Ҳуқуқ
29.11.2024
1 244
Аксариятнинг қулоғига машина олди-сотдисида “доверенность” сўзи чалинган бўлса керак. Аслида “доверенность”нинг вазифаси анчагина кенг бўлиб, бошқа бировга сизнинг номингиздан расмий ҳаракатларни амалга оширишиш ҳуқуқини беради.
Хўш, ишончнома нима? Уни қандай тузиш керак? Ишончноманинг муддати қанча? Ишончнома билан берилган ҳуқуқни бошқага бериш мумкинми? Ишончнома қачон бекор бўлади? Hudud24.uz сайти колумнисти Муроджон Нажмиддинов мақолада ушбу саволларга жавоб беради.
1. Ишончнома нима?
Бир шахс (ишонч билдирувчи) томонидан иккинчи шахсга (ишончли вакилга) учинчи шахслар олдида вакиллик қилиш учун берилган ёзма ваколат ишончнома ҳисобланади.
|
|
Ишончли вакил ўзига ишончномада айнан кўрсатилган ҳаракатлар доирасида иш олиб боради. |
2. Ишончнома қандай шаклда тузиш керак?
Ишончнома оддий ёзма шаклда ёки нотариал шаклда тузилади. Нотариал шаклни талаб қилувчи битимларни тузиш ёхуд юридик шахсларга нисбатан ҳаракатларни амалга ошириш учун берилган ишончнома нотариал тасдиқланган бўлиши керак.
|
|
Масалан, уй олди-сотдисида шартнома нотариал орқали тузилиши керак. Шунинг учун кимгадир уйингизни сотиш ёки уй сотиб олиш учун ҳуқуқ бермоқчи бўлсангиз, бундай ишончномани ҳам нотариусда расмийлаштириш керак. |
Хат-хабарларни, шу жумладан пул ва посилкаларни олишга, иш ҳақини ҳамда меҳнат муносабатлари билан боғлиқ бўлган бошқа тўловларни олишга, муаллифлар ва ихтирочиларга тўланадиган ҳақларни, пенсиялар, нафақалар ва стипендияларни, шунингдек банк муассасаларидан суммаларни олиш ҳақидаги ишончнома ваколат берувчи ишлайдиган ёки ўқийдиган ташкилот, у яшайдиган уйга хизмат кўрсатувчи уй-жойдан фойдаланиш ташкилоти, ўзининг яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёхуд фуқаро даволанишда бўлган даволаш муассасасининг маъмурияти томонидан тасдиқланиши мумкин.
3. Ишончноманинг муддати қанча?
Ишончнома кўпи билан 3 йил муддатга берилиши мумкин. Агар ишончномада муддат кўрсатилган бўлмаса, у берилган кундан бошлаб бир йил мобайнида ўз кучини сақлайди.
Берилган куни кўрсатилмаган ишончнома ҳақиқий эмас.
|
|
Нотариус тасдиқлаган, Ўзбекистондан ташқарида ҳаракатларни амалга оширишга мўлжалланган, муддати кўрсатилмаган ишончнома уни берган шахс томонидан бекор қилингунича ўз кучини сақлайди. |
4. Ишончнома билан берилган ҳуқуқни бошқага бериш мумкинми?
Ишончнома берилган шахс ўз ваколатидаги ҳаракатларни шахсан амалга ошириши шарт. Агар унга ишончнома билан ваколат берилган бўлса ёки уни ишончнома берган шахснинг манфаатларини ҳимоя қилишга шароит мажбур қилса, у ҳаракатларни амалга оширишни бошқа шахсга ўтказиши мумкин.
|
|
Бошқа шахсга ўтказиш бўйича берилган ишончноманинг амал қилиш муддати унинг берилишига асос бўлган асосий ишончноманинг амал қилиш муддатидан ошиб кетиши мумкин эмас. |
Ваколатларини бошқага берган шахс ишончнома берган шахсга буни маълум қилиши ҳамда мазкур шахс ва унинг яшаш жойи тўғрисидаги зарур маълумотларни хабар қилиши керак. Ушбу бурчлар бажарилмаса, ўз ваколатларини бошқага берган шахс ундан ваколат олган шахснинг ҳаракатлари учун худди ўзининг ҳаракатлари каби жавобгар бўлади.
5. Ишончнома қачон бекор бўлади?
Ишончноманинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда бекор бўлади:
1) ишончнома муддатининг тамом бўлиши;
2) ишончнома берган шахснинг уни бекор қилиши;
3) ишончнома берилган шахснинг бош тортиши;
4) номидан ишончнома берилган юридик шахс фаолиятининг тўхтатилиши;
5) номига ишончнома берилган юридик шахс фаолиятининг тўхтатилиши;
6) ишончнома берган фуқаронинг муомалага лаёқатсиз, муомала лаёқати чекланган ёки бедарак йўқолган деб ҳисобланиши, ёхуд унинг вафот этиши;
7) ишончнома олган фуқаронинг муомалага лаёқатсиз, муомалага лаёқати чекланган ёки бедарак йўқолган деб ҳисобланиши, ёхуд унинг вафот этиши.
|
|
Ишончнома берган шахс истаган вақтда ишончномани бекор қилиши, ишончнома берилган шахс эса — ундан воз кечиши мумкин. Бу ҳуқуқдан воз кечиш ҳақидаги битим ҳақиқий эмас. |
Ишончноманинг амал қилиши бекор бўлиши билан уни бошқа шахсга ўтказиш ҳам ўз кучини йўқотади.
6. Ишончнома бекор қилингандан кейин амалга оширилган ҳаракатларнинг ҳаммаси ноқонуний бўладими?
Ишончнома олган шахснинг ишончнома бекор бўлганлигини билгунча ёки билиши лозим бўлгунича қилган ҳаракатлари ишончнома берган шахс ёки унинг ҳуқуқий ворислари учун учинчи шахсларга нисбатан ўз кучини сақлаб қолади.
Ишончнома олган шахснинг ишончнома бекор бўлганлигини билган ёки билиши лозим бўлганидан кейин қилган ҳаракатлари ишончнома берган шахс учун ҳуқуқ ва мажбуриятларни вужудга келтирмайди.
Агар учинчи шахс ишончноманинг амал қилиши бекор бўлганлигини билган ёки билиши лозим бўлган бўлса, ушбу модданинг қоидалари қўлланилмайди.
Улашиш:
Бошқалар
Турар-жой ижараси бўйича томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 86-моддасига кўра турар-жой фуқаролар ва юридик шахсларга эгалик қилиш ва фойдаланиш учун аренда шартномаси асосида берилиши мумкин.
«Касб эгаси» дуал таълим тизими нима ва уни ташкил этиш тартиби қандай?
«Касб эгаси» дуал таълим тизими — назарий қисми олий таълим ташкилотида, амалий қисми эса йўлланма асосида иш жойида ўтказиладиган ҳамда корхона томонидан иш ҳақи тўланадиган таълим жараёнидир.
Йўналишсиз такси фаолиятини тартибга солиш ва уларга қўйиладиган талаблар
Ҳайдовчи фаолиятини меҳнат ва дам олиш режимига риоя этган ҳолда амалга оширади.
Мактаб битирувчилари қандай ҳолатларда якуний аттестация топширишдан озод этилади?
Низомнинг иловасига мувофиқ тасдиқланган 59 турдаги якуний давлат аттестациясидан озод қилиш мумкин бўлган касалликларга асосан озод этилади.