#NoComment
13.09.2025
126
Суицид жамият учун оғир ижтимоий ва психологик муаммолардан бири. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (WHO) маълумотларига кўра, ҳар йили дунё бўйича қарийб 700 мингдан ортиқ одам ўз жонига қасд қилади. Бу кўрсаткичнинг юқорилиги суицидни нафақат шахсий, балки кенг ижтимоий муаммо сифатида ўрганиш зарурлигини кўрсатади.
Замонавий ахборот муҳитида, айниқса интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда, суицид мавзусини ёритиш кенг тарқалган. Бироқ бу мавзудаги хабарларнинг мазмун ва шакли жамиятда катта таъсир кўрсатади. Тўғри ёритилган мақолалар профилактика вазифасини ўташи мумкин бўлса, нотўғри ва сенсацион ёритиш эса салбий оқибатларга, айниқса ёшлар орасида суициднинг кўпайишига олиб келиши мумкин.
Интернет нашрларида суицид мавзусини ёритишда қонунчилик ва журналистик этика асосий мезон ҳисобланади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти журналистлар учун махсус йўриқнома ишлаб чиққан. Унда қуйидаги қоидаларга амал қилиш тавсия этилади:
— суицид усули ва жойи ҳақида тафсилотларни бермаслик;
— шахс шахсий ҳаёти ва оиласи дахлсизлигини ҳурмат қилиш;
— сенсацион сарлавҳалардан қочиш;
— мақола охирида ёрдам хизматлари ва профилактика марказлари ҳақида маълумот бериш.
Мамлакатимизда алоҳида “суицид ҳақида ёритиш” тўғрисида қонун мавжуд эмас. Бироқ “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонун ва журналистик этика қоидалари асосида ҳар қандай ахборот тарқатишда шахснинг шаъни, қадр-қиммати ва дахлсизлигига риоя қилиш мажбурий.
“Вертер эффекти”
Илмий тадқиқотларда кўрсатилишича, оммавий ахборот воситаларида суицид ҳақидаги тафсилотли хабарлар тарқалиши баъзи одамларда тақлидий ҳаракатларга олиб келиши мумкин. Бу ҳолат немис ёзувчиси Ҳётенинг “Ёш Вертернинг изтироблари” асари нашр этилгандан кейин кузатилган воқеалардан сўнг “Вертер эффекти” деб номланган. Масалан, бир қанча Европа давлатларида ОАВда суицид ҳақидаги сенсацион хабарлардан кейин ўша услубда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кескин кўпайгани қайд этилган.
“Папагено эффекти”
Суицид ҳақидаги хабарларда ҳамиша фақат салбий жиҳатлар эмас, балки ижобий ечим ва йўлларга урғу берилганда, бу одамларда умид уйғотади ва ҳаётни асрашга ёрдам беради. Бу ҳолат Papageno эффекти деб аталади.
Бу атамани австриялик олимлар жорий қилган. У Моцартнинг машҳур “Сеҳрли флейта” операсидаги қаҳрамон Папагенодан олинган. Унда Папагено ҳаётида қийин дамда ўзини ўлдирмоқчи бўлади, аммо дўстлари уни тўхтатишади ва бошқа имкониятлар борлигини кўрсатишади.
Агар оммавий ахборот воситаларида суицид мавзуси умид, ечим ва ёрдам излаш имкониятлари билан бирга ёритилса:
— одамларда “ҳаётдан чиқиш йўли фақат суицид эмас” деган фикр пайдо бўлади.
— ривожланиш ва қайта туриш имкониятлари намойиш этилади.
— психологик қийинчиликда қолган одамлар ёрдам сўрашга мойил бўлиб қолишади.
2010 йилдаги тадқиқотда, суицид ҳақида умидбахш материалларни ўқиган одамлар орасида руҳий тушкунлик сезиларли даражада камайгани аниқланган.
