Ҳуқуқ
13.11.2023
254
Бутун дунёда қимор ва таваккалчиликка асосланган турли ноқонуний ўйинлар техника ва интернет ривожи даврида янада кучайди. Қонунан жиноят ҳисобланадиган 1хBet, MostBet каби онлайн ўйинларнинг Ўзбекистонда ҳам ишқивозлари кўп.
Буни сўнгги пайтлардаги статистикалардан ҳам кўриш мумкин. Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, “онлайн” қимор билан боғлиқ жиноятлар 2019 йилда 55 та, 2020 йилда 86 та, 2021 йилда 103 та, 2022 йилнинг 6 ойида 90 тани ташкил этган. Ўйинларда ютқазиб қўйгани учун 2021 йилда 6 нафар ва 2022 йилнинг 6 ойида 6 нафар фуқаро ўз жонига қасд қилиб, вафот этган. Уларнинг барчаси 25 ёшгача бўлган ёшлардир.
Hudud24.uz қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар, уларнинг оқибати ва жавобгарлик борасидаги муҳим қоидаларни эслатиб ўтади.
1. Қандай ўйинлар қимор ҳисобланади?
Қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйин — ўйин ташкилотчиси томонидан бир ёки ундан ортиқ иштирокчилар билан тасодифга (воқеага) ёки ўйин иштирокчисининг қобилияти, эпчиллиги ва бошқа сифатларига, шунингдек таваккалчиликка асосланган хатти-ҳаракатлар мажмуини назарда тутувчи ўйин ҳисобланади.
Булар сирасига тотализаторлар (1хBet, MostBet ва шу каби), казино, шунингдек ўйин автоматларидан фойдаланиладиган ўйинлар киради.
Бундан ташқари, айниқса, қишлоқ жойларидаги аҳоли орасида “Миллий халқ ўйинлари” дейиладиган ўртага пул тикиб, турли парранда ва ҳайвонларни уриштириш ҳолатлари ҳам қимор ўйинлари ҳисобланади.
2. Лоторея қимор ҳисобланадими?
Лоторея (италянча lotteria сўзидан олинган бўлиб, қуръа маъносини билдиради) — давлат ёки махсус рўйхатдан ўтган ташкилотлар томонидан махсус билетлар сотиш орқали аҳоли ўртасида ўтказиладиган ютуқли ўйин ҳисобланади.
Лоторея ноқонуний ҳисобланмайди. Чунки, лотореяда давлат, ваколатли давлат органидан рухсатнома (лицензия) олган шахслар ва лотереялар иштирокчилари ўртасидаги муносабатлар шартномага асосланади. Бундай шартнома лотерея билети бериш орқали расмийлаштирилади ва иштирокчи лотерея билети қийматини тўлаган пайтдан эътиборан тузилган деб ҳисобланади.
Шартномани тузиш тўғрисидаги таклиф лотереялар ўтказиш муддати ва ютуқни аниқлаш тартиби ҳамда унинг миқдори ҳақидаги шартларни ўз ичига олган бўлиши лозим.
Лотереялар ўтказиш шартларига мувофиқ ютган деб эътироф этилган шахсларга белгиланган миқдорда, шаклда (пул ёки буюм ҳолида) ва муддатларда, агар бу шартларда муддат кўрсатилмаган бўлса, лотереялар натижалари чиқарилган пайтдан эътиборан ўн кундан кечиктирмай лотереялар ташкилотчиси томонидан ютуқ тўланиши лозим.
Лотереялар ташкилотчиси юқоридаги мажбуриятларини бажармаган тақдирда, лотереяда ютган иштирокчи лотереялар ташкилотчисидан ютуқни тўлашни, шунингдек шартноманинг ташкилотчи томонидан бузилиши туфайли етказилган зарарларнинг ўрнини қоплашни талаб қилишга ҳақли.
3. Қимор ўйнаш ёки реклама қилиш учун қандай жавобгарлик бор?
2007 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қимор ўйинларини ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни (шу жумладан тотализаторлар) ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда пул ютуғига эга бўлган ўйин автоматларини олиб кириш тақиқланган.
Қимор ўйинларини ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ва ўтказиш ҳолатлари аниқланган тақдирда ўйин анжомлари, ўйин автоматлари, ўйинда ставка ва ютуқ бўлган бойликлар, шунингдек бундай ўйинларда қатнашиш натижасида олинган бошқа даромад белгиланган тартибда олиб қўйилади ва давлат даромадига ўтказилади.
Ўзбекистон ҳудудида қимор ёки таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказиш учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда қонунга хилоф равишда иштирок этиш – ана шу ўйинлар буюмларини, шунингдек ўйинга тикилган ҳамда ўйиндаги ютуқ бўлган пуллар, ашёлар ва бошқа қимматбаҳо буюмларни мусодара қилиб, БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Жиноят кодексига кўра, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш ёки ўтказиш, шу жумладан ана шундай ўйинлар учун қиморхоналар ташкил этиш ёки уларни сақлаш – 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Вояга етмаган шахсни қимор ўйинларига жалб қилиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, - БҲМнинг 25 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ёки ўтказиш учун телекоммуникация тармоқларида, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғи провайдерлари томонидан хизматлар кўрсатиш, тегишли дастурий таъминотдан нусха кўпайтириш, уни кўпайтириш, тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, — БҲМнинг 50 бараваридан 75 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
4. Қимор ўйнаётганларни кўрганда кимга мурожаат қилиш керак?
Фуқаролар қимор ўйнашга тарғиб қилинаётган, ташкил этилаётган ёки ўтказилаётган ҳолатларга дуч келганда, ҳудудлардаги ички ишлар ходимларига мурожаат қилишлари лозим.
Бунинг учун Ички ишлар вазирлигига шахсан ташриф буюриш, 102 ёки 1102 қисқа рақамли ишонч телефонларига қўнғироқ қилиш ёки info@ivv.uz электрон почтаси орқали мурожаат қилиш мумкин.
Эслатма!!!
Фуқаролар ва юридик шахсларнинг таваккалчиликка асосланган қимор ёки гаров ўйинлар (қимор ва бас бойлаш) уюштириш ёки уларда иштирок этиш билан боғлиқ талаблари судда ҳимоя қилинмайди.
Қимор ёки гаров ўйинлари алдов, зўравонлик, таҳдид қилиш таъсирида ёхуд ўз вакилининг қимор ёки гаров ўйинлари ташкилотчиси билан ғаразли келишуви туфайли иштирок этган шахсларнинг талаблари бундан мустасно.
Мақсуд Мустафоев,
Hudud24.uz сайти колумнисти
Улашиш:
Бошқалар
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.
Энди дронлардан ноқонуний фойдаланганлик учун белгиланган жавобгарлик юмшатилиши мумкин
Қозоғистондаги тендерда ноқонуний равишда ғолиб бўлган компания яна ютиб чиқди
Самарқанддаги бузилиши керак бўлган 12 қаватли бинода қаҳвахона ишламоқда