currencies image

12 837,10 UZS

24,06

usd

currencies image

13 516,18 UZS

58,64

eur

currencies image

124,62 UZS

2,02

ru



АсосийЯнгиликларФарқи бор: озодликни чеклаш, қамоқ, озодликдан маҳрум қилиш, уй қамоғи, шартли ҳукм

Фарқи бор: озодликни чеклаш, қамоқ, озодликдан маҳрум қилиш, уй қамоғи, шартли ҳукм

Ўзбекистон

calendar

12.10.2023

eye

4 506

Фарқи бор: озодликни чеклаш, қамоқ, озодликдан маҳрум қилиш, уй қамоғи, шартли ҳукм

Шахснинг озодликда бўлишини чеклаш билан боғлиқ юқоридаги ҳуқуқий таъсир чоралари ҳақида кўпчилик билади. Аммо аксарият махсус юридик билимга эга бўлмаганлар уларни бир хил жазо тури, деб ўйлашади. “Фалончининг айби ҳали ўз исботини топмай туриб қамаб қўйишибди”. “Қариндошим қамалганди, лекин яқинда шартли ҳукм билан чиқиб келибди”. “Собиқ ҳокимга озодликни чеклаш жазоси тайинланганди, бемалол кўчада юрибди”. Шулар ва шу каби хабарларга камида бир маротаба дуч келганингиз аниқ. Эҳтимол, уларнинг моҳиятини тушунмай ҳар хил саволлар қуршовида қолиб кетгандирсиз?

