Ўзбекистон
10.10.2023
2 736
Қонунчиликда хотин-қизларга йигирмага яқин имтиёз ва енгилликлар мавжуд. Бироқ тадқиқотларда ўзбек аёлларининг иқтисодий фаоллиги пастлигича қолаётгани аниқланган. Бунга уларнинг уй-рўзғор ишлари билан бандлиги сабаб қилиб кўрсатилган. Маош борасида ҳам ишлайдиган аёллар эркакларга нисбатан ўртача 39 % кам маош олади ва 30 ёшда мартабага эриша бошлайди.
Тез-тез декрет таътили, фарзандлар тарбияси туфайли потенциал ходим сифатидаги жозибадорлиги камайса-да, бугун айрим хотин-қизлар ярим йўлида тўхтаб қолмаяпти. Ўзи учун иш ўрни яратиб, даромад топяпти. Эски ишига қайтолмагач ёки иш ўрнини йўқотгач, янги ҳунар ўрганиб, омадини синаяпти. Гарчи вақтининг 22 фоизини уй юмушлари ва бола парваришига сарфласа-да, аёл уйда ўтириб ҳам молиявий муваффақиятга эришиш мумкинлигини исботлаяпти. Hudud24 ана шундай оналарнинг ҳикоясини бир жойга жамлади.
Дилдора Раимжанова
Тошкент шаҳрида яшайди. 32 ёш. СММ мутахассиси
Эҳтиёж ва муҳтожлик маҳсули
Мутахассислигим бўйича филологман. 2012 йили Жаҳон тиллари университетининг инглиз тили филологияси факультетини тамомлаганман. 5 йил ўқув марказларида дарс бердим. Болали бўлгач, уйда қолдим.
Лекин жим ўтириш мен учун эмас. Уй ишларидан ортиб қўлда турли буюмлар, тақинчоқлар ясай бошладим. Табрикномалар, чоко-бокслар тайёрлашга ўтдим кейин. Уч-тўрт сўм топа бошлагач, шўнғиб кетдим шу ишга.
[caption id="attachment_22246" align="alignnone" width="240"] Дилдора Раимжонова ясаган тақинчоқлар
Фото: Дилдора Раимжонованинг шахсий архивидан
[/caption]
2021 йили карантин бўлгач, машғулотим ҳам охирига етди. Бир ёмоннинг яхшиси бўлганидек, коронавирус онлайн ишлашга имкон берди.
Каттам туғилгач, 3 йил уйда ўтирдим. Декрет тугагач, яна таълим соҳасига қайтгим келмади. Маошиям кам эди. Қўшимча нимадир қилишга тўғри келарди. Ўша пайтлари турмуш ўртоғимниям топадигани ҳозиргидек яхши эмасди. Алоҳида эҳтиёжларимга пул сўрашга уялардим.
Имкониятларимдан келиб чиқиб Фейсбукда эълон бердим. Фойдаланувчилар “Сиз тил билсангиз, компютерда ишлай олсангиз СММчилик қилинг!” деб маслаҳат беришди. Шундан сўнг СММ ўргандим. Одам муҳтожликдан ҳар ишга уннаб кўраркан.
СММ аввал қизиқиш, сўнг ҳақиқий иш, даромад келтирадиган юмушга айланди. Бунчалик чуқурлашаман, курслар очаман, машғулотлар ўтаман, лойиҳалар бошқараман деб, рости, ўйламагандим. Ҳаммаси эҳтиёж, муҳтожлик маҳсули.
[caption id="attachment_22248" align="alignnone" width="300"] Дилдора Раимжонова ясаган чоко-бокслар
Фото: Дилдора Раимжонованинг шахсий архивидан[/caption]
Қизиқ соҳа экан СММ. Ижодкор бўлмасангиз, узоққа боролмайсиз. Очилмаган қирраларингизни очиб, қобилиятларни ривожлантириб беради. Ишингизни севсангиз, молиявий ҳолат яхшиланиб боравераркан.
Турмуш ўртоғимнинг ҳам соҳаси бошқа эди. Мени кўриб, улар ҳам СММчиликни бошладилар. Ҳозир бир жамоамиз. Бир неча лойиҳалар: Авторадионинг Инстаграм саҳифаси, YouTube канали, “Сўз академияси” маҳорат дарсларини тарғиб қиламиз. Бундан ташқари иккита миллий таомлар ошхонасининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига жавоб берамиз. Шахсий брендлар ва янги лойиҳаларга ҳам бошмиз.
