кодексининг 3-моддасидаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг меҳнат ҳуқуқларининг тенглиги, меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш ҳақидаги принципларига зид ҳисобланади. Қайд этиш лозимки, бунга ўхшаш эксклюзив ҳуқуқларни қуйидаги қонунчилик ҳужжатларида ҳам учратиш мумкин: Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 июлдаги 460-сон қарори билан тасдиқланган Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби магистратурасига ўқишга қабул қилиш ва уни ташкил этиш тартиби тўғрисида низомнинг 9-бандига асосан магистратурада ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ўқиш даврида магистратура тингловчиларининг эгаллаб турган иш ўринлари (лавозимлари) ва ўртача ойлик иш ҳақи сақлаб қолинади; Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 8 августдаги ПФ–5139-сон Фармонининг 3-бандига мувофиқ Академияда ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таълим олаётган тингловчиларнинг асосий иш жойи бўйича лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи бутун ўқиш даври мобайнида сақланиб қолади; Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 6 апрелдаги 143-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси магистратурасига ўқишга қабул қилиш ва ўқитишни ташкил этиш тартиби тўғрисида низомнинг 12-бандига биноан магистратуранинг “тергов фаолияти” мутахассислиги бўйича таълимнинг кундузги шаклига ўқишга қабул қилинган ваколатли давлат органлари ходимлари, шунингдек, бошқа мутахассисликлар бўйича магистратуранинг кундузги шаклига ўқишга қабул қилинган прокуратура органлари ходимларининг эгаллаб турган лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи ўқиш даври мобайнида сақлаб қолинади; Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 июлдаги 599-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясига тингловчиларни қабул қилиш тартиби тўғрисида низомнинг 7-бандига кўра, магистратура, қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таълим олаётган тингловчиларнинг асосий иш жойи ва ўртача иш ҳақи миқдори ўқиш муддати мобайнида сақланади. Бундай қоидаларни бошқа айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам топиш мумкин. Мазкур ҳужжатлар Ўзбекистонда ҳам давлат хизматчиларининг малакаси, билими ва кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган дастурларни қўллаб-қувватлаш амалиёти мавжудлигини кўрсатади. Таъкишлаш лозимки, бундай амалиёт ижобий аҳамиятга эга бўлиб, бунда ёндашувнинг саблий томони давлат хизматчиларига ижтимоий кафолатлар беришнинг бундай тизими экстрактив шаклда айрим давлат хизматчиларигагина тақдим этилаётганида деб ҳисоблаймиз. Шу сабабли соҳани тартибга солишни бирхиллаштириш, дастурларнинг танлов босқичида иштирок этиш истагини билдирган барча давлат хизматчиларига бундай имкониятни таъминлаш, уларнинг иш жойи, иш ҳақини сақлашни кафолатлаш ва шу билан бирга ўқишни тамомлаб келган давлат хизматчиларига муайян муддатда давлат хизматида ишлаб бериш мажубриятини юклаш орқали давлат хизматчилари учун тенг имкониятлар яратилиши юқорида қайд этилган муаммоларни олидини олиш учун ечим бўлиши мумкин. Бунда Ўзбекистон давлат хизматчилари учун тақдим этилаётган харажатлари тўлиқ ривожланган давлатлар томонидан қопланадиган халқаро эътироф этилган таълим муассасаларида билим, кўникма ва малакаларини хорижий тажрибалар асосида оширишга қаратилган таълим дастурлари тақдим этадиган имкониятлардан тўлиқ фойдаланишни таъминлаш ҳамда меҳнатга оид муносабатларида давлат хизматчиларига тенг шароит яратиш заруратини инобатга олган ҳолда ушбу соҳани тартибга солувчи ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш мақсадга мувофиқ. Унда қандай турдаги дастурларда ғолиб бўлган давлат хизматчиларининг меҳнат муносабатларида ижтимоий кафолатлар берилиши, уларнинг қамрови, кафолатларни бериш тартиби, шартлари билан боғлиқ ижтимоий муносабатлар тартибга солинишига зарурат мавжуд. Ўз навбатида, бундай норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши давлат хизматчилари учун шароитларни яхшилабгина қолмай, мамлакатимизда давлат бошқарувининг янада самарали фаолият юритишига ҳам замин яратади. Лазизжон Нуриддинов Сеул университети магистранти (Жанубий Корея)

Улашиш:

Бошқалар

19-сентябр 2024, 14:21
4 241

Уй-жой учун субсидия олиш тартиби: муҳим 7 саволга жавоб

23 сентябрдан субсидия учун аризалар қабул қилиш бошланади. Ариза берувчи ўзининг даромади етмаса, унинг хоҳишига кўра, даромадлари ҳисоб-китобига яқин қариндошларининг ҳам даромадларини киритиши мумкин.


11-сентябр 2024, 11:32
2 962

“Xotin-qizlar.uz” платформаси доирасида хотин-қизлар муаммоларни ҳал этиш тизими йўлга қўйилади

2024 йил октябрь ойидан бошлаб “Xotin-qizlar.uz” платформаси доирасида Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва тизимли ҳал этиш модули ишга туширилиб, муаммоларни ўрганиш модули орқали аниқланган муаммолар тегишлилиги бўйича “маҳалла - туман - вилоят - республика” даражасида ҳал этилиши тизими йўлга қўйилади.


21-август 2024, 12:46
1 469

Ўзбекистонда ресторан ва кафеларга ўзларига туташ майдонларда ёзги террасага рухсат берилади

ҚҚС тўлашга ўтган ресторан ва кафеларга фойда солиғи 2 карра камаяди. 1 декабрдан бу корхоналар нақд пулга сотиб олган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кирим қилишда ҳеч қандай ҳужжат талаб қилинмайди.


24-август 2024, 11:07
1 440

Президент Мустақиллик байрами муносабати билан қатор соҳа вакилларини мукофотлади

"Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат соҳалари ва оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги Президент фармони эълон қилинди.

Мавзуга доир янгиликлар:


cover image
13-октябр 2023, 13:39
797

Тошкентда 18 ёшли талаба қиз ўзини метро поезди тагига ташламоқчи бўлди

ИИО ходими қиз бола электр поезди станцияга яқинлашаётган пайтда рельсга сакраб тушганини пайқаб қолган.

cover image
14-сентябр 2023, 15:05
2 043

Талабалар қандай асарларни ўқиши керак? 10 та китоб рўйхати

Талабалик даври кўплаб имкониятлар қатори китоб ўқишга ҳам вақт, иштиёқ ва қизиқиш кучли бўлиши билан ажралиб туради. Олтин даврнинг олтин лаҳзаларини яхши китобларга сарфлаш, мазмунли ва манфаатли ўтказиш учун hudud24.uz ҳар бир талаба ўқиши лозим бўлган 10 та китобни тавсия этади.

cover image
6-сентябр 2023, 13:07
643

Ўзбекистонда қанча талаба бор?

Республикадаги ОТМлар ва уларда таҳсил олаётган талабалар сони бўйича маълумот берилди.

cover image
6-сентябр 2023, 10:37
439

Қандай талабалар ётоқхонага устуворлик асосида қабул қилинади?

Ҳукуматнинг тегишли қарорига кўра, бир нечта тоифадаги талабалар устуворлик асосида талабалар турар жойларига жойлаштирилади.