Агар интернет нашрлари суицид мавзусини “Папагено эффекти” асосида ёритса, бу жамиятда умид уйғотади, одамларни ҳаётга қайтаришга хизмат қилади. Шунинг учун журналистлар ва блогерлар учун энг муҳим вазифа суицид ҳақида фактни айтиш билан чекланмасдан, одамларга ечим ва ёрдам йўлларини кўрсатишдир.
Ёшларга таъсири
Психолог олимлар таъкидлашича, суицид мавзусини ёритиш айниқса руҳий жиҳатдан заиф шахслар ва ёшлар учун хавфлидир. АҚШда Netflix'нинг “13 Reasons Why” сериали намойиш этилгандан кейин 10-17 ёшли ўспиринлар орасида суицид кўрсаткичи 28,9% га ошгани қайд этилган. Бу ҳолат медиа таъсирининг қай даражада кучли бўлиши мумкинлигини кўрсатади.
Ёритишнинг салбий жиҳатлари
Тақлид ва оммавийлаштириш хавфи – сенсацион сарлавҳалар ва тафсилотлар таъсирчан шахсларда тақлид қилиш эҳтимолини кучайтиради.
Оила ва яқинларга таъсир – марҳум ҳақидаги ортиқча баёнлар унинг оиласи ва яқинларига қўшимча руҳий зарар етказади.
Романтизация – айрим мақолаларда суицид “қаҳрамонлик” ёки “шижоат” сифатида тасвирланса, бу хавфли тенденцияни кучайтиради.
Интернет орқали тез тарқалиш – онлайн нашрлардаги хабарлар қисқа вақт ичида миллионлаб одамларга етиб бориши муаммони янада оғирлаштиради.
Қандай ёритиш лозим?
Журналист ва блогерлар суицид ҳақида ёзганда ҳар доим профилактика ва ечимларга урғу беришлари зарур.
Ахборот беришдан кўра, руҳий саломатлик марказлари, психолог маслаҳатлари ва ишонч телефонлари ҳақида маълумот бериш жамият учун кўпроқ фойда келтиради.
Интернет нашрлари сенсация ортидан қувмасдан, инсон ҳаёти қадр-қимматини устувор қиймат сифатида кўрсатиши зарур.
Суицид мавзусини интернет нашрларида ёритиш катта масъулият талаб қилади. Нотўғри ёритилган хабарлар ёшлар ва таъсирчан шахслар учун хавфли оқибатларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун ҳар бир журналист, блогер ёки интернет нашри қуйидаги принципларга амал қилиши шарт:
шахсий ҳаёт дахлсизлигини ҳурмат қилиш;
тафсилот ва сенсациядан қочиш;
ечим ва профилактикага урғу бериш;
жамиятда ижобий руҳий муҳит яратиш.
Суицид ҳақида ёзилган ҳар бир мақола инсон ҳаётини сақлаб қолиш ёки аксинча, хавфга солиш имкониятига эга. Шу сабабли, интернет нашрлари ушбу мавзуда жуда эҳтиёткор ва масъулиятли бўлишлари зарур.
Фурқат Алимардонов, журналист
Улашиш:
Бошқалар
Никоҳ тузишда қонун тақиқлайдиган ҳолатлар
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 16-моддасида никоҳ тузишга руҳсат берилмайдиган ҳолатлар аниқ кўрсатиб берилган.
2025 йил 12 октябрдан Тошкент «прописка»си бекор қилинади
Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтганлиги мавжуд эмаслиги уни турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказишни рад этиш учун асос бўлмайди.
«Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш қандай йўналишларни ўз ичига олади?
Қонунчиликка кўра, «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш орқали қўллаб-қувватланади.
Касбларга ўқитиш ва малака ошириш тизими такомиллаштирилади
2026 йил 1 мартгача Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан ташкил этиладиган касбларга ўқитиш босқичма-босқич уч босқичли тизимга (видеодарслар, касбларга ўқитиш ва малака ошириш) ўтказилади.