Декрет – синов эмас
Бола парвариши даври — бу уйда ўтириш, фақат болага қараш, уйларни йиғиштиришдан иборат дегани эмас. Агар аёл шундай фикрласа, бора-бора рўзғорга кўмилиб, муаммоларига чўкиб ўзиниям эсдан чиқариб қўяди. Бу менинг фикрим.
Кейин эса стресс, депрессия бир-бирини етаклаб келаверади. Атрофидагиларгаям нафи тегмагач, ҳаёти бир тусда, ўзгаришу эврилишларсиз ўтаверса, ичи ёришмайдиган бўлиб қолади. Аста-секин боласига бақиришни, сўкишни, уришни бошлайди. Асабий оналар шу зайл пайдо бўлади, деб ўйлайман.
Она декретдаям ўзига қизиқ мавзудаги ишларни топиши керак. Ўзи, яқинларига фойдали машғулотни тополса, уйдаги тартибсизлик, бола йиғиси, хархашасиям кўзига кўринмайди. Декрет – алоҳида давр, синов эмас, ҳар доимги режимда ўтадиган паллага ўхшаши керак.
Декабр ойида учинчи фарзандимни дунёга келтираман, насиб бўлса. Лекин икки боламни дунёга келтириш арафасидаги қўрқувларим йўқ бу сафар. “Бўлди, уйда ўтираман!”, деган ҳадик йўқ. Кичик бизнеси, боласи, оиласи, эри ва яқинларига вақтида қарайдиган, ҳаммасини эплайдиган аёлларни танийман. Уларни кўрибам бир жойда ўтириб қолмаслик, болаларимни тарбиялаб, ўзим ҳам ривожланишдан тўхтаб қолмасликни режалайман.
Нигора Тошмуродова
Тошкент шаҳрида яшайди. 26 ёш. Пазанда-ошпаз
Одамнинг орзулари ўзгарувчан экан
Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг филология факультетида бакалавр ва магистратуранинг бир йилини ўқиганман. Кетма-кет фарзандли бўлганим учун декрет таътилидаман. Самарқандликман. Оилам билан пойтахтда яшайман.
Талабалик пайтимдан ишлаганман. Нашриётда мусаҳҳиҳ, кейин газетада мухбир ва мусаҳҳиҳ бўлганман.
Газета, нашриёт ишларини севаман. Ҳатто шахсий нашриётим бўлади деган орзуим ҳам бор эди (одамнинг орзулари ёши улғайгани сари ўзгараркан). Фарзандим туғилгач, анча вақтгача онлайн форматда ишладим. Лекин декретда телефон, компьютер олдида ўтириш қийин экан.
Ҳозирги ишимни болаларим билан бемалол бажара оламан. Турли пишириқ, овқат, ярим тайёр маҳсулотлар, сомсаю қатламалар тайёрлаб сотаман. Тўй-тантана, туғилган кун, гап-гаштакка буюртма олиб, айтилган пишириқларни етказаман.
Таваккалчи Нигорани кўргим келади
Бу ишимни бошлашимга биринчи сабаб — ўзимни нимадир билан машғул қилиш бўлса, иккинчиси, она бўлишдан олдинги одамлар билан мулоқот қиладиган, ҳамма нарсага таваккал қилиб, албатта, унга эришмагунча қўймайдиган Нигорани кўргим келганидир.
Ҳозирги юмушим ўзимга бўлган ишончимни яна бир марта мустаҳкамлади. Аёлларда туғуруқдан кейинги депрессия бошланса, ёмон. Озодликда юрган шерни қафасга қамаб қўйишни тасаввур қилинг. Бу билан кимдир мени қамагани ёки болаларимга қарашдан безган демоқчи эмасман.
[caption id="attachment_22250" align="alignnone" width="300"] Нигора Тошмуродова тайёрлайдиган тайёр ва ярим тайёр овқатлар
[/caption]
Айнан ҳозирги ишим мени чўкиб бораётган ҳовузимдан қутқарди. Яна аввалги жўшқин ҳаётимга қайтдим.
