currencies image

12 447,35 UZS

86,49

usd

currencies image

14 545,97 UZS

66,46

eur

currencies image

146,08 UZS

0,42

ru



АсосийЯнгиликларКредит ахбороти ва кредит тарихи нима? 4 та муҳим маълумот

Кредит ахбороти ва кредит тарихи нима? 4 та муҳим маълумот

Ҳуқуқ

calendar

06.03.2024

eye

665

Кредит ахбороти ва кредит тарихи нима? 4 та муҳим маълумот

Бугун кўпчилик банклар, микрокредит ташкилотлари, ломбардлар, лизинг компаниялари, маиший техника, мебел ва шу каби дўконларнинг кредит хизматларидан фойдаланади. Кредит тарихи қандай шаклланади? Бу бўйича маълумотлар кимдан ва қай шаклда олинади? Қандай қилиб кредит тарихини яхшилаш мумкин? Hudud24.uz қуйида шулар ҳақидаги муҳим маълумотларга батафсил тўхталади.

1. Кредит ахбороти нима ва унда қандай маълумотлар акс этади?

Кредит ахбороти — кредит битимининг ҳолати, берилган таъминот бўйича (гаров, кафолат, кафиллик, кредитни тўламаслик хавфини суғурталаш ва таъминотнинг бошқа турлари бўйича) мажбуриятларнинг бажарилиши ҳақидаги маълумотлар, шунингдек кредит ахбороти субъектининг кредит қобилиятини, молиявий ҳолатини, тўлов қобилиятини, тўлов интизомини ва ўзга сифатларини аниқлашга кўмаклашувчи ахборотлар ҳисобланади.

Кредит ахборотида қуйидаги маълумотлар акс этади:

  • кредит ахбороти субъектини ва кредит ахборотини етказиб берувчини идентификациялаш имконини берадиган;
  • кредит ахбороти субъектининг фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бўйича пул суммасини тўлаш мажбуриятлари тўғрисидаги;
  • кредит ахбороти субъектига алоқадор шахслар тўғрисидаги;
  • кредит битими билан боғлиқ мол-мулк тўғрисидаги маълумотлар.

2. Кредит тарихи нима ва унда нималар акс этади?

Кредит тарихи — кредит бюроси томонидан кредит олувчига нисбатан шакллантирилган кредит ахбороти мажмуи ҳисобланади. Яъни, бу Сизнинг қаердан, қайси кредит ташкилотидан, қанча миқдорда қарз олганингиз ва кейинчалик уни қандай тўлаганингиз тўғрисида, умуман Сизнинг қарз олувчи сифатида молиявий интизомингиз ҳақидаги батафсил маълумотлардир.

Қонунчиликка асосан, кредит тарихи қарздорнинг сўнгги беш йил ичидаги мажбуриятлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олиб, қуйидагиларни акс эттиради:

  • қарздор тўғрисида;
  • жорий ва ёпилган кредитлар, товар кредитлари қиймати, расмийлаштирилган санаси, муддати ва қолдиғи тўғрисида;
  • муддати ўтган қарздорликлар тўғрисида;
  • жорий ва ёпилган кредитга қўйилган гаров мулки ва мулк эгаси тўғрисида;
  • суд жараёнидаги кредитлар тўғрисида;
  • кредит тарихи шаклланган сана ва уни тайёрлаган ташкилот тўғрисида.

Шу билан бир қаторда, кредит тарихи тўғридан-тўғри қарздор тўғрисидаги маълумотлардан ташқари лизинг олувчи, кафил, кафолатчи, гаровга қўювчи ҳамда кредит битими бўйича суғурталовчи сифатида қатнашувчи жисмоний ва юридик шахслар тўғрисидаги маълумотларни ҳам ўзида жамлайди.

Эслаб қолинг!!! Салбий кредит тарихи туфайли кредит ажратиш тўғридан-тўғри рад этилиши мумкин.

3. Кредит тарихи бўйича маълумотларни кимдан ва қай шаклда олиш мумкин?

Кредит маълумотларни йиғиш билан Кредит бюроси шуғулланиб, улар Марказий банк томонидан берилган лицензияга асосан фаолият юритади.

