currencies image

12 844,21 UZS

11,72

usd

currencies image

13 508,26 UZS

62,46

eur

currencies image

127,35 UZS

0,81

ru



АсосийЯнгиликлар“Дадам ‘Жигули’сини сотиб контрактимни тўлаганди, мен эса Хитойда ўқиб-ишлаб, ‘Nexia’ ва квартира олиб бердим” — иқтисодчи Зебо Кулдашева

“Дадам ‘Жигули’сини сотиб контрактимни тўлаганди, мен эса Хитойда ўқиб-ишлаб, ‘Nexia’ ва квартира олиб бердим” — иқтисодчи Зебо Кулдашева

Ўзбекистон

calendar

04.08.2023

eye

1 079

“Дадам ‘Жигули’сини сотиб контрактимни тўлаганди, мен эса Хитойда ўқиб-ишлаб, ‘Nexia’ ва квартира олиб бердим” — иқтисодчи Зебо Кулдашева

Олима бўлиш қийин — фанда янгилик яратиб, соҳангда етакчи бўлиш икки ҳисса машаққат. Бир куннинг тенг ярмини фақат ўқиб-ўрганиш, тадқиқот ишига бағишлаш осонмас. Айниқса, нуфузли хорижий даргоҳда, кучли жамоа орасида ўрин топиш, эътироф этилиш учун тин олинмайди. Бироқ бундай қийинчиликларни енгадиганлар кўп орамизда. Илмни Чиндан бўлса ҳам излаб, рақобатчилар орасида нималарга қодирлигини исботлаётган ва йўлини топаётган тадқиқотчи, иқтисодчи Зебо Кулдашева бунга мисол. “hudud24.uz” бўлғуси олима билан Хитойдаги илмий жараён, иқтисодий ислоҳотлар, фаровон давлат қандай бўлиши кераклиги, таълим ва илмдаги камчиликлар ҳақида суҳбатлашди. Зебо Кулдашева 1993 йили Самарқанд шаҳрида туғилган. Тошкент давлат Иқтисодиёт университетини тамомлаган. Хитойнинг Central China Normal Universityʼда магистратура босқичида ўқиган. Ҳозир “hudud24.uz” бўлғуси олима билан Хитойдаги илмий жараён, иқтисодий ислоҳотлар, фаровон давлат қандай бўлиши кераклиги, таълим ва илмдаги камчиликлар ҳақида суҳбатлашди. — Нега айнан иқтисод соҳаси ва Хитойни танлагансиз? У ерда рақобат каррасига кўп ахир... — Оилада беш қизмиз. Тўнғичимиз қурувчи, иккинчи опам биолог, учинчиси архитектор, тўртинчимиз кадастр, мен эса иқтисодиман. Дадам бир умр фақат ойлик ҳисобига (бир замонлар университет профессор-ўқитувчисининг маоши ойига учма-уч етган) рўзғор тебратиб, илм олишимизга ҳамма шароитни ҳозирлаб берганлар. Нуқул иқтисодчи бўламан, дердим. Тўрт опамнинг орзуси ушалиб, ҳаммаси грантда ўқиди. Лекин менга насиб қилмади. 2011 йиллари иқтисод, сиёсат йўналишларида билим билан грантга кириш амримаҳол эди. “Х-вариант”, “танка”, “бункер” деган ғирром ўйинлар ўйналарди. 190 балл йиғолдиму биринчи ўринда контракт-шартномага кирдим. Маошидан бўлак даромади бўлмаган дадам “Ўқитаман!” дедилар-да, “Жигули” машиналарини сотиб, контрактимни тўладилар. Ўзимам жим ўтирмадим, танловларда қатнашиб, компьютер ютдим (ортиқча харажатга умуман пулим бўлмасди), “Камолот” стипендианти бўлдим. Магистратурам грант бўлади деб тўрт йил ўқиб-ўрганишдан тўхтамадим. Афсуски, магистратурада ҳам зўрдан кўра зари кўп ютарди. Вазиятни кўриб, Ўзбекистонда ўқимасликка қарор қилдим. Кетдим. 