Албатта, магистратурани тугатиш ниятим бор. Ҳалиям адабиётнинг одами бўлиш аҳдидан воз кечмаганман. Лекин ошпазчиликниям давом эттираман. Safia ширинликлари каби шахсий брендимни яратгим келади.
Гулафрўз Зияева
Сирдарё вилоятида яшайди. 26 ёш. СММ мутахассиси
Далада ишламаслик учунам СММни ўргандим
Сайхунободдаги юқумли касалликлар шифохонасида ҳамшира бўлиб ишлаганман аввал.
Биринчи фарзандим туғилганида бола, уй-рўзғорга ўралашиб қолган аёл эдим. Уйникидан ташқари дала ишларидан ҳам ортмасдим. Куним далада ўтарди десам ҳам бўлади. Мабодо ўзимизнинг ерда қиладиган иш қолмаса, қўшни фермерникида кунлик ҳақ эвазига чопиқ қилардим.
Қизим учга тўлгач ҳамшираликка қайтдим. Ўғлим туғилгач, яна уйда қолдим. Лекин бу сафар СММни ўргандим. Ягана, чопиқ қилмаслик, пахта термаслик учунам шу йўлни танладим.
Ёшлигимдан шахсий даромадим, биров билмайдиган, ҳеч кимга ҳисоб бермайдиган ишим бўлишини хоҳлардим. Ҳозир ўша ниятим амалга ошган.
Ҳозир кўп экспертлар, фикри теран, дунёқараши кенг аёллар билан ишлайман. Диетолог, психологлар билан ҳамкорман. Уларнинг юмушини бажариш асноси ўзим ҳам янги билимларни оламан, ўқийман, ўрганаман.
Қишлоқ аёлига қийин...
Балки биларсиз, қишлоқларда ҳамшираларга арзимаган маош тўланади. 400-500 мингга мажбур тун-кун ишлайдиганлар бор. Харажатларни қопламайди бу сумма. Боласининг оғзига тутаман, кийдириб-ичираман деса ҳам етказолмайди. Шунинг учун кўпчилик ўзини далага уради. Ғўза чопиш, пахта териш, ўтоқ қилишга мажбур. Бошқа тузук иш ҳам йўқ.
Қишлоқ аёлига қийин. Уй юмуши, даладаги ишларни баравар ушлаш осон эмас. Мана, ҳозир сиз билан гапашиб бўлгач, сигирларимни соғишим керак. Кейин емини бериб, суғораман.
Мен-ку телефон, компютерни яхши билганим, қишлоқдаги юмушларга ўралашиб, майдалашиб кетмаслик учун СММни танладим. Онлайн ишлайдиган ҳамкасблар билан ора-орада пойтахтда йиғиламиз. Ўзаро гурунглашиб, тажриба алмашамиз. Нетворкинг қиламиз. Янги соҳани ўрганмаганимда, дала-даштда чопиқ, ўтоқ, терим ичида юрганимда Тошкентга боришга йўл бўлсин!
Юлдуз Жавлиева
Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида яшайди. 26 ёш. Аёллар учун тақинчоқлар ясайди. Ҳунари бўйича онлайн дарс беради.
Декретга чиққач тақинчоқлар ясаш курсида ўқидим. Кейинчалик қўлим келишгач, ясаганларимни сота бошладим. Аввалига 100 доллар топдим. Секин-аста ишларим юришиб кетаверди. Болам туғилгач, маълум вақт танаффус қилишга мажбур бўлдим.
Буюртмаларни ичим яйраб ясардим. Завқланардим ишимдан. Ҳамма нарсани унутиб, кўз олдимда пайдо бўлаётган гўзалликка анграйиб қолардим.
[caption id="attachment_22252" align="alignnone" width="300"] Юлдуз Жавлиева ясаган тақинчоқлардан намуналар
[/caption]
Мана, вақти етиб энди тақинчоқ, турли безаклар ясаб сотишдан ташқари онлайн дарсларимни бошладим. Шу ойнинг 10-санасида янги гуруҳни очяпман. 300 минг сўмга ўрганганларимни ўқувчиларга 20 минг сўмдан ўргатмоқчиман. Ҳунарсизга битта ҳунар ўргатсам, кифоя.
Ўзим 500 мингга яқин сарф-харажат қилиб ўргангач, 4 миллионгача фойдага кирганман. Бошқаларга ҳам шунинг сирини айтаман яқин кунларда.
Гуласал Қодирова
Фарғона вилояти Бағдод тумани Қаҳат қишлоғида яшайди. 25 ёш. Мусаҳҳиҳ, саҳифаловчи, колумнист, букблогер
Магистратура ўқигим келди, шароитим кўтармади
Филологман. Талабалик пайтимдан сотувчи, электрон китобларни тайёрловчи бўлиб Asaxiy.uz’да ишлаганман. Кейинчалик мусаҳҳиҳликка ўтдим. Бора-бора саҳифаловчиликни ўргандим. Икки йилча Асахий буксда китобнинг ички саҳифаларини қандай саҳифалашни эплаб боравердим.
4-курс пайтим фарзандли бўлдим. Декретга чиқдим. Турмуш ўртоғимнинг иши сабаб қишлоққа қайтдик. Уйда ўтирдим. Магистратура ўқигим келарди, шароитимга қарадим. Чақалоқ билан қийналаман дедим. Иккисини ҳам чала-ярим эплашдан қўрқдим, рости.
Бир муддат ўтгач, зерика бошладим. Ҳар доим қизғин иш, одамлар даврасида юрганимга фақат болага қараш камлик қилди. Бу ерга қайтгач, янги оила сифатида йўлимизни топиб олишга озгина қийналдик. Чунки эр-хотин қишлоқ муҳити, шароитидан чиқиб кетганимизга йиллар бўлиб кетганди. Молиявий қийинчиликларга учрадик.
Шунда эримга озгина бўлсин оғирлигимни туширмаслик, молиявий томондан хийла тиргак бўлгим келарди. Тошкентда мусаҳҳиҳлик қилиб анча-мунча таниш орттиргандим. Таваккалига баъзи нашриётларга саҳифаловчиликка резюме юбордим.
Сўнг ўзаро келишиб, “Тирилиш” нашриётида саҳифасига 4000 сўм ҳақ белгилангач, иш бошладим. Бунга параллел мусаҳҳиҳлик учунам турли буюртмалар олавердим. Диссертациялар, кичик нашриётларнинг ишини кўравердим. Секин-аста фаолиятим кенгайиб, буюртмаларим кўпаяверди.
Ҳар соҳадан бир шингил
Шу йил баҳоридан Қаҳатдан Қўқонга қатнай ишлай бошладим. 4 ойча ишлагач, боламнинг тез-тез касалланиши, йўл хийла узоқлиги сабаб ишни тўхтатдим. Турмуш ўртоғим билан режа тузиб Book café очдик. 400 дан ортиқ китобимнинг ҳаммасини келтириб қўйдим. Қишлоғимизда, қўшни маҳаллада ҳам очдик. Ақлий фаолиятдан танаффус қилиш учун шу ерни юритишга ўтдим.
Ҳозир турли пишириқ, ширинлик, фаст-фудлар тайёрлайман. Шу мўъжаз кафенинг ҳисобчиси, сотувчисиман.
[caption id="attachment_22254" align="alignnone" width="300"] Бағдод туманидаги Қаҳат қишлоғида Гуласал очган Book cafe.
Фото: Гуласал Қодированинг шахсий архивидан[/caption]
Бунга қўшимча kun.uz колумнистиман. Таҳрирни ҳам ташламадим, лекин кўпам шуғулланмайман. Кўзим хиралашиб, саломатлигим кўтармагани учун камроқ таҳрирлайман.
Book cafe’дан мақсад фақат даромад эмас. Қишлоқ болаларига қандай китоблар ўқиши, ёшига муносибми-йўқми ва китоб танлаш бўйича маслаҳатлар бераман. Энг сўнгги нашрларни келтириб, қишлоқдагиларни хабардор қилиш пайида юраман. Нашриётлар билан ҳамкорлигим учун ҳар ой 10 тадан китоб келиб туради.
Ирода Қобилова
Тошкент вилояти Қибрай туманида яшайди. 31 ёш. Ҳисобчи. Ҳозирда кичик бизнес эгаси.
Аёл гўзал бўлиб юрсин!
Декретга чиққунча Турон санаториясида ҳисобчи бўлиб ишлаганман. Кичкинам 1 яшар бўлгани учун асосий ишимга қайтишим имконсиз. Уч ўғилни едириб-ичириш, кийинтиришдан ташқари турли тўгарак, қўшимча курс, ривожлантирувчи дарсларга беришнинг ўзи бўлмайди. Турмуш ўртоғимга кўмак бўлсин деб кичик бизнесимни бошладим.