Кредит бюроси нафақат жисмоний ва юридик шахс бўлган қарздорларнинг маълумотлар базасини шакллантириш мақсадида балки, ушбу маълумотлар билан алмашиш учун банклар, микрокредит ташкилотлари, ломбардлар ва лизинг компаниялари билан ҳамкорлик олиб боради.

Кредит бюроси, қарздорларнинг молиявий ҳолатини, шунингдек, қарзни қайтара олиш қобилиятини баҳолайди, шунингдек, қарздорларни баҳолаш рейтинги тизимини (кредит скоринги) шакллантиради.

Кредит скоринги - бу кредит олувчини тўлай олиш қобилиятингизни балл бериш орқали баҳолаш тизими ҳисобланади. Яъни, бунда Сизга бериладиган баллар муддати ўтган қарздорликнинг мавжуд ёки йўқлиги, шунингдек, даромадлар, фаолият тури, ёш ва турмуш ҳолати ва бошқа шу каби омилларга боғлиқдир.

Скоринг баллини ошириш учун ўз кредит тарихингизни кузатиб боришингиз, қарз юки ҳажмини кўпайтирмасдан, мажбуриятларни ўз вақтида бажариб боришингиз зарур.

Кредит тарихи ҳақидаги маълумотларни ЯИДХП (http://my.gov.uz) дан рўйхатдан ўтган ҳолда олиш мумкин.

Бунда, Сиз ўзингиздан сўралган ахборотларни киритишингиз етарли. У ерда кредит тарихи ҳақида маълумот олиш билан бирга, ўз кредит тарихингизни онлайн кузатиб боришингиз ҳам мумкин. Энг муҳими Ягона порталдан маълумот олиш орқали Сиз фирибгарлар сизнинг номингиздан кредит олмоқчи бўлишганидан ҳам хабардор бўлиб турасиз.

Кредит тарихи бўйича маълумотлар сўров олган кундан эътиборан икки иш кунидан кўп бўлмаган муддатда тақдим этилади.

Эслаб қолинг!!! Сиз Ягона портал орқали кредит тарихи бўйича маълумотларни бир йилда бир марта бепул ва пуллик асосда исталганча олишингиз мумкин.

4. Қандай қилиб кредит тарихини яхшилаш мумкин?

  Ижобий кредит тарихини яратиш учун қуйидаги тавсияларга амал қилишингиз лозим:

  • имкон даражасида фақатгина керакли мақсадлар учун ва белгиланган лимитлар доирасида кредитлар олинг;
  • қарз юки ҳажмини кўпайтирмасдан, мажбуриятларни ўз вақтида бажариб боринг;
  • мобил телефон ва бошқа қурилмаларга кредитни қайтариш жадвалига мувофиқ белгиланган тўлов саналарини эслатмага жойлаштиринг;
  • кредит бўйича амалга оширилган навбатдаги тўловдан сўнг, ҳар доим банк ходимидан, мобил илова ёки веб-сайтдаги шахсий кабинетингиз орқали кредит тарихингизни текшириб туринг;
  • яқин қариндошларингиз ва ўзингиз яхши танимаган шахслардан бошқа шахсларнинг кредитлари учун кафил бўлманг. 

Мақсуд Мустафоев,

Hudud24.uz колумнисти

Улашиш:

Бошқалар

20-август 2025, 06:43
1 378

Никоҳ тузишда қонун тақиқлайдиган ҳолатлар

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 16-моддасида никоҳ тузишга руҳсат берилмайдиган ҳолатлар аниқ кўрсатиб берилган.


16-август 2025, 07:35
697

Кафил бўлманг, кафансиз кетасиз

Фуқаролик кодексининг 292-моддаси мазмунига кўра, кафиллик – бошқа шахснинг мажбуриятини (тўлиқ ёки қисман) бажариш учун кредитор олдида жавобгарликни ўз зиммасига олишдир.


18-август 2025, 05:19
517

2025 йил 12 октябрдан Тошкент «прописка»си бекор қилинади

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтганлиги мавжуд эмаслиги уни турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказишни рад этиш учун асос бўлмайди.


22-август 2025, 06:35
473

«Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш қандай йўналишларни ўз ичига олади?

Қонунчиликка кўра, «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш орқали қўллаб-қувватланади.