Озодликдан маҳрум қилиш

Бу – ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсларга нисбатан қўлланиладиган жазо турларидан бири. Бўлганида ҳам энг оғир турдаги таъсир чораларидандир. Шу сабабли, бошқа енгилроқ жазо билан жиноят содир этган шахснинг ахлоқини тузатиш имкони бўлмаса, кейин қонунчиликка мувофиқ озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашга йўл қўйилган. Бунда шахс жамиятдан ажратилиб, жазони ижро этиш колонияларида, шу жумладан даволаш ҳуқуқи асосидаги колонияларда, тарбия колонияларида, турмаларда ҳамда маҳкумлар учун ихтисослашган касалхоналарда ўташи мумкин. Озодликдан маҳрум қилиш умумий тартибда бир ойдан йигирма йилгача муддатга белгиланади. Оғирлаштирувчи ҳолатда одам ўлдириш ва терроризм (одам ўлиши ва бошқа оғир оқибатларга олиб келса) жиноятларини содир этган шахслар узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиниб, 25 йилгача “кесилиши” мумкин. Шундай қилиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосининг максимал узоқлик муддати – 25 йил. Қонунда умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазо тури ҳам келтирилган. Бунда маҳкум махсус тартибли жазони ижро этиш колониясига жойлаштирилиб, жамиятдан муддатсиз ажратиб қўйилади. Умрининг охиригача жазони ўтайдими, энди озодликка чиқмайдими?, деган савол пайдо бўлиши мумкин. Олий суд пленуми қарорида тушунтирилишича, умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган маҳкум афв этиш тўғрисидаги илтимоснома билдириш ҳуқуқига эга. Бундай илтимоснома жазонинг амалда ўталган қисми инобатга олинган ҳолда саналадиган муддатлар ўтгандан сўнг берилиши мумкин. Қуйидаги ҳолатларда ҳомиладор аёлларга, уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларга, ёшга доир пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланмайди: • ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этганда; • эҳтиётсизлик оқибатида жиноят содир этганда; • қасддан унча оғир бўлмаган жиноят содир этганда; Қамоққа олиш Бу жиноий жазо эмас. Эҳтиёт чораси ҳисобланади. Хўш, “эҳтиёт чораси” нима? Жиноий қилмиш содир этилгани ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар келди. Шунда мазкур ишга алоқадор шахслар жиноят процессига жалб этилади. Дейлик, гумон қилинувчи ёки айбланувчи тариқасида. Энди шахснинг ишга қайси мақомда жалб қилингани ва юз берган жиноий қилмишнинг оғир-енгиллигидан келиб чиқиб, уларга нисбатан процессуал мажбурлов чораси тайинланишига эҳтиёж туғилади (эҳтиёт чораси шулар жумласидандир). Сабаби шуки, агар мажбурлов чораси белгиланмаса, жиноят ишида ким айбдор эканлигини топиш қийинлашади. Ҳақиқатларни аниқлашга тўсқинлик қилиниши мумкин. Жиноий ҳаракатлар давом этавериши эҳтимоли бўлади. Шу сабабли қонун гаров, қамоқ, уй қамоғи ва бошқа эҳтиёт чораларини белгилашга рухсат берган. Эҳтиёт чораси тайинланган шахс жиноятчи дегани эмас. Мутлақо айбсиз бўлиши ҳам мумкин. Зеро, шахснинг айби суд ҳукми билан ўз тасдиғини топмагунича у айбсиз мақомда бўлади. Эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш Жиноят кодексида уч йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган қасддан содир этилган жиноятларга доир ишларда қўлланилиши мумкин. Масалан, товламачилик жинояти учун ЖК да (165-модда) уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Демак, бу қилмиш учун қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш мумкин. Шунингдек, эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, бунинг учун Жиноят кодексида беш йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича ҳам қамоққа олиш қўлланилиши мумкин. Айрим ҳолларда уч йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган қасддан содир этилган жиноятларга доир ишларда ҳам қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиши мумкин. Айтайлик, шахс фирибгарлик жинояти юзасидан ишга айбланувчи сифатида жалб қилинган. Бу шахсга нисбатан гаров тариқасидаги эҳтиёт чораси тайинланганига қарамай, ўрнатилган чеклов тартибларига риоя этмади. Шунда санкциясида 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган жиноятни содир этганликда айбланаётган бўлишига қарамай, бу шахсга берилган эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, қамоққа олиш қўлланилади. Озодликни чеклаш Шахсга ўзининг яшаш жойидан ташқарига чиқиши тақиқланиб қўйилади. Бунда суд томонидан маҳкумга нисбатан бутун кун давомида ёки сутканинг муайян қисмида ташқарида бўлмаслиги белгиланиши мумкин. Озодликни чеклаш бир ойдан беш йилгача муддатга тайинланади. Жазо маҳкумнинг яшаш жойидаги ички ишлар органининг ёки суд томонидан белгиланган бошқа орган назорати остида ўталади. Ушбу жазони ўташ давомида қўшимча чекловлар ҳам юклатилиши мумкин. Масалан, оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик, транспорт воситасини бошқармаслик ва алкоголли ичимликлар истеъмол қилмаслик каби (тўлиқ чекловлар бу ерда). Озодликни чеклаш тариқасидаги жазога ҳукм қилинган шахсга нисбатан электрон кузатув воситалари қўлланилиши мумкин. Уй қамоғи Мазмунан юқоридаги жазо турига ўхшаб кетса-да, уй қамоғи жазо эмас. У эҳтиёт чорасидир. Гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг жамиятдан тўлиқ ёхуд қисман ажратиб қўйиб, турар жойида бўлишга мажбурлаш орқали амалга оширилади. Қамоққа олиш тариқасидаги эҳтиёт чорасини қўллаш учун асослар бўлса ҳам, шахснинг ёшини, соғлиғи, оилавий аҳволи ва бошқа ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда қамоққа олиш мақсадга номувофиқ, деб топилиши мумкин. Уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси танланган шахсга қуйидагилар тақиқланиши мумкин:
  • муайян шахслар билан алоқада бўлиш;
  • хат-хабар олиш ва жўнатиш;
  • ҳар қандай алоқа воситаларидан фойдаланиш ва улар ёрдамида сўзлашувлар олиб бориш;
  • уй-жойни тарк этиш.
Шартли ҳукм қилиш Шартли ҳукм – жиноий жазодан озод қилинишнинг бир тури саналади. Унга кўра, суд жазоларини тайинлаш вақтида содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, айбдорнинг шахси ва ишдаги бошқа ҳолатларни эътиборга олиб, айбдорнинг хулқини тайинланган жазони ўтамасдан туриб ҳам назорат қилиш орқали тузатиш мумкин, деган қатъий фикрга келса, шартли ҳукмни қўллайди. !!! Бу борада яқинда иши кўриб чиқилган хонанда Зоҳид Рисқиев кейсини мисол келтириш мумкин. Унга нисбатан чиқарилган ҳукмига кўра Зоҳид Рисқиев Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга 3 йил транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бироқ у қамалмади. Сабаби суд хонанданинг айбига иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлигини, жабрланувчининг қонуний вакили ва жабрланувчиларнинг даъвоси йўқлиги ва бошқа ҳолатларни ҳисобга олган. Шу туфайли суд айбдорнинг хулқини тайинланган жазони ўтамасдан туриб ҳам назорат қилиш орқали тузатиш мумкин, деган фикрга келади. Булардан келиб чиқиб Жиноят кодексининг 72-моддаси (шартли ҳукм қилиш) қўлланган. Шартли ҳукм қўлланилганда бир йилдан уч йилгача бўлган синов муддати белгиланади ва бу муддат ҳукм чиқарилган кундан бошлаб ҳисобланади. Фарқ нимада бўляпти? Кўриб чиқилган мажбурлов чораларини икки гуруҳга ажратсак бўлади: эҳтиёт чоралари ва жазо турлари. Озодликдан маҳрум қилиш, озодликни чеклаш жазо турлари ҳисобланади. Қамоққа олиш ва уй қамоғи бўлса, эҳтиёт чораларидир. Жазо шахснинг айби судда ўз тасдиғини топиб, маҳкумнинг ахлоқини тарбиялаш мақсадида берилса, эҳтиёт чораси ҳали шахснинг айби исботланмай туриб ҳам жиноятни қонуний ва адолатли фош этиш, салбий оқибат келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳаракатларни олдини олиш учун тайинланади. Яна бир гап: айблов ҳукми билан озодликдан маҳрум қилиш қўлланилганда шахсда судланганлик ҳолати келиб чиқади. Агар шахс эҳтиёт чоралари тариқасидагина қамоққа олинса ёки уй қамоғи тайинланса, судланганлик келиб чиқмайди.