Аёллар янаям гўзал, чиройли бўлиб юриши учун фақат хорижда тайёрланадиган косметик воситалар сотаман. Турли ижтимоий тармоқларда канал, гуруҳларимда маҳсулотлар ҳақида маълумотлар жойлайман.
Асосан веган (V) кўрсаткичини олган, яъни инсон кийими, таоми ва эҳтиёжи учун қурбон қилинадиган ҳайвон маҳсулоти аралашмаган косметик воситаларни тавсия этаман.
Четдан маҳсулот келтириш арзон эмас
Бугун Германиядаги айрим ўзбекистонликлар хусусий логистик фирмалар очишган. Етказиб бериш масаласида улар билан ҳамкорлик қиламан. Бизнесимни йўлга қўйиб, ҳозиргидек ҳолга келтиргунимча роса қийналдим. Айрим маҳсулотлар етиб келгунича синиб, тўкилиб, пачақланиб, яроқсиз ҳолгаям келиб қоларди. Ҳатто муддати ўтиб ҳам кетарди. Атирларни самолётда ташиш тақиқланган пайтлари ҳам бўларди. Мижозлар эса гоҳ тушуниб, гоҳ тушунмаса, виждоним чидолмасди.
Очиғини айтиш керак, Ўзбекистонга четдан нимадир олиб кириш арзонга тушмайди ҳеч қачон. Божхона солиғи, логистик фирмалар тўлови сабаб маҳсулот асл нархидан уч бараварга ошиши мумкин. Бунга қўшимча, ҳар бир ҳужжат-хати аниқ, тўғри тўлдирилимаса, талабни бузган ҳисобланасиз.
Лекин мижозларимнинг сўраганини келтириб бериш даромаддан муҳимроқ менга. Аксар аёлларимиз уйда ўтиргани, шахсий пули камлиги учун нархни кўпчиликнинг чўнтаги кўтарадиган қилиб белгилайман.
Аввал ўрганаман, кейин тавсия этаман
Ўзбекистонда жуда кўп аёлда бўқоқ касаллиги бор. Қони кам, калций етишмовчилигидан қийналади. Асабий, уйқуси изидан чиққан, сочи кўп тўкиладиганлар талай. Қуёш, нотўғри турмуш тарзи, ташвиши сабаб юз-кўзига ажин тушган қизларимиз анча. Шундай муаммоли мижозларга сал бўлсин нафим етса, ишимни янаям яхши кўриб бажараман.
Ҳар бир буюртмани қабул қилишдан аввал нариги томоннинг муаммосини обдон эшитаман. Маҳсулотлар билан бирма бир таништираман. Айримлар аввалдан қанча суммада бўлиш-бўлмаслигини аниқ айтади. Шуларни ҳисобга олиб, соатлаб маҳсулот излайман, ўқийман, мосини текшираман, фикр-мулоҳазаларни битталаб қараб чиқаман ва охирида бир қарорга келиб, мижозга тавсия қиламан.
Аёллар гўзал ва соғлом бўлса, мижозимнинг миннатдорлик хатини ўқисам, бекор ишламаётганимни ишонаман.
Чарос Низомиддинова тайёрлади.
Улашиш:
Бошқалар
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.
Ўзбекистонда ўз бизнесини йўлга қўйган тадбиркор хотин-қизлар сони 200 мингдан ошди
Сенат ҳамда Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида "Мен муваффақиятли тадбиркор аёлман" тадбиркор аёллар форуми ўтказилди.
Ўзбекистонда эркак ва аёллар сони маълум қилинди
1 январь ҳолатига кўра Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси қарийб 36,8 млн кишини ташкил этган.
“Аёллар дафтари”га киритилганларга берилган 10 та имтиёз
“Аёллар дафтари”га киритилганларга қандай имтиёзлар берилган? Хотин-қизларнинг бандлигига қандай йўналишларда кўмаклашилади? Неча фоизлик ставкада кредитлар берилади? Қуйида аёлларга берилган 10 та имтиёз ҳақида маълумотлар жамланди.
Ўзбекистондаги эркаклар ва аёллар сони эълон қилинди
Доимий аҳоли сони 36,8 млн кишини ташкил этмоқда.