currencies image

12 571,90 UZS

13,11

usd

currencies image

13 465,76 UZS

73,19

eur

currencies image

143,83 UZS

1,23

ru



АсосийЯнгиликларЮн Сок Ёль, Корея Республикаси Президенти: Биз Марказий Осиёдаги ягона алоҳида стратегик шеригимиз ва асосий ҳамкоримиз бўлган Ўзбекистон билан дўстона муносабатларни ривожлантиришда давом этамиз

Юн Сок Ёль, Корея Республикаси Президенти: Биз Марказий Осиёдаги ягона алоҳида стратегик шеригимиз ва асосий ҳамкоримиз бўлган Ўзбекистон билан дўстона муносабатларни ривожлантиришда давом этамиз

Ўзбекистон

calendar

13.06.2024

eye

89

Юн Сок Ёль, Корея Республикаси Президенти: Биз Марказий Осиёдаги ягона алоҳида стратегик шеригимиз ва асосий ҳамкоримиз бўлган Ўзбекистон билан дўстона муносабатларни ривожлантиришда давом этамиз

Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёль Ўзбекистонга амалга оширадиган давлат ташрифи арафасида "Дунё" ахборот агентлигига интервью берди.

– Жаноб Президент, суҳбатимиз айни пайтда чуқур трансформация босқичидан ўтаётган Ўзбекистонга давлат ташрифингиз арафасида ташкил этилмоқда. Маълумки, ўз вақтида Корея Республикаси ҳам бундай ўзгаришлар жараёнини бошидан кечирган. Мамлакатимизнинг замонавий тараққиёти, Ўзбекистон раҳбарияти томонидан амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ва демократик ислоҳотларни қандай баҳолайсиз?

– Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси кўплаб умумий тарихий ва маданий хусусиятларга эга. Мен ҳамиша мамлакатингизга сафар қилишни орзу қилганман. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларидан ушбу ташрифга таклиф олиш мен учун катта шарафдир.

Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларининг беқиёс раҳнамолигида Ўзбекистон Республикаси Марказий Осиёда амалга оширилаётган ўзгаришлар ва инновациялар жараёнида етакчилик қилмоқда. Ўзбекистоннинг иқтисодий кўрсаткичлари, жумладан, ялпи ички маҳсулот, аҳоли жон бошига тўғри келадиган маҳсулот ҳажми, тўлов баланси ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқими йилдан-йилга ўсиб бормоқда.

Мамлакатнинг юқори ўсиш салоҳиятига эга бозори, катта миқдордаги ишчи кучи ва геосиёсий аҳамияти уни халқаро компаниялар учун бизнес юритиш ва инвестициялар киритиш учун жуда жозибадор маконга айлантирмоқда. Мен келишдан олдин Тошкентни қуш парвози баландлигидан томоша қилиш имкониятига эга бўлдим ва Ўзбекистон нақадар изчил ривожланаётганини кўрдим.

Ўтган йили эълон қилинган "Ўзбекистон – 2030" стратегиясига мувофиқ мамлакатда сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда ислоҳотлар изчил давом эттирилиб, янги муваффақиятларга эришилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш, иқтисодиётни либераллаштириш ва хорижий компанияларни жалб этиш каби мақсадларни илгари суриб, миллий иқтисодиётни рағбатлантирмоқда. Шунингдек, жамият ҳаётида коррупцияга қарши курашиш, қонун устуворлигини таъминлаш ва бошқа йўналишларни қамраб олган кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширмоқда.

Бир пайтлар мутлақ қашшоқ мамлакат бўлган Корея Республикаси ташқи дунёга очилиш, иқтисодиётини либераллаштириш ва халқаро ҳамжамият билан яқин ҳамкорликда коррупцияга қарши курашиш орқали иқтисодий ва ижтимоий тараққиётга эришди. Ушбу тажрибага асосланиб, Корея Республикаси Ўзбекистоннинг ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди ҳамда бундан кейин ҳам республикани ижтимоий-иқтисодий ва демократик ривожлантиришда мамлакатингиз билан алоҳида стратегик шерик сифатида яқиндан ҳамкорлик қилади.

