currencies image

12 557,67 UZS

2,51

usd

currencies image

13 448,01 UZS

17,76

eur

currencies image

147,37 UZS

0,32

ru



АсосийЯнгиликларИнсон ҳуқуқлари бўйича тўртинчи анъанавий Самарқанд форуми иштирокчиларига

Инсон ҳуқуқлари бўйича тўртинчи анъанавий Самарқанд форуми иштирокчиларига

Ўзбекистон

calendar

13.06.2024

eye

90

Инсон ҳуқуқлари бўйича тўртинчи анъанавий Самарқанд форуми иштирокчиларига

Ҳурматли Форум иштирокчилари! Хонимлар ва жаноблар!

Авваламбор, “Экологик таҳдидлар: ўзгараётган дунёда инсон ҳуқуқларининг истиқболи ва барқарор ечимларни излаш” мавзусидаги инсон ҳуқуқлари бўйича тўртинчи анъанавий Самарқанд форумининг барча иштирокчилари ва меҳмонларини самимий қутлайман.

Юртимизда илк бор 2018 йилда ўтказилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми жаҳон амалиётига ўзига хос “Самарқанд руҳи”ни олиб кирди десак, ҳеч муболаға бўлмайди. Шу тариқа инсон ҳуқуқлари соҳасидаги энг долзарб муаммоларга бағишланган Самарқанд форумларини ўтказиш яхши анъана тусини олди.

Бугунги анжуманда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихтисослашган тузилмалари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Европа Иттифоқи, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш, Туркий давлатлар Парламент Ассамблеяси, шунингдек, таниқли хорижий давлат ва жамоат арбоблари, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги етакчи экспертлар иштирок этаётгани айниқса аҳамиятлидир.

Ҳурматли анжуман қатнашчилари!

Яхши маълумки, глобал иқлим ўзгариши оқибатида сайёрамизда кескин экологик вазият юзага келди. Ичимлик суви тақчиллиги, атроф-муҳит ифлосланиши, тупроқ емирилиши, кучли чанг ва қум бўронлари, биохилма-хилликнинг йўқолиши, қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлигининг пасайиши каби муаммолар тобора авж олмоқда.

Барча қитъаларда ва мамлакатларда бу жараёнларнинг салбий таъсири янада кучайиб бормоқда. Айниқса, ҳаво ҳароратининг ошиши жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан икки баробар кўп бўлган ва Орол фожиасини бошидан кечираётган Марказий Осиё минтақасида бунинг оқибатлари яққол сезилмоқда.

Экологик инқироз Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги энг асосий тўсиқ ва таҳдидга айланди, глобал миқёсда қашшоқлик билан боғлиқ муаммолар кўпаймоқда, инсоннинг соғлиқ, тоза сув, озиқ-овқат ва уй-жойга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш хавф остида қолмоқда. Бундан аввало, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам, хусусан, ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар, аёллар ва болалар жиддий азият чекмоқда.

Албатта, иқлим ўзгариши оқибатида инсон ҳуқуқларига етказиладиган зарарни кескин камайтириш учун жаҳон мамлакатлари биргаликда самарали чоралар кўриши керак. Келажак авлодлар тақдири учун барчамиз улкан масъулиятни ўз зиммамизга оладиган вақт келди.

Париж битимида таъкидланганидек, иқлим ўзгаришига қарши чоралар кўрилаётганида, давлатлар инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиши, рағбатлантириши ва ҳимоя қилиши, асосий диққат-эътиборини мазкур соҳадаги мажбуриятларини бажаришга қаратишлари лозим.

Ҳурматли меҳмонлар!

Янги Ўзбекистонда иқлим ўзгариши муаммолари билан курашиш барқарор ривожланишни таъминлашнинг энг муҳим омилига айланди. Биз имкон қадар бундай жараёнларнинг олдини олиш ва уларнинг салбий таъсирини юмшатиш бўйича зарур чораларни кўрмоқдамиз.

Янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизда инсоннинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқи алоҳида бобда мустаҳкамланган. Давлатнинг атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича вазифаларни амалга ошириш мажбуриятлари белгилаб қўйилган.

Шунингдек, Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ва тиклаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, мамлакатимизда “яшил” иқтисодиётга ва углерод нейтраллигига ўтиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, 2030 йилга бориб мамлакатимиз энергетика балансида қайта тикланувчи энергия қувватини 40 фоизга етказишни режалаштирганмиз. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Ўзбекистонда 1 миллиард туп кўчат экилмоқда. Орол денгизининг қуриган тубида 2 миллион гектар майдонда ўрмонзорлар барпо этдик.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, бизнинг саъй-ҳаракатларимизни жаҳон ҳамжамияти кенг қўллаб-қувватламоқда. Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш”, “Марказий Осиё экологик муаммолар қаршисида: барқарор ривожланиш ва фаровонлик йўлида минтақавий бирдамликни мустаҳкамлаш” каби муҳим резолюциялар бир овоздан қабул қилинди.

Ҳеч шубҳасиз, инсоният тўқнаш келаётган иқлим билан боғлиқ кескин муаммолар оқибатларини юмшатиш инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади.

Шу боис, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиёда иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларига қарши курашиш шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги резолюциясини ишлаб чиқиш ва илгари суриш бўйича ташаббусимизни қўллаб-қувватлайсизлар, деб ишонаман.

Сиз, азизлар бугунги Форум давомида глобал миқёсда экологик вазият барқарорлигини сақлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларига хизмат қиладиган янги амалий таклифларни ишлаб чиқасизлар, деб ишонаман.

Фурсатдан фойдаланиб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, Форум ишига улкан муваффақият тилаб қоламан.

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Улашиш:

Бошқалар

11-июн 2024, 14:21
4 840

“Notcoin”, “Hamster Kombat”. Ўзбекистонда криптовалюта олиш ва сотиш қай даражада қонуний?

Хўш, криптовалютага оид миллий қонунчилик қандай? Криптовалюта олиш  ва сотиш қай даражада қонуний? Бунинг учун қандай жавобгарлик белгиланган? Айнан қандай ҳаракатлар учун кишилар жавобгарликка тортилмоқда? Hudud24.uz сайти колумнисти Муроджон Нажмиддинов мақолада шу ҳақда сўз юритади.


12-июн 2024, 07:06
2 475

Фарзандини “лагер”га юбораётган ота-оналар учун ҳуқуқий эслатмалар

Оромгоҳлар санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативлари, хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб бериши шарт.


10-июн 2024, 13:43
1 348

Академик лицейларга қабул: муҳим 7 қоида

Бугундан академик лицейларга қабул бошланди. Ўқувчилар ҳужжатларини уйдан чиқмасдан онлайн топширишлари мумкин. hudud24.uz қуйидаги мақола орқали қабул жараёни ва тест синовларига оид маълумот беради.


7-июн 2024, 14:00
1 243

Гўштни кўча ҳароратида илгакларга илиб сотиш тақиқланади: гўшт, озиқ-овқат, мева-сабзавот сотиб олишга оид муҳим қоидалар

Ёз мавсуми бошланди, иссиқ ҳавода ҳар қандай маҳсулотларнинг тез бузилиши тайин. Hudud24.uz гўшт, озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олаётганда нималарга эътибор бериш керак, уларни сақлаш, сотишда қонунчиликда қандай талаблар белгиланганлиги ҳақида маълумот беради.