Неъматулло Замонов,

hudud24.uz колумнисти

Улашиш:

Бошқалар

26-ноябр 2024, 12:47
2 289

Пробация бўлинмалари ходимларининг ваколатлари кенгайтирилади

Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-999-сон, 15.11.2024 й.) билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг  айрим моддаларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди.


18-ноябр 2024, 05:34
1 958

Юқори барқарорлик рейтингига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари рағбатлантирилади

Қонунга кўра, юқори барқарорлик рейтингига эга бўлган тадбиркорлик субъектларига нисбатан солиқлар бўйича (бундан ҚҚС мустасно) ортиқча тўланган суммани қайтариш 3 кунлик муддатда амалга оширилади.


19-ноябр 2024, 12:35
1 953

Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб

Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.


13-ноябр 2024, 12:35
1 779

Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб

Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.

Мавзуга доир янгиликлар:


cover image
20-июл 2024, 06:33
510

Йил бошидан бери 10 мингдан ортиқ киши қамалди

Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 37 179 нафар шахсга нисбатан 29 086 та жиноят иши кўриб чиқилган.

cover image
1-апрел 2024, 09:10
523

Уй қамоғи ва озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинганларни масофавий назорат қилиш бутун Ўзбекистон бўйлаб жорий этилади

Уй қамоғи эҳтиёт чораси ва озодликни чеклаш жазоси қўлланилган шахсларни масофавий назорат қилиш тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.

cover image
27-январ 2024, 06:01
476

“Фарғона сув таъминот” МЧЖнинг аёл назоратчисини ҳақоратлаган шахс қамалди. Майда безорилик қандай жавобгарликка сабаб бўлади?

Назоратчи аёл фуқаронинг уйига ичимлик сувидан муддати ўтган қарздорликни ундириш учун борган.

cover image
29-декабр 2023, 04:25
340

Қашқадарёда экстремистик ғояларни тарғиб қилган 21 ёшли йигит қамалди

У Telegram'да 11 та канал очиб, экстремистик мазмундаги ғояларни тарғиб қилиш билан шуғулланган.