2013 йили Хитойда “Бир макон, бир йўл” дастури эълон қилинди. Марказий Осиё ёшлари қатори менам омадимни синагим келди. Университет талабларини бажариб, ҳужжат топширдим ва 2015 йили Central China Normal Universityʼга грантга кирдим. Аввалига бир йил хитойчани ўргандим, кейинги икки йил магистратура курсларини ўқидим. Амалиётда ҳам бир йил ўзимни синагач, 2019 йили Ухан университетига PhD қилиш учун ариза топширдим. Нуфузли даргоҳда ўқиганим, баҳоларим юқорилиги, Хитойдаги бир йиллик иш тажрибам борлиги учун илк уринишда танловдан ўтдим. Тадқиқот қилишдан аввал ойлиги юқори компанияда ишладим. Бир йил астойдил ишлаб, дадамга “Nexia-3” олиб бердим. Яна бир йил қаттиқ ишлаб, ота-онамга Тошкентдан янги квартира совға қилдим. Мана, тўрт йилдан бери Ухандаман – Иқтисодиёт ва менежмент факультетида минтақалар иқтисодиёти йўналишида илмий изланиш олиб бораман. Ухан университети Хитойдаги талабаларнинг Оксфорди. Ҳаммаям қабул қилинавермайди. Рақобат кучли. Танлов ўта қатъий ва қаттиқ. Дунё университетлари рейтингида Топ-200 таликка кирган, ТHE ranking бўйича дунёда Топ-150 таликда туради. Умумий 50,000 дан ортиқ талабаси бор, шундан 3000 га яқини хорижий талабалар. Биласизми, нимага Уханда ўқиётганимдан фахрланаман – мен бу университетда PhD қилаётган биринчи ўзбекистонлик талабаман. [caption id="attachment_17455" align="aligncenter" width="824"] ФОТО: Instagram / zebo_kuldasheva[/caption] — Уч йил БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида яшил иқтисодиёт мавзусида тадқиқот қилдим. Бу йўналишда ўзимизнинг кучли мутахассисимиз Рауфхон Салаҳажаев билан ҳалигача фаолият олиб борамиз. Охирги бир йилдан бери Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида савдо динамикасини таҳлил қиляпман. Бугун Хитой Марказий Осиё давлатларига қизиқяпти. Шу йилнинг майида Cиан шаҳрида ўтган Хитой-Марказий Осиё саммити бунинг исботи. Ўша учрашувда кўтарилган савдо-иқтисодий муаммоларнинг қарийб бари менинг тадқиқот объектимдаги масалалардан. Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги импорт, экспорт, божхонадаги муаммолар, чегара пунктларидаги юқори солиқ, сифатсиз инфратузилма ва ортиқча бюрократия савдо оқимига салбий таъсир қиляпти. Шулардан келиб чиқиб “Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги ўзаро савдо динамикаси: муаммолар ва мақбул ечимлар” мавзусида диссертациямни ёзяпман.  — Илмий муҳит тадқиқот ишига таъсир қилади. Нуфузли даргоҳда олим ва тадқиқотчи ҳамкорлиги, маъмурият қўллови қандай? — Уханда тадқиқотчиларга мўлжалланган алоҳида офислар бор. Ҳар куни ўша ерда ишлайман. Бугун хитойлик иқтисодчи олимларнинг кўпи Марказий Осиё давлатлар ҳақидаги илмий ишларга қизиқади. Аммо беш давлат ҳақида тўлиқ маълумот, на бир аниқ рақам, на инглиз тилида интернетда манба топилмагани учун улар қозоқ, қирғиз, ўзбек, тожик талабалардан ўз юртининг иқтисодиётини таҳлил қилишни сўрашади. Бу ерда рақобат сиз ўйлагандан-да кучли. Баъзан роботлар оламида яшаётгандек бўламан. Бирор хитойлик тадқиқотчининг ҳиссиётга берилгани, ортиқча юмушга андармон бўлганини кўрмайсиз. Фақат илм билан шуғулланади. Таниш-билиш ёки бегонадан ёрдам олиш деган хаёлда юрмайди. Ўзига суянади. Мана, ҳозир ёзги таътил вақти, аммо ҳар доимгидек кутубхоналар тўла. Университет ҳам гавжум. Бу ерда нафақат университет кампусида, балки битиргандан кейин ҳам иш топишда, кун кечиришда рақобат баланд. Аҳолиси кўп-да. Шу боис талаба дипломга эмас, келажакда яхши мутахассис бўлишга тиришади. Бир маълумотни айтиб ўтай: университетимиз Самарқанд шаҳридек катта. Ўқитувчиям, талабаям шу шаҳарчанинг фуқароси – ичида яшайди. Банк, касалхона, супермаркет, ресторан, автобус, велосипед, кўл – ҳамма нарсаси бор. Энг муҳими, хизматлар арзон. Ҳимоям яқинлиги учун ҳозир 12 соатлаб ишлайман. Лекин шуям етмаётгандек туюлади. Ортиқча кўнгилхушлик, байрам, тўй-тантанани унутамиз. Диссертация ёзишдан олдин 3 ой мунтазам ўқидим. Ҳеч нарса ёзмасдан фақат ўқидим, қайдлар ёздим. [caption id="attachment_17456" align="aligncenter" width="960"] ФОТО: Зебо Кулдашеванинг шахсий архивидан[/caption] — Мен таниган аксар ўзбекистонлик тадқиқотчи ортиқча бюрократия, тадбирбозлик, жамоат ишларидан безиб, ишини чала ташлаб кетган. Балки бу манзара сизга ғалати, бўрттирмадек туюлар, лекин чиндан шундай. Тадқиқотчи ишини бошлагач, унга бундай талаблар қўйилиши қанчалик тўғри?  — Магистратура ва докторантурани чет элда қилганим учун юртдаги илмий муҳитдан йироқман. У ердаги аниқ муаммони билмасдан нотўғри гапиришни хоҳламайман. Аммо халқаро стандартлар асосида фикримни айтишим мумкин. Илмий тадқиқот олиб бориш биринчи навбатда изланувчининг шахсий танлови бўлсин. Муаммоли мавзуни танлаши шарт бунда. Соф илмий изланишда ҳеч қандай бюрократия, манфаатли илмий мавзу ёки қандайдир ҳисоботларни топшириш, тадбирбозлик бўлмайди. Талаб ягона – илмий иш натижаларини юқори нуфузли хориж журналларида чоп этиш. Шундагина олимларимизнинг иши хорижлик экспертлар диққатига тушади, ўқилади, иқтибос келтирилади. — 30 йилдан кўп вақт ўтди. Лекин илмий ютуқларимиз мақтангулик даражада эмас. Биз нимада кўпроқ хато қиляпмиз?  — Энг оғриқли, оқсаётган нуқтамиз: қоғозда қолиб кетадиган ҳисоботлар, осмонўпар ваъдалар учун илмий тадқиқот олиб бораётганимиз. Аксар ўзбекистонлик тадқиқотчи хорижий тилни билмайди. Магистратурада ҳар ҳафта битта мақолани ўқиб, илмий таҳлил қилар эдик. Олти ой давомида фақат охирги чиққан мақолаларни ўқиб, кейин илмий ишни бошлардик. Ўзбекистонда иқтисодий жиҳатдан изланадиган оғриқли мавзулар кўп. Уларни тушуниш, қайси моделлар орқали таҳлил олиб бориш учун изланувчи бошқа ривожланаётган давлатлар кесимини ўрганиши керак. Бу маълумотларнинг энг охирги варианти фақат инглиз тилида бор. “Elsevier”, “Spriger” каби манбаларда юқори сифатли, таҳлилий мақолалар чоп этилади. Мақсад ҳисоботни ёпиш учун “Scоpus”да мақола чиқариш эмас, ҳақиқатда соф илмий изланиш бўлиши керак. Ҳар бир изланиш остида policy recommendations ётади. Яъни олинган натижалар асосида ҳукуматга ушбу муаммони ечиш учун тавсиялар бериш. Японияда бу тизим яхши ишлайди. Ҳукумат давлатдаги маълум муаммолар бўйича олимларга мурожаат қилади, улар эса тадқиқот иши ўтказиб тавсиялар беришади. Хитойда ҳам фан ва технологияларга оид муаммоларни олимлар ўрганиб, потенциал ечим таклиф қилишади. Масалан, мен яшайдиган Ухан шаҳрида тез-тез ва кўп ёмғир ёғади. Ваҳоланки, ёмғирдан кейин кўчаларда сув тошгани, ариқлар тўлганини кўрмайсиз (Тошкентда бунинг акси бўлди). Ёмғир ёғаётганда махсус ер ости қувурлари сувни тортиб олади ва у сув захирага олиниб, бошқа мақсадларга ишлатилади. Бу оптимал ечимни Хуачжун фан ва технологиялар университетидаги изланувчилар топган ва Ухан шаҳри ҳокимлиги буни амалиётда қўллаган. Бундай лойиҳалар кўп. Ҳукумат эса пулни қизғанмайди. Яқинда Ухан шаҳридан қайтган олимнинг интервьюсини кўриб қолдим. Вирусология бўйича мутахассис экан. “Бизда олимлар жангга қуролсиз — сўнгги технологиялар билан жиҳозланмаган лабораторияларсиз киряпти” деди ўша олим. Жуда тўғри. Агар илмий изланиш учун амалий лаборатория бўлмаса, ҳеч қандай фармон ва низом потенциалимизни кўрсатолмайди. 2030 йилгача Ўзбекистондаги бир нечта университет дунё бўйича Топ-500 таликка киритилиши белгиланган. Агар мана шу 7 йил ичида кучли жамоа шаклланиб, ҳисобот учун эмас ҳақиқий илмий-тадқиқот олиб бориш стратегияси тузилмаса, рейтингга киришдан умидни узса ҳам бўлаверади. Хитойда яшаб, хулоса қилганим шуки, қилаётган ишингни максимал даражада сифатли, профессионал бажар! Ҳамма шу қоидага риоя этади. Чунки яшаш учун курашиш керак. Хитойликларнинг ягона сири – кучли рақобатда омон қолиш учун доимий ўқи, ўрган ва ишла! [caption id="attachment_17457" align="aligncenter" width="1280"] ФОТО: Зебо Кулдашеванинг шахсий архивидан[/caption] — Идеологияларни четга суриб, фан кўзи билан қараганда, Ўзбекистон ростанам фаровон мамлакатми? — Мен Ўзбекистонни яхши кўраман. Четдан туриб қарасам, мақсадли реформалар қилиняпти. Фақат улар тўлалигича амалиётда жорий этилсагина, фаровон давлат бўламиз. Бу жараёнда “institutional quality”, яъни масъул ташкилотларнинг сифатли ишлаши, стратегияларни охирги нуқтасигача мукаммал бажариши муҳим. — Иқтисодчилар давлатнинг келажакдаги барқарорлиги, фаровону қашшоқлигини башорат қилоладиган мутахассислардан. Бизда икки-уч иқтисодчини айтмаса, назариячилар ҳам, амалиётчилар ҳам ижтимоий тармоқ, жамиятда фаол эмас. Ваҳоланки, хорижда оммабоп китоблар ёзилиб, эртанги хавф ёки иқтисодий инқирозлардан соҳа кишилари жамиятни озми-кўпми хабардор қилади. Жамият, давлат ривожи учун иқтисодчиларнинг фаоллиги қай даражада муҳим? —Хитойда қандайдир иқтисодий реформа ўтказилиши ёки қайсидир соҳага маблағ ажратилишидан аввал олимлар ҳаммасини ипидан игнасигача ўрганиб чиқади. Университетларда бутун бошли гуруҳлар ишлайди. Research center’ларда таҳлиллар қилинади. Таклифлар ишлаб чиқилиб, ҳукуматга тақдим этилади. Ўзбекистондаги воқеаларни ҳам эшитиб юраман. Таклиф сўрашади кўпинча. Лекин оддий одамдан таклиф чиқмайди. Буни олимларга қўйиб бериш керак. Вазирликда ишлаётганларда иқтисодий билим бўлиши шарт. Баъзан ҳайрон қоламан, соҳаси бошқа вазир бутунлай бўлак йўналишга бош қилиб қўйилади. Масалан, қандай қилиб аграр вазири иқтисод вазири бўлиши мумкин?! Бошқарув қобилияти ҳам муҳим, лекин аввал илм керак! — Мактаб таълимда иқтисод фани аҳамиятини ошириш учун Хитой мактабларидан мисол айта оласизми? Чунки мен мактабда ўта мураккаб тильда тушунтирилган иқтисод фанини ёмон кўриб қолганман. Ҳеч муҳаббатим уйғонмаган. Лекин айрим илмий-оммабоп китобларни ўқиб, нотўғри фикрдалигимни сезганман. Хитойда бу фан болаларга қандай ва қачондан ўргатилади?  — Тўғри, менам ҳайрон қоламан баъзан: нега кўпчилик иқтисодни қийин, мураккаб фан деб биларкин. Аслида ҳаётимиз иқтисоддан иборат. Кунимиз иқтисодий жараёнлар билан боғлиқ. Масалан, сувсиз яшай олмаймиз, тилла буюмларни тақмасак ўлиб қолмаймиз, шундайми? Лекин нега сув жуда арзон, тилла қиммат? Иқтисод айнан шу базавий кўникмани тушунишдан бошланади. Охирги йиллари Хитой ҳам иқтисодий таълимнинг муҳимлигини пайқади ва мактаб таълимида унинг аҳамиятини оширишга киришди. Кўргазмали қуроллар ва интерфаол воситалар билан мураккаб тушунчаларни соддалаштириш, танқидий фикрлашни рағбатлантиришга ўтди. [caption id="attachment_17458" align="alignnone" width="773"] ФОТО: Instagram / zebo_kuldasheva[/caption] Айрим мактаблар (асосан хусусийлари) иқтисодий тамойилларни болаликдан сингдиради. Бир ҳодисага гувоҳман: ривожланган давлатларда ўқувчи иқтисод фанини амалий жиҳатдан мактабда ўргангани учун университетда бирданига назарий билимлар берилади. Яъни амалиётдаги тушунчалар назария билан боғланади. Талаба ҳам қийналмайди. Ўзбекистонга COVID-19 пайти қайтиб, бир муддат университетда дарс берганимда талабалар назарий дарсларимни бошида тушунишмаган. Сабаби уларга иқтисодий тушунчалар мактабда оддий усулда ўргатилмаган. Шу боис ҳар бир назарияга киришдан аввал амалий мисоллар билан ҳижжалаб дарс ўтишимга тўғри келган. Мен учун ўқув юкламасини тугатиш эмас, талаба мавзу моҳиятини ҳақиқатда тушуниб, ҳис этиши приоритет эди. Сиз бу фан нега қийин деяпсиз. Жавоби оддий: олий таълимда бирданига қийин модел, назария билан дарс бошланади, фан ҳақида кўникма шаклланмай қийин формулаларга ўтилади. — Сизни энг кўп қийнайдиган, жавобини ўзингиз ҳам биладиган, бироқ ечими мужмал масала борми?  — Бор! Нега бизда кўп мажлис ўтказилади (таълим муассасаларида ҳам)? Жавобини ростанам билмайман. Интернети бор одам топшириқларни онлайн бериб, вазифаларни сўраши/бажартириши мумкин-ку! Масалан, бир университет, бир жойда бўла туриб шу чоққача раҳбаримиз, илмий ҳамкасблар билан кўришиб, мажлис қилмабмиз. Ҳамма турли бинода ишлагани учун бир жойга йиғилиб, машварат қилишни вақтни исрофлаш деб биламиз. Тайёр ва қулай Zoom платформаси бор. Ҳамма гапни шу орқали етказаверамиз. Шу кунгача онлайн мажлисларимиз 10 дақиқадан ошмаган. — Ҳимояни ўтказиб, даражангизни олгач, Ўзбекистонга қайтиб келасизми?  — Қайтсам керак. Пандемия пайти Тошкент давлат Иқтисодиёт университетида дарс бердим. Касбимни севаман, дарс беришни ҳам. Талабалар билан ишласам дам оламан. Ўзи 2015-йилдан бери Хитойдаман. Бир давлатда шунча муддат яшаш-ишлаш-ўқишга етади, менимча. Чарос Низомиддинова суҳбатлашди.

