currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларЖамоа шартномаси шартлари қандай ҳолатларда ҳақиқий эмас деб топилади?

Жамоа шартномаси шартлари қандай ҳолатларда ҳақиқий эмас деб топилади?

Ўзбекистон

calendar

27.11.2025

eye

30

Жамоа шартномаси шартлари қандай ҳолатларда ҳақиқий эмас деб топилади?

Ўзбекистон Респуьликаси Меҳнат Кодексига биноан Жамоа шартномасида қуйидаги шартлар бўлмаслиги керак:

 

*   ходимларнинг ҳолатини мазкур ходимларга татбиқ этиладиган қонунчиликка ёки жамоа келишувларига нисбатан ёмонлаштирадиган;

*   меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш ҳақидаги талабларни бузадиган;

*   мажбурий меҳнатни тақиқлаш тўғрисидаги талабларни бузадиган;

*   ички даражада ҳал этилиши мумкин бўлган масалалардан ташқарига чиқадиган.

 

Агар жамоа шартномасида ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган шартлар бўлса, бундай шартлар ҳақиқий эмасдир. Жамоа шартномаси айрим шартларининг ҳақиқий эмаслиги жамоа шартномасининг умуман ҳақиқий эмаслигига сабаб бўлмайди.

 

Жамоа шартномаси меҳнат муносабатларини тартибга солувчи асосий ҳужжатлардан бири ҳисобланади ва унинг мазмуни қонунчиликка, меҳнат ҳуқуқининг асосий принципларига тўла мос келиши шарт. Шунга кўра, қонун жамоа шартномасига муайян чекловлар қўяди ва қуйидаги шартлар киритилишини мутлақо тақиқлайди: ходимларнинг ҳолатини ёмонлаштирадиган шартлар. Жамоа шартномаси шартлари ҳеч қандай ҳолатда ходимларнинг ҳуқуқий ҳолатини меҳнат қонунчилигида белгиланган ёки жамоа келишувларида белгиланган минимал талабларга нисбатан ёмонлаштирмаслиги шарт.

 

Меҳнат кодексининг 12-моддасига асосан, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар қуйидагилардан иборат:

 

*   жамоа келишувлари;

*   жамоа шартномалари;

*   иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра қабул қилинадиган ички ҳужжатлар;

*   ички ҳужжатлар, шу жумладан иш берувчи ўз ваколатлари доирасида якка ўзи қабул қиладиган якка тартибдаги ҳуқуқий ҳужжатлар (Меҳнат кодексининг 12-моддаси шарҳига қаранг).

 

Кодекснинг 13-моддасида эса, ушбу ҳуқуқий ҳужжатлар меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка зид бўлмаслиги, ходимларнинг ҳолатини қонунчиликка нисбатан ёмонлаштирмаслиги назарда тутилган. Аслида ушбу норма меҳнат ҳуқуқининг “ходимнинг ҳуқуқий ҳолати ёмонлашишига йўл қўйилмаслиги” принципига асосланади (Меҳнат кодексининг 8-моддаси шарҳига қаранг).

 

Мисол учун: Агар Меҳнат кодексида минимал таътил муддати 21 календарь кун этиб белгилаган бўлса, жамоа шартномасида ушбу муддат қисқартирилиб, 15 кун этиб белгиланиши мумкин эмас.

 

*   камситишни тақиқлаш талабини бузадиган шартлар;

 

Жамоа шартномаси ҳар қандай камситиш шаклини – жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, қариндошларида судланганликнинг мавжудлиги, мулкий ҳолати ва мансаб мавқеи, яшаш жойи, динга бўлган муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублиги, шунингдек ходимларнинг ишчанлик сифатлари ва меҳнати натижалари билан боғлиқ бўлмаган бошқа жиҳатларига қараб фарқлашни – тақиқлаши шарт (Меҳнат кодексининг 4-моддаси шарҳига қаранг). Яъни, жамоа шартномасида фақат маълум тоифа ходимлар учун яхшироқ шартлар белгиланиб, бошқалар камситилса, бундай шарт ҳақиқий бўлмайди.

 

*   мажбурий меҳнатни тақиқлаш талабини бузадиган шартлар;

 

Жамоа шартномасида ходимларни мажбурий меҳнатга мажбурлашга йўл қўйилмаслиги зарур. Мажбурий меҳнат бирор-бир жисмоний шахсдан жазони қўллаш таҳдиди остида талаб этиладиган, бажарилиши учун ушбу шахс ихтиёрий равишда ўз хизматларини таклиф қилмаган ҳар қандай ишни ёки хизматни англатади (Меҳнат кодексининг 5-моддаси шарҳига қаранг). Шу боис, жамоа шартномаси орқали ходимларнинг эркинлиги ҳеч бир усулда чекланиши мумкин эмас.

 

*   ички даражада ҳал этилиши мумкин бўлган масалалардан ташқарига чиқадиган шартлар;

 

Жамоа шартномасида фақат меҳнат муносабатларига дахлдор масалалар тартибга солиниши керак. Яъни, шартнома доираси фақат иш берувчи ва ходимлар ўртасидаги меҳнат, ижтимоий-иқтисодий муносабатлар билан чекланиши лозим. Агар жамоа шартномаси, масалан, давлат органларининг ваколатига кирадиган масалаларга аралашишга уринадиган бўлса, ёки ташқи сиёсий ёки молиявий бошқарув масалаларини тартибга солишга йўналтириладиган бўлса – бундай шартлар ҳақиқий бўлмайди. Бу меҳнат ҳуқуқининг чегаралари ва ваколатли субъектлар ваколатларини ҳимоя қиладиган умумий қоидаларга мос келади.

 

Жамоа шартномаси ташкилот даражасида меҳнат ва ижтимоий муносабатларни такомиллаштиришга хизмат қилиши керак, аммо бу жараёнда қонунчилик билан белгиланган минимал кафолатлар бузилмаслиги шарт. Ходимларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари, камситиш ва мажбурий меҳнатдан ҳимоя ҳамда ваколатлар чегарасининг бузилмаслиги жамоа шартномаси тузишда қатъий эътиборда бўлиши лозим.

Улашиш: