Ўзбекистон
18.08.2023
3 368
“ЙПХ ходими ҳар қандай вазиятда йўл ҳаракати қатнашчилари билан вазмин, хушмуомала, одобли ва эътиборли бўлиш, уларга ҳурмат билан ҳамда “Сиз” деб мурожаат қилиш, муомала маданияти ва қонунийликка риоя қилиши керак”. Ҳайдовчилар ЙПХ ходими билан ўзаро муносабатда нималарни билиши керак? Қуйидаги мақолада мавзуга оид айрим ҳуқуқий нормалар келтирилган. 1. ЙПХ ходими қандай ҳолатларда ҳайдовчини тўхтатиши мумкин? ЙПХ ходими транспортни фақат қуйидаги асослар билан тўхтатиши мумкин: йўл ҳаракати қоидалари бузилиши визуал кузатув ёки махсус мослама ёрдамида аниқланганда (масалан, ҳайдовчининг қизил чироқда ўтгани камерага тушган бўлса); Махсус мосламалар – аудио, фото ва видео техникалари ёки кўчма фоторадар ва мобил комплекслар, алкотестер, наркотестер, планшет ҳамда “тонировка”ни ўлчовчи воситалар; транспорт, ҳайдовчи ёки йўловчи қидирувда эканлиги, ҳуқуқбузарликка алоқаcи бор бўлса; ҳайдовчи ёки йўловчи йўл транспорт ҳодисаси (ЙТҲ), ҳуқуқбузарликни кўрган бўлса, улардан ҳодисага оид маълумот олиш керак бўлганида; ҳаракатни чеклаш ёки тақиқлаш бўйича қонуний кўрсатмаларни бажаришда (масалан, йўлда авария ҳолати бўлган бўлса, оммавий тадбир, марафон ўтказилаётган бўлса); ЙПХ ходими ҳайдовчининг транспортидан фойдаланиш зарурати бўлганда (масалан, табиий офат бўлган жойга бориш, шошилинч тиббий ёрдамга муҳтожларни касалхонага олиб бориш, жиноят қилганларни таъқиб қилиш); махсус тадбирлар вақтида (ЙТҲ ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган ҳаракатлар, халқ тилида “рейд” вақтида); “права” ва бошқа ҳужжатларни текшириш учун. ЙПХ ходими бошқа асосларга кўра транспортни тўхтатиши мумкин эмас. Транспортни йўлларининг кўриш чекланган қисмлари, бурилишдан олдин ва кейин, тик нишаблик ёки тик баландликлар, чорраҳалар, ер ости ўтиш жойлари олдида, темир йўл кесишмаси ҳудуди ва бошқа хавфли жойларда тўхтатиш тақиқланади. ЙПХ ходимининг ишоралари тушунарли ва ўз вақтида берилиши лозим. Қоидабузарлик аниқланганда ЙПХ ходими ҳайдовчига аввал айнан содир этган қоидабузарликни тушунтириб, шундан сўнг ҳужжатларни текшириб, чора кўриши керак. “Рейд” вақтида транспорт тўхтатилганда ЙПХ ходими “рейд”нинг мақсади ҳамда тўхтатиш сабаби ҳақида тушунтириш бериши керак. 2. ЙПХ ходими ҳайдовчини транспорт кабинасидан тушишини талаб қилиши мумкинми? Ҳа, мумкин. ЙПХ ходими ҳайдовчи ёки йўловчиларни қуйидаги ҳолатларда транспорт кабинасидан чиқишини талаб қилиши мумкин: транспорт носозлигини ва юк ташиш қоидаси бузилганлигини бартараф этиш учун; ҳайдовчи транспортни маст ҳолда бошқараётганда; транспортнинг двигатель ва агрегат қисмлари рақамларини рўйхатлаш ҳужжатларида ёзилган рақамлар билан фарқ аниқланганда; транспортга тегишли ҳужжатлар ёки юк ҳужжатлари мавжудлигини текширишда; ҳайдовчи ёки йўловчи жиноят содир этганликда гумон қилинаётганда; ҳайдовчининг транспорт кабинасида бўлиши йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга таҳдид солиши мумкин бўлганда (ҳайдовчининг руҳий ҳолатига, ёшига, сезгирлик ва эътиборни сусайтирадиган дори воситалари таъсирида, йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган даражадаги чарчоқлик ва бетоблик ҳолатида, транспортни бошқара олишига шубҳа бўлганда). Жисмоний нуқсони сабабли ҳайдовчи транспорт кабинасидан чиқа олмаса, ЙПХ ходими уни кабинадан тушишини талаб қилиши мумкин эмас. 3. ЙПХ ходимининг муомала маданиятига ҳам талаблар мавжудми? Ҳа, мавжуд, ЙПХ ходими ҳар қандай вазиятда йўл ҳаракати қатнашчилари билан вазмин, хушмуомала, одобли ва эътиборли бўлиш, уларга ҳурмат билан ҳамда “Сиз” деб мурожаат қилиш, муомала маданияти ва қонунийликка риоя қилиши керак. Бундан ташқари, ЙПХ ходими вазифаларини бажаришда қуйидагиларга мажбур: вазифаларини мобил видеокамерадан фойдаланиб ошкора олиб бориш; визуал кузатув ёки махсус мосламалардан фойдаланган ҳолда қоидалар бузилганлигини аниқлаш; транспортни тўхтатганидан кейин унинг олдига бориш, ўзини таништириш, лавозими, унвони, фамилияси ҳақида маълумот бериш, кўкрак нишон белгисини маълум қилиш ва хизмат гувоҳномасини очиқ ҳолда кўрсатиш; ҳайдовчига мобил видеокамерадан фойдаланаётганини айтиш ва ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этса, айбини исботлаш учун видео ёзувдан фойдаланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш; тўхтатиш сабаби, содир этилган ҳуқуқбузарлик юзасидан аниқ, лўнда тушунтириш бериш; маъмурий баённома расмийлаштириш чоғида ҳайдовчига ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш; ҳуқуқбузарликдан ёки бахтсиз ҳодисалардан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш; рухсат этилмаган, сертификатга эга бўлмаган, сертификатнинг амал қилиш муддати тугаган ёки ички ишлар органлари ҳисобида мавжуд бўлмаган махсус мосламалардан фойдаланмаслик; қоидаларни бузган ҳайдовчини махсус мосламанинг кўрсаткичлари билан таништириш, унинг талабига кўра мосламанинг қиёслаш сертификатини кўрсатиш. ЙПХ ходими йўлларда хизматни яширин олиб бориш тақиқланади. 4. Ҳайдовчи ЙПХ ходими билан гаплашганини ўзининг телефонига ёзиб олса бўладими? Ҳайдовчи ЙПХ ходими билан ўзаро муносабатини ўзига тегишли аудио, фото ва видео қурилмага қайд қилиши мумкин. Шунингдек, ҳайдовчилар хизматни мобил видеокамерасиз олиб бораётган ЙПХ ходимига ҳужжатларни тақдим этмаслик ҳуқуқига эга. 5. ЙПХ ходими ўзининг дислокациясидан ташқарида фаолият олиб бориши мумкинми? ЙПХ ходими ўзига бириктирилган ҳудуд дислокациясидан ташқарида фаолият олиб бориши мумкин эмас. ЙПХ ходими ўзига бириктирилган дислокациядан ташқарида расмийлаштирган баённомалари юридик кучга эга бўлмайди ва ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқармайди. Бироқ авария ҳолатини юзага келтириши мумкин бўлган қоидабузарликлар аниқланганда, ЙПХ ходими дислокациясидан ташқарида ҳам маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштириши мумкин. Ҳайдовчи ЙПХ ходимининг дислокацияси ҳақида маълумот олиш учун ДЙҲХХ саф бўлимига мурожаат этиши керак. Дилмурод Ражабоев Hudud24.uz колумнисти
Улашиш:
Бошқалар
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.
Сурхондарёда вояга етмаган ҳайдовчи автомобилни Миллий гвардия ходими устига ҳайдади
Ҳайдовчи ЙПХ ходимининг қонуний талабига бўйсунмай, воқеа жойидан қочиб кетмоқчи бўлган.
Фирмага қарашли автомобилда маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилса жавобгарликка фирма тортиладими?
Ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш муддатини узайтириш таклиф этилди