Улашиш:

Бошқалар

27-октябр 2024, 06:15
1 741

Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади

Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.


19-ноябр 2024, 12:35
1 714

Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб

Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.


13-ноябр 2024, 12:35
1 604

Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб

Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.


27-октябр 2024, 04:36
1 577

Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай

Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.

Мавзуга доир янгиликлар:


cover image
13-декабр 2023, 15:00
354

Инглиз тили: 2 минг соат қоидаси

Нега ёш болага тил ўргатишда эҳтиёт бўлиш шарт? Ўзбекистонда элитар таълим қандай бўлиши керак, сифатли таълимни биз берсагу, ҳузурини чет давлатлар кўрса-чи? Бизда ишламасдан ҳам пул оладиган устозлар кўпми, хориждаги зиёли ватандошларнинг Ўзбекистонга қанчалик фойдаси тегяпти, IELTS ҳақидаги рекламалар сафсатами? Шу ва шу каби саволларга жавоблар Шаҳноза Соатованинг "Қачонгача" подкастида 7 та тилни билса-да, Андижонда ўқитувчилик қилаётган Искандар Саттибоев билан суҳбатда янграйди.

cover image
28-октябр 2023, 11:04
643

Ўзбекистонда эркаклар кўпми ёки аёллар?

Статистика агентлиги 2023 йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, доимий аҳолиси сони бўйича айрим рақамларни маълум қилди.

cover image
25-октябр 2023, 10:32
505

Президент Қашқадарёда 10 мингта иш ўрни яратиш бўйича топшириқ берди

Шавкат Мирзиёев Қашқадарё иқтисодиёти фақатгина йирик корхоналарга қараб қолмаслиги кераклигини кўрсатиб ўтди.

cover image
9-октябр 2023, 08:30
607

Нима учун ўзбек хонандалари концертидан кейин заллар ивирсиб кетадию хорижликларникидан кейин тоза туради? Томоша маданияти ҳақида санъат саройи назоратчиси билан суҳбат

Томошабин сифатида қанчалик маданиятлимиз? Санъат масканларига борганда ўзимизни қандай тутамиз? Концертдан кейин биз ҳақимизда қандай хулосалар қолади? Hudud24.uz ўн беш йилдан бери “Халқлар дўстлиги” санъат саройида аввалига фаррош, кейин чипта назоратчиси бўлиб ишлаётган Гулнора Турсунова билан шу мавзуда суҳбатлашди.