– Бизнинг давлатларимиз учун иқтисодий ривожланиш ва ўсиш ташқи ҳамда ички сиёсатнинг устувор йўналиши ҳисобланади. Ўзбекистон хориж инвестицияси учун эшикларини очмоқда, экспорт салоҳиятини оширмоқда, янада кенгроқ кооперацияга эришиш ҳамда савдо алоқаларини чуқурлаштиришга интилмоқда. Сиз ушбу соҳаларда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболлари ҳақида қандай фикр билдира оласиз? Нима ўзаро алоқаларни фаоллашувини рағбатлантириши ёки уларга тўсқинлик қилиши мумкин?

– Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари 2016 йилда Президентлик лавозимига киришганидан буён дадил ислоҳотлар ва очиқлик сиёсатини юритиб, Ўзбекистонни мутлақо янги мамлакатга айлантирди.

Валюта сиёсатини либераллаштириш, божхона тўловларини камайтириш ва давлат корхоналарини таркибий ўзгартиришни ўз ичига олган бозорни либераллаштириш бўйича тизимли чора-тадбирлар Ўзбекистон иқтисодиётини жонлантириш ва инвестициявий муҳитни яхшилашга ёрдам берди. Хусусан, ўтган йили тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 96,4 фоизга ўсиб, 7,68 миллиард долларга етди.

Корея Республикаси Ўзбекистон Республикаси билан 1992 йилда дипломатик муносабатлар ўрнатганидан бери автомобилсозлик, энергетика, маиший техника, тўқимачилик, молия, телекоммуникациялар ва бошқа йўналишлардаги иқтисодий ҳамкорлик кўламини кенгайтирди.

2019 йилда икки томонлама муносабатлар Марказий Осиёда ягона бўлган алоҳида стратегик шериклик мақомини олди ва ўтган йил ўзаро товар айирбошлаш ҳажми рекорд даражадаги 2,46 миллиард долларга етди. Айни дамда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар ҳар қачонгидан ҳам ўзаро манфаатли мазмун касб этган.

Бугун дунё мураккаб глобал инқирозга юз тутаётган экан, мен бундай вазиятни ўзаро иқтисодий ҳамкорликни янада диверсификация қилиш ва чуқурлаштириш, жумладан, муҳим фойдали қазилмаларни етказиб бериш занжирини ривожлантириш учун имконият деб ҳисоблайман. Ушбу ташриф чоғида ҳукуматларимиз ва бизнес вакиллари ўртасидаги музокараларнинг амалий натижаларини кўришга умид қиламан.

– Бугунги кунда Ўзбекистон минтақа мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, яқин қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш воситасида Марказий Осиёни жипслаштириш ва унинг салоҳиятини юксалтиришга интилмоқда. Бунинг самарасида Марказий Осиё халқаро майдонда тобора муҳим ҳамкор ва фаол халқаро кучга айланиб бормоқда. Сизнинг фикрингизча, ушбу жараёнлар мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларга қандай таъсир қилмоқда?

– Бизга маълумки, Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари минтақадаги қўшнилар билан шериклик муносабатларини мустаҳкамлашни мамлакат ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгилаб, минтақавий ҳамкорликда етакчи ўрин тутмоқда. 2018 йилда унинг ташаббуси билан ҳар йили ўтказиладиган формат – Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари ташкил этилди. Биз, шунингдек, Ўзбекистон қўшни Қирғизистон ва Тожикистон билан чегара ва сувдан фойдаланиш масалаларига тўғри ечим топаётганини, халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш борасидаги саъй-ҳаракатларида фаол иштирок этаётганини тан оламиз ва эътироф этамиз.

Марказий Осиё географик жиҳатдан Осиё ва Европа туташган ҳудудда жойлашган бўлиб, бой табиий ресурслар, жумладан, нодир фойдали қазилмаларга эга, унинг стратегик ва иқтисодий аҳамияти жадаллик билан ошиб бормоқда. Айни жиҳатлар минтақа мавқеининг ошишига ҳамда сўнгги пайтларда Марказий Осиё давлатларининг халқаро майдонда эътироф этилишига сабаб бўлмоқда.

Марказий Осиё билан ҳамкорликнинг муҳимлигини ҳисобга олиб, ташрифимдан бироз олдин бизнинг ҳукумат "Корея Республикаси – Марказий Осиё K SILK ROAD (R.O.A.D) ҳамкорлик ташаббуси"ни эълон қилди. Ушбу ташаббус мамлакатимиз ва Марказий Осиё ўртасидаги 30 йиллик муносабатлар тажрибасига асосланмоқда ва жадаллик билан ўзгариб бораётган халқаро вазиятга жавобан янги ҳамкорлик режасини тақдим этмоқда.

Ушбу ташаббус Корея Республикасининг минтақангизга қаратилган биринчи стратегияси бўлиб, Корея ва Марказий Осиёда эркинлик, тинчлик ва фаровонликни биргаликда барпо этиш мақсадида "ёнма-ён" (биргаликдаги йўл) ривожланиш, "саъй-ҳаракатларни бирлаштириш" (конвергенция) ҳамда "инновация ва ижодкорлик" (креативлик) тамойилларига асосланади.

Хусусан, у энергетика ва ресурслар соҳасида стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли иқтисодий муносабатларни ривожлантириш учун тараққиётга йўналтирилган ҳамкорликни модернизация қилиш, келажакдаги фаровонлик йўлида шериклик алоқаларини ўрнатиш ва бунга эришиш учун ҳукуматлар, бизнес ва фуқаролар ўртасида уйғун ҳамкорлик тармоғини мустаҳкамлашга қаратилган.

Келгусида Корея Республикаси ҳукумати Марказий Осиёнинг бешта давлати билан Марказий Осиё стратегиясини амалга ошириш бўйича маслаҳатлашувлар ва яқин ҳамкорликни давом эттиради. Айни пайтда минтақадаги асосий ҳамкор ва биродар давлат бўлган Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ва келажакка йўналтирилган ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди.

– Ўзбекистонда аҳолининг катта қисмини ташкил этувчи 30 ёшгача бўлган ўғил-қизлар камолоти, уларнинг сифатли таълим-тарбия олиши, интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш бўйича зарур шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Таълим, фан ва юқори технологиялар соҳаларида ўзаро ҳамкорлик истиқболлари ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.

– Корея Республикаси ва Ўзбекистон бир-биридан узоқ масофада жойлашган бўлса-да, улар ўртасидаги илм-фан ва технологияларнинг илғор ютуқларини ўзаро алмашиш жараёни қадим ва дўстона тарихга бориб тақалади.

Ўрта асрларда Ипак йўлининг маркази саналган Самарқанд шаҳридаги Улуғбек расадхонасида тузилган астрономик жадваллар Корея ярим оролига ҳам етиб борган ва XV асрда ўзига хос корейс тақвимининг яратилишига асос бўлган.

Орадан 600 йилдан кўпроқ вақт ўтгач, бугун Корея ва Ўзбекистон ҳукуматлари биргаликда Ўзбекистонда кимёвий технологиялар марказини (UzCCT) яратиш устида иш олиб бормоқда. Бу муассаса Корея кимёвий технологиялар илмий-тадқиқот институти (KRICT) тажрибалари асосида мамлакатда кимёвий технологиялар соҳасидаги тадқиқотлар ва ишланмаларни назорат қилувчи илмий-тадқиқот маркази мақомига эга бўлади.

2023 йилдан буён 12 нафар ўзбекистонлик ёш магистрант ва докторант Корея фан ва технологиялар университети ҳамда Корея кимёвий технологиялар илмий-тадқиқот институти негизида ташкил этилган олий мактабда илғор технологиялар асосида таҳсил олмоқда. Бу ёшлар Ўзбекистондаги кимё-технология марказини бошқарадиган ва икки томонлама илмий-техникавий ҳамкорликка эга тадқиқотчиларнинг янги авлоди бўлиб етишади.

Бизнинг мамлакат Ўзбекистон билан илғор фан ва технологиялар, жумладан, АКТ, сунъий интеллект учун яримўтказгичлар соҳасида илмий-тадқиқот ва ишланмалар ҳамда гуманитар алмашинувлар йўналишида ҳамкорликни мустаҳкамлаб, биргаликда Марказий Осиёда инсониятни илмий ва технологик ютуқларга етакловчи юқори технологияли хаб барпо этиш ва XXI асрнинг инновацион Ипак йўлини яратишга умид қилмоқда.

Бундан ташқари, аминманки, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар даврида ҳар икки мамлакатнинг келажак авлодлари бир-бири билан турли ғоялар ва қадриятларни эркин алмашишлари мумкин бўлган ўзаро муштарак дунёда яшайдилар. Корея Республикаси ёшларимизнинг рақамлаштириш соҳасига мослашишига ёрдам бериш мақсадида рақамли таълимдаги инновацияларни фаол қўллаб-қувватлайди.

Мисол учун, биз 2025 йилдан бошлаб мактабларда қўлланиладиган миллий даражадаги "Сунъий интеллект билан рақамли дарслик" дастурини ишлаб чиққан дунёдаги биринчи мамлакат бўлдик. Бу ўқувчиларнинг индивидуал хусусиятларидан келиб чиқиб таълим олиш имконини яратади. Шунингдек, биз рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда ўқувчиларни ўқитиш учун ўқитувчиларнинг интенсив тайёргарлигига эътибор қаратяпмиз.

Корея Республикаси сунъий интеллект ва рақамли таълим соҳасида етакчи давлат сифатида Ўзбекистон билан истиқболда таълим жараёнларига интеграциялашган инновациялар ва рақамли таълим моделлари намуналари борасида ўртоқлашиш орқали ҳам ҳамкорлик қилади.

– Корея Республикаси ҳам, Ўзбекистон ҳам кўҳна тарих ва бой маданиятга эга давлатлар сифатида ўзининг тарихий-маънавий меросини сақлаб келмоқда. Самарқанддаги қадимий Афросиёб деворларида Сўғд давлати ҳукмдори томонидан турли мамлакатлардан, жумладан, қадимги Когурё давлатидан келган элчиларни қабул қилиш маросими акс эттирилган суратлар халқларимиз ўртасида чуқур ва жуда кўҳна тарихий ришталар мавжудлигидан дарак беради. Бундан ташқари, бугунги кунда Ўзбекистондаги корейс диаспораси нуфуси қарийб 180 минг кишига яқин бўлиб, Ўзбекистонни улар чинакам Ватан сифатида билишади. Мамлакатимиздаги бошқа миллатлар қатори корейслар ҳам фидокорона меҳнат қилиб, мамлакатимиз тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшишмоқда. Шу жиҳатлар, қолаверса, замонавий маданий мулоқот ва унинг мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар ривожига таъсири ҳақида нима дея оласиз?

– Ўзбек халқи бундан 87 йил олдин Узоқ Шарқдан кўчиб келган кореялик ватандошларимизга қайноқ бағридан жой бергани учун жуда миннатдормиз.

Афросиёб музейидаги Корея элчисининг деворий суратлари эса мамлакатларимиз ўртасидаги яхши муносабатлар тарихи қарийб 1400 йилга бориб тақалишидан дарак беради. Икки мамлакат ўртасида маданий меросни асраб-авайлаш соҳасидаги ҳамкорлик равнақ топаётганидан ва бу борада Ипак йўлининг юраги – Самарқанддаги Афросиёб музейи гувоҳлик бераётганидан мамнунман.

Ўзбекистонда 172 минг корейс истиқомат қилади, бу Марказий Осиёда яшаётган 300 минг корейслар умумий сонининг энг катта кўрсаткичидир. Корейс халқи ўзбек жамиятида аҳил-иноқ яшаб, ўзининг меҳнатсеварлиги билан Ўзбекистоннинг турли соҳаларда ривожланишига муносиб ҳисса қўшмоқда. Этник корейслар иккала маданиятни ҳам яхши тушунганликлари сабабли, ўзларини ўзбек маданиятига, ўзбеклар эса корейс маданиятига яқинроқ ҳис қилишларига имкон берадиган боғловчи кўприк вазифасини сидқидилдан бажариб келмоқдалар.

Ташриф давомида Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари билан турли йўналишларда, жумладан, энергетика ва инфратузилма, соғлиқни сақлаш ва тиббиёт, иқлим ва атроф-муҳит, фан-техника, таълим каби соҳаларда икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришни муҳокама қилишни режалаштирганмиз. Мамлакатларимиз ҳақида чуқур билимга эга ва жамиятда фаол роль ўйнаётган Ўзбекистондаги корейс диаспораси икки томонлама ҳамкорликни янада юқори даражага кўтаришда, ўйлайманки, мустаҳкам воситага айланади. Корея Республикаси ҳукумати бундан буён ҳам ўзаро муносабатларни янада ривожлантириш мақсадида корейс диаспорасига эътибор қаратади ва қўллаб-қувватлашни давом эттиради.

– Мамлакатимизга ташрифингиз арафасида Ўзбекистон, унинг халқи ҳамда Ўзбекистон-Корея Республикаси ҳамкорлигига қандай тилаклар билдирган бўлардингиз?

– 1992 йилда дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён мамлакатларимиз ўртасида мустаҳкам ишонч ва дўстликка асосланган икки томонлама алоқалар ривожланди.

2019 йилда Корея Республикаси ва Ўзбекистон муносабатлари алоҳида стратегик шериклик даражасига кўтарилганидан кейин ҳамкорлигимиз янада яқинлик касб этаётир.

Айниқса, Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларининг 2021 йилда Корея Республикасига амалга оширган давлат ташрифи, ўтган йили БМТ Бош Ассамблеяси доирасидаги учрашувимиз ҳамда Ўзбекистонга бўлажак давлат ташрифим алоҳида стратегик шериклигимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Бизнинг ҳукумат Марказий Осиёдаги ягона алоҳида стратегик шеригимиз ва асосий ҳамкоримиз бўлган Ўзбекистон билан янада ўзаро манфаатли ва истиқболли ҳамкорликка эришиш учун дўстона муносабатларни ривожлантиришда давом этади.

Биз турли соҳаларда, жумладан, энергетика ва инфратузилма, муҳим фойдали қазилмалар, таъминот занжирлари, соғлиқни сақлаш ва тиббий хизмат, таълим, рақамлаштириш, фан ва технологиялар, иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит каби соҳаларда ҳамкорликни янада кенгайтирамиз.

Шунингдек, Корея Республикаси билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар янада яқинлашиши учун халқларимиз ўртасидаги ишонч ва дўстликка асосланган гуманитар ва маданий алмашинувларни янада фаоллаштириш зарур, деб ҳисоблайман.

Ўзбекистон халқи ҳам Корея Республикасига нисбатан илиқ ва эзгу муносабатда.

Ўзбекистон халқи Корея Республикасига эзгулик ва барча яхшиликларни бундан кейин ҳам билдиради, деган умиддаман.

– Жаноб Президент, мазмунли суҳбат учун миннатдорлик билдирамиз, мамлакатимизга бўлажак ташрифингиз самарали ва муваффақиятли бўлишини тилаймиз.

– Раҳмат.

Улашиш:

Бошқалар

11-июн 2024, 14:21
4 965

“Notcoin”, “Hamster Kombat”. Ўзбекистонда криптовалюта олиш ва сотиш қай даражада қонуний?

Хўш, криптовалютага оид миллий қонунчилик қандай? Криптовалюта олиш  ва сотиш қай даражада қонуний? Бунинг учун қандай жавобгарлик белгиланган? Айнан қандай ҳаракатлар учун кишилар жавобгарликка тортилмоқда? Hudud24.uz сайти колумнисти Муроджон Нажмиддинов мақолада шу ҳақда сўз юритади.


12-июн 2024, 07:06
2 502

Фарзандини “лагер”га юбораётган ота-оналар учун ҳуқуқий эслатмалар

Оромгоҳлар санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативлари, хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб бериши шарт.


10-июн 2024, 13:43
1 365

Академик лицейларга қабул: муҳим 7 қоида

Бугундан академик лицейларга қабул бошланди. Ўқувчилар ҳужжатларини уйдан чиқмасдан онлайн топширишлари мумкин. hudud24.uz қуйидаги мақола орқали қабул жараёни ва тест синовларига оид маълумот беради.


7-июн 2024, 14:00
1 267

Гўштни кўча ҳароратида илгакларга илиб сотиш тақиқланади: гўшт, озиқ-овқат, мева-сабзавот сотиб олишга оид муҳим қоидалар

Ёз мавсуми бошланди, иссиқ ҳавода ҳар қандай маҳсулотларнинг тез бузилиши тайин. Hudud24.uz гўшт, озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олаётганда нималарга эътибор бериш керак, уларни сақлаш, сотишда қонунчиликда қандай талаблар белгиланганлиги ҳақида маълумот беради.